Фернандо Морьентес иштирокида матбуот анжумани ёхуд "Реал" афсонаси "Оқ-тепа" таклифига қандай қарайди?
15 фев 2021 11:50
Янгиликлар
Фернандо Морьентес иштирокида матбуот анжумани ёхуд "Реал" афсонаси "Оқ-тепа" таклифига қандай қарайди?
Анжуманда "Оқ-тепа" клуби асосчиси Ғанишер Шоғуломов, президенти Сарвар Шоғуломов, "Racing city group" ҳамда "Genova soccer academy" раҳбари Моррис Пагниелло ҳамда академия мураббийлари, "Реал Мадрид" афсонаси Фернандо Морьентес иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Моррис Пагниелло: - Ҳамкоримиз "Оқ-тепа" клуби билан шундай лойиҳани амалга ошираётганимиздан хурсандман. "Genova international Uzbekistan" деб номланган илк лойиҳамизни ишга тушириш арафасидамиз. Мақсадимиз ўзбекистонлик иқтидорлар учун Европа эшикларини очиш.
Ғанишер Шоғуломов: - Клубимиз 20 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Мана шу муддатда ўзбек футболи ривожий йўлида кўп ишлар қилинди. Бугунги матбуот анжуманида иштирок этаётган Фернандо Морьентес "Реал Мадрид" афсонаси эканлиги сир эмас. Барчангиз яхши биласиз. У ёш футболчилар учун мастер-класс ўтказади. Ўйлайманки, бу биринчи қадам. Ўзбекистонлик футболчиларнинг Европага йўл олиши учун босқичма-босқич ҳаракат қилиб борамиз. Бунинг кетидан миллий терма жамоамизга фойда келтиришни кўзлаганмиз.
Фернандо Морьентес: - "Оқ-тепа" клубига таклиф учун миннатдорчилик билдираман. "Genova soccer academy" лойиҳаси асосида кўп мамлакатларда бўлганман. Янги ёш иқтидорлар билан танишишни истайман ва уларга кўпинча ўз тавсияларимни бераман. Кимдир учун футбол оддий бир касб бўлиши мумкин. Лекин, мен учун бу жўшқин ҳиссиётлар оламидир. Моррис Пагниелло айтганидек биз ҳамиша иқтидорларни излаймиз. Биз кейинчалик ҳам лойиҳамизни давом эттирган ҳолда ўзбекистонлик футболчиларнинг Европага йўл олишига кўмаклашамиз.
Сарвар Шоғуломов: - Ўзбек футболини нуфузини ошириш энг олий мақсадимиз, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Футболчиларимиз ўз фаолиятларини йўлга қўйиб олишлари, кучли жамоаларда ўйнаши учун барчамиз биргаликда меҳнат қиляпмиз. Айни пайтда 2-3 нафар футболчимизга "Райо Валекано"нинг учинчи жамоасидан таклиф бор. Ҳозирда мураббийлар уларни ўрганмоқда ва кузатмоқда. Жаноб Морьентесга таклифимизни рад қилмай келгани учун раҳмат айтаман.
- Аввал ҳам бундай лойиҳалар бўлган. Лекин, аксарияти муваффақиятсизликка учраган. Мазкур лойиҳа қанча муддатда натижа келтириши мумкин?
Моррис Пагниелло - Биз эртагаёқ чемпионлар ёки кучли футболчилар чиқади, деб ваъда бермаймиз. Ҳозирда биринчи қиладиган ишимиз ўргатиш ва мураббийларнинг малакасини ошириш. Қанча вақт кераклиги ҳақида айтсам, беш йил муддат. Биз амалга ошираётган иш кўпроқ вақтни талаб қилади. Фақат, "Оқ-тепа" билан тўхтаб қолмаймиз. Ушбу лойиҳамизни бутун вилоятлар бўйлаб йўлга қўямиз.
- Саволим мавзудан ташқари. Жаноб Морьентес "Монако"даги пайтларингизни қандай хотиралар билан ёдга оласиз? Хусусан, ЕЧЛ 1/4 финалидан ўрин олган "Реал"га қарши баҳс ҳақида...
- Ўшанда бизда жуда яхши жамоа шаклланганди. 1/4 финал босқичида "Реал"ни мағлубиятга учратгандик. Гарчи, ўша пайтда "Монако"да ўйнаган бўлсамда, "Реал" жамоасига муносабатим ижобий бўлган. Чунки, бу клуб доим қалбимда қолган.
- Келажакда "Реал Мадрид"нинг асосий таркибини бошқариш ниятингиз борми? Биламиз, бундан бир неча йил олдин клубнинг ёшлар жамоасида фаолият олиб борган эдингиз...
- Фаолиятимни якунлагач мураббийлик лицензиясини олдим. Мураббийлик қиламанми ёки эксперт бўлиб ишлайманми муҳими футболдаман. Футболчининг ҳаёти бутсаларини михга илиши билан тўхтаб қолмайди. Кўп нарса ўз ишингизни севишингизга боғлиқ. "Реал Мадрид" академиясида U-17 жамоасида уч йил давомида ишлаганман. Қўл остимда тўп тепган футболчилар кўпи ҳозирда машҳур. Улар Маркос Лорьенте, Марио Эрмосо ва Энцо Зидан. Кейинчалик ҳам менга таклиф келиб тушса ўйлаб ўтирмайман.
- "Оқ-тепа"дан чорлов бўлсачи?
- Клуб таклиф қилаётган лойиҳани ўрганиб чиқиб йўқ демаган бўлардим.
- Сизнингча проффессионал футболчи ўйиндан-ўйингача бўлган жараёнда машғулотдан ташқари ўзини-ўзи қандай тайёрлаши керак?
- Бунга кўп факторларни айтишим мумкин. Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ўйингача кимдир ухлаган ёки дам олаётган пайтда мен рақибни таҳлил қилардим. Бу менга жуда катта ёрдам берган. Мураббийлар штабидан тортиб барча диққатини бир жойга қаратиши керак. Шунингдек ҳар бир футболчи олдига қўйган мақсадини тушуниб олиши лозим. Футболчи ўз ишини севса ҳеч нарсадан муаммо бўлмайди. Айнан футбол сизга тилни ўрганишга, муҳитга мослашишга катта ёрдам беради.
- Ўзбекистонлик футболчилар "Реал Мадрид"да ўйнаши мумкинми? Уларга қандай тавсия берган бўлардингиз?
- Сиз олдингизга шундай мақсад қўйдингиз дейлик. Мен "Реал Мадрид" жамоасида ўйнашни истайман десангиз ҳеч қачон ўйнолмайсиз. 2 ёки 3 йилдан кейин боришни кўзлаш керак эмас. Балки, кенгроқ қараш лозим. Бугун қандай машғулот ўтказяпсиз, нима ейяпсиз ёки ичяпсиз барчасини инобатга олиш даркор. Масалан, мен болалигимда ҳеч қачон "Реал Мадрид"да ўйнаб кетишимни тасаввур ҳам қилмаганман. Лекин, мен шундай ишладимки якунда буюк жамоада пайдо бўлдим. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, шундай клубда ўйнашни истасангиз ҳар куни ишлашингиз лозим. Икки йилдан кейин "Реал"га бораман ва ўшанда жиддийроқ шуғулланаман десангиз хато қиласиз. Босқичма-босқич интилиб бориш керак
Фикрлар