

Бугун ЎФА анжуманлар залида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Котрина Кулбите ва етакчи ўйинчи Людмила Карачик иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
"Барчани кўриб турганимдан хурсандман. Бу йил Ўзбекистон аёллар терма жамоаси учун мусобақаларга бой ўтмоқда. Осиё Кубоги, Осиё ўйинлари, ўртоқлик учрашувларида қатнашдик. Жаҳон чемпионатига плей-офф — муҳим мусобақа, мақсадимиз финал босқичига йўлланма олиш. Осиё Кубогида тўғридан-тўғри йўлланма ололмадик, бу сафар имкониятимиз бор. Гуруҳимизда континентал рақиблар ўрин олган", — дейди Котрина Кулбите.
— Сизнинг даврингизда терма жамоамиз қанчалик ўсишга эриша олди? Ҳозирги даражамизга реал баҳо бера оласизми?
— Биз вазиятни тушуниб турибмиз. Осиё кубокларида тарихий натижалар қайд этдик, бунда футболчиларнинг ҳиссаси катта. Ўйлайманки, олдиндаги Жаҳон чемпионати саралашида ҳам мақсадимизга эришамиз.
— Олдиндаги ўйинларда яхши натижа қайд этиш учун нима ишлар қилинмоқда ва тайёргарликда қайси жиҳатларга эътибор қаратиляпти?
— Бутун йил давомида яхши тайёргарлик кўришга ҳаракат қилдик. Жуда кўп ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Плей-офф турнирига муносиб тарзда тайёргарлик кўриб боряпмиз.
— Рақиблар қанчалик ўрганилди?
— Плей-оффдаги терма жамоаларни Осиё жамоалари билан солиштириб бўлмайди. Ҳар бир терма жамоа ўзига яраша кучли. Яқин орадаги ўйинларини кўриб чиқдик. Қанчалик ўрганманг, барибир ўз ўйинингиздан келиб чиқиб иш тутасиз. Мураббийлар штаби ўз вазифасини бажарди, рақиблар ҳақида маълумотлар йиғилди, эндиликда уларни футболчиларга етказамиз.

— Ўзбекистон аёллар Олий лигасига қандай баҳо берасиз? Кучли чемпионатсиз кучли терма жамоа яратиб бўлмайди...
— Олий лига йилдан-йилга ўсиб боряпти. Бунга вақт керак. Масалан, «Севинч» жамоаси ОЧЛда кейинги босқичга йўлланма олди. Таркибимиздаги фақат 2 нафар футболчи легионер, қолганлар Ўзбекистон клубларида тўп тепмоқда.
— Людмила, жамоадаги ички муҳит қандай?
— Муҳит яхши, олдинда бизни муҳим ўйинлар кутмоқда. Жамоа аъзоларининг кайфияти позитив.
— Терма жамоамизнинг захира имкониятлари қандай?
— Терма жамоада ҳеч кимнинг жойи кафолатланмаган. Биз чақирган футболчиларга бирдек ишонамиз, ким ўзини кўрсатса, кўпроқ вақт берилади. Ким камроқ ўйнаётган бўлса, демак, кўпроқ ишлашимиз керак. Ёш футболчилар тажриба орттиришлари талаб этилади.
— Йил давомида кўряпмизки, терма жамоада 25–30 талик бир хил таркиб шаклланиб қолган. Олий лигамизда эса яхши футболчилар кўп...
— Терма жамоага бош мураббий бўлганимдан бери 52 нафар футболчини чақирганман. Турнирлар жуда кўп, орада битта йиғин қиламиз ёки йўқ — мусобақалар бошланиб кетади. Ўзим учун 25–26 талик таркибни белгилаб олган бўлсам, улар ўзларини кўрсатганлар. Биз ёш футболчилар кўплигини тушуниб турибмиз. Кўриб турганингиздек, муҳим мусобақаларимиз бор. Ҳаммани бирдек синовдан ўтказиш учун вақт кам, лекин жуда кўп футболчиларни кўрикдан ўтказдик.
-



