UZ

Сўнгги янгиликлар

00:05"Динамо" Жаҳонгир Ўрозов ва Муҳаммадали Турсуновни ўз таркибига қўшиб олди  0 23:30Жоау Канселунинг кейинги манзили Саудия Арабистони бўладими?  0 22:55Ханс-Дитер Флик: "Ямалнинг оёғи ердан узилмаслиги керак"  1 22:15ОКМК назорат ўйинида "Олимпик"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 21:35Матс Хуммелс Еврокубокларда ўйнайдиган А Серия клубига ўтиши мумкин  0 20:54"Қизилқум" назорат ўйинида "Локомотив U21"га мағлуб бўлди  0 20:31Расман: Стадиондаги муаммо сабаб "Динамо" — "Навбаҳор" учрашуви қолдирилди  47 20:00Де Хеа фаолиятини А Cерияда давом эттирадими?  1 19:39Ана холос! "Рома" ва "Тоттенхэм" собиқ ҳужумчиси 11 йилдан сўнг фаолиятини тиклашга қарор қилди  4 19:13УEФА Суперкубоги ўйинини ким бошқариши маълум  0 18:49Погбанинг акаси Бельгиянинг учинчи лигасида ўйнайди  4 18:25"Бунёдкор" собиқ бош мураббийи Парижда ўғриликка учради  13 18:01"Шўртан" учта трансферни амалга оширди  3 17:39"Ланс" "Челси" собиқ ҳимоячиси билан битим тузди. У Ҳусановга рақобатчи бўлади  5 17:15Тер Штеген – "Барса"да сардорлик учун асосий номзод  2

Олий ва ёшлар лигасида шароитлар қанчалик яхши? Янгиликлар

Олий ва ёшлар лигасида шароитлар қанчалик яхши?

ОФК томонидан қўйилган талаблар йилдан-йилга ортиб бораётган бир пайтда биз баъзида олий лигада аслида бўлмаслиги керак муаммолар ҳақида гапириб қоляпмиз.

2016 йилги мавсумда олий лига ва ёшлар жамоалари иштирокидаги учрашувларни кузатиш асносида ҳар бир клубнинг асосий таркиб ҳамда ёшлар жамоаси учун уй ўйинларига ташриф буюриб, жамоалар, журналистлар ва мухлислар учун яратилган шароитларни кўздан кечирдим. Жойлардаги ҳолатлар қандай экани ишқибозларга маълумот бериб ўтиш фойдадан холи бўлмайди.

Баҳо беришни ҳудудлар жойлашуви тартибида, Бухородан Фарғона водийси жамоаларига қадар кетма-кетликда тақдим этамиз. Мавсумни анча муваффақиятли ўтказган “Бухоро” ҳозирча шароитлар бўйича унчалик мақтана олмайди. Ёшлар лигаси беллашувларини клубга қарашли базада ўтказиб келишяпти. Майдон сифати ўртача, кийиниш хоналардаги шароитлар ёш футболчилар учун ёмон эмас, бироқ хона жуда кичик эди. Ёшлар учун ортиқча қулайликлар талаб этишни ёқламаймиз. Асосий жамоа ва “Бухоро” стадиони тўғрисида тўхталадиган бўлсак, стадион клубга қарашли эмас. Учрашув мобайнида стадион ходимлари ўз билганича йўл тутишига гувоҳ бўлгандим. Матбуот ходимлари учун етарлича ўриндиқлар муҳайё қилинган, аммо интернет мавсум бошида ОАВ учун тақдим этилмаганди. Кийиниш хонасидаги шароитларга эса яхши баҳо берса бўлади. Бухороликлар жамоа натижаларига яраша ўсиб боришни исташса, клуб ва стадион ўртасида бир-бирини тушуниш даражасини яхшироқ савияга чиқаришлари лозим. Қолаверса, қўшимча қулайликлар ҳеч қачон зиён қилмайди.


“Қизилқум” уй ўйинларини Навоий шаҳридаги Ёшлик қўрғонидаги стадионда ўтказиб келмоқда. Ёшлар жамоаси эса “Зарафшон” бир пайтлар олий лигада фаолият кўрсатган пайтдаги стадиондан фойдаланади. Эски стадионнинг ҳолати ёмон эмас, аммо майдон сифатини яхшилаш ёшлар учун ижобий ҳолатга айланарди. Янги стадионнинг кийиниш хоналари ва майдон жуда яхши ҳолатда. Бу борада аввалгига нисбатан ижобий ўзгаришлар бўлгани ҳақиқат. Шу билан бирга стадионда камчиликлар ҳам мавжуд. Айтайлик, матбуот вакиллари учун жойни томошабинлардан ажратилган ҳолда тайёрлаш, интернет алоқаси борасида муаммолар бор. Бизнингча, озгина ҳаракат қилинса, буни бемалол ҳал қилиш мумкин. Трибуналар тепасида етарлича бўш ҳудуд мавжуд. Ўша ерда ўйин кунлари матбуот ложасини ташкил қилса бўлади.

Қашқадарё клублари эса бир неча йил олдиноқ инфратузилма борасида ишларини яхшилаб олишгани маълум. Олий лигада энг кеч пайдо бўлган клуб “Шўртан”га эътибор қаратсак, кичик бир туманда жойлашган бўлишига қарамай, зарур шароитларнинг барчаси муҳайё қилинган. Ёшлар жамоаси ўйинини футбол мактаби бош майдонида ўтказади. Майдон ҳолати яхши, ёш футболчилар бемалол чиройли ўйин намойиш эта олишади. Асосий стадионда ҳам имкон қадар қулай шароитлар муҳайё қилинган. Матбуот ложаси, интернет ва унда компьютердан фойдаланишда муаммолар учрамайди. Охирги йилларда бу клубнинг бюджети жуда катта эмас, лекин ўзидан кўпроқ пул ишлатадиган баъзи жамоаларга нисбатан шароитларни яхшироқ йўлга қўйган.

“Машъал”да тузилмани яхшилашга 2000-йиллар ўрталаридаёқ катта эътибор қаратилган. Муборакда ҳамон бу борада ишлар жойида. Ёшлар жамоаси учрашувларини кичик стадионда ўйнаб келмоқда. Майдон сифати борасида эътироз билдириш қийин. Асосий таркиб учун шароитлар анча яхшиланган. Кийиниш хонасида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланганини таъкидлаш лозим. Барча зарур қулайликлар яратиб берилган. Матбуот ходимлари учун юқори тезликдаги интернет, қулай ўриндиқлар тайёрлаб қўйилган. “Машъал”нинг ишларига бу жиҳатдан аъло баҳо қўйиш мумкин.

Вилоятнинг бош клуби ҳисобланган “Насаф” ҳар йили Чемпионлар лигасида қатнашаётгани сабабли ташкилий ишлар ва шароитлар борасида камчиликларга дуч келмайди. Олий лигада, албатта. ОФК талабларини бажариб юрган клублар учун олий лига учрашувларини ўтказиш муаммо туғдирмайди. Ёшлар жамоаси беллашувларни ўз базаларида ўтказишади. Майдон сифатига фақат ижобий баҳо берса бўлади. Асосий стадионда эса олий лига даражасида бирор камчилик топиш қийин. Медиа трибуна, интернет, медиа маркази – барчаси бир жойнинг ўзида журналистлар ихтиёрига тақдим этиб қўйилган. Қаршида учрашув давомида бемалол ишлашдан қўрқмаса бўлаверади. Афсуски, шундай шароитларни муҳайё қилиб қўйган клубларимиз сони кўпни ташкил этмайди.


Жиззахдаги стадион “Сўғдиёна” ихтиёрига топширилганига унча кўп бўлгани йўқ. Шароитлар яратишда клуб имкон қадар ҳаракат қилиб келмоқда. Кийиниш хоналари ва майдон сифати борасида камчиликлар йўқ. Фақат махсус медиа трибуна қилинмагани сабабли ўйиннинг аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда ОАВ учун жойлар ташкил қилинади. Интернетдан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд. Ёшлар жамоаси эса базада баҳсларини ўтказади. Шундоққина табиат қўйнида ва дарё бўйидаги майдонда тўп тепиш ёш футболчиларга завқ бағишласа керак, аммо ўриндиқлар йўқлиги туфайли мухлислар жамоалар захира ўриндиғига ҳаддан ташқари яқин келиши асосий муаммолардан биридир.

Тошкент шаҳридан олий лигада ўйнаётган клублар сони айни пайтда 4тага етган. Улар орасида энг ёши ҳисобланган “Обод”нинг стадиони талабга жавоб бермагани сабабли клуб “Жар” стадионидан ижара асосида фойдаланиб келмоқда. Кийиниш хоналари ва майдон борасида ҳолатга яхши баҳо бериш мумкин. Фақат ОАВ учун интернет йўқ. “Обод” олий лигада илк мавсумини ўтказгани туфайли буни тўғри қабул қиламиз. Ёшлар таркиби сунъий қопламали майдонда ўйнашини ҳисобга олмаса, бошқа тарафдан шароитларга қониқарли баҳо берамиз.

“Локомотив” жамоани кучайтирган бўлса-да, клуб сифатида тузилмани шакллантиришда негадир узоқ муддат рақобатчиларидан ортда қолиб юрди. Бу йилдан ТТЗ мавзесидаги стадионда интернет алоқаси яхшиланди, аммо ТТЙМИда ўйнаган пайтларда бу муаммога айланди. ОАВ учун кўп нарса шарт эмас – интернет, стол-стул ва электр. ТТЙМИда журналистларга ажратилган жой борасида ҳам муаммо бор. Ёки барча ўйинларни “Локомотив” стадионида ўтказиш имконини кўриб чиқиш лозим. Ёшлар жамоаси ТТЙМИ ва “Дўстлик” стадионидан фойдаланиб келади. У ердаги шароитларга фақат аъло баҳо бера оламиз.

“Бунёдкор” стадиони юртимиздаги энг замонавий арена саналади. Шу сабабли унда барча учун қулайликлар яратиб қўйилган. 4 кийиниш хонаси жамоалар ихтиёрида бўлади. Майдон сифати бўйича камчиликни аста-секин ҳал қилишмоқда. Интернет тезлиги ёмон эмас. Фақат ОАВ ходимлари учун мўлжалланган трибунага ишқибозлар орасидан ўтиб бориш қийинчилик туғдиради. Бундан ташқари, мухлислар кўп келган учрашувлардан кейин матбуот анжумани хонаси ва медиа марказига ўтиб боришда журналистлар муаммоларга дуч келишади. Лекин бу камчиликни аниқ бир беллашувнинг ўзида ҳал қилиб туриш мумкин. Ёшлар жамоаси академия майдонидан фойдаланади. У ерда кўплаб майдонлар ёш футболчилар ихтиёрига топширилган.


“Пахтакор” стадионида жамоалар, ҳакамлар ва бошқа расмийлар учун қулай шароитлар яратилгани ҳеч кимга сир эмас. Клуб молиявий тарафдан юз тутган даврда ҳам қулайликлар тақдим этишга имкон қадар уриниб келади. Майдон сифати борасида стадионда ҳеч қачон муаммо пайдо бўлмаган. Ҳатто, мавсум тугагандан кейин ҳам унга одатдагидек қаралади. Медиа трибунаси ва мартабали меҳмонлар учун мўлжалланган ложаларда учрашувдаги лавҳаларни томоша қилиш учун телевизорлар ўрнатиб берилган. Бу ОАВ ходимларига қулайлик туғдиради, албатта. Исталган вазиятга такрорий лавҳани кўриш орқали тўғри баҳо бериш имконияти юзага келади. Шунингдек, медиа трибуна ва матбуот анжумани хонасига киришда ишқибозлар билан тўқнаш келмаслик вақтни тежайди. Журналистлар учун бу катта аҳамиятга эга. Стадионларни қуришда ёки ундан фойдаланишда айнан шундай йўл тутилишини хоҳлаган бўлардик. Медиа трибуна ва матбуот анжумани хоналарининг бир-бирига яқин бўлиши муҳим аҳамият касб этади. ПФЛ буни барча клублардан талаб қилиши лозим. Ёшлар жамоаси ўйинларини “Пахтакор” Қибрайдаги база ҳудудида жойлашган стадионда ўтказади. Бу йил таъмирдан чиқарилган стадион майдони яхши кўринишда. Фақат кийиниш хонасидаги шароитларни яхшилаш даркор.

Тошкент вилоятининг икки клуби – “Металлург” ва “Олмалиқ”нинг яратган шароитларига яхши баҳо бериш мумкин. Бекободда ОАВ учун жуда қулай жой ажратилган. Ягона камчилик интернет билан боғлиқ. Жамоалар кийиниш хоналари, майдон сифати ва бошқа жиҳатлар бўйича ишга туширилганига унчалик кўп бўлмаган стадионда камчиликлар деярли йўқ. Ёшлар таркиби Анатолий Анохин номли аввалги стадионда учрашувларини ўтказади. У ерда ўртача қулайликлар яратиб қўйилган.
“Олмалиқ” учун ОКМК бир неча йил илгари барча қулайликларга эга янги стадионни қуриб берди. Майдон жуда яхши кўринишда бўлиб, жамоаларга кийиниш хонасида қўлдан келганча қулайликлар муҳайё этилган. Интернет, ОАВ учун жой, матбуот анжумани хонасининг бемалол ўтиб борса бўладиган жойда экани ёқимли ва ижобий ҳолатлардан бири. Олмалиқдаги стадион, ундаги шароитга яхши баҳо берамиз. Ёшлар жамоаси эса эски стадионда майдонга тушиб келяпти. У ерда кўп йиллар олий лига беллашувлари ўтказилган. Шу сабабли ёшлар учун қулайликларни яхши деб айтиш мумкин.

Энди эса инқирозга киргани сезилиб турган Фарғона водийси жамоалари яратган шароитлар хусусида маълумот бериб ўтсак. Дастлаб “Қўқон-1912”дан бошласак. Ҳусанхон Муҳиддинов номли стадионда асосий таркиб ва ёшлар жамоаси ўйинларда майдонга тушиб келмоқда. Майдон ҳолатигача ўртача баҳо бера оламиз. Кийиниш хонасида ёз пайтида ҳавонинг ўта исиб кетиши борасида муаммо мавжуд. Қўқонликларга у ерга яна бир кондиционер қўйиш ва яна бир бор таъмирлашни маслаҳат бериб қолардик. ОАВга шароитлар бўйича муаммо йўқ. Бу томондан қойил қолсак бўлади. Жамоа олий лигада узоқ муддатли танаффусдан кейин энди 2-мавсумини ўтказди, бироқ журналистлар учун зарур шароитни яратиб улгурди. Алоҳида трибуна, интернет ва ўйиндан кейин алоҳида йўлдан матбуот анжумани ўтадиган хонага тушиб бориш имконияти бор.

“Нефтчи” олий лига клублари орасида энг янги стадионга эга бўлган жамоалардан бири саналади. “Истиқлол” стадионидаги шароитлар аввалги стадион билан солиштирганда ер билан осмончалик. Кийиниш хонаси ўта кенг, унда барча қулайликлар муҳайё қилинган. Майдон сифати ҳам бошқа клублардаги нисбатан яхшироқ ҳолатда. ОАВ учун ҳам имкон борича шароитлар тақдим этилган. Бироқ бу натижалар ва мухлислар ташрифига ижобий таъсир қилганича йўқ. Ёшлар жамоаси Қиргулидаги база стадионида майдонга тушмоқда. У ерда озроқ вақт олдин олий лиганинг марказий беллашувлари ўтказилган. Шу сабабли шароитлар ёшлар таркиблари учун жуда яхши кўринишда деб айтсак бўлади.

“Навбаҳор” ҳам янги стадионга эга бўлиб улгурган. Майдон мавсумнинг аксар қисмида яхши футбол намойиш этишга имкон берадиган ҳолатда туради. Кийиниш хоналари ва жамоалар учун бошқа шароитлар замонавий талабларга жавоб беради. Журналистлар учун алоҳида жойлар мавжуд. Интернет, электр билан таъминлашда камчилик учрамайди. Бизнингча, “Навбаҳор” бундай шароитлар билан бемалол юқорироқ поғоналарда юришга даъвогарлик қилади. Ёшлар жамоаси ҳам асосий стадиондан фойдаланади.


Охирги клуб – “Андижон” хусусида фикр юритамиз. Ёшлар таркиби Олтинкўлдаги стадионда ўйнади. Бир пайтлар бу жамоа биринчи лигада фаолият юритарди. Олтинкўлда кийиниш хонасини сал яхшиланса, қолган масалалар борасида муаммо йўқ. “Баркамол авлод” стадионида эса баъзи шароитларни яхшилаш даркор. Илгари ОАВ учун ноқулай жой ажратилганди. 2016 йил марказий секторлардан бирида шароит ҳосил қилинди, аммо ишқибозлар орасида ишлаш баъзан ноқулайлик туғдиради. Интернет бўйича камчилик умуман йўқ. Кийиниш хоналарида ижобий ўзгаришларни кўрдик. Бир йил илгариги вазият билан таққослаганда жамоалар учун яратилган шароитлар сезиларли даражада яхшиланган.

Барча стадионларда ишқибозлар учун яратилган қулайликларни ўртача ва ундан пастроқ деб айтишимиз мумкин. Ўйинга уларни жалб қилиш ва шоу тақдим этишда клублар имкониятдан фойдалана олишмаяпти. Шунингдек, ПФЛ олий лига клубларига қўйилган минимал талаблар бажарилишини кучлироқ назорат қилишини истардик. Кимдир қилган ишни бошқалар ҳам қила олади. Фақат буни талаб қилиш лозим.


Беҳзод НАЗАРОВ.

Рейтинг: -7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика