"Антальяспор" президенти: "Ўзбекистонлик футболчиларга қизиқишларимиз бор"
18 фев 2023 22:51
Янгиликлар
"Антальяспор" президенти: "Ўзбекистонлик футболчиларга қизиқишларимиз бор"
Мазкур келишувдан икки томон ҳам жуда манфаатдор. Айниқса, “Антальяспор” клуби президенти жаноб Азиз Четин ҳам жамоамиз билан ҳамкорликни тўла қўллаб-қувватлади. Барчаси расмийлаштирилгач, “Антальяспор” президенти “Андижон” матбуот хизмати учун бироз вақт ажратди.
- “Андижон” жамоасининг “Антальяспор” билан ўзаро ҳамкорлик шартномасини имзолаши ўзбек ҳамда турк футболи тарихида илк бор рўй бермоқда. Бу келишувга рози бўлишингизга аввало нима туртки берди ва бундан нима кутяпсиз?
- Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданиятларимиз деярли бир хил, биз қардошлармиз. Бу бизнинг сиёсатимизни бир қисми. Ўзбекистон Осиёнинг марказида жойлашган. Ўзбекистон билан қардошлигимиз ва маданиятимизнинг ўхшашлиги бор ва биз барчасини ўрганиб чиқдик. Клуб ҳам ўзига яраша тарихга эга экан. Мана, энди яхши ниятлар билан ҳамкорликни йўлга қўйяпмиз. Биз дунёнинг турли бурчакларида клубимизнинг филиалларини очганмиз ва ҳамкорлик ишларини йўлга қўйганмиз, масалан, Аргентина, Косово, Жанубий Африка, Бельгия, Кипрда. Аммо Осиё футболи бозори бўйича ўйланиб тургандик. Сизлардан таклиф келиб қолди ва бунга мамнуният билан розилик билдирдик. Қардош мамлакат футболи билан дўстона алоқаларни ўрнатиш биз учун фахр.
- Ижобий фикрда эканингиздан мамнунмиз ва айтинг-чи, ўзбек футболи ҳақида қанчалик тасаввурга эгасиз?
- Ҳар доим скаутларимиз ўзбек футболини ҳам кузатиб юришади. Шу боис Ўзбекистон футболига ҳамма вақт эътибор қаратиб юрамиз. Бизда озарбайжонлик ва тожикистонлик ёшлар ҳам бор. Ўзбекистонда ҳам ажойиб иқтидорлар борлигини биламиз. Умуман, Ўзбекистон футболи нафақат Марказий Осиёда, балки бутун қитъада ҳам кучли ҳисобланади. Юртингиз ўйинчиларига қизиқишларимиз бор. Шу сабабли ҳам биз ушбу ҳамкорликка розилик билдирдик. Мана, “Андижон” клуби раҳбари бизни Ўзбекистонда ўтадиган U-20 Осиё чемпионатига таклиф қилди. Ферда Раманли бошчилигидаги гуруҳимизни Африкада ўтадиган қитъа чемпионатига юборсак, Эрдем Эрдал бошчилигидаги вакилларимиз эса Тошкентга боришади.
- 2024 йили “Андижон” клубининг юбилей 60 йиллиги нишонланади. Клуб раҳбарияти эса сиз бошчилигингиздаги “Антальяспор”ни мазкур юбилей тадбири учун ўртоқлик учрашувига таклиф қилмоқда. Чиндан ҳам Андижонга келиш режаси борми?
- Худо хоҳласа борамиз. Ахир биз ҳамкорликни йўлга қўйдик. Шундай экан, боришга ҳаракат қиламиз. Бизнинг ҳомийимиз “Corendon Airlines” авиакомпанияси ҳисобланади. Одатда биз қаерга борсак ҳам ўзимизнинг самолётда парвоз қиламиз ва Андижонга ҳам шахсий самолётимиз орқали етиб борамиз.
Фикрлар