

26 ёшли форвардга бир йўла бир нечта Европа грандлари қизиқиш билдирмоқда, дея хабар берди “El Nacional”.
Манбанинг хабар беришича, "шаҳарликлар" раҳбарияти норвегиялик футболчини 2027 йилги ёзги трансфер ойнасида сотиш вариантини кўриб чиқмоқда. Агар қулай таклиф тушса, клуб футболчи учун 175 миллион евро ишлаб олишни режалаштирмоқда.
Ҳоландга эҳтимолий даъвогарлар қаторида Испаниянинг "Реал", "Барселона", Франциянинг ПСЖ ва Англиянинг "Ливерпуль" клублари тилга олинмоқда. Ҳужумчи билан хайрлашишнинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида "Манчестер Сити"нинг молиявий иши атрофидаги ноаниқлик кўрсатилмоқда.
Ҳоланд 2022 йилдан буён Манчестер клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўшанда у Дортмунднинг "Боруссия" клубидан 60 миллион евро эвазига ўтганди.
Transfermarkt маълумотларига кўра, норвегияликнинг ҳозирги нархи 220 миллион еврони ташкил этади. У "Барселона" вингери Ламин Ямаль билан биргаликда дунёнинг энг қиммат футболчилари рейтингини бошқариб турибди.
Шу билан бирга, Ҳоланднинг "Манчестер Сити" билан келишуви 2034 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган бўлиб, футболчининг ўзи ҳам аввалроқ инглиз клубига содиқлигини билдирганди. Бироқ 2022/23 йилги мавсум Чемпионлар Лигаси ғолиби қуйи дивизионга тушириб юборилса, вазият ўзгариши мумкин.



