"Персеполис" Игорь Сергеевнинг трансфер нархини белгилади

26 ноя 2026, 10:20
Эроннинг "Персеполис" клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеевни сотиш учун 400–500 минг доллар талаб қилмоқда.

Эроннинг "Haft Sobh" нашри хабар беришича, Теҳрон клуби раҳбарияти 33 ёшли футболчининг трансфери бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр.

Қайд этилишича, Сергеев Эрон чемпионатининг 12-туридан ўрин олган "Фажр Сепаси"га қарши учрашувда (1:2) қулай голли вазиятдан фойдалана олмаган. Ушбу вазиятдан кейин "Персеполис" мураббийлар штаби аъзоларидан айримлари ўзбекистонлик ҳужумчининг ўйинидан норози бўлгани айтилмоқда.

Шундан сўнг клуб Сергеевни сотиш имкониятини кўриб чиқишга киришган. Манбага кўра, "Персеполис" футболчининг трансфери учун 400–500 минг доллар миқдорида нарх белгилаган.

Нашрнинг қайд этишича, Сергеевнинг Transfermarkt порталидаги бозор қиймати 1 миллион доллардан юқори. Бироқ мазкур кўрсаткич футболчининг амалдаги трансфер нархини англатмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг "Footballi" нашри Тошкентнинг "Пахтакор" клуби Сергеевни қишки трансфер ойнасида ўз сафига қайтаришдан манфаатдор экани ҳақида хабар берган эди.

Бироқ кейинчалик худди шу нашр "Персеполис" бош мураббийи Меҳди Тартар ўзбекистонлик футболчининг кетишига қарши эканини маълум қилди.

Ҳозирча "Персеполис" Сергеевни сотиш ҳақида расмий қарор эълон қилмаган. Шунингдек, футболчи учун бирор клубдан расмий таклиф келиб тушгани ҳам тасдиқланмаган.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: Haft Sobh