Равшан Бозоров: "Мақсадимиз Ҳаққулобод аҳлини ғалабалар билан хурсанд этиш"
18 апр 2016 11:07
Янгиликлар
Равшан Бозоров: "Мақсадимиз Ҳаққулобод аҳлини ғалабалар билан хурсанд этиш"
«Ўз вақтида Самарқандда футболчи сифатида ажойиб дамларни ўтказганим боис, бу шаҳарга қайтиш мен учун доим ёқимли. Мухлис мени ҳамон эслаши ҳам хурсанд қилди» - дея гап бошлади Равшан Бозоров.
- Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, бугун мухлислар анча шиддаткор баҳс гувоҳига айланишди. Самарқанддан очко билан қайтишни мақсад қилган эдик, бироқ мезбонлар бизга қараганда кучли эканликларини майдонда кўрсатишди. Шогирдларимга ҳеч қандай эътирозим йўқ. «Динамо» тажриба бобида биздан устун эди. Уларга омад тилаб қоламан.
- «Норин» жамоаси ўйини ҳам анча шаклланганлиги кўриниб турибди. Жамоанинг олдига қандай мақсад қўйилган?
- Олдимиздаги биринчи ўриндаги масала бу – узоқ муддат катта футболдан бебаҳра қолган Ҳаққулобод аҳлини ғалабалар билан хурсанд этиш. Ўйлайманки, ғалабалар билан уларни хурсанд эта оламиз.
- Биринчи Лига баҳсларининг дастлабки турлари якунига кўра, жорий йилги мавсум биринчиликида ўсиш кузатилаяптими?
- Бу йил Олий Лигага чиқиш учун кураш олиб бораётган жамоалар кўплигини инобатга олиб, айтиш мумкинки Биринчи Лигада ҳам ўсиш кузатилмоқда. Чунки, шундай мавсумлар бўлардики, ҳеч бир жамоани Олий Лигага чиқиш учун даъвогар дея олмасдик. Ҳали қандайдир хулоса қилишга эрта бўлсада, фикримча бу йилги биринчилик баҳслари анча қизиқарли ўтади. Чунки лигада тенгкучли жамоалар сони ҳам ортган.
Усмон Ибодов ёзиб олди.
Фикрлар