Умиджон Эргашев: "ОКМК билан ўйинда бизни ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди"

Sherzod Nurmatov
20 июн 2025, 16:29
Ўзбекистон Суперлигасининг 13-туридан ўрин олган "Навбаҳор" – ОКМК учрашуви арафасида "лочинлар"нинг 26 ёшли дарвозабони Умиджон Эргашев бўлажак баҳс ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

"ОКМКга қарши кечадиган ўйин томошабоп бўлишига ишончим комил. Боиси, ҳар икки жамоа чиройли футбол намойиш этади. Бўлажак учрашув кескин курашларга бой тарзда кечади деб ўйлайман. 

Чемпионлик йўлидаги курашни давом эттиришимиз учун олмалиқликлар билан бўладиган ўйинда ғалаба қозонишимиз шарт, чунки фақатгина ютуқ бизни чемпионлик пойгасига қўшилишимизни таъминлайди. Буни жамоамиз аъзолари жуда яхши ҳис қилиб туришибди ва бўлажак баҳсга жуда яхши тайёргарлик кўрдик. 

Мақсадимиз – шанба оқшомида "Марказий" стадионига ташриф буюрадиган мухлисларга қувонч улашиш. Бизни ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди. 

Буни амалга ошириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз", – деди Эргашев.

Эслатиб ўтамиз, "Навбаҳор" – ОКМК беллашуви эртага 20:00 да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: "Навбаҳор" матбуот хизмати