Рустам Умаров: “Жуда ҳам аламли натижа”

Narzulla Saydullayev
14 сен 2016
Бугун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Колумбияда бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида 2-турда мезбон жамоа Колумбия терма жамоаси га қарши ўйинда 3:3 дуранг натижа қайд этди.

Ушбу учрашувдан сўнг терма жамоамиз посбони Рустам Умаров билан ўйин ҳақида ижтимоий тармоқ орқали суҳбатлашдик.  

“Колумбия терма жамоаси билан жуда ҳам зўр ўйин бўлди. Учрашувдан олдин жамоадошларим билан йиғилиб фақат ғалаба қозонишимиз ҳақида гаплашган эдик. Майдонга чиқиб келаётганимизда томошабинлар жуда ҳам кўп эди. Биз уларга эътибор қаратмасдан ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Ўзимизни худди ўз уйимизда ўйнаётгандек тасаввур қилдик.


Мухлислар уларни эмас бизни қўллаб-қувватлаб тургандек туюлди. Худди Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатига ўхшаб кетди. Рақиб дарвозасига иккита гол уриб олганимиз бизга ёрдам берди. Ўзимизга бўлган ишонч янада ортди. Биринчи бўлимда рақиб жамоада ҳам бизда ҳам голга тортадиган вазиятлар кўп бўлди. Улар мағлубиятга учраётганини билиб ўйновчи дарвозабонни майдонга туширишди. Ўша вазиятда биз бўш қолган дарвозани ишғол қилсак бўларди. Лекин ушбу вазиятдан фойдалана ололмадик. Иккита хатойимиз туфайли рақиб жамоа футзалчилари дарвозамизни ишғол қилишди. Жуда ҳам аламли дуранг натижа. Бундан фожеа ясамаслигимиз керак, чунки олдимизда яна битта ўйин бор. Насиб қилса гуруҳдан чиқамиз”, - дейди футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси посбони Рустам Умаров.

  
Жаҳонгир Сотволдиев суҳбатлашди.


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia