"Суперлигада "Пахтакор"га мухлислик қиламан, маълум вақт" кўздан қочиб" қолгандим — Марлен Чобанов билан интервью

Iskandarov Abdulaziz
23 апр 2026, 19:15
Ироқ чемпионатида ўзбекистонлик легионерлар ёрқин ўйинлари билан эътибор қозонмоқда.

Улардан бири "Пахтакор", "Турон", "Шўртан" собиқ ҳимоячиси Марлен Чобановдир. "Арбил"нинг асосий футболчисига айланиб бораётган қаҳрамонимиз билан Ироқ чемпионати ва бошқа мавзуларда суҳбатлашдик.

— Марлен, сўнгги пайтларда футбол жамоатчилиги сизни камроқ кузатди. Фаолиятингиздаги бу танаффус ва кейинги тикланиш жараёнида нима асосий омил бўлди?

​— Ҳа, ҳақиқатан ҳам маълум муддат" кўздан йўқолиб қолгандек" бўлганман. Мен яхши клубда ўйнаш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим, бироқ бунга тўсқинлик қилган бир қатор омиллар бўлди. Ҳар бир спортчида жароҳатлар учраб туради — бу нормал ҳолат. Муҳими, бу синовларни муносиб енгиб ўтиб, олдинга қараб интилишда давом этишдир.

​— Ироқ чемпионатига кўникиш жараёни қандай кечди? Бу ерда сиз учун энг осон ва қийин кечган жиҳатлар нимада бўлди?

​— Ироққа келганимдан бир ҳафта ўтмай, расмий ўйинда майдонга тушдим. Шу боис, мослашиш жараёни анча тез ва яхши кечди.

​— Ироқ чемпионатининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида нима дея оласиз? Унинг энг кучли томонлари нимада?

​— Менимча, бу жисмоний жиҳатдан анча бақувват чемпионат. Бу ерда ўйин давомида жуда кўп яккакурашлар кузатилади.

​— Отангиз Бургандин Чобанов "Трактор" жамоасидаги фаолияти билан футбол мухлисларига яхши таниш. У киши ўйинларингизни қандай қабул қилади ва энг кўп нималарни танқид қилади?

​— Ҳа, отам билан ҳар бир ўйиндан кейин таҳлил қиламиз. У киши менга хатоларимни кўрсатиб боради. Танқидлар эса турлича бўлади.

​— Фаолиятингиз давомида кўплаб таниқли футболчилар билан елкама-елка тўп тепдингиз. Улар орасида қайси бирини энг кучли шерик сифатида ажратиб кўрсата оласиз?

​— Алоҳида бир кимни ажратиб кўрсатишни истамасдим, чунки бирга ўйнаган кучли футболчиларим кўп бўлган. Улардан Аббос Файзуллаев, Драган Черан ва Анзур Исмоиловни эслаб ўтишим мумкин.

IMG_0496.JPG

​— Ироқ футболидаги ҳакамлик савиясига қандай баҳо берасиз?

​— Ҳакамлик ёмон эмас, ўрта даражада.

​— Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб боряпсизми? Жорий мавсумда қайси жамоанинг ўйини сизни ажаблантирди ва чемпионликка кимларни асосий даъвогар деб биласиз?

​— Суперлига учрашувларини доимо кузатиб бораман. Мавсум бошида "Нефтчи" ўз ўйини билан барчани ҳайратда қолдирди — жамоа ўйинларни жуда осон ва ишончли тарзда ютди. Мен эса "Пахтакор"га мухлислик қиламан — бу болалигимдан севиб келадиган клубим. Умид қиламанки, бу йил чемпионликни улар қўлга киритади.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф