UZ

Сўнгги янгиликлар

09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  5 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  6 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2

2010 йилги интервью - Низом Нортожиев: "Жаҳон чемпионатига чиқиш учун тайёр эмасмиз!" Янгиликлар

2010 йилги интервью - Низом Нортожиев: "Жаҳон чемпионатига чиқиш учун тайёр эмасмиз!"

2010 йил февраль ойида собиқ футболчи Низом Нортожиев "Футбол Экспресс" газетасига интервью берганди. Қуйида ушб интервьюни ўзгаришсиз тақдим этамиз.


Газетамизнинг ҳар сонида ўз вақтида «Пахтакор» сафида ўйнаб, мухлислар ёқимтойига айланган собиқ футболчилар билан суҳбатлар бериб боряпмиз. Бугун ҳам ўз анъанамизга содиқ қолган ҳолда иш тутиб, сизларга таниқли ҳимоячилардан бири – Низом Нортожиев билан уюштирилган суҳбатни ҳавола этамиз. Ўтган ҳафта ЎФФга қарашли сунъий майдонда бу инсонни кўриб қолдим, аммо интервью беришга кўндириш осон бўлмади. Сабаби, Низом ака, мен фақат борини гапираман, сиз эса ёза олмайсиз дедилар. Лекин бир амаллаб кўндирдим, фақат собиқ футболчининг барча айтганларини қоғозга тушуриш шарт билан. Хуллас, танқидга бой бу суҳбатни мазза қилиб ўқишингиз мумкин.

- Низом ака, сўнгги вақтларда ўзбек футболида умуман кўринмай қолганингиз кўплаб ишқибозларни қизиқтиради. Ҳозир қандай ишлар билан машғулсиз?

- Ўз уйимда, невараларимни тарбиялаб, эркалатиб ўтирибман. Бундан ташқари, инглиз тилини мукаммал билиш мақсадида китоб варақлаб, билимимни оширяпман.

- Миллий чемпионатимиз учрашувларини кўриб турибсизми?
- Йўқ. Тўғриси, охирги марта стадионга 2008 йил тушганман. Бир марта миллий терма жамоамизнинг Австралияга қарши беллашувини кўриш учун «Пахтакор» стадионига киргандим. Иккинчи марта, «Бунёдкор»нинг «Аделаида Юнайтед» билан бўлган баҳсини томоша қилганман. Ойнаи жаҳон орқали ҳам олий лига баҳсларини жуда кам, деярли кўрмайман десам муболаға бўлмайди.

- Футболчилик фаолиятингизни якунлаганингиздан кейин маълум муддат турли клубларда мураббий бўлиб ишлаганингизни биламиз. Нима учун ҳозир ҳам мураббийлик ишини давом эттирмаяпсиз?
- Ҳозир футболимизда «миллионлар ўйини»га боғлиқ бўлмаган инсонлар фаолият юритмоқда. Бундай мутасаддилар билан ишлаш мени характеримга тўғри келмайди. Шу сабабли мураббийлик ишини йиғиштирганман.

- Хўп, шундай экан, ўша шахсларга кимлигингизни исботлаш мақсадида ҳам ишласангиз бўлмайдими?
- Тўғри, уларга қасд қилиб ҳам ишлашим мумкин, аммо ўша инсонлар буни тушунишмайди.

- Келинг, шу ерда танқиддан бироз четга чиқиб, тарихни эслайлик. 1972 йил биринчи марта «Пахтакор»га келган Низом Нортожиев, икки марта клубни тарк этган ва ҳар сафар яна мамлакатимизнинг биринчи рақамли жамоаси сафига қайтган. Бунинг сабабларини тушунтириб ўтсангиз?
- Мен клубга келган дастлабки йилларимда таркиб ҳақиқатдан ҳам кучли бўлганди. Тан оламан, жамоадошларимнинг аксарияти каминадан сезиларли даражада устун эди. Кўп вақтимни заҳирада ўтказиб юборганим туфайли мураббийлар мени «Янгиер»га ижарага беришди. Албатта ўйин амалиётига эга бўлишим учун. Биринчи марта 1976 йил «Пахтакор»дан кетгандим. Орадан уч мавсум ўтгач жамоадошларим Украина осмонида авиаҳалокатга учраб, ёруғ оламни тарк этишди. Натижага таркибга янги футболчилар жалб этилди. Шулар қаторида мен ҳам бор эдим. Иккинчи марта «Пахтакор»га қайтдим. Ўша йили олий лигани тўққизинчи ўринда якунладик. Бунинг учун аввало биздан аввалги жамоадошларимга миннатдорчилик билдиришимиз зарур. Айнан уларнинг августгача йиғиб қўйган очколари эвазига тўққинчи поғонадан жой олгандик. Янги мавсумда қийинчилик билан кучлилар сафида ўз ўрнимизни сақлаб қолдик. Тошкентда икки ярим йил тўп сурганимдан кейин фаолиятимда ёмон кунлар бошланди. Москванинг «Динамо» жамоаси менга таклиф билан чиққанди, аммо мен «Пахтакор»дан кетишни истамай, содиқлигимни билдирдим. Бироқ шундан кейин кутилмаган ишлар бўлиб кетди. Ўзим ҳам ҳеч нарсага тушунмай қолдим. Собиқ Иттифоқ Футбол Федерацияси мени кутилмаганда узоқ муддатга дисквалификация қилди. Жазо муддатини ўтаб бўлганимдан кейин фаолиятимни Янгийўл тумани, Халқабод қўрғони жамоаси – «Соҳибкор»да давом эттирдим. Бу клубда ўйновчи мураббий вазифасини ҳам бажардим. Кейин яна «Пахтакор»дан таклиф олдим. Ниҳоят 1988 йил бутсамни михга илиб, мураббийлик ишини бошладим.

- «Пахтакор» келишингиз қандай содир бўлган эди?
- Ўзим Тошкентнинг Эски шаҳар мавзесида туғилиб ўсганман. Чорсудаги «Спартак» жамоасида «миллионлар ўйини»нинг илк сир-асрорларини мураббийлар – Виктор Кечинов ҳамда Маъруф Акбаровдан ўрганганман. Эслатиб ўтай, Виктор Кечинов ўзбек футболининг собиқ юлдузларидан бири – Валерий Кечиновнинг отасидир. Хуллас, шу клубда тўп тепиб юрган кезларимда «Пахтакор»га ўша вақтдаги бош мураббий Вячеслав Соловьев таклиф этганди.

- Сиз майдонда тўп тепиб юрган вақтларингиздаги футбол билан ҳозиргисини орасида қандай фарқ бор?
- (ҳайратланиб) Эҳ-ҳе! Жуда катта фарқ бор. Фикримча, 70-80 йиллардаги футбол ҳозиргиси қараганда анча устун бўлган. Нафақат футбол учрашуви, балки унинг атрофидаги ишларга бўлган муносабат профессионал тарзда эди. Тўғри, мен у вақтдаги ўйинчиларни профессионал эди дея олмайман, аммо юқорида айтиб ўтганимдек, ҳамма ўз ишига жиддий эътибор қаратарди. Ҳозир вазият умуман бошқача, мен футболдан четда бўлганлигим учун балки бундай фикрларни билдиришим ноўрин бўлар, бироқ майдонда нима бўлаётганини кўриб, билиб турибман ёки эшитаман. Вақтида футболчи бўлганлигим туфайли ўйинчилар билан боғлиқ ишларни жуда тез сезаман. Шу сабабли айтишим мумкин, у вақтларда футбол ҳақиқатдан ҳам бошқача эди.

- Бу ўша вақтларда инсонлар анча содда бўлгани билан боғлиқми?
- Саволга икки хил жавоб бериш мумкин. Ҳақиқатдан ҳам, етмишинчи йилларда халқимиз анча содда бўлишган, бунга қўшиламан. Лекин ўша содда инсонлар ўз ишига профессоналдек ёндошишган. Бундан аввалги саволингизга жавоб беришда ҳам айтиб ўтдим. Футболчиларни профессионал деб бўлмасди, бироқ ишга, касбига бўлган муносабат профессионаллардек эди. Масъул шахслар хафа бўлишмасин-ку, ҳозир кўп ишлар фақат қоғозда бажарилмоқда.

- Унда айтингчи, юртимизда футболни ривожлантириш учун нималарга жиддий эътибор қаратиш шарт?
- Биринчи навбатда болалар футболига бўлган муносабатни ўзгартириш шарт! Бу сиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Клубларимиз орасида биргина «Пахтакор»нинг академиясида ишлар тўғри йўлга қўйилган деб ҳисоблайман. Кўпчилик «Машъал» жамоасининг академиясини мақтайди. Лекин муборакликлар хусусида бундай демаган бўлардим. Хўп, айтингчи, «Машъал» академияси нимаси билан мақтана олади? Тахминимча, улар фақат реклама учун ишлаб келишмоқда. Фикримча, футболчиларнинг ёшларини қисқартириши ҳам, бу орқали пул ишлаш ҳам шу клубда «ривожланган». Эсимни таниганимдан биламан, ўша кезлари вилоятдан Виктор Варюхин чиққан. Тошкентда ёш қисқартиришни бажариб бўлмайди. Сабаби, ҳар бир шахс тўғрисидаги маълумотлар компьютерга киритилган. Вилоятларда бу ҳали юқори дажарада ривожланмагани учун кап-катта йигитлар ҳам ўсмирга айланиб қолишмоқда.

Иккинчи масала шуки, республикамизда етук мураббийлар сонини кўпайтиришимиз зарур. Биргина Юрий Саркисянни инобатга олмаса, қолганлар «хизмат кўрсатган мураббий» эмас. Ортда қолган ўн тўққиз йил мобайнида нима учун бундай мутахассисларни чиқара олмадик. Ўтган йили Сергей Доценко вафот этди, шу инсонни ҳисобга олмаса, қолганлар хусусида илиқ фикрларни билдириб бўлмайди. Аслида ҳамма ўз иши билан шуғулланганида аввалроқ кўп нарсаларга эришган бўлардик. Ҳозирги мураббийларни устоз кўрмаган шогирд дейиш мумкин? Истаган мураббийингизни сўранг, илгари нима иш қилганини айтиб бераман. Ўша мураббийларимизнинг яна бир хунук одати бор: бир клубдан истеъфога чиқарилса, янги жамоасига барча футболчиларни олиб ўтади. Натижаси нима? Бир жамоа ўз-ўзидан «ўлади». Мураббий бир клубга янги «қон» олиб кириши керак, йўқ, бизникилар эскиларидан қўрқмасдан фойдаланишаверади. Бу ҳам энг оғриқли нуқталаримиздан бири. Ҳатто термаларимизда ҳам шундай мутахассислар топилади. Ҳали ўзи «пишиб» етилмаган-ку, ундан нималарнидир кутамиз! Собиқ Иттифоқ парчаланиб кетгач, Украина футболида ҳам пасайиш кузатилди. Араб мамлакатлари ишлаб, ўзига яраша пул топиб келган Валерий Лобановский термани бошқаришда ажойиб йўл тутди. Шу усулни сизга ҳам айтиб ўтсам. Дунё тан олган мураббий, ўзи ишонган шогирдларини бир жойга тўплаб, маълум муддатга вилоятларга жўнатади. Ўша мураббийнинг ўзи ва оиласи учун етадиган пулларни бериб, биргина вазифани талаб қилади: ўзинг борган вилоятдаги футболчиларнинг ҳаракатларини кузат. Бошқа ҳеч нарсага аралашма, ҳар кун иложи борича футбол, камида машғулотларни кўр ва оиланг билан яхшилаб ҳордиқ чиқар. Кимнингдир ҳаракатлари манзур бўлса, менга қўнғироқ қилиб огоҳлантир, уни терма йиғинларига чақириб синаб кўраман. Бир ўқ билан икки қуённи уриш шунақа бўлади, ҳам дам олиш, ҳам иш қилиш. Энди ҳисоблаб чиқинг, бир вилоятдан камида биттадан футболчи талабга жавоб берса, терма жамоа ўзаги деярли нақд бўлиб қолади. Бундан ташқари, клубларда ҳам иқтидорли ва тажрибали ўйинчилар талайгина топилади.

Яна бир оғриқли нуқталаримиз бири – ўз вақтида етакчи клубларда ўйнаган инсонларимиз бир четда қолиб, ҳаётида тўп тепмаган шахслар мураббий ёки футболга алоқадор лавозимларда фаолият олиб бормоқда. Мисол учун, Тўлаган Исоқов, Баҳодир Ибрагимов, Биродар Абдураимов, Вячеслав Солохо, Равшан Юнусов, Аҳрол Иноятов, Владимир Штерн. Бу инсонлар футболда ишлаши шарт! Улар ҳозиргиларга ўхшаб фақат назариётчи эмас, балки амалиётчи ҳам саналади. Майли, бирор бир клубда бош мураббий бўлиб ишлашмасин, лекин маслаҳатчилик қилишса ҳам каттагина фойдаси тегиши аниқ. Масалан, Тўлаган ака, ҳужумчиларга алоҳида кўрсатма бериши мумкин, сабаби, у майдонда ўйнаган. Қандай вазиятда нима қилишни жуда яхши билади. Бошқалар ҳақида ҳам шундай фикрларни айтса бўлади.

- Сиз санаб ўтган инсонларнинг иш услуби ва дунёқараши бугун кун футболига мос келармикан?
- Битта фактни унутманг: футболда Америка очишнинг ҳожати йўқ, чунки ҳаммаси шу кунгача очилиб бўлинган. Уларнинг фикрлари эскирмаган. Хўп, нима учун хорижга етук легионерни чиқара олмаяпмиз. Шунинг ўзи ҳам футболимизнинг бугунги куни, савияси, кимларнинг қўлига қолиб кетганидан дарак бермаяптими? Биргина Сервер Жепаровни олайлик, 2008 йил Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлишга эришди, бунинг учун жуда хурсандман. Лекин қитъада энг зўр бўлган ўйинчимизга ҳатто Россия клублари ҳам қизиқиш билдирмади. Бу нимадан дарак бермоқда? Келинг, шу мураббийлар ҳақида сўз очилди, гапларишда давом этсам. Пекин Олимпиадасига боришиги керак бўлган термамиз гуруҳ босқичидаёқ курашни тўхтатди. Охиригача ишқибозларни ҳали ҳам имкониятимиз бор деб алдаб келдик. Хўш, нимага? Нима кераги бор, мухлис аҳлини алдашни? Бу орқали нимага эришамиз? Бир йил Москвада бўлиб ўтадиган «темирйўлчилар» Кубогида ЦСКА «Милан»га 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Учрашувдан кейин Валерий Газзаев, ҳеч нарсани баҳона қилмасдан, миланликлар биздан кучли эди деб қўя қолди. Мана профессионаллик! Биз бир ёмғирни, бир иссиқни, бошқа пайтлар араблар майдонга ётиб олишини баҳона қиламиз. Кечирасиз-ку, бизнинг ўйинчиларни устига тушаётган ёмғир ва қуёш нури рақиб футболчиларини четлаб ўтяптими? Ундан кўра, очиқчасига улар биздан кучли деб қўя қолишсин, ҳеч ким ҳақиқатдан хафа бўлмайди. Яна бир гап кишининг жахлини чиқаради. Нима эмиш, бу омадсизликлар учун мухлислар олдида қарздор эканлар? Қойил, кечирасиз-ку, қарзни кейинги қарзгача тўлаб қўйиш керак. Биздаги мураббийлар қачон қарзларидан қутилишади, ҳайронман! Бир нарсага ҳайрон қоламан, олимпия терма жамоамиз ҳам, миллий терма жамоа ҳам ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олмади. Лекин бунинг учун ким айбдор эканлиги айтилмади ҳам, кимдир бу омадсизлик учун бор айбни ўз бўйнига олиш керак-ку, ахир, тўғрими? Мева дарахти экилганидан кейин, кўкариб, ҳосилга кириб мева бермаса ёки умуман қуриб қолса, уни суғириб ташлаш зарур. Кўкаришидан умид қилиб тинмасдан сув қуйганингиз билан ундан ҳеч нарса ололмайсиз. Биздаги ҳолатни қаранг, олимпия бош мураббийи миллий терма жамоа устозига ёрдамчилардан бири бўлди. Бунга қойил қолмасдан бошқа илож йўқ. Энг ёмони, жаҳон чемпионатидан қуруқ қолганимиздан кейин ҳам мураббийлар штабида ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмади. Сизга бир мисолни айтаман, 2001 йил термамизни бошқарган Владимир Сальков футболчиларимизни мундиалга етаклай олмагач, Тошкентга ҳам келишни истамай шахсан ўзи истеъфога чиққанди. Мана профессионаллик. Ўз вазифангни уддалай олмаяпсанми, марҳамат, ўз ўрнингни бошқаларга бўшатиб қўй. Термани маҳаллий мураббийлар жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмаяптими, демак, хориждан катта пул тўлаб бўлса ҳам етук мутахассис олиб келиш зарур. Шундагина нимадир ўзгариши мумкин. Олий лигамизда 14та клуб бўлса, шунча мураббий бор. Термаларга ҳам мос равишда бир нечта мутахассислар ишлайди. Қайси бири бир клубдан бўшаса, бошқасидан қўним топади. Аввалгиси бунининг ўрнини эгаллайди. Шу тариқаси каруселга ўхшаб айланиб юраверишади. На ўзгариш бор, на ривожланиш.

- Мураббийларимиз талабга жавоб бермас экан, унда нима қилиш керак?
- Ёш мутахассислар бор. Масалан, Марат Кабаев, Геннадий Денисов, Игорь Шквирин, Миржалол Қосимов, Мустафо Билолов. Шуларни катта пул тўлаб бўлса ҳам Европага малака ошириш учун жўнатиш керак. Агар Европа жамоалари сўрайдиган пул ЎФФ ёки клубларимизга оғирлик қилса, Россия жамоаларидан ҳам нималарнидир ўрганса бўлади.

- Шахсан сиз, неча йилда бир жамоани шакллантира оласиз?
- Нафақат менга, балки барча мураббийлар учун бир қоида бор: жамоани шакллантириш камида уч йилни талаб этади. Ўша уч йилдан кейин мураббийлардан ниманидир талаб қилиш мумкин. Ҳозир клублар бир йилдаёқ чемпион бўлишмоқда.

- Шундай мураббийларимиз борки, клублар билан уч йилда ҳам ҳеч нарсага эриша олмайди?
- Демак, улар мутахассис эмас!

- Юқорида терма жамоаларимиз мураббийларидан ҳам норози бўлдингиз. Уларни ҳам тўғри тушунинг, юртимизда яхши футболчиларнинг сони йилдан-йилга камайиб кетмоқда?
- Тўғри, бунинг сабабларини юқорида тушунтирган бўлдим. Фикримни давом эттираман. Айтингчи, қайси мактабларимизда болалар футболига бўлган эътибор юқори даражада? Фикримча, ҳеч қайси. Сабаби, у ерда ҳам болалар футболи бўйича мутахассислар ишлаётгани йўқ. Буни тан олайлик. Аслида болалар футболида ҳам таниқли футболчиларимиз ишлаши лозим. Ўз вақтида Владимир Штерн, Эркин Абдураимов ҳам ёшлар билан ишлаб кўришган. Мактабларда мураббий шогирдининг оёғига тўпни қўйиб, ўргатиши зарур. Ҳеч бўлмаганда ўзи кўрсатиб бериши керак. Бизда қанақа, ўша машқни бажар дейди-да, боладан машқларни кутади. Биринчи марта мактабга келган етти яшар бола нима қилишга ҳайрон, оғзи очилиб, устозининг жахлидан қўрқиб тураверади. Сизга оддий бир мисолни келтирай. Мен болалар билан бир ой ишладим. Ишга янги тайинланганман, тўғриси, биринчи кун нима қилишга ҳайрон бўлдим. Кейин директор Штернни олдига кириб, ишни нимадан бошлаш мумкинлигини сўрадим, ҳар ҳолда у бу борада етук мутахассис. Шунда раҳбариимиз аввал қўл остингдаги шогирдинг тўп билан қандай ишлашини, нималарга қизиқишини билгин дея уқтирди. Бунинг учун қўлига тўпни бериб қўйгин-да, ўзинг уни четдан туриб томоша қил. Мана сизга бир иш услуби, ҳозиргиларга ўхшаб, янги боладан ҳам катталар бажарадиган машқларни талаб қилиш эмас! Хуллас, бир ойга яқин ишладим, бироқ кейин айрим сабабларга кўра бу даргоҳдан ҳам кетдим. Нима эмиш, мен бир амалдорнинг ўғлини машғулотларга қўймабман. Аслида у боланинг ўзи ҳар кун машғулотга келиб, майдон четида дўстларини томоша қиларди. Мен эса майли нима бўлар экан деб кутиб юргандим. Охири уни олиб келадиган йигитга укаларинг бошқа нарсага қизиқса керак, уни қийнаманглар деб қўйиб, бошим балога қолди. Кечирасиз-ку, шундай мураббийлар бор, боланинг ота-онасидан пул олади. Тўғри, пул ҳаммага керак, шахсан ўзимга ҳам, лекин олинган пул билан чекланиб қолса ҳам майли, янги ойда яна ўшандан сўрайди. Чунки унда пул борлигини билиб бўлган. Биламан, бу гапларим айримларга оғир ботиши мумкин, боз устига, булар исботланмаган фактлар сирасига киради. Лекин ҳам болалар футболида ишладим, кўрдим, сир-асрорларини билдим. Мураббий биронта ота-онадан мисол учун, 200 АҚШ доллари ҳисобида пул олса, ҳеч бўлмаганда ярмини шогирдларининг тўплари, бошқа нарсаларига сарфласа хафа бўлмайсиз. Йўқ, бизда аксинча, биринчи ой олгани етмаганидек, яна сўрайди. Бу клубларимиз қошидаги академияларимизга ҳам тегишли гап. Агар буни билишни истасангиз, Тошкент шаҳар биринчиликларига боринг ва томоша қилинг. Ота-оналар мураббийларни хоҳлаганча ҳақорат қилишади. Чунки мураббийнинг тили қисиқ. Масалан, сизни ҳақорат қилса, тезлик билан унга жавоб қайтарасиз, аммо улар буни қила олишмайди. Сабаби, стадионнинг ўзидаёқ шарманда бўлиши мумкин.

Яна бир гап, болалар футболида битта гуруҳда ҳар йили янги мураббий ишлаши керак, бизда бир мутахассис ёшларни етти ёшида қабул қилса, жамоагача бошқаради. Очиғи, юртимизда болалар футболидаги тайёрлов тизимини ҳам маъқуллаб бўлмайди. 2003 йил биринчи марта Виктор Борисов ёшларимизни кичик мундиалга олиб чиқди. Қани ўша йигитлар? Ўтган йили Мисрга бориб келган Аҳмад Убайдуллаевнинг шогирдлари қани? Айнан улар 2014 йилги жаҳон чемпионатига олиб боришлари керак. Энг асосийси айбимиз шуки, ҳатто болалар футболида ҳам ишга профессионал тарзда ёндошиш деган нарсани билмаймиз. Мактабларга берилган тўп ёки бошқа жиҳозлар ярим йўлда «тушиб» қолаверади. Ҳозир ҳамма футболни тушунади. Мен бир марта қозоғистонлик Темур Сегизбоевнинг юбилейига бордим. Бир нарсани айтиб ўтай, қозоқлар савия борасида ҳар доим биз билан бир хил ёки устун юришган. Ўша инсон елиб-югуриб, мамлакат Футбол Федерациясини УЕФА олиб ўтди. Кўпчилик эътироз билдириши мумкин, аммо ҳақиқат, улар бундан фақат ютишди. УЕФАга ўтиш орқали кўп нарсаларга эришишса бўлади. Улардан хурсанд бўлганим шуки, Федерацияда футболга алоқадор, аниқроғи, ўз вақтида тўп тепган инсонлар ишлашади.

- Демак, ЎФФни ҳам УЕФАга ўтишининг тарафдори экансизда?
- Ҳа. Чунки Европада ҳаммаси профессионал. Терма жамоалар мураббийи вазифасини уддалай олмадими, иккинчи марта бошқариши учун ўз устида ишлаши, керак бўлса, бир неча йиллар кутиши шарт бўлади. Биздагига ўхшаб, ҳеч нарса қила олмаса ҳам унга яна имконият берилавермайди. Очиғини айтаман, шу гапларимни аниқ ёзинг, мендан ҳеч ким хафа бўлмасин. Бу ЎФФ билан биз яқин орада жаҳон чемпионатига аниқ чиқа олмаймиз. Шахсан мен буни исботлаб бераман. Истаган масъул шахс ёнимга келсин, камчиликларини айтиб бераман. Футболда ишлаш учун, аввало футболни тушуниш керак!

- 2014 йилги жаҳон чемпионатидан умид қилмасак бўлаверар экан-да?
- Мен бу гапларимни билан мана ҳақиқатни гапирадиган инсон ҳам бор экан-ку, дея ўзимни кўрсатмоқчи эмасман. Шунақа характерим бор. Оқни-оқ, қорани-қора дейман. 2014 йилги мундиал тугул, кейингисидан умид қилиш қийин. Сабаби, биз бунга ҳали тайёр эмасмиз. Хоҳлаган инсон билан гаров боғлайман. 1994 йилдан кейин нимага эришдик? Хиросима майдонларидаги ғалаба ҳам ниманинг ҳисобига келганлигини барча билади. Ўша вақтдан бошлаб, етти ёшли болаларни алоҳида тарбиялаб борганимизда ҳозир анча яхши ҳолатга келишган бўларди. Футболчи 25 ёшида майдонда жавлон уриб тўп тепиши керак. Бизда унақа вақтларда «тугаб» бўлишади. Камдан-кам ўйинчи 20 ёшига қадар порлаб чиқади. «Пахтакор» аъзоси Владимир Фёдоров 16 ёшида асосий таркибдан жой олган, у ҳақиқий ноёб иқтидор эгаси саналарди. Яна қайтараман, бизда ҳар ким ўз соҳасида ишлмаяпти, хусусан футболда ҳам. Боз устига, касбига масъулиятли тарзда ёндошмайди.

- Терма жамоалар мураббийига ҳам вақт керак бўладими?
- Тассавур қилинг, сизга бир килограмм олма керак. Эллик тупдан ортиқ олма дарахти бор, ҳаммаси пишиб ётган боғга кириб, ўша бир килограммни танлаб олишингиз шарт. Терма жамоалар мураббийи ҳам шунга қиёсланади. Улар тайёрини олишади, шу сабабли бир ҳафта ҳам етиши лозим.

- Валерий Лобановскийнинг усулини Миржалол Қосимов ҳам қўлласа, бизда бу иш берармикан? Ҳар ҳолда яхши футболчилар камайиб кетаётгани айни ҳақиқат.
- Албатта фойда беради. Чунки Ўзбекистон иқтидорли ёшлар тўлиб ётибди. Фақат уларга эътибор қаратиш зарур. Миродил Жалоловга ўхшаган инсонларнинг сони кўпайса, футболимиз янада ривожланади. Ўғлим «Бунёдкор» ёшларида маълум муддат ишлади, клубда болаларга жуда катта эътибор қаратилган. Ҳамма нарса муҳайё! Лекин яна бир гап, клубда ишлаётган инсонларни ўз ишига масъулиятли ёки лойиқ дея олмайман. Сабаби, юқорида айтиб ўтдим, ҳамма ўз дардида, пул ишлаш ниятида! Оддий мисол, мактабларга, академияларга «Бунёдкор»-«Ал Иттиҳод» учрашувини кўриш учун чипта беришсин. Болалар бу ёшида ҳар нарсага қизиқувчан бўлади, айниқса, футбол борасидаги янгиликларга, шу орқали у араблардан нимадир ўрганиши мумкин. Стадионлардан мухлисларимизнинг «қочаётганлиги» савиямиздан дарак бериб турибди. Тўғри, ўша футболга алоқаси йўқ инсонлар ҳам барибир бир кун ишидан кетади. Ҳеч ким абадий эмас, аммо футболимизни аниқ йўлга тушуриб олишимиз яна ўн беш йилни талаб қилади. Кейин нима қиламиз? Шу нарса кишини хафа қилади. Мустақилликка эришганимизда салкам йигирма йил бўлди. Ортда қолган муддат оралиғида битта Европа даражасидаги стадион қурилдими?

- Яхши савиядаги легионерларнинг клубларимизда тўп суришига муносабатингиз?
- Ривалдо – жаҳон тан олган юлдузлардан бири. Айнан у «Бунёдкор»нинг сардори, ўйин бошқарувчиси, хуллас, жамоадаги ҳақиқий етакчи. Ўзларинг чемпионат савияси терма жамоанинг кучини белгилайди дейсизлар. Биринчилик кучли бўлиши учун клубларнинг савияси юқори бўлиши лозим. Кучли клубларда маҳаллий ўйинчиларга кўпроқ аҳамият берилса мақсадга мувофиқ бўлади. «Бунёдкор»да Ривалдо келиши билан Жепаров йўқ бўлиб қолди. Ваҳолангки, Сервер миллий терма жамоамизнинг ҳақиқий етакчиси!

- Футболчининг ҳаётида пул қанчалик муҳим ўрин тутиши керак?
- Мана қаранг, бир жамоа шарафини ҳимоя қиляпсиз, сизга кийим-кечак, озиқ-овқат беради. Бу табиий ҳол, машғулот ва ўйиндан бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмайсиз. Сизга яна керак? Бизнинг даврда клубнинг иккита админстратори бўларди. Бири жамоадаги ички ишлар учун, қолгани ташқи ишлар билан шуғулланарди. Яъни, футболчи оиласига нима керак бўлса ўша админстраторга айтади, у ташлаб келади. Қисқаси, футболчи тўпини тепиб юраверади. Бошқа иш билан шуғулланишга унинг вақти йўқ. Маош олинганидан кейин ўша администраторга қарз бўлиб қолинган пул берилади. Ҳозирги ҳолатни умуман тушуниб бўлмайди. Яна қайтараман, пул ҳаммага керак, лекин авва ишлаш шарт!

- Сўзларингиздан сезилиб турибдики, клубларимиз футболчиларга катта пул бераётгани футболимизга салбий таъсир кўрсатаётган экан-да?
- Тўппа-тўғри! Чемпионатимиз савияси тушаётганига биринчи сабаблар бири айнан шу. Очиғи, ҳозирги ўйинчилар ўзларига яраша бўлмаган маош олишмоқда. Кўтарма пули қаердан чиқди, ҳайронман. Нима эмиш, бу борада Европага тақлид қилишаётган экан. Унда тўп тепишда ҳам евроаликларга тақлид қилишсин! Биз ҳам пул олардик, лекин меҳнатимизга яраша тақдирланардик. Энг ёмони, ҳаммаси учун мухлислар сиқилгани қолади. Терма жамоамиз жаҳон чемпионатига борадими деган саволингизга қўшимча, Осиёга 4,5 ўрин берилган. Австралия қўшилганидан кейин ўша яримта ҳам банд қилинди. Тан олайлик, биз Осиёнинг ўнта энг кучли мамлакатлари қаторига кирамиз. Тўртталик ёхуд бешталикка эмас! Мухлисларни алдагандан кўра, Тошкентга ҳеч бўлмаса Москванинг «Спартак» жамоасини ўртоқлик учрашувига чақиришсин-да, ҳақиқий кучимизни билиб олишсин! Шундан сўнг, ишқибозлар олдида қарздормиз демасдан, камчиликлар устида бош қотиришгани маъқул.

- Олий лигамизнинг савияси ҳақида сиздан фақат ёмон фикрларни эшитар эканмизда?
- Айтингчи, мақталадиган нимаси бор? Чемпионатимизда учта ўйин бор: «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўртасидаги икки баҳс ва Кубок финали, бўлди бошқа ўйинлар ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Бешинчи турдан кейиноқ, кузда биринчилигимиз қандай тугашини билиб олиш мумкин. Юқоридаги фикримда собит қоламан. Даставвал, болалар футболини кўтариш шарт! Фақат, илтимос, оғиз ёки қоғозда эмас! Амалда ҳам бирор иш қилиш зарур. Қишда на клубларимиз учун, мактабларимиз учун сифатларни майдонларни топа олмайсиз. ЎФФ қошидаги сунъий майдоннинг ижара нархи нақд 300 минг сўм! Бу кимга керак? Федерацияси ҳар куни биттадан мактаб учун майдонни вақти-вақти билан ажратиб турсин. Майли, кўп эмас, болалар ҳеч бўлмаса бир соат шундай майдонларда шуғулланишса, футболга бўлган меҳри янада ошади.


- Охиги савол, яқин орада Низом Нортожиевни мураббий сифатида бирор бир клубда кўрамизми?
- Билмадим.


МАЪЛУМОТ УЧУН 

Туғилган санаси: 13.03.1955. 

Туғилган жойи: Тошкент. 

Биринчи мураббийлари: Маъруф Акбаров ва Виктор Кечинов. 

Футболчилик фаолияти: «Пахтакор» (1972-1975), «Янгиер» (1976-1978), «Шаҳрихон» (1979), «Пахтакор» (1979-1981), «Соҳибкор» (Халқабод, 1985-1986), «Пахтакор» (1986-1988). 

Футболчиликдаги ампуласи: марказий ҳимоячи. 

Мураббийлик фаолияти: «Соҳибкор» (Халқабод, ўйновчи мураббий, 1986), «Тўрақўрғон» (1991-1992), «Ғазалкент» (1993), «Оқтепа» (2007).


«Футбол Экспресс» газетаси
2010 йил, февраль
Фурқатбек НИШОНОВ суҳбатлашди.


П.С. Низом Нортожиев 2015 йил декабрь ойида вафот этган.

Рейтинг: +16   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика