Тимур Ҳакимов: "Мен ҳақимда кўп нарсани билмай гапиришяпти" (2-қисм)
25 окт 2018 16:03
Янгиликлар
Тимур Ҳакимов: "Мен ҳақимда кўп нарсани билмай гапиришяпти" (2-қисм)
Тимур Ҳакимов: "Одамлар мен ҳақимда кўп нарсани билмай гапиришяпти" (1-қисм)
Шуни айтиш лозим, Тимур Ҳакимов ўз пайтида иқтидорли ёшлардан бири эди. Аммо орадан вақт ўтиб нимагадир унинг ўйини чиқмай қолди. Бунинг сабаблари хусусида атрофлича тўхталиш мумкин. Келинг, яхшиси нималар бўлганини Тимурнинг ўзидан эшитамиз.
- Тимур, характерим оғир деб айтиб ўтдингиз. Мисол учун Икром Алибоев ҳам характерга эга футболчи. Лекин шу йигит юқори савияда ўйнаб кетди.
- Алибоевнинг омади Вадим Абрамов қўлига тушгани бўлди. Абрамов шундай инсонки, агар сиз ҳақ бўлиб гап қайтарсангиз, у киши буни тўғри қабул қилади. Лекин ҳақ бўлиб ҳам Бабаянга гап қайтарсангиз, у сизнинг фаолиятингизга “нуқта” қўяди. Қолаверса, Вадим Карленович ҳамма учун очиқ инсон, аммо Бабаян ҳақида бундай деб бўлмасди. Карленович гапингни исботлаб бер дейди ва исботлай олсангиз тўғри тушунади. Абрамов қўл остида нима учун футболчилар яхши ўйнаган? Чунки у киши жамоадаги ҳамма билан гаплашарди. Футболчилар Абрамовдан қўрқмасди, балки ҳурмат қилишарди. Лекин ҳозир шундай мураббийлар борки, улар билан фақат машғулотда кўришасиз, салом берасиз ва шу билан мулоқот тугайди.
- 2010 йил Тошкентда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кўп футболчилар ярқ этиб порлаганди. Орадан бир йил ўтиб Мексикага бориб у ерда ҳам чиройли ўйин намойиш этдингиз. Лекин шундан сўнг аксар футболчилар кўринмай қолди. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
- Футболчиларнинг ўзидан ҳам хато ўтган. Лекин мен бошқалар учун жавоб бера олмайман. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, мен ўша пайтлари чиндан ҳам юлдузлик касалига учрагандим.
- Юлдузлик касалига учраш қандай бўларкан? Бу нималарда сезилади?
- Кўча-кўйда сизни ҳамма танийди. Одамлар доим мақтайди. Ўзимни бошқача ҳис қилардим. Лекин ҳеч қачон бесабаб бирорта машғулотни ўтказиб юбормаганман. Мен ўшанда анча ёш эдим ва ҳамма танигани учунми ўзимни зўр футболчи бўлдим деб ҳисоблардим. Афсус, хато қилган эканман. Ёш эдим, машинам бор эди, терма жамоада ўйнардим, ўзимча осмонларда юрардим. Ҳаммаси зўр бўлади, мени четга жўнатишади деб ўйлардим. Лекин бундай бўлмади ва шу ерда қолишимга тўғри келди. ЎФАда ишлайдиган Олим Арифов деган киши бор, сиз яхши танийсиз. Шу ака менга Қатардан клуб топиб берганди. Қишда “Олмалиқ”қа қарши сунъий майдонда ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Ўйиндан кейин билсам Қатардан менга самолёт чиптасини юборишган экан. Кетаман деб жуда хурсанд бўлганман. Аммо Бабаян олдимга келиб бу таклифни рад қил, сен “Пахтакор”да қоласан деган. Кейин мажбур қолдим ва ўша мавсум ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда 90 дақиқача ўйнадим.
- 2014 йил “Олмалиқ”қа бориб бу жамоада ҳам кўп ўйнамагансиз.
- 2012 йил “Пахтакор” сафида олий лигада атиги иккита ўйинда майдонга тушганман. “Южанин” билан Кубок беллашувида Фарҳод ака Тожиев билан ҳужум чизиғида бирга ўйнагандик. Мени “Олмалиқ”қа ҳеч ким чақирмаган, “Пахтакор”дан ўзим кетиб мени ҳам ўйнатинг деб Игорь Анатольевич Шквирин олдига борганман. Шквирин менга марказий ҳужумчи сифатида қараганди, лекин бўйим паст бўлгани учун марказда ўйнай олмаслигимни билардим. Менга кўпроқ қанот ярим ҳимоясида ўйнаш ёқади. “Олмалиқ”да Санжар Шоаҳмедов иккаламиз тандем бўлиб ўйнаганмиз.
- Шундан сўнг нима бўлди?
- Чемпионат тугаганидан кейин яна ўзимга жамоа ахтара бошладим ва биринчи лигадаги “Оқтепа”га бордим. Биринчи лигада ёмон ўйнамадим, бир мавсумда 25тача гол урдим. 2016 йил “Сўғдиёна” йиғинида қатнашиб шу клуб билан шартнома туздим. Ўшанда мени Александр Мочинов чақирганди. Бу пайтга келиб футболчилар тили билан айтганда эркин агент эдим. “Пахтакор”дан кетишим осон бўлмаган деб айтиб ўтдим. Трансфер нархимни сотиб олишим учун Бабаян мендан 100 миллион сўм сўраган. Шунча пул берсанг шартномани бекор қиламиз ва сен бемалол кетаверасан деган. Аммо менда бунча пул йўқ эди. Агар 100 миллион топиб берганимда ҳам 150 миллион берасан дерди. Кейин ноилож Мираброр Зуфарович олдиларига кирдим. Масала бир кунда ҳал бўлди ва эртаси куни Бабаян мени чақириб шартномамни қўлимга тутқазди ва кетавер деди.
- Нима сабабдан Самвел Бабаянни кўпроқ айблайсиз?
- Чунки яхши ўйнаб кета олмаганим учун биринчи ўринда шу кишини айбдор деб биламан. Агар Бабаян хоҳласа “дарахт”дан футболчи қила олади. Лекин менда иқтидор бор эди. Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларида ўзимни кўрсатганман. Мен ҳам футбол ўйнашни биламан. Балки эътибор берганида ҳозир яхши футболчи бўлиб етишишим мумкин эди. Шахсий муносабатларим ҳеч қачон ёмон бўлмаган. Аммо ўйинга келганда доим захирада қолардим.
- “Оқтепа”га клуб раҳбари Ғанишер ака Шоғуломов чақирганми?
- Йўқ, ўзим борганман. Ильдар Магдеев “Оқтепа”да ўйнарди. Мени Магдеев клуб раҳбарларига тавсия қилган. Ғанишер ака "Оқтепа"га борганимдан кейин мени кўрган. Жамоа бош мураббийи бўлиб Ильдар Сакаев ишлар, у киши доим мен билан қоласан дерди. Кубокда “Насаф” билан ўйнимиздан сўнг Рўзиқул Бердиев жамоасига чақирди. Лекин мен Сакаевга ваъда бериб қўйганим учун кетмаганман. Янги мавсум олдидан ўтказилган йиғинга борганимда Сакаев сен энди керак эмассан, ўрнингга бошқа футболчи олдик деди. Мени ҳам синаб кўринг, пул ёки бошқа нарса керак эмас, фақат ўйнасам бўлди деганимда ҳам мени эшитмаган. Биринчи давра тугаганидан кейин “Насаф”га ўтиб кетсам ҳам бўларди, аммо Ильдар аканинг бир оғиз гапи билан “Оқтепа”да қолгандим.
- Шундан сўнг “Сўғдиёна”га бордингиз.
- “Оқтепа” варианти ўхшамаганидан кейин Жиззахга йўл олдим. Бош мураббий Даврон Файзиев, ёрдамчиси Александр Мочинов эди. Ҳали шартномага қўл қўймасимдан олдин “Қизилқум”дан жиддий таклиф тушди. Шахсан Ҳамид ака Актамовнинг ўзлари менга қўнғироқ қилиб Навоийга кел, “Сўғдиёна” қанча пул берса икки баробар кўп бераман дедилар. Лекин жиззахликларга ваъда бериб қўйганим учун кетмадим. Афсуски, “Сўғдиёна”да унчалик омадим келмади. Олий лигада атиги 7та ўйинда майдонга тушдим. Бунинг устига биринчи даврада жароҳат олиб қолдим. Шундан сўнг Даврон акага даволаниш учун пул керак деганимда у киши эътибор ҳам бермади. Жамоадаги ҳаммага ойлик берилган, фақат мен четда қолиб кетгандим. Бундан жуда хафа бўлганман. Ишонасизми, ҳалиям Жиззахда пулим қолган, лекин сўрамайман, ҳаммасига розиман.
- “Обод” варианти қандай юзага келди?
- Бир муддат Сербияга бориб даволаниб қайтишимга тўғри келди. “Сўғдиёна”ни Даврон Файзиевдан хафа бўлиб тарк этгандим. Кейин “Обод”да ишлаётган Камол ака Жўнашевдан қўнғироқ бўлди ва у киши мени жамоага чақирди. “Обод”да ҳартугул кўпроқ майдонга тушишга муваффақ бўлдим. 12та учрашувда иштирок этиб битта гол урдим. Лекин барибир жароҳат ўз таъсирини кўрсатиб қийнайверди. Натижада бу жамоадан ҳам кетишга мажбур бўлдим. Ярим мавсум бекор юрганимдан сўнг ўтган йил иккинчи давра олдидан Вадим Абрамов “Нефтчи”га чақирди. Карленович менга ёрдам бериб бешта ўйинга туширди. Аммо ярим йил ўйнамаганим учун амалиёт камлик қилди ва ўзимни кўрсата олмадим.
- Самвел Бабаян четга кетишга рухсат бермаган ҳам дейлик. Лекин бошқалар ўзимизда бўлса ҳам ўйнаб кетди-ку.
- Кимга имконият берилган бўлса ўшалар ўйнади. Мен кам ўйнаганим учун аввало айбни ўзимдан қидираман. Кўп вақтимни ўринбосарлар сафида ўтказдим. “Пахтакор”нинг асосий таркибида фақат 45 дақиқа тўп тепганим эсимда, қолган ўйинларда эса 3-4 дақиқа ўйнаганман. Энди 3-4 дақиқа ўйнаб қанақасига шаклланиш мумкин?
- Осиё чемпионати пайтида терма жамоадаги муҳит бошқача эдими?
- Ҳа, у пайтлар зўр даврлар бўлган. Мен ҳозиргача мураббийимиз Аҳмаджон Мусаев билан гаплашиб тураман. Жуда аҳил жамоа эдик. Майдонга қайси таркиб тушмасин ҳаммамиз жипслашиб фақат ғалаба учун ўйнардик. Ўйиндан олдин футболчилар доира бўлиб туради, ўшанда Аббос Махситалиев айтарди: болалар охиригача ўйнаймиз, жонимизни берсак ҳам шу майдонда берамиз, лекин ғалаба қозонамиз. Жамоамизда турли миллат болалари бўлса-да, ҳаммамиз бир оила эдик. Битта хонага йиғилиб ўзбекча концерт ёки кино кўрардик. Кўпчилик Аббос иккаламизни жуда қалин дўст деб билади. Бу тўғри, лекин шуни унутмаслик керак, жамоадаги ҳамма бир-бири билан аҳил эди. Фақат Махситалиев иккаламиз олдинда ўйнаганимиз учун мухлислар бизни кўпроқ гапирарди. Одамлар доим гол урадиган футболчиларни гапиради. Ҳамма жойда шунақа. Осиё чемпионати чорак финал Сурияга қарши баҳсда Сардор Раҳмонов очиқ дарвозадан тўпни қайтариб юборган. Жанубий Корея билан кечган беллашувда ҳам ўзини кўрсатган. Аммо унинг қаҳрамонликларини ҳозир кўпчилик эсламайди.
- Негадир Аббос Махситалиев ҳам юқори савияда ўйнаб кета олмади.
- Бунга ҳам Бабаян сабабчи деб ўйлайман. Уни оз муддат Абрамов ўйнатди. Сабабини билмайман, лекин нимагадир 1994 йилда туғилган футболчилар Бабаянга ёқмасди. 1993 йилда туғилганлар ўйнаб кетди. Лекин 1994 йилгилар билан бундай бўлмади. Билишимча, ҳозирги “Пахтакор”да менинг тенгдошларимдан фақат Жасур Ҳакимов қолган.
- Бизда ёш футболчилар тез порлаб тез сўниши кўп учрайди. Бунинг сабаби нимада бўлиши мумкин?
- Ўзимдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, ёшларга маслаҳатим - ҳеч қачон юлдузлик касалига чалинманг. Бу яхши эмас, ўзим бошимдан ўтказганим учун ҳам яхши эмаслигини биламан. Фақат шуғулланиш, майдонга тушиб ўйнаш керак. Ўзбекистонда иқтидорлар жуда кўп, улардан самарали фойдаланишни билиш керак.
- Юлдузлик касалига учрагач уйдагилар қайтаришга ҳаракат қилмаганми?
- Уйдагилар буни билишмасди ҳам. Чунки доим машғулот ва йиғинларни деб уйда кам бўлардим. Уйдагилар фақат ўйинимни кўрган. Лпекин ўйнаб кета олмаганимни кўриб улар ҳам сиқилади. Кафе ёки ресторанга борганим учун негадир кўпчилик фақат мени гапиради. Ваҳоланки, кўп футболчилар боради, лекин улар ҳақида индашмайди. Кафега борганим билан эртаси куни машғулотга ўз вақтида келганман. Ҳеч қайси мураббий Ҳакимов машғулотга келмаган деб айта олмайди. Одамлар Тимур Ҳакимов синиб қолди деяверганидан бу гап ўзимга ҳам қаттиқ таъсир қилди. Келажакда юқори савияда ўйнаш учун битта имконият бўладими ё яримтами, шундан фойдаланиб қолишим лозим.
- Мексика-2011дан сўнг ҳар бир футболчига биттадан “Спарк” берилганди.
- Тўғриси, икки кун ўтиб ўша машинани сотганмиз. Чунки уйни таъмирлаш зарур бўлиб қолган ва бунинг учун пул керак эди. Баъзилар машинасини сотиб кайф қилган дейди. Аслида унақа бўлмаган. Машинани сотишга Абдураҳмон ака Фозилов яқиндан ёрдам берган ва пулдан бир сўмини ҳам менга бермаган. Ҳаммасини тийин-тийинигача уйдагилар қўлига топширган. Мен Абдураҳмон акадан розиман, чунки у киши кўп ёрдам қилди. Қачон кўчада кўришиб қолсак, укам футболга қайтгин, сен футболни соғинмаган бўлсанг ҳам, футбол сени соғинган дейди.
- Қайси мураббийларга раҳмат айтишни хоҳлайсиз?
- Вадим Абрамов, “Оқтепа” раҳбари Ғанишер ака Шоғуломов, Владимир Гаврилов, Марат Мифтахутдинов, Аҳмаджонов Мусаев - шу инсонлар менга кўп ёрдам беришди.
- Кейинги режалар қандай?
- Аввало Суперлигада ўйнаш. Мен яна катта футболга қайтишни хоҳлайман. 2019 йил мен учун охирги имконият бўлади. Ёшим ҳам 25га қараб кетяпти. Ё келаси йил Суперлиганинг бирорта клубида ўйнайман ёки футболни умуман йиғиштираман. Агар Про лига жамоасидан таклиф тушса бормоқчи эмасман, ҳозир мени фақат Суперлига қизиқтиради. Энг катта ниятим эса миллий терма жамоада ўйнаш. Нодир ака Юлдашев кўп айтганлар: сен клубда ўйнай олмасанг ҳам, терма жамоада ўйнаб кетадиган боласан деб. Ўз вақтида Одил Аҳмедов ҳам кўп маслаҳат берган. Одил ака доим айтарди: кўрмаяпсанми, ҳатто “дарахт” ҳам футбол ўйнаяпти, сенда шунча иқтидор бўла туриб нимага четда юрибсан?
- Суҳбат охирида мухлисларга айтар сўзингиз борми?
- Мухлисларга фақат битта гапни айтмоқчиман: ҳадеб интернетда ўтиргандан кўра стадионга келиб футбол кўринглар, жамоаларни қўллаб-қувватланглар. Бир пайтлари “Динамо” Киевни бошқарган машҳур мураббий Валерий Лобановскийнинг матбуот анжуманида айтган гаплари видеосини кўриб қолдим. Лобановский шундай деган экан: футболчини фақат стадионга келиб футбол кўрадиган мухлис танқид қилишга ҳақли. Мен ҳам мухлисларни стадионга чорлаб қоламан. Ҳозир ҳам кўчада юрсам кўпчилик танийди. Одамларнинг энг кўп берадиган саволи - нимага сен ўйнамаяпсан? Насиб қилса кейинги йил ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Тимур Ҳакимов: "Одамлар мен ҳақимда кўп нарсани билмай гапиришяпти" (1-қисм)