UZ

Сўнгги янгиликлар

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  3 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Тошкентдан Хоразмгача... Янгиликлар

Тошкентдан Хоразмгача...

Хабарингиз бор, республикамиз бўйлаб ўзбек футболининг 110 йиллик тантанаси нишонланмоқда. Навбатдаги сафаримиз Хоразм вилоятига бўлмоқда.

Алишер Файзнинг шу номдаги таронасини тингламаган киши бўлмаса керак. Ўзим ҳам саёҳат давомида мириқиб шундай қўшиқни куйлардим-у, овозим янграши биланоқ кимларнингдир сафар учун олиб қўйган сувидишларининг мен томон парвоз қилишларини истамадим. Куйлашдан кўра, йўл таассуротлари билан ўртоқлашишни маъқул кўрдим. Агар сизда асаб билан боғлиқ хасталик белгиси бўлса, ёнингизга цитрамон олволишни маслаҳат берардим. Режа бўйича, бугун пойтахтдан мазкур вилоятга самолётда парвоз қилишимиз керак эди. Кеча "Насаф"нинг шонли ғалабасини оғиз ёпар вақтигача шоҳона, аниқроғи студентона нишонладик. Телефонимдаги ақлли хўроз қичқириш арафасидагина уйқуга равона бўлдим. Уйғонганимда эса кўзларим "Насаф" либосининг рангидай бўлиб қолганди. Шопа-пиша ювиниб, қўлни тароқ қилганча тўзғиган сочларни тараб, навбатдаги сафар учун йўлга отландим. 

Ҳамкасблар билан аэропортга етиб келгач, бизга АГМК аъзолари ҳам ҳамроҳ бўлишини билиб олдик. Баъзи футболчилар билан қўл бериб кўришдик. Улар футболчиларга хос кийинишганди, ҳатто Анзур Исмоилов гетри кийиб олганди. Эҳтимол, сумкасида копток ҳам олиб юргандир. Албатта, ҳазил. Бу кузатув орқали у каби ўйинчиларнинг ўз касбига бўлган меҳри юқори эканлигини англаб олиш мумкин. 

Улардан ташқари, кўҳна диёрга хорижлик меҳмонлардан анча-мунчаси йўл олаётган экан. Ёнимда бир нима-бир нималар деб гурунглашарди. Менимча, улар испан тилида сўзлашишарди. Афсуски, улар ўзбек тилини қай даражада билишса, мен ҳам испанчани шу даражада идрок қиламан. Самолётга ўрнашишимиз биланоқ қуйидаги қўшиқ садолари янграй бошлади. 


Темир қушга биринчи бор қадам босишим эмасми, ёнимдаги шеригим парвоз давомида ўзимни эркин тутишим ва хавотирланмаслигим кераклигини уқтирди. Менга нима, кўтарилиш давомида юрак шувиллайдиган бўлса, "Тошкентдан Хоразмгача"ни айтишдан ҳам тонмасдим. 


Бироқ икки-уч ўриндиқ нарида ҳали мактабга энди қадам қўйиш ёшидаги қизалоқнинг хотиржамлигини кўрдим-у, бу фикримдан қайтдим. Йўқ, ҳеч қандай ваҳимаси йўқ экан. Гўёки аттриакционда учгандай бўлдим, фақатгина бу аттриакционнинг "чўғ"и баландроқ, холос. Болаликда содда эмасмизми, осмондан самолёт ёки вертолёт ўтса, кетидан тилимиз осилгунча чопқилаб, қўл силтаб саломлашардик ва бизга ҳам жавоб қайтарди деган таскинда бўлардик. Йўқ, бизга қўл силтамас экан, чунки пастдаги одамлар чумолидай кўринаркан ўзиям. Булутлар сув устида сузаётган муз парчаларига, уй томлари эса сочилиб ётган шиша парчаларига ўхшаб кетаркан. 

Стюардессалар ҳам рўзадор бўлмаганларга чой-пой деганларидек узатиб турди. Чиндан ҳам бу лавозимга бўй-басти мендан иккита келишини инобатга олмаганда, гўзал қизлар танланаркан. Ўша 1100 километрни шу рақамларга монанд 1 соат 10 дақиқада босиб ўтдик. Айтишларича, ер сатҳидан 9700 метр баландликда, 780 км/соат тезликда парвоз қилибмиз (жуда ҳайратланарли эмас, таксист акалар радар йўқ ҳудудда 800 га чиқариш йўлини ҳам топишади). Эсон-омон қўниб олгач, аэропорт эшигидан шундоқ чиқишимиз биланоқ, бизни кутиб олишга шошилишди. Йўқ, ташкилотчилар эмас, "Такси герагми" дея ўша 800 тезликка чиқа олдаиган амакилардан бир нечтаси. Биз учун махсус автомобил ажратилганини тушунтириб беролмаганимизда, машинасига солиб, олиб кетаверардиям. 

Меҳмонхонагача вилоятнинг диққатга сазовор жойларини кўздан кечириб кетдик, жумладан очилиш маросими кутилаётган ҳашаматли Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини ҳам (устини ёпиб қўйишибди). Йўл-йўлакай бир неча кун илгари юзлаб кишиларни ўзига жалб қилган реклама баннерлариниям кўздан кечириб кетдик. Хайрият, тинч экан. Меҳмонхонага жойлашгач, (меҳмонхона ҳам ўзгача экан, бунақасини аввал кўрмагандим) Хоразм футболига улкан ҳисса қўшган инсонлар Зерипбой Абдалниязов ва Ўктамбой Атаевнинг хонадонларига ташриф буюрдик. Ўнқир-чўнқир кўча бўйлаб кетар эканмиз, бир қатор футболчи болакайлар (ҳарқалай, кўча чангитиб, майдон топилмаса, иккита ғиштдан дарвоза ясаб, тўп тепиб юрган зумрашалар) жўровоз салом билан кутиб олишди.

Ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан Хоразм вилоятида бошланган футбол фестивалининг дастлабки кунидан ГАЛЕРЕЯ

Иккала футбол фахрийси ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Жумладан, дарвозабон сифатида фаолият олиб борган Ўктамбой Атаевни суҳбатга тортдик. 

- Ҳозир ҳам спорт билан шуғулланиб турасизми?

- Кесайиб қолганимга қарамай, ҳамон эрталаблари югуриб тураман.

- Дарвозабонлик вақтингизда қандай машғулотлар олиб боргансиз?

- Биз кўп ҳамда турлича машғулотлар ўтказардик. Масалан, футболчи бўлишимга қарамай, акробатика ва теннис блан ҳам шуғулланардим. Ҳозирги дарвозабонлар, билмайман, қандай трнеровка қилишади.

- Эртага "Хоразм" Ўзбекистон кубоги доирасида АГМКга қарши майдонга тушади. Агар имкониятингиз бўлса, дарвозада турармидингиз?

- Любой вақтда тураман (кулади).

Шундан сўнг, уларга ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишланган кўкрак нишони ва эсдалик совғалари топширилди.  Суратга тушиш учун йиғилишди. Профессионал фотосуратчилар одатдагидек, суратни мукаммал ишлашга ҳаракат қилишди.

"Кийимингизни тўғрилаворинг..."

"Болажонлар, болажонлар, дишларни (хоразмчада "тиш" шундай аталаркан) кўрсатиб турамиз..."

Хоразмдаги биринчи кунимиздаги тадбирлар шу билан чекланди. Сабаби кеч тушиб қолганди. Оқшом чоғи Хива бўйлаб саёҳат қилдик. Вилоятнинг қадимий обидалари барчамизда катта таассурот қолдирди. 

Иккинчи кун бисёр тадбирлар ҳамда Ўзбекистон кубогидан ўрин олган учрашув кутиб турибди. Бизни кузатишда давом этинг. Бугун кечқурун ушбу саҳифада иккинчи кунга оид қизиқарли воқеа-ҳодисаларни сиз билан баҳам кўришга ҳаракат қиламан.

Сафаримизнинг иккинчи куни тонгда ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов ҳамда делегация аъзолари вилоятдаги болалар ва ўсмирлар футбол академиясига ташриф буюрдик. Борсак, деярли барча ўқувчилар формаларини кийволиб, бизни кутиб туришган экан. Терлаб кетишганини айтмаса, чиройли кийинишган. 

Кейин "Машҳурлардан боғ қолсин" дея кўпгина меҳмонлар иштирокида ерга кўчатлар ўтқазилди. Ўтқазилган кўчатлар манзарали дарахт бўлиб қад кўтаради. Бирорта мева дарахтми экса бўларди-ю, бу ернинг иқлимида униб-ўсиши қийин бўларкан. 

Шундан сўнг вилоят ҳокимлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ҳоким жамоанинг келгусида юқори натижаларга эришиши учун қўлдан келганча ёрдам беришини таъкидлади. Биз ҳам ишониб қўя қолдик. Шундай бўлишини истаб қоламиз.

Кейин эса "Ёшлик" спорт мажмуаси томон йўлга отландик. Кенг ҳажмдаги мажмуада бир неча спорт тури вакиллари машғулот ўтказишар экан. Ҳамкасбимнинг таъкидлашича, бу ернинг қизлари дзюдо бўйича Республикада етакчиликни ҳеч кимга бермаётган экан. Мажмуага қадам босишимиз билан жажжи ўғил-қизлар машғулотларни бошлаб юборишди. Ҳаммаси бир хил янги либосда, тўплари ҳали бирор марта тепилмагандек ялтирайди (уни ҳам янги сотиб олган бўлиши мумкин). 

Улар билан ўтган учрашувдан сўнг ЎФА ҳамда Хоразм футбол фахрийлари ўртасида футзал бўйича ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Қизиғи, бу ўйинда бироз аввал кўрган пешонаси ялтироқ тўп эмас, ойлар давомида тажриба орттирган тўпдан фойдаланилди. Мезбонлар таркибида ягона аёл футзалчи ҳаракат қилди, лекин собиқ футболчи эмасми, унча-мунча рақибларини тер тўкишга мажбур қилди. Учрашув дўстона - 7:7 ҳисобида поёнига етди. 

Ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан Хоразм вилоятида бошланган футбол фестивалининг иккинчи кунидан ГАЛЕРЕЯ

Одил Аҳмедов: "Футзал футболдан кучлироқ"

Ниҳоят ташрифимизнинг асосий учрашувига етиб келдик. Урганчдаги марказий стадионда "Хорази" ва АГМК клублари Ўзбекистон кубоги доирасида ўзаро баҳс олиб борди. Жамоа фан-клуби хоразмликларга мос чўгирмаларда севимли жамоасини қўллаб-қувватлади. Натижа мезбонлар дилини ранжитган бўлса-да, мухлислар ўйинни хоразмча сўзлар билан қиздириб туришди. Чинакам мухлислик учун улардан миннатдорман.

"Хоразм" - АГМК учрашуви олдидан мухлислар галереяси

"Ярди, яриб ташади", "Ана гетди", "Бар, бар ахир", "Тошкентдан ҳакам на герак? Бара гелдими Қашқадарёдан галсин, Самарқандан галсин", "Анави ичмай қўдими ҳозир..."

Ҳатто ортимда ўтирган қизлар ҳам бидир-билир қилишиб, бир нималар деб туришди. Лекин ҳаммаси ҳам уч нуқтадан иборат айтиб бўлмас сўзлар ёмғирини ёғдиришмади. Мухлислар рақибларининг ҳурматини жой-жойига қўйишди, баъзилари улар билан суратга тушиши хоҳишини билдиришди. Сунъий майдон ҳақида эса илиқ фикрлар айтиш бироз мушкул, ҳатто олмалиқликлар мураббийи Миржалол Қосимов ҳам бу ҳақда таъкидлаб ўтди. 

Миржалол Қосимов: "Хоразм" майдони кўпроқ ҳаваскорлар келиб ўйнаса бўладиган майдонга ўхшаркан"

Оқшом чоғи вилоят футбол академияси тарбияланувчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Бироз кеч бўлишига қарамай, севимли футболчилари билан юзма-юз кўришиш бахтига муваффақ бўлган ёшлар бундан заррача афсус қилишмаган бўлса керак (улар Тошкентда эмаски, ҳар доим ҳам бундай юлдузларни кўриш шарафига муяссар бўлса).

Хоразм академияси тарбияланувчилари билан учрашувдан ГАЛЕРЕЯ

Хуллас, ушбу вилоятдаги сафаримиз ҳам ниҳоясига етиш арафасида турибди. Хоразм 2010 йилдан буён Суперлига (улар Олий лига деб аталган вақтда ўйнаган) яқинлашолгани йўқ. Ушбу диёрдан Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандаров, Мақсуд Каримов, Санъат Шихов, Рўзимбой Аҳмедов, Мурод Бобожонов сингари иқтидорли футболчилар етишиб чиққан. Умид қилиб қоламизки, вилоятдан яна шундай кўзлари чақнаган ёш авлод етишиб чиқади ҳамда жамоа юқори мақсадлари сари ҳаракат қилади. Биз эса Қорақалпоғистон футболи билан танишиш мақсадида кейинги сафарга ҳозирлик кўришни бойлаймиз.

Рейтинг: +7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика