Элёр Орифов : "Олдимизда турган вазифа – ғалаба”
24 сен 2016 13:24
Янгиликлар
Элёр Орифов : "Олдимизда турган вазифа – ғалаба”
Ушбу ўйин олдидан жиззахликлар ҳимоячиси, бир неча кун олдин 24 ёшни қарши олган ва кўплаб жиззахлик ишқибозларнинг истакларига биноан Элёр Орифов билан суҳбатлашишга қарор қилдим.
- Сиз спортчилар оиласида туғилдингиз,вояга етдингиз. Айнан шу муҳит таъсири сизга футбол соҳасига киришингизда сабаб бўлганми ёки ўзингизда қизиқиш бўлганми?
- Албатта оиладаги муҳит деб ўйлайман. Дадам,амаким футбол соҳасида бўлгани ,уларнинг ютуқлари ва ҳавас мени катта футболга чорлади. Ёшлигимда Усмон Муҳаммедшин қўл остида шуғулландим. Сўнгра ,2008 йил ёзида уша пайтдаги “Сўғдиёна” ёшлар мураббийи Шухрат Юлдашев жамоага чақириб,футбол сир асрорларини ўргатди. Шу тариқа жамоага кириб келганман.
- Жамоа билан контракт тузган кунингиз эсингиздами?
-Ҳа албатта. Ҳали 16 ёшга тўлмаганим сабабли, дадам билан 2009 йил январь ойида қўл қўйгандилар. Жуда ҳаяжонли бўлган мен учун.
- Ҳар битта футболчи ҳаётида давомида ўзига яраша қийинчиликлар бўлади. Сизда ҳам фаолиятингиз давомида қийинчиликлар бўлганми?
-Ҳа. Менимча,хеч бир футболчи қийинчиликларсиз,ўз –ўзидан футболчи бўлмайди. Ҳаммада ҳам ўзига яраша қийинчилиги бўлади. Менда ҳам бўлган. “Сўғдиёна”га кириб келганимда,жамоада номдор футболчилар ўз фаолиятини олиб борганди. Мен эса жуда ёш эдим ва асосий таркибга кириш жуда қийин эди. Йиллар давомида машғулотлар ва тажриба ўз мевасини берди. Ҳозирги кунда жамоанинг асосий таркиб ўйинчисиман. Бундан жудаям хурсандман. Яна бир оғир жароҳатим сабаб , ярим йил давомида футболда ўйнолмаганман. 2012 йил ёзида,ҳали биз биринчи лига жамоаси эдик. Айнан уша пайти оёғим синганди ва жамоамга ёрдам бера олмаганман.
- Сизни шахсан таниб, майдонда жуда жахлиз тезлигини ва айрим пайтларда хаттоки бунинг учун кўп бора огоҳлантирганингизни кузатганман. Ҳаётда ҳам жаҳлингиз тезми?
-Йўқ. Ҳаёт бошқа,футбол бошқа. Майдонда ҳар хил вазиятлар бўлади. Ўйинда қизишиб кетаман. Ҳаётда эса самимий бўлишга ҳаракат қиламан. Жахлдор эмасман.(кулади)
- Сайтимиз учун кўп бора интервью берасиз. Интервьюдан кейин мухлислар ўз фикр,мулоҳазаларни қолдиришади. Уларни доимо ўқийман ва кўплаб мухлислар сизни ҳужумда ўйнашингизни сўрашади. Бунга қандай изоҳ берган бўлар эдингиз?
- Ҳимоячи бўлишни ўзим танлаганман. Аммо,футболга биринчи кириб келган кезларимда айнан ҳужумчи бўлганман. Шу сабабли ҳужумга чиқишни яхши кўраман. Ўйин давомида ҳар хил вазиятлар бўлади. Айрим ўйинларда ҳужумга чиқиш керак бўлса,албатта ҳужумга чиқаман.
- Икки фамилия ҳар хил бўлгани билан ,сиз жамоанинг бош мураббийи Даврон Файзиевнинг жияни эканлигингизни билишади. Шу вазият яъни “Даврон Файзиевнинг жияни ” дейиши сизга қўшимча қийинчилик тўғдирмийдими?
- Бу катта маъсулият. Бу номга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан. Буни шараф деб биламан. Нафақат жамоам ,балки ўз вилоятим шарафини ҳимоя қиламан. Дадам,амаким учун икки карра қўп меҳнат қиламан. Тўғри,жудаям кўп гап сўзлар бўлади. Бунга табиий қарайман. Ўз устимда кўпроқ ишлайман ва бу номга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан. Даврон Файзиев мураббий сифатида жудаям талабчан ва қаттиқ қўл. Ҳаётда жуда самимий инсон. Биз майдонда эканмиз , ўйин пайти ёки машғулот пайти бу инсон мен учун мураббаий. Икки тушунчага алоҳида –алоҳида қарайман.
- Ҳозирги кунда сизнинг издошларингиз бор. Яъни,ёшлар таркибида тўп тепаётган Асил Орифов,Достон Орифов. Уларнинг ўйинига ҳам,умуман фаолиятига қандай қарайсиз?
- Спортчилар оиласи бўлганлигимиз учун жиянларим ҳам футбол соҳасини танлаган. Бунга ижобий қарайман ва ўз маслаҳатларимни,ёрдамимни хеч қачон аямайман. Маъсулиятни ўз қўлларига олиб,нафақат оиламиз балки,ўз вилоятимиз шарафи учун икки ҳисса кўпроқ меҳнат қилишини таъкидлайман. Майдонда ота-ўғил,амаки-жиян,ака- ука сингари тушунчалар бўлмайди. Вақти келиб,рақиб жамоаларда ҳам тўп тепишимиз мумкин. Шу ҳолатларда ҳаммайдонга жамоамиз шарафи учун тушамиз ва ўз ўзидан рақиб бўламиз. Бу ҳақида ҳам кўп бора таъкидлайман. Уларнинг кейинги фаолиятида фақат зафарлар тилайман.
- “Сўғдиёна” жамоаси таркибида энг аъламли мағлубиятингизни эслай оласизми?
-Ҳа, албатта. 2013 йилда сафарда “Пахтакор” жамоасига қарши ўйин эди. Уша беллашувда 3:1 ҳисобда ғалаба қозонишимиз керак бўлган ўйинда якунда 4:3 ҳисобида ғалабани бой берганмиз.
- Энг қувонарли ғалаба-чи?
-2015 йил “Бунёдкор” жамоасини мағлуб этганимизда.2:1 ҳисобда ғалаба қозонган эдик. Бутун жамоамиз билан биргаликда жуда хурсанд бўлганмиз.
- Агар сизда имконият бўлганида,Олий лиганинг қайси жамоасидатўп тепкан бўлар эдингиз?
- Менга “Бунёдкор” жамоаси жудаям ёқади. Бу жамоада ёшларга катта имконият берилади ва бу жамоанинг ўйин услуби,тактикаси, умуман ҳар томонлама бу жамоа менга жудаям ёқади.
- Олий лиганинг 23-тур ўйинлари доирасида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси ўз ўйида Ғузронинг “Шўртан” клубини қабул қилади.Булажак беллашув олдидан қандай фикрдасиз?
-“Шўртан” жамоаси Олий лиганинг кучли жамоаларидан бири. Жамоа таркиби яхши шаклланган. 1 даврада аъламли мағлубиятни қабул қилган эдик.Ушанда “Шўртан”энг яхши ўйинларидан бирини кўрсатган эди. Машғулотлар давомида ушбу жамоанинг ўйинларини ўргандик. Белгиланган тартибда машғулотлар олиб бордик. Жамоадошларимизнинг рухан ва жисмонан бў ўйинга тайёр. Жамоамиз билан ғалаба учун курашамиз ва мухлисларимиз олдида юзимизни ёруғ қилишга ҳаракат қиламиз.
- Ўзингиз қайси жамоага мухлислик қиласиз?
-Ҳа. Реал Мадрид клубига мухлислик қиламан. Серхио Рамосга муҳлислик қиламан. У дунёнинг энг кучли ҳимоячилардан бири. У ўйинда тўғри услуб танлаши,ўз жамоасини ҳақиқий сардорлардек олиб бориши,ҳимояда ишончли ўйини билан менга ёқади.
- Элёр Орифовни бу йил бир неча маротаба рамзий терма жамоада кўрдик. Бунга қандай фикрдасиз?
-Хурсандман албатта. Бу битта менинг меҳнатим эмас балкимураббийларимнинг, жамоадошларимнинг меҳнати самараси. Жамоада бир киши ўйнамайди балки 11 киши ҳаракат қилади. Мақсад эса битта-ғалаба. Бу йилги таркиб кучли ва Олий лигада 8-ўринда эканлигимиз бунинг натижаси. Бундан олдинги ўринлар учун албатта курашамиз. Шу фурсатдан фойдаланиб,жамоадошларимга раҳмат айтаман.
- Ижтимоий тармоқларда мухлислар сиз хақингизда кўпроқ маълумот олишни хохладилар ва ўйин олди интервью сўрашдилар. Ушбу мухлислар ҳар ўйинда катта ҳаяжон билан ўйинларни кузатади. Жиззахлик мухлисларга қандай тилакларингиз бор?
-Мухлислар борлиги бу биз учун бахт. Биз фақат улар учун майдонга тушамиз ва ҳаракат қиламиз. Мағлубиятли ёки ғалабали онларимизда бизни тушуниб,қуллаб-қувватлагани учун катта раҳмат. Соғ бўлинглар. Тинчлик тотувлик тилайман. Биз жамоамиз билан сизларга фақат хурсандчилик улашишга ҳаракат қиламиз.
- Элёр Орифовнинг кейинги фаолиятига омад тилаймиз.
Дилдора Холбоева
Жиззах шахридан махсус
Фикрлар