UZ

Сўнгги янгиликлар

13:55Ўзбекистон U-23 термасининг Саудия Арабистонига қарши тахминий таркиби билан танишинг  19 13:50Футзал бўйича Осиё Кубоги. Афғонистон Ироқни уйига кузатиб қўйди  2 13:22Шенсни "Ювентус" билан шартномасини узайтиришдан бош тортди  1 12:58"Челси" вингерини маълум шартлар асосида қўйиб юборишга тайёр  1 12:31"Милан" "Штутгарт" етакчисига қизиқиш билдиряпти  0 12:05Ши Таэ Йонг: "Ўзбекистон ва Саудия учрашувини стадиондан томоша қиламан. Корея мусобақани эрта тарк этгани учун бироз хафаман"  4 11:40"Интер" эгалари ўзгариши мумкин  1 11:16"Бавария", ПСЖ ва АПЛ клублари Меньян ва Теога қизиқишмоқда  0 10:50“Ливерпуль” ва “Арсенал” 80 миллион евролик футболчи учун курашмоқда  0 10:30Жанубий Кореяни уйига жўнатган Индонезия ОТЖ ким бошқараётганини биласизми? (Мутолаа учун)   6 10:13«Манчестер Юнайтед» ходимлардан пул тежашни яна бир йўлини топди  2 09:46«Фейеноорд» устози «Ливерпул»нинг қизиқиши ҳақида фикр билдирди  0 09:19Хави «Барселона»да қолиши маълум бўлганидан сўнг нималар деди?  11 08:54«Кальяри» Шомуродовни олиб қолмоқчи. «Рома» эса терма жамоамиз сардорига нарх белгилади  11 08:30Анчелотти «Олтин тўп»га ким лойиқлиги ҳақида фикр билдирди  27

Илҳом Мўминжонов: "Ҳар бир ўйинда жамоамдан тажовузкор ўйинни талаб қиламан" Янгиликлар

Илҳом Мўминжонов: "Ҳар бир ўйинда жамоамдан тажовузкор ўйинни талаб қиламан"

"Навбаҳор” жамоаси иккинчи даврада яхши натижалар кўрсатаётганига эътибор қаратаётгандирсиз. Айниқса, ушбу мавсумда ўз майдонида ютқазмаган ягона жамоа бўлиб тургани диққатга сазовордир.

Бош мураббий Илҳом Мўминжонов биринчи даврада кўнгилдагидек натижа кўрсата олмаганди, қолаверса, ёзги селекцияда яна таркибда катта ўзгаришлар бўлди. Лекин ҳозиргача унинг ушбу ўзгаришлари ўзини оқлаб келаётганини кўриб турибмиз. Айниқса, иккинчи даврада мағлубиятсиз одимлаб келаётган “Пахтакор”нинг Наманганда қоқилиши ҳам Мўминжоновнинг самараси ўлароқ дейишимиз мумкин. Айтиш мумкинки, “Навбаҳор” устозига бериладиган бир қанча саволларимиз бор эди ва Илҳом Ибрагимович таклифимизни қабул қилди.   

“Пахтакор”га қарши ўйинда жамоангиз катта шижоат кўрсатиб муҳим ғалабага эришган ҳолда наманганлик мухлисларнинг кайфиятини янада кўтариб юборди. Бироқ ўйиндан кейинги матбуот анжуманида юз берган ёқимсиз вазият туфайли ПФЛ “Навбаҳор”ни жаримага тортди. Бўлиб ўтган воқеадан сўнг айтинг-чи, “Пахтакор”ни мағлубиятга учратиш жамоа учун қимматга тушмадими?

Йўқ. Ғалаба қозонганимиздан футболчилар, раҳбарлар, стадионга йиғилган мухлислар, умуман ҳамма хурсанд бўлди. ПФЛ бизга тўғри жарима солди. Чунки матбуот анжуманига мухлислар кириши мумкин эмас. Афсуски, учрашувдан сўнг ишқибозларнинг жанжал чиқаришгани “Навбаҳор”нинг обрўси учун минус бўлди. Шунинг учун ПФЛнинг чиқарган қарорига эътирозим йўқ. Клуб молиявий томондан жаримага тортилганининг таъсири бўлади. Албатта, қўлга киритилган бундай ютуқдан кейин 10 миллион сўм ҳам кўзга кўринмайди. Лекин боя айтганимдек, бўлиб ўтган ишлар жамоамиз учун минус. Барибир жамоамиз учун йўқ жойдан қўшимча чиқим бўлди.


“Пахтакор”га Шота Арвеладзе келганидан кейин унинг жамоасини ҳеч ким мағлубиятга учрата олмаётганди. Лекин Наманганга келиб уларнинг мағлубиятсиз юриши тугади. Илҳом Мўминжонов “Пахтакор”ни мағлуб этиш сирини қандай топди?

“Навбаҳор”да ишлаётганимга бир йилча бўлиб қоляпти. Биз ҳар бир учрашувга жиддий тайёрланамиз. Шогирдларим билан рақибни пухта ўрганиб чиқамиз. Ҳар доим уларнинг ўйин услубини кўрамиз. Ҳар бир ўйинга бўлгани каби “Пахтакор”га қарши ҳам шундай ҳозирлик кўрдик. Уларнинг чизиқларида қайси футболчилар тўп суришини ва нималарга қодирлигини яхши билардик. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар ҳамма вақт бир хил муносабатда бўламиз, жамоа танламаймиз. Ўйлайманки, яхши тайёргарлик кўрганимиз учун ҳам ғалабага эришдик. Футболчиларим ҳам менинг нимани талаб қилишимни билишади. Доим рақибга нисбатан тажовузкор ўйин кўрсатишимизни хоҳлайман. Ҳар бир учрашувда футболчиларга катта талабларни қўйяпман ва буни йигитларимиз яхши билишади. Ҳатто, машғулотларда ҳам қўл остимдагилардан жиддий ва катта иштиёқ билан ишлашини талаб қиламан. Менинг характерим ва иш услубимни кўплаб мураббийлар ҳам билишади. Айнан ушбу ўйинимиз билан бугунги кундаги натижаларимизни кўрсатиб келяпмиз. Бундан кейин ҳам тажовузкор тарздаги ўйинларимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. 23 та ўтказган барча ўйинларимизга бир хил тарзда тайёргарлик кўриб келганмиз ва бундан кейин ҳам шундай давом этади. Тўғри, “Пахтакор”нинг номи бор. Унинг сафидаги ўйинчиларининг индивидуал маҳорати бир бош баланд бўлиши мумкин. Бу халқ жамоаси бўлгани учун у ердаги футболчилар ўзларини кўрсатгиси ва ҳамма ўйинларда ютгиси келади. Бу клубда тўп суришни хоҳлайдиганлар талайгина. Бунинг устига жамоани таниқли мутахассис бошқаряпти. Арвеладзенинг у ерда ишлаётганига икки ярим ой бўлди ва айни пайтда “Пахтакор” ўйин сифати борасида кўтарилиб боряпти. “Нефтчи”га бежизга олтита гол урмади ёки “Локомотив”ни ютгани ҳам ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. “Пахтакор”ни кучлилигини биламиз. Лекин футболчиларимизнинг ғалабага бўлган кучли иштиёқи ҳам уч очкони қўлга киритишимизга туртки берди. Қарши ҳужум тактикасини қўллаб ғалабага эришдик. Бизга омад ҳам кулиб боқди.

Қўл остингизда иқтидорли футболчилар бор. Улардан бири Аббос Махсталиев ҳисобланади. Унинг “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси эканини барча билади. Бу футболчини биринчи даврадан сўнг “Нефтчи”дан таклиф этгансиз, аммо ҳуқуқий жиҳатдан “Пахаткор”га тегишлидир. Шунга қарамай, уни мазкур ўйинда захирадан майдонга туширдингиз. Демак, шартномасида уни майдонга туширмаслик бўйича банд йўқмиди?

“Пахтакор”дан ижарага иккита ўйинчи олганмиз. Булар – Аббос Отахонов билан Аббос Махсталиев. Бу футболчиларни “Пахтакор”га қарши майдонга туширмаслик ҳақида гап-сўз йўқ. Агар шундай бўлганида учрашувдан бир-икки кун олдин клуб вакиллари бизга уларни ўйнатмаслик ҳақида айтиб огоҳлантирган бўлардилар. Лекин бундай бўлмади. “Пахтакор” бу ишни қилмасди ҳам. Чунки улар ҳозирги кунда шундоқ ҳам кучли жамоа. Отахонов билан Махсталиевни ушбу учрашувда майдонга туширганим терма жамоамиз учун фойдали бўлади. Бундай юқори савиядаги беллашувларда ўйнашда ўйинчиларнинг тажрибали ҳам ошиб боради. Ўйлайманки, “Пахтакор” раҳбарияти бу қароримизга қарши бўлишмайди. Барибир улар илғор жамоа ва бу каби ҳолатларга қараб ўтиришмайди. Бу йилги чемпионатимиз жуда қизғин ўтяпти. Олдинги йилгига қараганда ўсиш бор. “Бунёдкор”дан ҳам иккита ўйинчи олганман, Сардор Азимов ва Дилшод Ҳамроев. Уларни ҳам собиқ жамоасига қарши майдонга тушираман.


Яна бир ажойиб статистика бор. “Навбаҳор” деганда аксарият мухлис ва мутахассисларда уй жамоаси деган ибора пайдо бўларди. Бироқ охирги пайтларда уй жамоаси атамаси клубга нисбатан қўлланилмай қўйганди. Аммо жорий мавсумда сизнинг бошчилигингизда ўз майдонида ютқазмаган жамоа биргина “Навбаҳор” бўлиб турибди. Бу билан наманганликлар яна уй жамоаси иборасини ўзига қайтариб олаётгандек.

Бояги айтган гапимни яна такрорлашим мумкин, биз ҳар бир учрашувга жуда жиддий тайёрланамиз. Сафарда ҳам, ўз майдонимизда ҳам футболчиларимиздан бир хил тажовузкор ўйинни хоҳлайман. Шунинг учун нафақат уйда ютқазмаяпмиз, балки сафардаги беллашувларда ҳам очколарни қўлга киритиб келяпмиз. Биз томондан максимал даражада тайёргарлик бўляпти, қолгани Худодан. Биласизлар, Наманганда “Бунёдкор”ни ҳам, “Локомотив”ни ҳам тўхтатдик. Ҳозирча жамоамизда молиявий томондан аҳвол ҳам яхши, ёмон эмас. Уйда деворлар ҳам ёрдам берадиган деган гап бор. Шу сабабли ўз майдонимизда минглаб мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлаши ҳам жамоамизга далда бўляпти.

Сиз ҳам статистикага қизиқиб, эътибор бериб турибсизми?
Эътибор бераман. Ўйинга ва машғулотларга берилиб кетган пайтларимда клуб вице-президенти Акром Дадабоев, жамоа бошлиғи Носир Султонов наманганлик бўлгани учун клубнинг тарихини яхши билишгани сабабли менга ҳаммасини эслатиб туришади. Улар менга ўз майдонимизда ютқазмаяпмиз, раҳмат Илҳом ака деб айтиб туришади. Шунингдек, вилоятимиз раҳбари Хайрулла Хайитбоевич Бозоров ҳам ўз уйимизда ютқазмаётганимизни ва олдин бунақаси бўлмаётганини айтиб миннатдорчилик билдирмоқда. Раҳбарларнинг жамоамизга эътибор бериб туришгани албатта бизга асқотяпти. Тўғри, тўп юмалоқ, майдон текис. Ҳали олдимизда жиддий ўйинлар турибди. “Бухоро”, “Машъал”, “Сўғдиёна” каби жамоаларни қабул қиламиз.

Сизни мураббий ролида кузатиш бизга ҳам қизиқ бўляпти. Ўзингиздаги ғалабага бўлган чанқоқлик ва қизиққонлик футболчиларга ҳам ўтяпти. Мураббий сифатида бошқаларга ўзингизни исботлаш нияти бордек тасаввур пайдо бўлмоқда. Бу фикрда адашмадимми?
Ҳар бир машғулотимизда йигитлардан жон-жаҳдлари билан ишлашларини талаб қиламан. Ўйин 90 дақиқа давом этади ва футболчиларимиздан жонини бериб ўйнашларини истайман. Жамоам ҳар доим ютишини хоҳлайман. Шунинг учун бўлса керак, учрашув давомида ўзимдан қандай энергиялар чиққанини сезмай қоламан. Ёрдамчиларим гол урилган вазиятларда жуда кучли хурсанд бўлиб кетишим ҳақида гапириб туришади. Ҳаттоки, хурсандлигимдан шогирдларимни туртиб юборган пайтларим ҳам бўлган. Масалан, биринчи даврада “Шўртан”ни қабул қилгандик. 82-дақиқада Ойбек Қиличев стандартдан чиройли гол урганди. Ўша пайтда захира ўриндиғимизда иккинчи дарвозабон Акмал Ортиқов бор эди ва ҳозирда у ўйин амалиётига эга бўлиш учун “Андижон” жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. Ойбек гол урган маҳалда жуда хурсандлигимдан Акмални кучли тарзда туртиб юборган эканман. Эртаси куни Ортиқов агар ўрнимда бошқаси бўлганида кўкраги синиб кетарди деганди. Футболчилар ўйин пайтида менинг қандай ҳолатда бўлишимни яхши билишади. Чунки мен йигитлардан тажовузкорликни талаб қиляпманми, бу нарса ўзимда ҳам сезилиб туради. Натижада ҳеч нимани ўйламасдан ўйинга берилиб кетаман.


Иккинчи даврада ҳужумчингиз Рўзим Аҳмедов гол уриш борасидаги самарадорлигини оширди. Аммо Неманья Йовановичга нисбатан бундай фикрни айта олмаймиз.
Менда йилнинг бошидан учта марказий ҳужумчим бор. Рўзим Аҳмедов, Равшан Хурсанов ва Неманья Йованович. Мен доим бир ҳужумчи ва тўртта ярим ҳимоячи билан ўйнайман, бу менинг тактикам. Йовановични биринчи даврада ўйнатдик ва голлар урдик. Рўзим эса захирадан ўйинга қўшилиб жамоани кучайтириб турди. Лекин у оёғини синдириб олди ва икки ой гипсда юрди. Натижада яна Йовановичга асосий эътибор қаратилди. Аҳмедов эса биринчи давра охирларига келиб ўзига келди. Ким гол ураверса, ўша ўйинчини майдонга тушираман. Ҳозирда эса Рўзимни тўхтатиш жуда қийин, у олий даражадаги ўйинни кўрсатяпти. Футболчилар менинг характерим ва талабимни яхши билишади. Агарда кимдир борини бериб ўйнамайдиган бўлса, уни захирага ўтказаман. Йованович биринчи давранинг ярмидан кейин гол урмади. Лекин унинг тажовузкор ўйини туфайли майдонга туширавердим. Энди эса Рўзимда мен истаган ўйинни кўряпман. Гол урмаган тақдирда ҳам футболчи майдонда жонини бериб ўйнаяпти. Ҳар бир тўп учун охиригача курашадиган, рақибга доим босим ўтказадиган фаол ўйинчи ҳар доим менинг асосий таркибимда ўйнайди. Ҳа, Йованович ажойиб ҳужумчи. У билан кейинги йили ҳам ишлаш ниятим бор. Биринчи даврадан кейин унга икки-учта клублардан жиддий таклифлар тушди. Ҳаттоки, Неманья биздан олган маблағини ҳам бериб кетишга тайёр эди. Лекин Йовановични ҳеч кимга бермаслигимни айтиб, ўзига ҳам менга кераклигини тушунтирдим. Тўғри, ҳозирги кунда у захирада қоляпти. Мураббий ва руҳшунос сифатида унинг бу вазиятдан хафа бўлаётганини билиб турибман. Ўйлайманки, у ҳам ўз ўрнини топади.


Бундан ташқари, сизнинг кийиниш маданиятингизга ҳам эътибор қаратамиз. Кўпинча ўйинлар чоғида костюм-шим киясиз. Айтмоқчиманки, ўйин пайтида қандай кийиниш сиз учун жиддий аҳамиятга эгами?   
Менинг ўзимга яраша кийиниш услубим бор. “Навбаҳор” олий лигада қатнашяпти ва ҳар бир ўйин биз учун байрам. Шунинг учун ҳар доим байрамга хос тарзда кийиниб чиқаман. Бундан кейин ҳам шуни давом эттиравераман. Менга шундай кийиб юриш ёқади. Футбол куни байрам ва буни ҳар бир инсон билиши керак.

Байрамда мухлисларимизга байрамона кайфият улашишимиз керак. Вилоят ҳокимининг клубга қаратаётган катта эътибори туфайли ҳам “Навбаҳор”нинг мавқеи яна кўтарилиб боряпти. Ўйинлардан кейин вилоят ҳокими сизни чақириб қўшимча маблағ билан таъминлаган ҳолда жамоани янада руҳлантириб тургани ҳақида ҳам эшитяпмиз...

Ҳар бир ўйинга вилоятимиз ҳокими келиб, жамоамизни қўллаб-қувватлаб туради. Албатта, учрашувлардан кейин табрик эшитамиз. Қўлларидан келганича мукофот пулларини жамоамизга етказиб беряпти. Шундай жонкуяр вилоят ҳокими бор экан, Наманганда футбол чўкмайди, аксинча ўсади. Хайрулла Хайитбоевичнинг орзуси “Навбаҳор”ни чўққиларга олиб чиқиш ва Осиё майдонларида кўриш. Барибир ҳамма нарсани пул ҳал қилмайди. Тўғри, айрим қарздорликлар бор. Лекин булар катта муаммо эмас ва ҳаммаси ҳал қилинади. Шу ўринда мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Иложи бўлса сафар учрашувларига ҳам бориб жамоамизни олқишлаб туришса янада хурсанд бўлардик. Биз бундан кейин ҳам ишқибозларимизни стадионга қайтаришга ҳаракат қиламиз.  

ФИРДАВСХОН

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика