"Мистер Икс", терма жамоа ва U-23 Осиё кубоги ҳақида" - Азамат Абдураимов
10 июн 2022 10:08
Янгиликлар
"Мистер Икс", терма жамоа ва U-23 Осиё кубоги ҳақида" - Азамат Абдураимов
Кеча тажрибали мураббий Дилшод Нуралиев мутахассис сифатида ўйин ҳақидаги таассуротлари билан бўлишган бўлса, бугун яна бир мураббий Азамат Абдураимовга юзландик.
- Ўзбекистон Шри Ланка учрашувини кўрдингизми? Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ҳа, терма жамоамизнинг Намангандаги ўйинини кўрдим. Барчамиз яъни мухлислар, мутахассислар анчадан бери жамоамиз иштирокидаги учрашувларини кузатмаган эдик. Футболчиларимиз томонидан амалга оширилган турли комбинациялар, голларни кўриб завқландик. Мухлислар стадионда трибуналарни тўлдириб ажойиб қўллаб-қувватлашди, деб ўйлайман. Мен ўз вақтида "Навбаҳор"да ўйнаганман, бу ерда футболни қанчалик севишларини биламан. Ўйин икки томонлама таассурот қолдирди. Бир томондан 3:0 ҳисобидаги ғалаба. Бошқа томондан ўйиндан ҳам, натижадан ҳам қониқиш ҳосил қилмадим. Шри-Ланка каби кучсиз рақиб билан ўйин сифати ва кўрсаткичи анча яхши бўлиши керак эди. Бундай жамоаларни икки карра кўпроқ ҳисоб билан ютиш керак. Ўн йил олдин биз Осиёда етакчилар қаторида эдик. Аммо Қатардаги Жаҳон чемпионати саралашида Абрамовнинг жамоаси муваффақиятсизликка учрагач кучли ўнталикдан ҳам ортда қолганимиз рост.Янги мураббийнинг фаолияти ҳозирча ҳозирча иш бермаяпти. Лекин Катанец тажрибали, европача менталитетга эга, ўз қараши ва тактикасига эга мураббий. У терма жамоа билан биринчи кун ишлаётгани йўқ. У футболчилар, чемпионатимиз билан атрофлича танишишга улгурди. ЎФА ва футбол жамоатчилиги томонидан ҳеч қандай босим бўлмади, дея оламан. Терма жамоага ҳужумкор футболни сингдиришига умид қиламан. Мураббийга ўзини кўрсатиши, жамоа шакллантириши учун вақт ва имконият бериш кераклигини доим айтиб келганман. Шри-Ланка билан ўйин футболчиларимизнинг барча имкониятларини очиб берди дейиш қийин.
- U-23 терма жамоамиз Ироқни юта оладими?
- Мазкур ёш тоифасидаги Осиё чемпионати ўйинларини диққат билан кузатиб боряпман. Жамоамиз Ироқ термасини мағлуб этиши шарт. Таркиб ва гуруҳ босқичидаги ўйинлари бўйича ироқликлардан юқоридамиз. Айтишим керакки, чорак финалда рақиб борасида омадимиз келди. Жанубий Корея ва Япония ўртасидаги учрашув финал мақомига муносибдир. Шу ўринда Тимур Кападзе бошчилигидаги мураббийлар штабининг меҳнатини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Жамоа ҳужумкор услубга йўналтирилган, энг яхши ёш иқтидорларимиз жалб қилинган, ўзига ҳос услубга ва етакчиларига эга. Албатта бунинг учун ўтган йили олимпия терма жамоасини тузган ЎФА ва МОҚга ҳам раҳмат айтиб ўтиш даркор. Бу тўғри қарор эди. Бироқ бундан буён бўшашимиз керак эмас. Мен ўз тажрибамдан айтаман, кучли рақиб билан доим максимум ўйнаш мумкин. Бироқ кучсиз рақиблар билан учрашувларда ўзига ҳос шавқатсиз совғалар учраб туради. Ғалаба бизда, деб айта олмайман. Бу руҳият. Кападзе ўйин учун тўғри тактик режани танлаши ва футболчиларни руҳий томондан тайёрлаши талаб қилинади. Жамоамиз финалда ўйнаши керак, деб ҳисоблайман.
- Championat.asia сайтидаги машҳур "Мистер Икс" сизми?
- Йўқ. Мен "Мистер Икс" эмасман. Нимадир айтадиган бўлсам, ниқоб киймайман. Юзимни беркитмайман. Чунки футболда ўз номимга эгаман. Мен уни йиллар давомида орттирганман.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Фикрлар