U-17 Жаҳон чемпионати олдидан. Ислом Исмоилов: "Жаҳон чемпионатига энг яхши ҳолатда етиб келдик"
05 ноя 12:50
Янгиликлар
U-17 Жаҳон чемпионати олдидан. Ислом Исмоилов: "Жаҳон чемпионатига энг яхши ҳолатда етиб келдик"
Бугун Тошкент вақти билан 18:00да Ўзбекистон - Парагвай учрашуви старт олади. Айтиш мумкинки, бу жамоадан умидимиз катта ва кичик мундиалда футболчиларимиз ўзларини кўрсата олишади.
Мусобақа регламентига кўра, ўйиндан олдин ва кейин матбуот анжуманлари ўтказилмайди, фақат финалдан олдин ва кейин ташкил этилар экан. Албатта, мусобақа олдидан жамоамиз бош мураббийи Ислом Исмоиловнинг фикрлари кўпчиликка қизиқ бўлгани боис ЎФА матбуот хизмати бўлими ёрдамида мураббий билан боғланиб, бир нечта саволларга жавоб олдик.
Бунинг учун ЎФА матбуот хизматига сайтимиз номидан алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. U-17 терма жамоамизга эса омад тилаб қоламиз.
- Жаҳон чемпионатига тайёргарликдан қай даражада кўнглингиз тўлди?
- Мусобақага тайёргарликдан умумий маънода мамнунман. Режа қилган ишларимизнинг катта қисмини амалга оширдик. Бу борада ЎФА томонидан бизга керакли барча шароит яратиб берилди. Жамоамиз жисмоний ва тактик жиҳатдан яхши ҳолатга олиб келинди. Футболда мукаммал тайёргарликнинг ўзи бўлмайди, шунга қарамай бор куч билан ишладик. Жамоамиз ҳар куни ўсиб боряпти, ўйлайманки, кундан кунга ривожланяпмиз. Жаҳон чемпионатига энг яхши ҳолатда етиб келдик деб бемалол айта оламан.
- Биринчи ўйин олдидан ички ҳиссиёт қандай? Ҳаяжон борми?
- Кичик мундиални Парагвайга қарши баҳс билан бошлаймиз. Албатта, ўйиндан олдин ҳаяжон бўлиши табиий. Лекин бу салбий эмас, аксинча руҳлантирувчи ҳис бўлиши керак. Катта мусобақалар олдидан доим ҳаяжон бўлади. Шу билан бирга қандай масъулият юкланганини ҳам тушуниб турибмиз. Ўзимда ҳам, мураббийлар штаби ва футболчиларимизда ҳам ишонч бор. Насиб қилса, шу жаҳон чемпионатида энг яхши ўйинларимизни кўрсатамиз.
- Ўзингиз хоҳлаган таркибни тўлиқ йиға олдингизми?
- Албатта, ўзим энг яхши деб билган таркибни йиға олдим. Ҳар бир футболчимиз курашга тайёр ва бу мен учун энг муҳим ҳолатлардан бири ҳисобланади.

- Гуруҳдаги рақибларимиз ҳақида фикрингиз? (Парагвай, Ирландия, Панама)
- Рақиблар ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, ҳар бир жамоа ўзига яраша кучли. Масалан, Парагвай жисмоний томондан яхши ва интизомли деб биламан. Улар Жанубий Американинг энг кучли жамоалари қаторига киради. Ирландия тезкор ва агрессив футбол намойиш этади. Панама эса кўпроқ техник томонга танаяди ва ижодкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилади. Гуруҳдаги ҳар бир рақибни чуқур ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда ҳар бир баҳс учун алоҳида тайёргарлик кўрдик.
- Жаҳон чемпионатидан қандай натижа кутяпсиз?
- Жаҳон чемпионатига келган жамоа борки, ўз олдига юқори мақсадларни қўяди. Биз ҳам бу ерга шунчаки келмаганмиз. Биринчи мақсадимиз - гуруҳдан чиқиш. Ундан кейин босқичма-босқич юқорига кўтарилишни ният қилганмиз. Қолаверса жамоамизнинг ўйин сифати ва футболчиларнинг ўзини тутиши ҳам мен учун муҳим омил ҳисобланади. Агар шулар ўз ўрнида бўлса, натижа албатта келади.
- Шу пайтгача Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг кичик мундиалдаги энг яхши кўрсаткичи чорак финал ҳисобланади (2011, 2023). Ҳозирги жамоа бу рекордни янгилай олишига қанчалик ишонасиз?
- Аввалги Жаҳон чемпионатларида иштирокчилар сони 24та бўлган. Ҳозир эса икки баробар кўпайиб 48та бўлди. Олдинги натижаларни яхшилашимиз учун янада кўпроқ ҳаракат қилишга тўғри келади, сабаби йўл бироз узоқлашди. Аммо менинг кўнглим тўқ ва ишончим комил. Бунинг сабаби бизда иқтидорли футболчилар, жамоавий руҳият ва интизом бор. Футболчилар ҳар кунлик машғулотларда тинимсиз меҳнат қилишяпти. Жамоадаги ҳамма ўз олдидаги масъулиятни ҳис қилмоқда. Шу йўсинда давом этсак, ўзбек футболи тарихидаги энг яхши натижани кўрсатишга сазовор бўламиз.

- Сиз учун биринчи ўйинни ютиб олиш қанчалик муҳим ёки гуруҳдаги ҳар учала ўйинга бир хил қарайсизми?
- Биринчи учрашувда ғалаба қозониш жуда муҳим ҳисобланади, чунки бу бошқа ўйинларга катта иштиёқ беради. Лекин биз ҳар баҳсга финалдек ёндашамиз ва ҳар бир рақибга жиддий муносабатда бўламиз.
- Мусобақада порлаши кутилаётган футболчилар кимлар? Қайси футболчилардан умид катта?
- Бу жамоавий мусобақа, бир-икки нафар ўйинчини ажратиб кўрсата олмайман. Футболчиларимизнинг салоҳияти юқори ва биз бир жамоа бўлиб Жаҳон чемпионатида ўз кучимизни кўрсатишга қодирмиз. Ҳар бир чизиқда рақобат бор, бу эса жамоамизнинг асосий кучи ҳисобланади.

Х.Холиқов ёзиб олди
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
Элит ОЧЛ. "Насаф" сўнгги дақиқаларда тўп ўтказиб, ўз майдонида "Ал Ваҳда"га ютқазди
Cуперлига. "Нефтчи" Фарғонада "Сурхон"ни мағлуб этиб, чемпионлик учун курашни давом эттирадиган бўлди
Элит ОЧЛ. Рўзиқул Бердиев: "Кучимиз борича рақибга қаршилик кўрсатдик"
Суперлига. Шиддатли кечган Пойтахт дербисида "Пахтакор" "Бунёдкор"ни мағлуб этди
Фикрлар