UZ

Сўнгги янгиликлар

23:35Тимур Кападзе: "Иккала ўйинда ҳам ютишимиз мумкин эди"  0 23:01Расман: "Атлетико" Испания терма жамоаси футболчиси билан шартнома имзолади  1 22:29"Навбаҳор" назорат учрашувида йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Қувватовдан норасмий дебют, Никабадзедан хет-трик  9 22:00РПЛ. Эсанов ҳаракат қилаётган "Акрон" "Факел" меҳмони бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  11 21:31"Манчестер Юнайтед" форварди ПСЖга ўтиши мумкин  4 21:05Париж-2024. Ўзбекистон иккинчи турда Мисрга ютқазди ва гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотди  821 20:53Париж-2024. Испания терма жамоаси биринчи бўлиб плей-оффга чиқди  7 20:22"Манчестер Юнайтед" испаниялик футболчига қизиқмоқда  1 19:56"Барселона" Уильямс учун кутилганидан 4 млн. евро кўп пул тўлаши керак  2 19:22ФИФА Аргентинанинг эътирозига жавоб берди  4 18:52Ҳусниддин Ғофуров - "Қўқон-1912" футболчиси  3 18:24Биринчи даврада "Бунёдкор"да ўйнаган футболчи Босния ва Герцеговина клубига ўтди  1 18:00Ўзбекистон ўйнайдиган "Божуар" стадиони баҳсга тайёр  7 17:50Доминикан Рес. - Испания. Асосий таркиблар эълон қилинди  17 17:13Магуайр: "МЮни яна муваффақиятли қилиш вақти келди"  4

Футболдаги буюк фирибгар... Янгиликлар

Футболдаги буюк фирибгар...

Кўпгина соҳаларда бўлгани каби, футболчилар орасида ҳам фирибгарлар учраб туради, Карлос Кайзер эса уларнинг бири.

Бу шахс 20 йил давомида ўзини ҳужумчи қилиб кўрсатишга муваффақ бўлди, оқибат эса...

Франц Беккенбауэр Европа Чемпионлари кубогини уч бор қўлга киритди, шунингдек, Европа чемпионати, жаҳон биринчилиги(ўйинчи ва мураббий сифатида)да муваффақият қозонди ва немисларнинг буюк футболчиси сифатида тилга тушди. Бразилиялик Карлос Энрике (уни шунингдек, Кайзер деб ҳам аташади) Бразилияда, АҚШда, Мексика ва Францияда тўп сурди. Ҳеч ким буни тасдиқлай олмаса-да, у ўзини 1984 йилдаги Қитъалараро кубок соҳиби деб билади - бу совринни у Аргентинанинг «Индепендьенте» клуби билан қўлга киритган эмиш. Газеталар уни маҳоратли ҳужумчи деб аташарди. Карлосни ҳам дўстлари шундай деб аташган ва улар орасида Ромарио ҳам бўлган. Аммо бунисига нима дейсиз: Кайзер футболчилик карьераси давомида ҳужумчи деб аталган бўлса-да, бирорта ҳам тўп киритмаган ва юқоридаги шов-шувларнинг ҳаммаси нақд 20 йил давом этган  ўта катта ҳажмдаги фирибгарлик натижаси, холос. Зеро, Карлос Кайзер - футболдаги буюк фирибгар эди.

Катта маблағ айланадиган барча соҳада бўлгани каби, футболда ҳам доим фирибгарлар етарли бўлган.  «Жорж Веанинг акаси» бўлган Али Диа шахс сифатида Англия қаҳрамонига айланган ва доимо Грэм Сунессуни эслатиб турган, демак телефон қўнғироқларига шунчаки ишониб бўлмайди. Алессандро Зареллининг иши - у «Шеффилд Уэнсдей», «Рейнджерс», «МК-Донс» ва «Торино»да тўп сурган деган миш-мишлар тарқалган, унинг ишини аслида номигина бор бўлган агенти юритар ва буларнинг барчаси италияликка британия клубларига жойлашиб олишида ҳалақит қилмас, бонуслардан мўмайгина даромад олиш ва бир зумда кўздан йўқолишига тўсқинлик қилолмасди. Кимдир ўзини Николас Кейджем деб таништирган ҳолда «Сантьяго Бернабеу»даги VIP-ложага кирар, Ботсвана термасига чақирув олар - буларнинг барчаси твиттердагина мавжуд бўлган футболчи эканлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди. Бу каби ҳолатларнинг кўпчилиги футболнинг қисқа тарихидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган. Карлос Кайзер билан боғлиқ воқеа эса, кўлами ҳаддан ортиқ катталиги билан барчани ҳайратда қолдиради. Португалча гапирадиган мамлакатларда уни Форрест Гамп билан солиштириш урф бўлган ва айнан у доим керакли пайтда керакли жойда бўлишни уддалаганмиш. Бизнингча эса, Карлос Кайзерни «Қўлингдан келса, мени тутиб ол», фильмидаги қўлга тушмас фирибгар ролини қойилмақом қилиб ўйнаган Ди Каприо билан солиштирса, анчагина мос тушарди.

Умуман олганда, Кайзер ҳам актёр эди. Футболчи иқтидоридан фарқли равишда актёрлик истеъдоди унда анчайин шаклланганди. У ўзидан таниқли футболчи чиқмаслигини тезда тушунди, аммо камбағал оила фарзанди бўлган Карлос яна бир нарсани англаб етганди - футбол унга кўтарилишда миллий ижтимоий лифт бўлиб хизмат қилиши мумкин. У футбол юлдузи ҳаётига оид бўлган барча нарсага эга бўлмоқчи эди - пул, машҳурлик, аёллар эътибори - аммо буларнинг бари учрашувларда майдонга тушиш ва машғулотларсиз бўлиши лозим эди.

Унинг гапдон ва очиқ чеҳралилиги, Риодаги тунги клубларга тез-тез ташрифи 20 ёшдалигидаёқ анчайин обрўли инсонлар орасида таниш орттиришига ёрдам берди. «Дўстлар» орасида ёш ва бугун-эрта юлдузга айланадиган Бебето, Ренато Гаучо, Ромарио ва Эдмундолар бор эди. Бундайин таниқли шахслар билан алоқа диско мусиқалари остида янада мустаҳкамланиб борди ва бўлғуси суперюлдузлар янги клуб билан шартномага имзо чекишаркан, ёш, бироқ ҳозирча истеъдодини тўлиқ намоён қилмаган йигитга эътибор қаратишларини сўрашарди. Кайзернинг афсонасида айнан шундай танишларнинг ўрни алоҳида эди ва улар Карлосга ўз платформасини яратиш ҳамда 20 йил давомида фирибгарлик ишларини давом эттиришда ёрдам берди. Балким, сиз ҳам ўша даврларда Карлосни учратиб қолганингизда бу ширинсўз, қувноқ, дўстлари учун ҳар нарсага тайёр бўлган йигитни бир кўргандаёқ ёқтириб қолган, унга ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр бўлармидингиз. Журналистлар ҳам кўпгина ҳолларда Кайзер тарафида бўлишарди - ахир, шундайин йигитчани хафа қилиб бўлармиди, тўғри эмасми?

PR-кампанияси Кайзерни Бразилиянинг етакчи клубларига «оширарди» - «Ботафого», «Фламенго», «Флуминенсе». Маҳаллий жамоалар эса интернет давридан бир неча ўн йил орқада бўлиб, YouTube ва бошқа бир неча профессионал скаутлар дастурлари улар учун йўқ ҳисобида эди. Оқибатда, улар суперюлдузлар кафилликка ўтган ёш иқтидор эгасига ишонишар ва у билан шартномалар имзоланаверарди. Янги жойда Карлоснинг ягона, аммо асло эскимайдиган ишончли тактикаси бор эди: энг биринчи навбатда жамоа мураббийи билан суҳбатлашиш ва унга олдинроқ олган жароҳатидан буткул фориғ бўлиш учун фурсат сўраш. Аммо бу муддат оз бўлсин ёки кўп, барибир, ниҳоясига етар ва Кайзер машғулотларда тўп билан муомалага киришишга бир кун келиб мажбур бўларди. Ўшанда Кайзер имкон туғилди дегунча, такрорий «жароҳат» олишга интилар ва бу унга тикланиш учун вақт ва албатта, ойлик маошда узилиш бўлмаслик имконини яратарди. Замонавий тиббиёт ускуналарининг йўқлиги ҳам унинг ошиғини олчи қиларди - шифокорлар «омадсиз йигит»нинг навбатдаги «жароҳатланиши»га нимани қарши қўллашни билмай бошлари қотарди. Қўшимча текширув лозим бўлиб қолганида эса, стоматолог-дўст ёрдамга ошиқар ва оқибатда, саломатликнинг жиддий хавф остида қолгани тўғрисидаги сохта маълумотнома қўлда эди - тишларни вақтида даволатмаганлик ўз асоратини бериши мумкин-ку, ахир.

Аммо Карлоснинг барча фирибгарликлари ҳам хамирдан қил суғургандай осон битмасди. «Ботафого»далиги пайтида у ўзи билан доимо мобиль телефон олиб юришни урф қилди - ўша пайтларда бу матоҳ бойлик белгиси ҳисобланиб, ҳамма футболчилар ҳам уни ўзларига эп кўришолмасди. Кайзер телефонни доим қулоғида тутар ва бу билан ҳамиша хорижлик клублар билан музокара олиб боришга мажбур эканини кўрсатишга интиларди. Ҳамма эшитадиган қилиб қуйидагиларни айтишни ҳам унутмасди: «Йўқ-йўқ, раҳмат, мен шу ерда қоламан, бу ерда ҳамма шароитлар бор». Шунинг орқасидан жамоадаги ўз рейтингини  оширарди. Баъзи пайтларда аферист овозлар аралашмасига ўтиб кетар ва кийим алмаштириш хонасидаги шериклари буни инглизча сўзлар деб қабул қилишарди. Инглизчани яхши биладиган клуб директори бу ерда нимадир гап борлигини англаб етди: «Бу Кайзер деганлари нима ҳақида тўхтовсиз гапиради ахир?». У не кўз билан кўрсинки, Кайзердаги «трубка» ўйинчоқ эди.

Умуман олганда, у бир эмас бир неча марта ҳалокатга маҳкум бўлган вазиятларга тушиб қолган. «Жамоанинг бўлғуси қироли ва энг яхши бомбардири медпунктдан чиқмаслиги» «Бангу» президентининг жонига тегиб кетди. «Ё ўйнасин, ёки бўлмаса жамодан йўқолсин!», деди у мураббийга. Шундан сўнг, Карлос «заявка»га киритилди. Жамоа 0:2 ҳисобида ютқазар ва у заҳира ўриндиғида ягона ҳужумкор ўйинчи сифатида ўтирарди. Кайзерга майдонга тушишга тайёргарлик кўриш топширилди ва у шармандали дақиқалар етиб келганига бу гал ишонди. Аммо мухлислар ёрдамга келишди - улар барча футболчиларни бирдай сўка бошлашганда Карлос ўзини трибуналар томон отди ва муштлашувга қўшилиб кетди. Оқибатда, бош ҳакам уни майдондан чиқариб юборди. Клуб президент Де Андраде эса ўзини қўйгани жой тополмасди: «Буни қандай тушуниш мумкин, йўқол, бу ердан!». Аммо илоннинг ёғини ялаган Кайзер мусоҳабага тайёр эди: фанатлар клуб футболчиларидан тортиб раҳбариятни ҳам болахонадор қилиб сўкиб ётишганида тинч ўтириб бўлармиди. Де Андраде улар учун отадай гап, айниқса, Кайзер учун - ахир, у отасини йўқотган-ку.

Кайзернинг ҳар бир фирибини айтиб берсак, бутун қитъага сиғмаслиги турган гап. Таниш-билишларининг кўпайиб бориши унга Францияда ҳам жой топишга имкон берди. Бу сафар аферист тўрига «Аяччо» - 2-лигада ўйнаётган клуб тушди. Бразилиялик таниқли футболчи келганлиги ҳақидаги хабар бутун Корсикани оёққа турғазди. Шунга яраша презентация ўтказилди, унга кўплаб фанатлар ташриф буюришди. Карлос бу учрашувдан ҳам қуруқ чиқишни уддалади: бир неча бор тўпни фанатлар тарафига йўллади ва ора-орада клуб рамзини ўпиб қўйишни ҳам унутмади. Барча хурсанд эди.

Кайзер 39 ёшида айнан «Аяччо»да ўз футбол карьерасига нуқта қўйди. Баъзида майдонга ҳам тушиб турган бу «ҳужумчи» жами 20-30 марта газонда пайдо бўлди, холос ва буларнинг барчаси Бразилия ташқарисида.

«Мени ёлғон гапиришга мажбур қилган сабабларни тушунишингизни истардим, - дейди у кейинчалик ўз фирибгарликлари ошкора бўлгач. - Камбағаллик оиламизни чиқиб бўлмас чуқурга итариб юборганди ва менда пул топиш учун бошқа имкон бўлмаганди. Улар бошқа футболчилардан қандай фойдаланишган бўлса, мен бу клублардан шундай фойдаландим».

Бир сафар Бразилия учун юлдузли онларда ўйинчи Ренато Гаучони тунги клуб остонасида тўхтатишди. Бу ҳайратланарли ҳол эди, ахир клуб хўжайинининг ўзи футболчига дўстлари билан келиш учун таклифнома юборган ва унга VIP-зона ажратиб ҳам қўйганди. Секьюрити эса футболчига қараб шундай деди: «Сиз ичкарига киролмайсиз, чунки, Ренато Гаучо аллақачон келиб бўлган».

Топингчи, ўшанда Кайзер қаерда эди?

Интернет хабарлари асосида ДИЛМУРОД тайёрлади.

Рейтинг: +7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика