Ўзбекистон терма жамоаси эътибор қаратиши керак бўлган 6 ёш мураббий
27 дек 2016 11:32
Янгиликлар
Ўзбекистон терма жамоаси эътибор қаратиши керак бўлган 6 ёш мураббий
Бизнинг талқин бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлигига номзод бўлишга арзийдиган 6 ёш ва истиқболли мутахассис ҳақида мақола тайёрладик.
Ўзбекистон терма жамоасининг барча мухлислари футболчиларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этишини орзу қилишади. Жамоамиз бир неча маротаба сайёрамизнинг энг йирик халқаро турнирида иштирок этишга уриниб кўрди, аммо ҳар сафар нимадир етишмади. Бразилиядаги мундиалга чиқишимиз учун Қатар дарвозасига яна 2 та гол уриш ёки Жанубий Кореяга қарши баҳсда ҳеч бўлмаса 1 очко ишлаш керак эди.
Мамлакатимиз футбол раҳбарияти Миржалол Қосимов ва Вадим Абрамовни икки мартадан МТЖ бош мураббий этиб тайинлади. Айни дамда Ўзбекистон терма жамоасини муваффақиятлик стартдан сўнг, Эрон ва Жанубий Кореядан мағлуб бўлиб, кўплаб танқидларга учраётган Самвел Бабаян бошқармоқда.
Терма жамоамиз Осиё қитъасида Эрон, Жанубий Корея, Япония ва Австралия каби грандлар сафига кирмайди, ЖЧга чиқиш учун эса айнан шу грандларни таслим этиш лозим. Ҳар сафар жамоамиз олдига юқори мақсадлар қўйилади.
Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари пайтида янги мураббий олиб келиш таваккал дегани, чунки ички чемпионат учрашувлари якунланди ва миллий терма жамоа футболчиларининг ўйинини кўриб бўлмайди.
Жаҳон футболида машҳурликка эришган, кўплаб йирик жамоаларда ишлаган ва фаолиятини якунлаётган мураббийни таклиф қилиш ҳам тўғри қарор эмас. Бундай мутахассисда юқори чўққиларга интилиш истаги кам бўлади ва улар кўпроқ молиявий томонга эътибор қаратишади. Бизни бу қониқтирмаслиги аниқ.
Айнан шу туфайли биз ёш, истиқболли ва бир неча ой ёки йиллик фаолияти давомида келажакда жаҳоннинг энг кучли мутахассисларидан бирига айланиши мумкин бўлган мураббийларга эътибор қаратдик. Терма жамоамизга янгича қараш, ўзгаришлар керак, чунки жаҳондаги кўплаб мураббийлар машҳур мактаблардан чиққан. Биз ушбу жойга муносиб мураббийларни тақдим этдик:
Олег Кононов (Беларус)
"Краснодар"даги иши билан машҳур бўлган Олег Кононов футболчилик фаолиятини захира ва ҳаваскол клубларда ўтказган. У футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг "Локомотив" (Минск) ва "Торпедо" бош мураббийи ёрдамчиси сифатида ишлаган, кейин эса ўзи "Шериф" (Тирасполь) ва "Металлург" (Запорожье) ёшларига устозлик қилган.
Кононов 2008 йилда "Карпати" билан шартнома имзолади, 2008/09 мавсумда унинг жамоаси бешинчи ўринни эгаллади ва еврокубокка йўлланма олди. Кейин у жамоасини Европа лигаси гуруҳ босқичига олиб чиқди. 2012 йилда "Севастополь"га бош мураббий бўлган мутахассис, мавсум якунида жамоани Украина олий лигасида ўйнашига ёрдам беради. 2013 йилда "Краснодар"га келган Кононов, клубдаги илк мавсумдаёқ жамоани Россия Кубоги финали ва еврокубокларга олиб чиқади, бир йилдан сўнг "шаҳарликлар" ўз тарихида илк маротаба Россия чемпионатининг бронза медалини қўлга киритишади. Кононов жорий мавсумни омадсиз бошлагани туфайли "Краснодар" раҳбарияти уни истеъфога чиқарди.
Олег Кононов ўзи ишлаган деярли барча жамоаларда муваффақиятга эришган. У бошқарган уччала клуб ҳам ўз имкониятларини тўлиқ намоён этган. Мутахассис доимо юқори мақсадларни олдига қўярди.
Агар унинг ўйин услубига эътибор берадиган бўлсак, Кононов кўпроқ тўпга эгалик қилишга эътибор қаратган (ўртача 57,2%) ва унинг кўрсаткичи Россия чемпионатидаги энг яхши натижа бўлган. "Буқалар" Кононов қўл остида прессингга катта эътибор қаратмасдан, кўпроқ бутун майдон бўйлаб ўйнашган, аммо бу рақиб майдонида тўп олиш бўйича паст кўрсаткич қайд этишга олиб келган (ўртача ҳар бир учрашувда 4.8).
"Краснодар"нинг ёрқин ўйинини қанот орқали эмас, балки марказ билан ўйнашидан кўрсатиш мумкин. Ушбу ўйин асосини Одил Аҳмедов ва Павел Мамаев ташкил қилган. Бу қарор қанотда кучли бўлмаган футболчилар туфайли қабул қилинган. Ўша пайтда қанотларда ёш бўлмаган Калешин, чап оёғидан кам фойдаланадиган Петров ва тўп олиш бўйича энг яхши, аммо тезлиги паст бўлгани учун ҳужумларда кам иштирок этадиган Енжейчик ўйнарди. Агар Кононов Ўзбекистон терма жамоасига таклиф этилса, у тезкор Денисов, барқарор ўйин кўрсата олмайдиган Тўхтахўжаев борасида бирор қарор чиқариши керак бўлади.
Умуман олганда, Ўзбекистон терма жамоасида янги мураббий ўзгаришлар қилиши аниқ. Кононов терма жамоамизда бор футболчилардан унумли фойдаланишга уринади. Унинг қўл остида яхши таниш бўлган Аҳмедов, ишончли марказий ҳимоя ва қанотдан ҳужум қила оладиган ёшлар бўлади. Бундан фақат тўғри фойдаланиш керак.
Валерий Карпин (Россия)
"Спартак" афсонаси ва 90 йилларда "Сельта"нинг энг эсда қоларли футболчиси мураббийлик фаолиятини Микаэль Лаудруп истеъфосидан сўнг ўзининг севимли "Спартаки"да бошлаган, бунгача эса клубда спорт директори вазифасида ишлаган.
У футболчи сифатида "Спартак" билан уч йилда уч маротаба чемпион бўлган ва Испания чемпионатига кўчиб ўтиб, 11 йил ичида "Реал Сосьедад", "Валенсия" ва "Сельта"да тўп тепишга улгурган.
2009 йилда "А" тоифасидаги мураббийлик лицензиясига эга бўлган Карпин, "Спартак"нинг тўлақонли бош мураббийига айланди. У 2010 йилда пойтахт жамоаси билан Россия чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллади, Чемпионлар лигасида эса учинчи ўрин билан чекланди. 2011 йилнинг 19 апрелида мутахассис ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқмоқчи бўлди, чунки ўша пайтда жамоа турнир жадвалининг сўнгги ўрнида эди, аммо футболчилар бош мураббийни қўллаб-қувватлашди ва раҳбарият мутахассиснинг илтимосини рад этди. 2011/12 мавсумдан сўнг клуб президенти Леонид Федун Карпинни истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига Унаи Эмерини талкиф қилди. "Спартак" баскониялик мутахассис билан узоқ ҳамкорлик қилмади ва у ўша йилнинг қиш фаслида ишдан бўшатилди. Карпин вақтинча яна "Спартак"ка қайтди ва жамоа ўша мавсум учинчи ўринда якунлади, аммо 2013/14 мавсумнинг омадсиз старти ва Европа лигасини "Сант-Гален"дан учралган мағлубият туфайли тарк этиш Валерий жанобларини жамоа билан хайрлашишга мажбур қилди.
2014 йилнинг 12 август куни Валерий Карпин "Мальорка" бош мураббийига айланди, аммо бу ерда россиялик мураббийни омадсизлик кутиб турган эди. 5 та турдан сўнг жамоа 1 очко тўплаб, Испания чемпионатининг иккинчи даражали чемпионати жадвалининг сўнгги ўрнини эгаллаб турганди. Шу билан бирга жамоа Испания Кубогини ҳам эрта тарк этди. Агар Карпин клубни шартнома муддатидан аввал тарк этганида 400 минг евро олиши мумкин эди. Омадсиз даврдан сўнг жамоани муваффақият кутиб турганди. "Мальорка" 5 та ғалабага эришди ва 2 та баҳсни дуранг билан якунлади. Кейин Карпин шогирдларида яна пасайиш кузатилди ва клуб 2015 йилнинг январида россиялик мутахассис билан хайрлашди.
2015 йилнинг 9 июлида ФНЛда (Россиянинг иккинчи даражали чемпионати) иштирок этувчи "Торпедо" Валерий Карпин билан шартнома тузди. Жамоанинг ФНЛдаги биринчи 5 та учрашуви 0:0 ҳисоби билан якунланди ва бу лига рекордига айланди. "Торпедо" 8-турдагина гол уриб, "Сибир" устидан ғалабага эришди. Аммо клуб омадсизликлар гирдобига тушиб қолди. Жамоа мавсум якунига кўра ФНЛни тарк этди. 2016 йилнинг 23 июнь куни мураббий ўз вазифасини тарк этди.
Валерий Карпин Россия футболи тарихида аҳамиятли шаҳс ҳисобланади. Унинг иши бўйича доимо кўплаб баҳслар бўлган, Карпиннинг "Спартак"да ишлаган пайтидаги сўзларидан эса ҳозиргача фойдаланиб келишади.
Карпин турли тактикаларга мослашувчан мутахассис сифатида ўзини кўрсатган. У "Спартак"да турли даврларда 4-3-3, 4-2-3-1 ва 3-4-3 схемалари билан тажрибалар ўтказган, аммо ўйинни барқарорлаштира олмаган ва фақат қисқа вақт давомида яхши натижаларга эришган. Унинг "Мальорка"даги иши мағлубиятлардан кейинги доимий баҳоналар билан эсда қолган, аммо у испан клубига мавсум олдидан бош мураббий этиб тайинланган ва унда жамоа тузиш учун вақт бўлмаган.
Карпиннинг "Торпедо"даги иши жуда баҳсли. Клуб бошқарувда инқирозга учради ва бу жамоа голсиз серия билан ёдда қолди.
Валерий Карпин терма жамоа ўйинини ўзгартиришда катта ишларни амалга ошириши мумкин. Футболчи сифатида у Россия терма жамоасининг янги тарихида энг яхши ўйинчилардан бири бўлган, мураббий сифатида у тактик бўйича ақлли. Бироқ Карпинда икки салбий жиҳат мавжуд, унга жамоани ва ўйинни шакллантириш учун кўп вақт керак ва у ҳозирги вазият учун жуда ноқулай мураббий. Карпин ҳозиргача терма жамоада ишламаган. Ушбу танлов келажак учун амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади, бунинг устига терма жамоага таклиф Валерий Карпин ўзини кўрсатиши учун яхши имконият. Уни танлов борасида аниқ шартлари йўқ.
Александр Крестинин (Россия)
Александр Крестинин россиялик собиқ футболчи. Ўз вақтида ҳимоячи ролида футбол ўйнаган. Бугунги кунда эса Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда. Футболчилик даврида кўплаб жамоаларда ўйнаган. Улардан бири "Кубань".
Мураббийлик фаолиятини 2010 йилда "Нефтчи" (Қўчқор ота)да бошлаган ва илк мавсумидаёқ жамоани ўз тарихидаги илк чемпионлигини қўлга киритишида муҳим ролни ўйнаган. Кейин эса икки йил давомида Краснодар ўлкасидаги Россия давлат академиясида методик ишлар бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.
2014 йилда эса Қирғизистон терма жамоасида иш бошлади. Крестениннинг келишигача, қўшниларимиз ФИФА рейтингида 201-ўринни эгаллаб турганди. Мураббий қўл остида терма жамоа октябрь ойида 99-ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлган. Бу терма жамоанинг қай даражада ўсишга эришганидан далолат беради.
Крестениннинг келгунига қадар, Қирғизистон терма жамоаси Қозоғистон футболчиларига 1:7 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Орадан икки йил ўтиб, Александр қўл остидаги қирғизлар қўшнилардан реванш олишга муваффақ бўлдилар - 2:0.
Терма жамоа ЖЧ саралаш босқичида гуруҳда Австралия ва Иорданиядан сўнг учинчи ўринни қўлга киритди. Айни пайтда терма жамоа 2019 йили БААда бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионатида иштирок этиш учун курашни давом эттирмоқда.
Мураббий қўл остидаги энг эсда қоларли ўйин сифатида терма жамоанинг Австралияга қарши ўз майдонидаги ўйини (1:2)ни кўрсатиб ўтишимиз мумкин. Ўшанда қўшниларимиз ўйин борасида австралияликлардан устун келгандилар.
Александр Крестинин қисқа вақт ичида ёшлар билан курашувчан жамоа туза олди. У ёшларга ишонишдан қўрқмайди, уларни миллий терма жамоа асосий таркибида майдонга тушириб, ўз потенциалларини намойиш этишга имкон бера олади.
Россиялик мутахассис шунингдек клуб раҳбарлари ва мураббийларига ўз ўйинчиларини терма жамоага "тиқиб қўйишларига" йўл қўймайди. Унинг қўл остида фақат ўйин куни оптимал формада бўлган футболчиларгина майдонга тушадилар. Футболчининг бунгача қилган хизматларига қаҳрамонимиз бошчилигидаги мураббийлар штаби эътибор қаратиб ўтирмайди.
Крестениннинг жамоасини на ҳимоявий, на ҳужумкор жамоа сифатида биламиз. У қўл остидаги футболчиларнинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўйин услубини тузиб чиқади.
Унинг ёшлар билан ишлаши ҳақида яна гапирадиган бўлсак, Александр ёшлар жамоаларининг йиғинларини, улар иштирокидаги мусобақаларни кузатиб боради ва ўша ердан миллий терма жамоага футболчи чақиришдан қўрқмайди. Айнан унинг қўл остида Қирғизистон миллий терма жамоасида 19 ёшли футболчилар тўп тепа бошлашди.
Тўғри, унинг номзодини айнан ҳозирги саралаш циклида кўриб чиқиш бироз нотўғри бўларди. Чунки, унинг олдида Қирғизистон терма жамоасини илк маротаба Осиё чемпионатига олиб чиқиш вазифаси турибди ва буни уддалай олиши эҳтимоли катта.
Ушбу мураббий қўл остида ўзбек футболчилари Осиё Кубоги-2019да ва ЖЧ-2022 саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этишларига ишонса бўлади.
Пако Хемес (Испания)
Испаниялик мураббий футболдаги фаолиятини "Кордова" ва "Реал Мурсия" каби жамоаларда ўйнашдан бошлаган. Кейин эса "Райо Вальекано" жамоасидаги ўйинлари орқали "Депортиво" скаутлари назарига тушган. "Депор" сафида 5 йил давомидаги муваффақиятли фаолият олиб борган. Ушбу вақт ичида у Испания кубоги ва суперкубогини қўлга киритишга ҳам муваффақ бўлган.
Футболчилик фаолиятини 2004 йилда, 33 ёшида якунлаган.
Терма жамоа сафида 21 та ўйин ўтказган, испанияликлар билан Евро-2000 турнирида иштирок этган.
Мураббийлик лицензияси қўлга киритилганидан сўнг у Сегунданинг "Алькала" ва "Картехен" жамоаларини бошқарди. Кейинчалик эса "Лас-Пальмас"да ишлаган. "Кордова" билан эса Примерога чиқиш учун плей-офф ўйинларида иштирок этган ва ўша ўйинда қаҳрамонимиздан бироз омад юз ўгирган.
2012 йилнинг 22 июнида эса у "Райо Вальекано" жамоасидан таклиф олади. У жамоани илк мавсумидаёқ Примерога олиб чиқади ва клуб тарихидаги энг яхши натижани қайд этади - 8-ўрин! 2015/16 йилги мавсумда эса Хемес жамоаси билан 18-ўринни қўлга киритади ва Примеродан тушиб кетишга мажбур бўлади.
2016 йилнинг ёзида "Гранад" бош мураббийига айланади ва уч ойдан сўнг қониқарсиз натижалар сабаб истеъфога чиқарилади.
Хемес сўнгги вақтларда Европадаги энг қизиқарли мураббийлардан бири ҳисобланади. Таваккалчи сифатида ном қозонган. Турли тажрибаларни амалга оширишдан қўрқмайди. Учта ҳимоячи услуби билан ўйнашни ёқтиради.
Унинг футболчиларидаги жамоавий характер ҳақида гапирадиган бўлсак, Хемеснинг жамоалари қийин вазиятларда ҳам ўзини йўқотиб қўймайди. Биргина мисол сифатида, "Райо"нинг "Сантьяго Бернабеу"да "Реал"га қарши бўлиб ўтган ўйинда тўққиз киши қолиб, вазиятни ўз томонларига оғдира олганликларини келтиришимиз мумкин.
Карло Анчелотти "Реал"дан кетганидан сўнг Хемес "қироллик клуби"ни бошқариш учун номзодлардан бири сифатида кўрсатилгани ҳам унинг қандай савияга эга эканлигини тушуниб олиш мумкин. 2013/14 йилда эса Примерода йилнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун уч кишилик номзодлар қаторига киритилган.
Агар Пако Хемес Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланадиган бўлса, терма жамоамизни олдинда жуда қизиқарли келажак кутиб турибди. Ушбу мутахассис биринчи навбатда испанча футбол об-ҳавосини юртимизга олиб киради. Тўп билан муомала ва техник хусусиятларни намойиш этиш борасида футболчиларимиз яхшигина ўсишга эришишлари тайин.
Хамеснинг қандайдир алоҳида тактикаси борасида ҳозирдан бирон нима дейин қийин. Чунки, у вазиятга, энг муҳими шароитга қараб ўйин схемасини ярата олади. Фақат бир масала... Испаниялик мураббий айни пайтда терма жамоада ишлашга рози бўлармикин?
Серхио Гонсалес (Испания):
Испаниялик футболчилик фаолиятини "Оспалитет"нинг ёшлар жамоасида бошлаган, 1994/95 мавсумда уни "Эспаньол" ўз сафига қўшиб олади ва у 1998 йилда клубнинг асосий жамоасида дебют қилади. Гонсалес Каталония жамоасида 107 та учрашув ўтказиб, 10 та гол уришга муваффақ бўлади ва Испания Кубогини қўлга киритади. "Эспаньол"да ўтказган 3 йилидан сўнг "Депортиво" билан шартнома имзолайди ва 9 йил ичида ушбу жамоа сафида 294 маротаба майдонга тушиб, 28 та голга муаллифлик қилади. У "Депортиво" билан Испания Кубоги ва мамлакат Суперкубогини қўлга киритади. "Леванте" Серхио Гонсалеснинг футболчилик фаолиятидаги сўнгги клуби бўлади. 2010/2011 мавсум якунланганидан сўнг, клуб у билан келишувни узайтирмади. Икки йил ўтиб у бутсасини михга илади.
2013/2014 мавсумда Серхио Гонсалес "Эспаньол Б" жамоаси бош мураббийига ёрдамчилик қила бошлади, иккинчи даврада бош мураббийга айланди, кейинроқ Каталонияда 2015 йилнинг энг яхши мураббий деб топилди. Гонсалес 2014/2015 мавсум бошида "Эспаньол" бош мураббий этиб тайинланди. У бош жамоа билан 1,5 йил ишлади ва жамоа турнир жадвалининг экваторида бўлишига қарамасдан, истеъфога чиқарилди.
Серхио Гонсалес "Эспаньол" бош мураббийига айланганидан сўнг, иқтидорли футболчилардан ташкил топган ёш жамоа ташкил қилишни бошлади. У клубга келганидан сўнг жамоани Симау Самброза тарк этди, Давид Лопс "Наполи"га сотиб юборилди, шу билан бирга баъзи футболчилар ўйинида пасайиш кузатилди. Муаммоли жамоани қабул қилган Гонсалес, ёшларга ишонч билдира бошлади. Унинг қўл остида Кико Касилья ва Лукас Васкеслар ўйнаб кетди ва тез орада "Реал" уларни харид қилди. Альваро Гонсалес Испаниянинг энг иқтидорли ярим ҳимоячиларидан бири деб ҳисоблай бошлашди.
"Эспаньол" икки ҳужумчидан фойдаланадиган Испаниянинг ягона жамоасига айланди. Стуани ва Кайседо ҳужумларни якунловчи ролида ҳаракат қилишди. Фелипе Гонсалес қўл остида мавсум давомида 10 тадан кўп гол уришга эришди. Ветеран Серхио Гарсия эса 2014/2015 мавсумда 10 та гол уриб, 9 та голга ассистентлик қилди. Тактик схема борасидаги таваккал ижобий натижа бера бошлади.
Мураббийнинг муваффақиятлардаги ҳиссасига паст баҳо бериб бўлмайди. Серхио рақибга қараб ҳужумчиларни тўғри танлай олди. Ҳужумни якунлаш керак бўлганда Кайседо пайдо бўлди, айёрлик ва импровизация ишлатадиган жойда Серхио Гарсия ўзини кўрсатди. Қанотдан босим лозим бўлганида эса мураббий Кристиан Стуанини ишга солди. Серхио Гонсалес футболчи бўлганида ундан қочиб кетиш қийин бўлган ва у мураббийлик қилган жамоа ҳам ҳудди шу услубда ўйнади. Аммо бу жамоани "Атлетико" каби қонхўрлар ва учрашувни тўлиқ таркибда якунлай олмайдиганлар деб бўлмасди. Улар шунчаки рақибга жиддий қаршилик қилиб, ҳар қандай клубга етарли даражада муаммо туғдирарди.
Серхио Гонсалес бошқарган "Эспаньол" сўнгги дақиқаларда рақибни издан чиқара оларди. Жамоа 81-дақиқадан 90-дақиқагача 10 маротаба гол уришга муваффақ бўлишган ва бу кўрсаткич бўйича фақат "Реал", "Барселона", "Лион" ҳамда "Порту"дан ортда қолишган. Каталонияликлар учрашув якунланишини билдирадиган хуштак чалгунича жонини бериб ўйнашар эди.
Шунга қарамай клуб раҳбарияти ва мураббий келиша олмай қолишди ва 2015 йилнинг қиш фаслида Серхио Гонсалес бош мураббийлик вазифасини тарк этди. Клуб турнир жадвали ўртасида эди, аммо жамоанинг тенг рақиблар билан барқарор бўлмаган ўйини раҳбариятни қониқтирмади.
Серхио Гонсалес ЛаЛигадаги 1,5 йиллик иши давомида кучли, ёш жамоа тузиб, яхши таассурот қолдира олди.
Айни дамда испаниялик мутахассис ҳеч қаерда ишламаяпти ва уни миллий жамоага чақириш Серхио Гонсалес учун ўзини кўрсатишга яхши имконият бўлиши мумкин. Унинг терма жамоага келишига турлича қараш мумкин. У иккинчи жамоа бўлиб ўйнашни билади ва ўйин услуби испан футбол мактаби томонга оғиши мумкин.
Виктор Скрипник (Украина)
Терма жамоамизга бош мураббий бўлиши мумкин бўлган номзодлар ичида Виктор Скрипникни алоҳида таъкидлаган бўлардим. Нега Скрипник?
Футболчилик даврида чап қанот ҳимоясида ўйнаган Скрипник фаолиятининг кўп қисмини Германия, аниқроғи "Вердер" клубида ўтказган. Ундан аввал "Металлург", "Днепр" каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган. 1996 йилдан бошлаб Бремендан қўним топган Скрипник мана 20 йилдирки "Вердер"да ўйнади ва мураббий сифатида ишлади.
Скрипник "Вердер"ни роппа-росса 2 йил давомида бошқарди ва жорий йилнинг 18 сентябр куни истеъфога чиқарилди.
Виктор Скрипник эндигина 46 ёшни қаршилади. Ёш, келажаги порлоқ мутахассиснинг футбол ғоялари, билимлари бизнинг терма жамоа учун айни муддао бўлиши мумкин. Скрипник болалар футболида ишлаган, ишлаб ҳам Германияда тажриба тўплаган кучли мутахассис сифатида қаралмоқда. Футболчилик, мураббийлик даврини асосий қисмини Германияда ўтказган ушбу мутахассиснинг темир интизоми, футболга бўлган қараши анча замонавий ва самарали. Ёшлар билан ишлашни қойиллатади.
Виктор Скрипник қўл остида "Вердер" ўртача натижа кўрсатган ва ўйин ташкил этишда бременликлар анча сермаҳсул ҳаракат қилишган.
"Вердер" охирги икки мавсумни анча тажовузкор ўйин кўрсатгани бу Скрипникнинг хизматлари ҳисобланади. Скрипник қўл остида "Вердер" Бундеслигада фақатгина бешта жамоадан кам гол киритган. Яъни, демоқчи бўлганим Скрипник ҳужумкор футбол ўйнашни хуш кўрадиган мураббий. Унинг ўйин услуби ҳужумкор футболга асосланган.
Виктор Скрипник ўз бошқарувидаги жамоаларни асосан 4-4-2 схемаси асосида ўйнатади. Тўртта ҳимоячи, бир таянч ярим ҳимоячи, иккита вингер ва марказий ярим ҳимоячи. Скрипник олдинги чизиқда иккита ҳужумчи билан ўйнашни хуш кўради.
Шунингдек, Скрипник 4-4-2 схемасидан ромб шаклида ҳам фойдаланади. Бу схемада Скрипник вингерлардан воз кечади ва таянч ҳудудида битта ярим ҳимоячи, марказдан иккита ярим ҳимоячи, чапроқ ва ўнгроқдан жой олади. Ҳужумчи ортида битта футболчи ва ҳужумда эса иккита футболчи тўп суради.
Скрипникнинг охирги фойдаланган ва самара бермаган схемаси сал бошқачароқ. Скрипник учун муваффақиятли бошланмаган мавсумни украиналик мутахассис 4-2-3-1 схемасида ўтказди. Бу схемада Скрипник ўртада иккита таянч ярим ҳимоячидан фойдаланди. Ўнг ва чап қанотда иккита вингер ҳамда ҳужумчи ортида бир футболчи ва бир нафар марказий ҳужумчи.
Германиянинг машҳур "TRANSFERMARKT" нашри бежизга Скрипникни 2014/2015 йилги мавсумда энг яхши мураббийи деб топмаган.
Ушбу мутахассис Ўзбекистонда ишлаган тақдирда, яна бир муҳим жиҳатлардан бири, бу тил муаммоси ҳам бартараф этилган бўлади. Яъни, гарчи хорижлик бўлсада, Скрипник катта эҳтимол билан рус тилида муаммосиз сўзлаша олади.
Биз кўп гапирамиз, бизга кучли хорижий мураббий керак деб. Тўғрисини тан олиш лозим, европанинг топ-5 чемпионатларида ишлайдиган кучли мураббийларнинг аксарияти осиёда, хусусан бизда ишлашга рози бўлишмайди. Рози бўладиганларнинг кўпчили эса жуда катта маош сўрашлари табиий. Виктор Скрипник эса украиналик ва муҳими футбол сир-асрорларини Германияда узлаштирган. Мураббий сифатида ҳам тўлиқ Германия футбол мактабида таҳсил олган. Бу каби бой имконият ва билимларга эга, ёш истеъдодли ҳамда келажаги порлоқ мутахассисни қўлдан чиқармасак яхши бўларди. Скрипник бизга ҳар тарафлама мос тушадиган ва зарур бўлган сифатларга эга кам сонли мураббийлардан бири, десак муболаға бўлмайди.
Айни пайтда Скрипник ишсиз ва ҳозирда эркин агент саналади.
Хоп, Скрипник бизга маъқул келди ҳам дейлик. Энди Скрипник таклифга қандай жавоб бериши мумкин. Аниқроғи, нега бизнинг таклиф уни қизиқтириб қўйиши мумкин?
Биринчи навбатда Скрипник жамоасиз ва унга терма жамоадан тушадиган ҳар бир таклиф анча қизиқарли бўлиб кўриниши мумкин. Иккинчи тарафлама, Ўзбекистон терма жамоаси Россияда бўлиб ўтадиган мундиал чиптаси учун курашмоқда ва бу Скрипник ўзини мураббий сифатида кўрсатиши учун яхшигина чорлов бўлади. Терма жамоамизнинг ҳозирги ҳолати бироз қийин, аммо ечиб бўлмайдиган масала эмас. Агарда Скрипник таклифни қабул қилса ва вазифани уддалайдиган бўлса, унда бу нафақат биз учун, балки украиналик мутахассис учун ҳам катта ютуқ ҳисобланади.
Марат Аксанов, Шаҳбоз Беғамов
Фикрлар