Ўзбек футболига натижа берадиган услуб қандай? Суперлигага ВАР керакми? - Жасур Абдураимов билан интервью
12 июл 2021 16:20
Янгиликлар
Ўзбек футболига натижа берадиган услуб қандай? Суперлигага ВАР керакми? - Жасур Абдураимов билан интервью
Ушбу учрашувдан сўнг бош мураббий Андрей Шпилов истеъфога чиқарилди. Иккинчи турдан ўрин олган "Бунёдкор"га қарши баҳсдан кейин эса жамоани тажрибали мутахассис Жасур Абдураимов қабул қилиб олди. Натижада жамоанинг ўйинида ҳам ўзгаришлар юз берди. Аввалгидан фарқли равишда ҳужумкор ва тактик томондан футбол кўрсатишга ҳаракат қила бошлади. Суперлигада "Локомотив", "Насаф" каби кучли жамоалар мағлуб этилди. Биз "Металлург"нинг биринчи даврадаги иштироки ҳусусида жамоа бош мураббийи Жасур Абдураимовнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Бошқа услуб остида йиғилган футболчилардан иборат жамоада ўзингизнинг услубингизни сингдириш қийин бўлмадими?
- Суперлигада биринчи даврадаги иштирокимизни олиб қараганда, тактика ва ўйин жиҳатдан ҳеч қайси жамоага мағлуб бўлмадик. Жамоанинг ўйин услубини ҳужумкор футболга ўзгартирдик. Бир нарсани тушунинг, футболчиларга ҳам мослашиш ва ўзлаштириш учун маълум вақт керак. Ўзингиз ҳам айтяпсиз, жамоа олдин бошқача фалсафада ўйнаган. Лекин ҳимоявий ва эҳтиёткор футбол менинг услубим эмас. Мен ўзимнинг қарашларимни, услубимни сингдиришим кераклигини билардим. Мураббий ўзининг тактикасига қараб футболчи танлайди. Лекин мен мавсум бошлангандан сўнг жамоага келдим. Олдимда танлов имконияти йўқ эди. Клуб президенти таклиф қилгач розилигимни билдирдим. Муҳими клубнинг мақсадлари бор. Жамоавий ўйинга қайсидир футболчи тезда мослашиб кетади, яна баъзилари қийналади. Ақлли ва тезкор футболчиларда бу жараён осон кечади. Масалан, "Пахтакор"да Жалолиддин Машарипов ва Драган Черан. Тез фикрлаш, тўпни назорат қилиш муҳим. Агар жамоанг гол уришни истаса, доим олдинга ҳаракат қилиши лозим. Тўпни йўқотдингми, 5 сониядаёқ олиб қўйишинг керак. Таваккал қилмасанг, олдинга ўтмасанг ҳеч қандай натижа қила олмайсан. Бугунги замонавий футбол шуни талаб қилмоқда. Ҳаттоки ўша ҳимоявий ўйини яъни "катеначчо" билан танилган Италия ҳам айни пайтга келиб бошқача футбол ўйнаяпти. Футболнинг талаблари ўзгармоқда. Англия услубини қай даражада ўзгартирганини кўринг. Бизга ҳам шу нарса керак. Майли қайсидир жойда хатоларга йўл қўярмиз. Бироқ бизга ғалаба ва натижа келтира оладиган ўйин шу. Мен буни "Пахтакор" мисолида кўрдим. Европа чемпионатини кўряпмиз. Шунчаки эмас, ўзимиз учун нимадир фойдали нарса олишга интилмоқдамиз. Тўп билан, тўпсиз, қайси позицияда, қайси футболчи, тактик чизмалар ва ҳоказо. Футболчи жуда кам вақт ичида тез қарор чиқара олишни билиши даркор. Ўзбекистонда "Насаф", "Пахтакор" биз каби чиройли ўйин кўрсатмоқда. Бевосита ўтказган ўйинларимизга тўхталадиган бўлсам, кўрган бўлсангиз "Пахтакор" билан икки метрлик офсайдни кўра олишмади. "Навбаҳор" билан баҳсда ғалабага яқин эдик. Ёш болаларча қилган хатоларимиз қимматга тушди. Нимадир етишмаётгани кўринмоқда. Битта ўйинда яхши ўйнасак, иккинчи ўйинда ўхшамаяпти. Лекин машғулотлар жараёнида буни тўғирлаймиз. Сўнгги турда ўйинимиз чиқмади, тан оламан. Иккита асосий қуролимиз Акбар ва Саламатнинг йўқлиги панд бериб қолди. Биринчи гол пенальтидан, иккинчисини эса рақиб футболчиси боши билан гол урди. Биз яқин масофадан тўп кирита олганимиз йўқ. Буни футбол дейишади. "Турон"нинг охирги 4-5та ўйинини кузатдим. "Пахтакор", АГМК билан тенгма-тенг ўйнашди.
- "Металлург" ҳужумкор услубга ўтгач орқа чизиқда муаммолар юзага кела бошлади. Ҳимоячилар аксарият вазиятларда позицияларни эгаллашга қийналишмоқда. Рақиб қарши ҳужумларда гол уриб кетмоқда...
- Жамоада мураббий айтаётган нарсани барча бирдек тушуниши қийин. Майдонда барча бир-бирини қўллаб-қувватлаши керак. Айтганлирингизни 6та ўйинчи тушуниб, 5таси тушунмаса, ўйлаганларингиз амалга ошмайди. Чунки жараён шундай. Дарвозабон фақат қўл билан эмас, ақл ва оёқ билан ҳам ўйнашни билиши зарур. Бунинг учун ишлаш керак. Ҳаммаси бирданига бўлиб қолмайди. Уч йил бошқача тактикада тўп тепган футболчи уч ойда янги услубга ўрганиши осон бўлмайди. Иккинчи даврага жамоани муносиб тайёрлашга вақтимиз бор. Рақобатни кучайтирамиз. 4-5 нафар футболчи билан таркибимизни тўлдирамиз. Биринчи галда тикланишга эътибор қаратамиз.
- Интервьюларингизда футболда доим ташкилотчилик яхши бўлиши керак, деган фикрни илгари суриб келгансиз. "Металлург"да ташкилотчилик масалаларига эътибор қандай?
- Клубда бу борада вазият яхши. База бор, машғулотлар учун шароитлар яратилган. Футболчиларнинг овқатланиши ва бошқа нарсалар яхши йўлга қўйилган. Ҳаммаси режадагидек. Секин-аста ташкилотчиликдаги қолган масалаларни ижобий томонга ўзгартириб бормоқдамиз.
- Май ойидаги танаффусда жамоага жисмоний тайёргарлик бўйича янги мутахассис келгани ҳақида хабар чиқди. Айримлар уни пиар учун келди, деган фикрлар ҳам билдирди...
- Бу ҳеч қандай пиар эмас. Ушбу мураббий яқин танишим. Ўзим ҳам соғлиғим учун унинг қўл остида шуғулланаман. Масалаҳатларини оламан. У клубда доимий ишламайди. Танаффус вақтида футболчиларга зарур машқларни беради, тавсиялари билан ўртоқлашади. Чунки футболчиларда жароҳат олиш ҳолатлари кўп учрайди. Мускулларида муаммолар пайдо бўлади. Мураббий ўзидан буни ўтказган. Тўғри олдин футболда ишламаган. Лекин ўзининг ёрдамини беришга ҳаракат қилди.
- Ёзги трансферлар ойнаси вақтида таркибга қўшиб олинган Иброҳим Ибрагимов, Бобур Давлатовни ўзингиз таклиф қилдингизми ёки бу раҳбарият, селекционерларни тавсиясими? Улар жамоани қай даражада кучайтира олади?
- Иброҳим Ибрагимовни ўзим таклиф қилдим. Ундан олдин клубда фаолият олиб бораётган селекционер мураббий, техник директор, бош директор футболчини кўришимни айтишди. Тошкентда "Бунёдкор" - "Навбаҳор" учрашувини бевосита стадиондан кузатдим. Ўйини ва ҳаракатлари маъқул келди. Ўйлайманки, бизга фойдаси тегади. Боз устига айни ўйнайдиган ёшда. Бобур Давлатов ҳақида ҳам эшитгандим. Унинг ҳам хизматидан фойдаланамиз. Улар услубимизга қай тариқа мослашиб кетади вақт кўрсатади. Муҳаммад Исаев ва Худойшукур Сатторов ижарадан қайтди. Яна бир нечта футболчилар билан музокаралар кетмоқда. Ҳозирча 50/50 бўлиб турибди. Легионер олмаймиз.
- Жорий йилдан эътиборан Суперлигамизда илк бор қўлланилаётган ВАР тизими ҳақида фикрингиз қандай? Эътирозлар ва баҳсли ҳолатлар кўп бўлаётганини ҳисобга олсак бизга ВАР керакми, деган савол туғилади....
- Менимча, биз ҳали тайёр эмасмиз. Ўйиннинг интенсивлигини йўқотиб қўймоқдамиз. Европада бунга астойдил ўқишган, тайёрланишган. Жуда кўп тўхталишлар сабаб тоза ўйин вақти камайиб кетмоқда. Ўйинда тўхталишдан сўнг яна ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келяпти. Ҳар бир тўхталиш 5-6 дақиқани олмоқда. ВАР тизимида ҳам ҳакамлар тезкор қарор қабул қилишни ўрганишлари керак.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Фикрлар