ВАР АПЛда 39та голни бекор қилди, Мане, Жезус ва Эванс энг кўп жабр кўрган. Opta ҳисоботидан асосий рақамлар
06 фев 2020 13:04
Янгиликлар
ВАР АПЛда 39та голни бекор қилди, Мане, Жезус ва Эванс энг кўп жабр кўрган. Opta ҳисоботидан асосий рақамлар
Англияда ҳакамлар хатоси доимо етарлича бўлган, аммо ВАР ишга тушиши билан баҳслар янада кўпайди. Opta компанияси ВАРнинг АПЛдаги фаолияти бўйича ҳисобот тайёрлади. Пастроқда - ҳисоботдаги асосий маълумотлар.
- ВАР АПЛнинг барча 250та учрашувида бор эди. Бу вақт ичида тизимга 243 марта мурожаат қилинди.
- 169та вазиятда видеоассистент майдондаги ҳакамнинг қарорини тасдиқлади. 74та ҳолатда эса ВАР рефери фикрига қарши чиққан. Аммо ҳакамлик корпусида маълумотлар бироз бошқача: Видеоассистентлар 1600та вазиятни кўриб чиқиб, 75 марта ҳакам фикрини ўзгартиришган. Маълум бир воқеани кўриб чиқиш учун ўртача 80 сония керак бўлган.
- ВАРга кўпроқ 2019 йилнинг декабрида мурожаат қилинган (73 марта). Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ, чунки йилнинг энг сўнгги ойида бошқа 30 кунликларга нисбатан кўпроқ ўйин ўтказилган.
ВАР 39та вазиятда ҳакам қарорини тасдиқлаб, голни ҳисобга олган. Худди шунча гол ВАР экрани олдига борган рефери томонидан бекор қилинди. Видеоассистент тизими майдондаги ҳакамлар бекор қилган 9та голни ҳисобга олди.
- Пенальтилар. Видеоассистентлар 21та вазиятда ҳакамнинг 11 метрлик нуқтани кўрсатганига қўшилишди. ВАРдагилар яна 6та вазиятда арбитрга пенальти борлигига сабаб кўрсатиб беришди.
ВАР 52та вазиятда ҳакамлар фикрига қўшилиб, 11 метрлик жарима зарбаси йўқлигини тасдиқлашди. Реферилар пенальти нуқтасини кўрсатган 6та вазиятда видеоассистентлар қарорни ўзгартиришди.
- Opta ВАР қароридан қайси клуб кўпроқ фойда кўрганини аниқлади. Видеоассистентлар ҳисобга олган ва бекор қилган голлар статистикасини тақдим этамиз:
5та жамоа ВАРдан хурсанд: "Борнмут", "Кристал Пэлас", "Ньюкасл" ва "Уотфорд"да +1 (яъни, тизим орқали битта пенальти тепишган ёки гол ҳисобга олинган). "Манчестер Юнайтед"да +3, Сульшер жамоаси бу кўрсаткич бўйича етакчи.
"Челси", "Тоттенхэм", "Ливерпуль", "Манчестер Сити" ва "Вулверхэмптон"да -2.
ВАРдан энг кўп азият чеккан "Лестер" (-4) ва "Шеффилд Юнайтед" (-5) бўлди.
- Видеоассистентлар кўпроқ Садио Мане, Габриел Жезус ва Жонни Эванс голини бекор қилишибди. Улар урган 2тадан гол ВАР туфайли ҳисобга олинмаган. Бу учликда фақат Маненинг ҳакам томонидан бекор қилинган голи, ВАР томонидан ҳисобга олинган.
Қизиқ, бекор қилинган/ҳисобга олинган голлар баланси бўйича фақат бир футболчи плюсда. Бу "Кристал Пэлас" футболчиси Коннор Уикхэм. У жорий мавсум бор-йўғи битта гол урган (1 январ, "Норвич" дарвозасига). Лайнсмен аввалига офсайд бор деб ўйлаб, байроқчасини кўтарган бўлса, такрорий лавҳада рақиб ҳимоячисининг оёғи дарвозага яқинроқлиги кўринган.
- YouGov тадқиқот агентлиги мухлисларнинг ВАРга бўлган муносабатини аниқлашга уринди. Сўровномада иштирок этганларнинг фақатгина 4% ВАР яхши ишлаётганини таъкидлаган. Яна 23% тизим ёмон эмаслигини айтган.
Негатив баҳолар сезиларли даражада кўп: 26% иштирокчилар видеотакрорлардан фойда бўлмаётганини билдирган. Яна 34% эса ВАР жуда ёмон ишлаётганини таъкидлаган.
Шунга қарамай, 74% мухлислар ВАР АПЛда қолишини хоҳламоқда. Аммо бир шарт билан - технология устида ишлаш керак.
Фикрлар