Бир ўйин тарихи. 2002 йил хотиралари ёхуд Сенегалга аталган рақс кечаси
30 ноя 2022 09:31
Янгиликлар
Бир ўйин тарихи. 2002 йил хотиралари ёхуд Сенегалга аталган рақс кечаси
Эквадор Мойсес Кайседо - 67' |
Чемпионат Мира. Группа A . 3-тур 29/11/2022, 20:00 2
:
1
Тугади
|
Сенегал Исмаила Сарр - 44', Калиду Кулибали - 70' |
Стадион: Khalifa International Stadium, 44569 томошабин
Бош ҳакам: Clement Turpin
Сенегал футболи ҳақида гап кетар экан бевосита 2002 йил Япония ва Корея мезбонлигида ўтган Жаҳон чемпионати кўз ўнгимизда гавдаланади. Чунки ушбу мундиалда бу юрт вакиллари ўзига ҳос тарих яратган, мухлислар олқишига ва эътиборига сазовор бўлганлиги билан аҳамиятлидир. Мундиал мезбонлари каби Сенегал мусобақа давомида нафақат ўйин бобида балки натижа борасида ҳам кўпчилик кутмаган натижаларни қайд этган эди. Уларнинг бугунги ғалабалари фонида бевосита ўша дамлар кўз олдимизда гавдаланди. Қолаверса, жамоанинг айни пайтдаги бош мураббийи Алиу Сиссе Осиё қитъасидаги мундиалда Сенегал шарафини ҳимоя қилган.
Жаҳон чемпионатига қадар узоқ масофани босиб ўтган Сенегал қуръа натижаларига кўра, Дания, Уругвай, Франция терма жамоалари билан "А" гуруҳидан жой олади. Табиийки бу квартетда Роже Лемер мураббийлигидаги Франция яққол фаворит ҳисобланарди. Амалдаги Жаҳон ва Европа чемпионларининг таркиби ўтган турнирдан фарқ қилсада, маҳоратли ижрочилар етарли эди. Диде Дешам, Лоран Блан каби етакчилар ўз ўрнини бошқа футболчиларга бўшатганига қарамай таркибни кучсиз деб бўлмасди. Роже Лемер олдида эса жиддий муаммо юзага келган, Зидан жароҳати сабаб гуруҳ босқичидаги икки турни ўтказиб юбориши кутилаётганди. Дарҳақиқат унинг ўрни биринчи турдан ўрин олган Сенегал билан баҳсда яққол билингани ҳеч кимга сир эмас. Сенегал терма жамоасида эса ҳақиқий Франция фалсафаси шаклланган, услуб ва тактикада ҳам французларга ҳос имзо кўриниб турарди. Бунинг сабаби эса оддий таркибдаги футболчиларнинг яримидан кўпи Франция чемпионатида иштирок этар, мураббий Бруну Метсю ҳам франциялик эди. Эътибор беринг мундиал пайтида Папа Буба Диоп ("Ланс"), Эл Хожи Диуф ("Ланс"), Алиу Сиссе ("Монпелье"), Коли ("Ланс") Тони Силва ("Лилл") деярли ярим жамоа Франция чемпионатида тўп тепган.
Ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасининг очилиш учрашувида Папа Буба Диоп етакчилигидаги Сенегал Францияга қарши майдонга чиқади. Ўйин ҳақиқатдан муросасиз, курашларга бой ўтганлигини таъкидлаш жоиз. 30-дақиқада майдон марказидан ошириб берилган тўпни қабул қилиб олган Эл Хожи Диуф тезлик билан рақиб ҳимоясини ёриб ўтади ва марказда очилиб бораётган Папа Буба Диопга узатади. Унинг биринчи зарбасини Бартез қайтарган бўлсада ҳимоячиларнинг эътиборсизлиги натижасида Папа Буба Диоп тўпни йўллаб ҳисобни очади. Ушбу вазиятда Эмануэль Пети етарлича қаршилик кўрсата олмаганди. Ҳа бу гол тарихий гол, бу гол Францияни гангитиб қўйган гол, рақибнинг гуруҳ босқичида қолиб кетишига сабабчи бўлган гол эди. Голдан хурсандчилигини яширмаган Буба Диоп уни ўзгача нишонлайди. Бурчак томон югуриб борган ҳужумчи футболкасини ечади ва ерга қўйганча жамоадошлари билан рақсга тушади.
Учрашувнинг қолган дақиқаларида французларда ҳисобни тенглаштириш учун бир қанча қулай имкониятлар юзага келган, лекин гоҳида дарвоза тўсини гоҳида эса посбон Тони Силва маҳоратини намойиш қилганди. Айниқса Давид Трезегенинг йўллаган зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтган стадионни бир лаҳзага жумбушга келтирган эди. Яна бир вазиятда Ҳалилу Фадиганинг зарбасига Бартез қойилмақом сейв билан жавоб қайтаради. Устунлик Роже Лемер шогирдлари томонда бўлсада омад очиқчасига улардан юз ўгиргани айни ҳақиқат. Қолган икки беллашувда Дания(1:1) ва Уругвай(3:3) билан дурангга имзо чеккан сенегалликлар плей оффда Швециядан(2:1) устун келишади. Чорак финалда эса мусобақанинг кашфиётларидан бири бўлган Туркияга кичик 0:1 ҳисобида енгилишади. Жаҳон чемпионатидан сўнг Сенегалнинг кўплаб футболчиларига бошқа чемпионатлардан, кучли жамоалардан чорловлар туша бошлайди. Франция билан учрашув қаҳрамони Папа Буба Диоп "Фулхэм", Эл Хожи Диуф эса "Ливерпул" сафига бориб қўшилади. Ҳа, бу чиндан ҳам Папа Буба Диоп ва Сенегал терма жамоасига аталган кеча эди.
ЖЧ-2002. 31.05.2002. Сеул, "World сup stedium"
Франция - Сенегал 0:1
"А" гуруҳи. 1-тур. 62561 томошабин.
Бош ҳакам: Али Буджсаим (БАА)
Гол: Папа Буба Диоп 30, 0:1.
Франция: 16. Фабиен Бартез, 3. Биксент Лизарю, 8. Марсель Десайи, 15. Лилиан Тьюрам, 18. Франк Лебуе, 4. Патрик Виера, 6. Юрий Жоркайф, 17. Эммануэль Пети, 11. Силван Вилторь, 12. Терри Анри, 20. Дэвид Трезеге
Бош мураббий: Роже Лемер
Сенегал: 1. Тони Силва, 2. Омар Диаф, 4. Папа Малик Диоп, 6. Алиу Сиссе, 13. Лемина Диатта, 17. Фердинанд Коли 10. Ҳалилу Фадига, 14. Мусса Ндайе, 15. Салиф Диао, 19. Папа Буба Диоп, 11. Эл Хожи Диуф
Бош мураббий: Бруну Метсю
Абдулазиз Искандаров тайёрлади
Фикрлар