

Англия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Жейми Реднапп "The Overlap Daily" подкастида аргентиналик мутахассис "Саутгемптон" ва "Тоттенхэм"да ишлаган даврига нисбатан анча юмшоқ бўлиб қолганини айтган эди.
"Почеттинони "Саутгемптон" ва "Тоттенхэм"да кўрганимда, унда аргентиналик жангчи характер бордек туюларди. Ҳозир эса қарасам, ҳамма билан кулиб гаплашади, билагузуклар тақиб юради. Ҳатто соч турмаги ҳам ўзгарган. Менимча, у жуда мулойим бўлиб қолди", — деган Реднапп.
Почеттино бу фикрга муносабат билдириб, хушмуомалалик ва футболчилар билан яхши муносабат ўрнатиш ўртасидаги фарқни таъкидлади.
"Баъзан биз икки сўзни — "мулойим" ва "яхши"ни адаштириб юборамиз. Мен мулойим эмасман. Яхши инсон бўлишга ҳаракат қиламан. Келинг, бу иккисини адаштирмайлик.
Биз футболчилардан кўпроқ талаб қилишимиз кераклигини, қаттиққўл бўлишимиз лозимлигини яхши биламиз. Бу мутлақо бошқа нарсалар", — деб жавоб берди Почеттино.



