Суперлига. Иккита қизил карточка кўрсатилган ўйинда "Қўқон-1912" "Бунёдкор"ни мағлуб этди

3 май 2026, 19:55
Суперлиганинг 11-тури доирасидаги "Қўқон-1912" — "Бунёдкор" ўйини якунланди.

Суперлига. 11-тур

"Қўқон-1912" – "Бунёдкор" 1:0

Бош ҳакам: Равшан Абдувоҳидов

Ёрдамчи ҳакамлар: Амир Галеев, Данил Яценко

Захира ҳаками: Акмал Раҳимов

VAR: Ғайрат Жўраев

AVAR: Максим Нехочин

Назоратчи: Олег Дачев

Комиссар: Бекзод Арипов

⚽️Гол: 1:0 – 36, Муҳаммаданас Ҳасанов (Алишер Салимов)

“Қўқон-1912”: 13.Азизхон Исақов, 5.Жасурбек Ëқубов, 6.Алишер Салимов, 8.Шота Гвазва, 9.Жавоҳир Ҳусанов (21.Ғулом-Ҳайдар Ғуломов, 75), 10.Шохруҳ Гадоев (69.Егор Кондратюк, 75), 11.Силванус Нимели, 19.Шаҳзод Акрамов, 20.Иқболжон Маликжонов, 44.Андро Гиоргадзе, 99.Муҳаммаданас Ҳасанов

Захира: 1.Рустам Нартажиев, 4.Аслиддин Тоштемиров, 15.Зафар Ҳакимов, 17.Фарҳоджон Соҳибжонов, 18.Муҳриддин Пазилдинов, 22.Тома Табатадзе, 30.Иброҳимжон Мухторов

“Бунёдкор”: 16.Федерико Ботти, 4.Нажмиддин Нормуродов, 6.Бобурбек Юлдашев, 9.Матия Кривокапич, 15.Марко Бугарин (28.Самандаржон Мавлонқулов, 46), 17.Музаффар Олимжонов (7.Шаҳбоз Умаров, 46), 18.Наримонжон Аҳмаджонов, 21.Носиржон Абдусаломов, 23.Асадбек Раҳимжонов (8.Дмитрий Плетнев, 70), 66.Азизбек Тўлқунбеков, 77.Билолхон Тошмирзаев (11.Сардор Абдунабиев, 35)

Захира: 1.Абдумавлон Абдулжалилов, 3.Сардор Раҳмонов, 10.Амир Тўрақулов, 27.Ислом Анваров, 88.Миркамол Аннаматов

Огоҳлантиришлар: Носиржон Абдусаломов (40), Матия Кривокапич (86), Дмитрий Плетнев (90+1), Иқболжон Маликжонов (90+2)

🟥Четлатишлар: Жасурбек Ëқубов (21), Носиржон Абдусаломов (48, иккинчи огоҳлантириш)

УЧРАШУВ ЯКУНЛАНДИ!

Бош ҳакамнинг финал ҳуштаги янгради. "Қўқон–1912" ҳамда "Бунёдкор" жамоалари ўртасидаги шиддатли ва кескин курашларга бой баҳс ўз ниҳоясига етди. Иккинчи бўлимда мезбонлар ўз устунликларини сақлаб қолиш ва ҳисобни ошириш учун бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтиришди.

"Бунёдкор" футболчилари сўнгги сонияларгача мувозанатни тиклашга интилишган бўлса–да, "Қўқон–1912" ҳимоя чизиғи ва дарвозабонининг ишончли ўйини мезбонларга муҳим ғалабани тақдим этди. Биз билан бирга бўлганингиз учун ташаккур!

90+2–дақиқа. "Қўқон–1912" вакили Иқболжон Маликжонов ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди. Майдонда эҳтирослар жунбушга келмоқда.

90+1–дақиқа. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида кескинлик ортиб бормоқда. "Бунёдкор" аъзоси Дмитрий Плетнев рақибнинг хавфли қарши ҳужумини тўхтатиб қолиш мақсадида Тома Табатадзени йиқитди. Бош ҳакам ушбу фол учун Плетневга сариқ карточка кўрсатди.

90–дақиқа. Учрашувнинг асосий вақти ўз ниҳоясига етди. Иккинчи бўлимдаги тўхталишлар, кўплаб ўзгаришлар ва майдондаги баҳсли вазиятларни инобатга олган бош ҳакам асосий вақтга 4 дақиқа қўшиб берди.

Драматик вазиятларга бой бўлаётган баҳснинг сўнгги сониялари бошланди. "Бунёдкор" бор кучи билан олдинга интилмоқда, "Қўқон–1912" эса ғалабали ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳимояланмоқда.

89–дақиқа. ХАВФЛИ ВАЗИЯТ! "Қўқон-1912" ҳисобдаги фарқни ошириш учун яна бир ажойиб имкониятни қўлдан бой берди. Муҳаммаданас Ҳасанов чап қанотдан жарима майдончаси ичига заргарона узатмани амалга оширди. Захирадан ўйинга қўшилган Егор Кондратюк қулай вазиятда бош билан зарба йўллади, бироқ унинг уринишига озгина аниқлик етишмади – тўп дарвоза устуни юқорисидан ўтиб кетди. Мезбонлар босимни сусайтиришмаяпти.

88–дақиқа. Мезбонларнинг захирадан майдонга тушган вакили Ғулом–Ҳайдар Ғуломов рақиб дарвозаси томон кучли зарба йўллади. Бироқ тўп дарвоза тўсинидан баландлаб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. "Қўқон-1912" футболчилари асосий вақт тугаши арафасида ҳам ҳужум қилишдан тўхташмаяпти.

86–дақиқа. "Бунёдкор" ҳужумчиси Матия Кривокапич ҳакам қарорига кескин эътироз билдиргани учун сариқ карточка билан жазоланди. Учрашув якунига оз қолган бир вақтда меҳмонлар сафида асабийлик кучайиб бормоқда.

82–дақиқа. "Бунёдкор" вакиллари рақиб дарвозаси яқинида жарима зарбасини амалга оширишди. Бироқ Умаров йўллаган зарбадан сўнг тўп тўғри "Қўқон-1912" посбони Азизхон Исақовнинг қўлларига бориб тушди. Мезбонлар дарвозабони хавфни осонлик билан бартараф этди.

80–дақиқа. "Қўқон-1912" таркибида навбатдаги ўзгариш: Силванус Нимели майдонни тарк этди, унинг ўрнига Тома Табатадзе баҳсга қўшилди. Мезбонлар мураббийи ҳужум чизиғини тажрибали ҳужумчи билан кучайтириб, қолган дақиқаларда рақиб ҳимоясини босимда ушлаб туришни кўзламоқда.

78–дақиқа. "Бунёдкор" таркибида навбатдаги ўзгариш: Бобурбек Юлдашев ўз ўрнини Сардор Раҳмоновга бўшатиб берди. Меҳмонлар мураббийи ҳимоя чизиғида янги кучни майдонга туширди.

78–дақиқа. ХАВФЛИ ВАЗИЯТ! "Қўқон-1912" ҳужумчиси Силванус Нимели дарвозабон билан яккама–якка вазиятга чиқиб борди. У Федерико Боттининг устидан тўпни оҳиста ташлаб қўйишга ("парашют" услубида) ҳаракат қилди, бироқ йўлланган зарба ноаниқ чиқди. Мезбонлар ҳисобни йириклаштириш учун энг қулай имкониятлардан бирини бой беришди.

75–дақиқа. "Қўқон-1912" таркибида иккита ўзгариш: майдонни жамоа сардори Шохруҳ Гадоев ҳамда Жавоҳир Ҳусановтарк этишди. Уларнинг ўрнига Егор Кондратюк ва Ғулом–Ҳайдар Ғуломов баҳсга қўшилишди. Мезбонлар мураббийи ўйин сўнггида таркибни янгилаб, устунликни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

73–дақиқа. "Бунёдкор" ҳужумчиси Матия Кривокарич жарима майдончаси ичида хавфли зарба йўллади. "Қўқон-1912" ҳимоячиси Андро Гиоргадзе фидойилик кўрсатиб, зарба йўлига оёғини қўйди ва тўпни тўсиб қолди. Меҳмонларнинг яна бир ҳужуми ҳимоячининг ишончли ҳаракати туфайли бартараф этилди.

72–дақиқа. "Бунёдкор" вакили Азизбек Тўлқунбеков рақиб дарвозаси томон зарба йўллади. Бироқ унинг уринишига аниқлик етишмади – тўп дарвоза юқорисидан ўтиб кетди. Меҳмонлар ҳужумларни тўхтатишмаяпти.

70–дақиқа. "Бунёдкор" жамоасида навбатдаги ўзгариш: Асадбек Раҳимжонов ўз ўрнини Дмитрий Плетневга бўшатиб берди. Меҳмонлар қолган вақт ичида мувозанатни тиклаш учун янги кучларни жангга ташламоқда.

68–дақиқа. Майдон эгалари жарима майдончаси ичида баҳсли вазият юзага келди. "Бунёдкор" вакили Шахбоз Умаров Иқболжон Маликжонов билан тўқнашувдан сўнг йиқилди. Меҳмонларнинг пенальти сўраб қилган мурожаатларига қарамай, бош ҳакам қоида бузилмаган деб ҳисоблади ва ўйинни тўхтатмади.

65–дақиқа. ХАВФЛИ ВАЗИЯТ! Жавоҳир Ҳусанов жамоадоши Муҳаммаданас Ҳасановнинг голига ўхшаш услубда зарба йўллади. У жарима майдончаси ичидан тўпни узоқ бурчакка ерлатиб йўналтирди, бироқ зарбага озгина аниқлик етишмади – тўп дарвоза устунининг ёнгинасидан ўтиб кетди. Мезбонлар босимни оширишда давом этмоқда.

57–дақиқа. "Қўқон-1912" сардори Шоҳруҳ Гадоев рақиб жарима майдончаси ичида қулай имкониятга эга бўлди. Унинг яқин масофадан йўллаган зарбаси дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Мезбонлар ҳисобдаги фарқни ошириш учун яратилган навбатдаги хавфли вазиятдан фойдалана олишмади.

53–дақиқа. "Қўқон-1912" вакили Шаҳзод Акрамов рақиб жарима майдончаси ичида маҳорат кўрсатди. У бир ҳимоячини чиройли алдаб ўтиб, дарвозага зарба йўллади. Бироқ меҳмонлар посбони Федерико Ботти яна бир бор ўз ўрнида эканлигини исботлаб, хавфли зарбани қайтарди. Мезбонлар ҳисобдаги фарқни оширишга жуда яқин эдилар.

51–дақиқа. "Бунёдкор"нинг захирадан майдонга тушган аъзоси Шаҳбоз Умаров узоқ масофадан ўз омадини синаб кўрди. Унинг йўллаган зарбаси майдон ташқарисига чиқиб кетди. Меҳмонлар мувозанатни тиклаш учун имконият қидиришда давом этмоқда.

🟥48–дақиқа. Майдонда сон жиҳатдан мувозанат тикланди! "Бунёдкор" футболчиси Носиржон Абдусаломов иккинчи бор сариқ карточка билан жазоланди ва майдондан четлатилди.

40–дақиқада илк огоҳлантиришини олган Абдусаломов навбатдаги қўполлиги учун иккинчи сариқ ва автоматик равишда қизил карточкага лойиқ кўрилди. Энди ҳар икки жамоа майдонда 10 нафардан бўлиб ҳаракат қилишади.

46–дақиқа. "Бунёдкор" таркибида иккита ўзгариш! Иккинчи бўлим бошида меҳмонлар мураббийи таркибни янгилашга қарор қилди: жамоа сардори Марко Бугарин ўрнига Самандаржон Мавлонқулов, Музаффар Олимжонов ўрнига эса Шахбоз Умаров майдонга тушди. "Қалдирғочлар" ҳужум чизиғини кучайтириб, вазиятни ўнглашга интилишмоқда.

46–дақиқа. Иккинчи бўлим бошланди! Жамоалар яна майдонда. Бир киши кам бўлиб ўйнаётган бўлса–да, ҳисобда олдинда бораётган "Қўқон-1912" устунликни сақлаб қолишга, "Бунёдкор" эса вазиятни ўнглашга ҳаракат қилади. Навбатдаги 45 дақиқаликка старт берилди.

ТАНАФФУС. Учрашувнинг биринчи бўлими якунланди. Бош ҳакам Равшан Абдувоҳидов жамоаларни танаффусга таклиф этди.

21–дақиқада бир киши кам бўлиб қолган "Қўқон-1912" жамоаси Муҳаммаданас Ҳасановнинг 36–дақиқадаги голи эвазига ҳозирча ҳисобда олдинда бормоқда. "Бунёдкор" вакиллари сон жиҳатдан устунликка эга бўлсалар–да, ҳозирча бундан фойдалана олишмади.

"Қўқон-1912" – "Бунёдкор" 1:0

45–дақиқа. Биринчи бўлимнинг асосий вақти ўз ниҳоясига етди. Учрашувдаги тўхталишлар ва VAR кўриги учун бош ҳакам томонидан 4 дақиқа вақт қўшиб берилди. Бир киши кам бўлиб қолган "Қўқон-1912" футболчилари бўлим сўнггини эҳтиёткорлик билан ўтказишга ҳаракат қилишмоқда.

45–дақиқа. "Бунёдкор" сардори Марко Бугарин рақиб дарвозаси томон олис масофадан кучли зарба йўллади. "Қўқон-1912" посбони Азизхон Исақов эса ҳушёрликни йўқотмасдан, тўпни ишончли тарзда қайтариб юборди.

40–дақиқа. "Бунёдкор" футболчиси Носиржон Абдусаломов майдон марказида Муҳаммаданас Ҳасановнинг тезкор юришини қўполлик ишлатиб тўхтатиб қолгани учун ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди. Гол муаллифи меҳмонлар ҳимоячиларига анчагина муаммо туғдирмоқда.

⚽️36–дақиқа. ГООООООООЛЛЛ!!! "Қўқон-1912" бир киши кам бўлиб қолганига қарамай, ҳисобни очмоқда!

Муҳаммаданас Ҳасанов ўнг қанотдан рақиб жарима майдончаси ичига шиддат билан ёриб кирди ва тўпни дарвозанинг узоқ бурчагига заргарона тарзда айлантириб жойлаб қўйди. Федерико Ботти қанчалик ҳаракат қилмасин, тўпга ета олмади. Майдон эгалари камчиликда бўлишларига қарамай, олдинга чиқиб олишди!

"Қўқон-1912" – "Бунёдкор" 1:0

35–дақиқа. "Бунёдкор" таркибида илк ўзгариш: Билолхон Тошмирзаев майдонни тарк этди, унинг ўрнига Сардор Абдунабиев баҳсга қўшилди. Меҳмонлар мураббийи ҳисобда ортда қолаётган ва рақиб бир киши кам бўлиб қолган вазиятда ҳужумни кучайтиришга қарор қилди.

29–дақиқа. "Қўқон-1912" сардори Шохруҳ Гадоев рақиб жарима майдончаси ичида рақиб билан тўқнашиб йиқилди, бироқ ҳакам ўйинни давом эттириш ишорасини берди. Тўп майдон ташқарисига чиқиб кетгач, ўйинда пауза юзага келди. Айни дамда VAR ҳакамлари вазиятни синчиклаб текширишмоқда. Пенальти белгиланиши мумкин.

🟥 21–дақиқа. VAR кўригидан сўнг бош ҳакам ўз қарорини ўзгартирди! Жасурбек Ëқубовга кўрсатилган сариқ карточка бекор қилинди ва унинг ўрнига тўғридан–тўғри қизил карточка кўрсатилди. "Қўқон-1912" ҳимоячиси "сўнгги умид фоли" сифатида қўл билан ўйнагани учун майдондан четлатилди. Мезбонлар энди бир киши кам бўлиб ўйинни давом эттиришади.

20–дақиқа. Бош ҳакам Равшан Абдувоҳидов VAR монитори ёнига чақирилди ва вазиятни шахсан кўздан кечирмоқда. Такрорий лавҳаларда Жасурбек Ёқубов тўпни атайин қўли билан тўсгандек таассурот уйғотмоқда. Агар ҳимоячи тўпни тўхтатиб қолмаганида, "Бунёдкор" ҳужумчиси Матия Кривокарич дарвозабон билан бирга–бир вазиятга чиқиб кетарди. Ҳакам "сўнгги умид фоли" бўйича якуний қарорни қабул қилиши кутилмоқда.

18–дақиқа. Майдон эгалари дарвозаси яқинида кескин вазият! "Қўқон-1912" ҳимоячиси Жасурбек Ëқубов жарима майдончаси чизиғи ёнида тўпни қўли билан ўйнагани учун сариқ карточкага лойиқ кўрилди. "Бунёдкор" вакиллари эса ҳакамга эътироз билдириб, бу вазият учун қизил карточка сўрашмоқда.

14–дақиқа. ХАВФЛИ ВАЗИЯТ! "Қўқон-1912" жамоасидан Шоҳруҳ Гадоев чап қанотдан жарима майдончаси ичига тўпни узатиб берди. У ерда Жавоҳир Ҳусанов бош билан дарвозага хавфли зарба йўллади, бироқ "Бунёдкор" посбони Федерико Ботти маҳорат кўрсатиб, тўпни қайтариб юборди! Мезбонлар ҳисобни очишга жуда яқин келишганди.

8–дақиқа. "Қўқон-1912" ҳужумчиси Силванус Нимели рақиб жарима майдончаси ичига ёриб кирди. У дарвозабон билан бирга–бир вазиятга чиқиб кетиши мумкин бўлган бир пайтда, "Бунёдкор" ҳимоячиси Бобурбек Юлдашев жуда фаол ва ишончли ҳаракат қилиб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди ва хавфни бартараф этди.

6–дақиқа. "Қўқон-1912" вакиллари бурчак тўпини амалга оширишди. Жарима майдончасига ҳаволатиб етказилган тўп ҳеч кимга тегмасдан майдонни тарк этди. Мезбонларнинг стандарт вазияти бесамар кетди.

3–дақиқа. "Бунёдкор" футболчилари бурчак тўпини ўйинга киритишди. Тўп жарима майдончаси ичига етказиб берилди, бироқ Нажмиддин Нормуродов қулай вазиятда зарба беришда хатоликка йўл қўйди.

1–дақиқа. Ўйин бошланди! Бош ҳакам Равшан Абдувоҳидов ҳуштагини чалиб, 11–турнинг қизиқарли учрашувларидан бирига старт берди. Бугун майдон эгалари "Қўқон-1912" жамоаси анъанавий тўқ кўк, меҳмонлар – "Бунёдкор" вакиллари эса оқ рангли либосларда ҳаракат қилишади.


Манба: championat.asia