UZ

Сўнгги янгиликлар

17:32"Интер" ва Дюмфрис йилига 4 млн евро маош билан 2028 йилгача шартнома бўйича келишувга эришди. Дензелга МЮ қизиққанди  0 17:05"Ювентус" "Интер" футболчисига қизиқмоқда, аммо...  0 16:40"Милан" 2024/25 йилги мавсум учун сафар либосини тақдим этди  1 16:15"Арсенал" "Реал Сосьедад"дан Меринони харид қилмоқчи  1 15:49Саудияликлар Рафинья учун 65 млн евро таклиф қилишди. "Барса" Уильямс ва Ольмо билан шартнома имзолаш учун ўйинчиларни сотишга тайёр  1 15:17Де Хеа "Женоа"га ўтмайди – унинг талаблари клуб учун жуда юқори. Дарвозабонда МЛС ва Саудия Арабистонидан вариантлар бор  1 14:49Артём Довбик "Рома"нинг таклифини қабул қилди ва клубга ўтишга яқин  1 14:21Ольмо "Барселона"дан ташқари барча клубларнинг таклифини рад этди  2 13:58Ихеаначо Ла Лига клубига ўтишга яқин  1 13:31Ашурматов: "Олимпиада олдидан Ўзбекистон терма жамоасининг плей-оффга чиқишига катта умид боғланганди"  7 13:02"Рома" "Ювентус" футболчиси билан шартнома имзолашга яқин  0 12:38Филлипс "Манчестер Сити"ни тарк этмоқчи  1 12:17ПСЖ ва АПЛ клублари Уильямснинг Испанияда қолишни афзал кўришини ҳис қилишмоқда. "Барселона" – фаворит  0 11:48Лондон клуби Ван-Биссака борасида МЮ билан музокаралар ўтказмоқда  1 11:25Шерзод Қодиров "Динамо"дан кетди?!  0

Азамат Абдураимов: «Мендан яхши хоккейчи чиқарди» Янгиликлар

Азамат Абдураимов: «Мендан яхши хоккейчи чиқарди»

Машҳур футболчиларимизнинг асосий касбларидан ташқари бошқа қизиқишлари, нималарни ёқтиришлари, умуман, уларнинг феъл-атворлари-ю хислатлари билан сизларни яқиндан таништириб боришни мақсад қилдик.

Бунинг учун қаҳрамонларимизга бир нечта блиц-саволлар билан мурожаат қиламиз. Бу орқали эса уларнинг юқорида айтилган жиҳатларидан воқиф бўламиз. Саҳифамизнинг илк қаҳрамони ўзбек футболининг ХХ асрдаги ёрқин юлдузларидан бири, Абдураимовлар сулоласининг тўнғич вакили, ХII Осиё ўйинлари ғолиби, футболимиз тарихидаги энг чиройли голлардан бирининг муаллифи Азамат Абдураимов бўладилар. Маълумот учун, суҳбатдошимиз 2002 йили футболчилик фаолиятини якунлаган.

- Азамат ака, сизга блиц-саволларимиз бор. Агар тайёр бўлсангиз, уларни беришни бошлаймиз.


- Тайёрман.

- Футбол бўлмаганида, касб сифатида қайси спорт турини танлардингиз?

- Ёшлигимда кўплаб спорт турларига қизиққанман. Лекин улар орасида футболдан ташқари, баскетбол ва хоккей алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Мана шу иккисидан бирини танлардим. Биласизми, бўйим пастлиги учун баскетбол тўгарагига қабул қилишмаган эди.

- Футболда эришган энг катта муваффақиятингиз?


- Менимча, Абдураимовлар сулоласига муносиб давомчи бўла олганим. Қолаверса, ХII Осиё ўйинларидаги ғалабамизни ҳам фаолиятимдаги энг катта муваффақият деб биламан.

- Сизни ҳайратга солган гол?

- Зайниддин Зиданнинг Европа Чемпионлар Лигасида урган голи. Ўз устидан ошириб, қайчи усулида дарвозани ишғол қилгани ҳақиқатан ҳам чиройли чиққанди.

- Спорт, хусусан, футболдаги илк хотираларингиз?


- Отам билан «Пахтакор» стадионига борган куним. Дадам мени жуда кўп маротаба «Пахтакор» жамоасининг машғулот ва ўйинларига олиб борганлар. Шонли клубнинг машҳур юлдузлари билан ҳамсуҳбат ҳам бўлганман. У кунларни асло унутмайман.

- Футболдан ташқари севимли спортчингиз?

- Баскетбол афсонаси - Майкл Жордан.

- Фаолиятингизда ниманидир ўзгартириш имконияти бўлганида...

- Тарихни ортга қайтаришнинг иложи йўқ. Агар менга шундай имконият тақдим этилганида, фаолиятим давомида йўл қўйган камчилик ва хатоларимни такрорламасдим.

- Ҳаётингизда олган энг фойдали маслаҳатингиз?


- Биринчи галда отамдан тавсия олишга ҳаракат қиламан. Мен учун энг яқин инсон ва шу билан бирга энг тўғри йўлни кўрсатадиган ҳам айнан отам бўладилар. Энг фойдали маслаҳатларни улардан олганман. Бир гаплари ҳеч ёдимдан чиқмайди: «Футболни алдай олмайсан, агар шунга уринсанг, катта хатога йўл қўясан. Аксинча, ўзинг қандай алданиб қолганингни билмай қоласан», дердилар. «Ҳамиша ҳалол ўйна ва яша», деган ўгитларини ҳам эсдан чиқармайман.

- Мутолаа қилган сўнгги китобингиз?


- Бугунги кунда «Фербер фаришталари империяси» асарини ўқияпман. Афсуски, вақт тиғизлигидан шу китобни ҳеч тугата олмаяпман.

- Қайси таомни севиб истеъмол қиласиз?


- Олдин қозон кабобни яхши кўрардим. Ўзим ҳам тайёрлай олардим. Лекин сўнгги пайтларда вазн ташлаётганим учун ёғли, калорияга бой таомларни истеъмол қилмаяпман.

- Агар спорт бўлмаганида, қайси касбни танлардингиз?


- Иккинчи касбим - журналистика. Ўз вақтида телевидение, радио ва матбуот нашрларида фаолият юритганман. Менимча, айнан шу касб орқали рўзғор тебратган бўлардим. Мавриди келганда, бир нарсани айтишим керак. Дўстларим Миржалол Қосимов ва Игорь Шквирин ўзлари ҳақида китоб ёзишди. Ўйлашимча, энди менга ҳам навбат етиб келди. Шу йил охирларида ўзим ҳақимда китоб ёзишга ўтираман.

- Қайси жамоага мухлислик қиласиз?


- «Пахтакор»га.

- Ёшлигингизда кимга ҳавас қилгансиз? Кумирингиз борми?


- Бизнинг тенгқурларимиз асосан Марадона мухлиси ҳисобланишарди. Табиийки, мен ҳам аргентиналик футбол даҳосига ҳавас қилганман. Ҳозиргача унинг ўйинлари ёзилган дискларни қайтадан кўриб чиқаман, бетакрор ҳаракатларидан завқланаман.

- Сизнинг омад калитингиз?


- Ҳамиша ўзимга ва ўз кучимга ишонганман. Шу жиҳат менга доимо омад келтирган.

- Қийин вазиятга тушиб қолганингизда ҳар доим тўғри қарор қабул қилганмисиз?


- Йўқ. Бундай ҳолатларда аниқ тўхтамга келишга шошилмайман. Юқорида айтганимдек, яқин инсонларим, хусусан, отамдан маслаҳат оламан. Баъзида ўзим қабул қилган қарорларим панд бериб ҳам қўйган. Шу боис, етти ўлчаб, бир кесаман.

- Ёшликдаги орзуларингиз рўёбга чиқдими?


- Албатта. Биринчи галда футболчи сифатида фаолият юритишни хоҳлаганман. Қолаверса, отамга муносиб издош бўлишни ният қилганман. Орзуларим амалга ошди. Кўчада таниб қолишса, дарров дастхат олишга уринишади. Демак, мени танишяпти, бу ҳам катта бахт.

- Танқидни қандай қабул қиласиз?


- Танқидни яхши кўраман (кулади). Шунинг баробарида ўз танқидчиларимни ҳурмат қиламан. Биласизми, хатоларингиз ўзингизга сезилмаслиги, фақат четдангина кўриниши мумкин. Агар қилаётган ишим ҳақиқатан ҳам нотўғри бўлса, тан-қидларни ўз ўрнида қабул қиламан. Мени тўғри йўлга бошлаганларга ҳурмат билан қарайман.

- Имкони бўлганида, машҳурлар орасидан айнан ким билан учрашар эдингиз?

- Афсонавий Пеле ва Марадона билан. Худди ҳозирги болалар Месси ва Роналдунинг ёнида суратга тушишни исташганидек. Шу икки футбол юлдузи билан бир жамоада тўп суришни орзу қиламан. Лекин бу амалга ошмайдиган ният бўлса керак.

- Сиз ҳақингиздаги китобни ким ёзишини истардингиз?


- Менимча, ўзимдан бошқа ҳеч ким кўнглимдагидек ёза олмаса керак. Журналистика соҳасида ишлаганим бу борада қўл келса, ажабмас. Юқорида айтганимдек, яқин кунларда ана шу китобни ёзишни бошлайман.

- Сўнгги пайтларда сизни хурсанд қилган хабар ёки воқелик?


- Шубҳасиз, ўғлимнинг дунёга келгани. Эллик ёшда фарзандли бўлиш - бу алоҳида воқелик. Рафиқам билан уни юртимиз корига ярайдиган инсон сифатида вояга етиши учун ҳаракат қиляпмиз. Тарбиясига алоҳида эътибор қаратганмиз.

- Ўғлингизнинг футболчи бўлишини хоҳлармидингиз?


- Албатта, истайман. Абдураимовлар сулоласига муносиб издош бўлишига ишоняпман. Ҳозирдан тўпни яхши кўради. Телевизор орқали футбол ўйинларини тушунса-тушунмаса, томоша қилади. Фарзандимнинг учинчи авлод вакили сифатида бизнинг ишимизни давом эттиришини чин дилдан хоҳлайман. Биз спортчилар оиласиданмиз. Укам Жасур Абдураимовнинг қизи Нигина теннисчи. У бугунги кунда терма жамоа аъзоси. Рейтингда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Бўш вақтларимда унинг ўйинларини кузатиб бораман.

- Бугунги кунда нималар билан бандсиз?


- Отам иккимиз футбол мактаби ташкил қилганмиз. Ана шу таълим даргоҳида болаларни қабул қиляпмиз. Машғулотларимиз ЎФФ қошидаги сунъий қопламали майдонда ўтказилади. Дадам ва мен футболда орттирган тажрибаларимиздан келиб чиқиб, ёш авлодни тарбиялашга эътибор қаратяпмиз. Шу йўл орқали ўзбек футболи ривожига ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз. Футбол билан шуғулланиш истагини билдирган ёшлар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Ҳар бир машғулотимиз қизиқарли тарзда ўтказиляпти.

- Тилакларингиз?


- Миллий жамоамиз ЖЧ-2018 3-саралаш гуруҳ босқич учрашувларини давом эттирмоқда. Термамизга кейинги ўйинларда омад ёр бўлишига тилакдошман. Умид қиламанки, бу галги иштирокимиз якунида биз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритамиз. Бу билан халқимизнинг кўп йиллик орзуси рўёбга чиқади.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика