UZ

Сўнгги янгиликлар

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  3 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Мутолаа учун. "Автобус"лар "катеначчо"дан келиб чиққани ҳақида биласизми? Янгиликлар

Мутолаа учун. "Автобус"лар "катеначчо"дан келиб чиққани ҳақида биласизми?

Бир вақтлар биз Шарқий Европа клублари Чемпионлар Лигасидаги ўйини ва Греция Евро-2004 финали охирида қандай ўйин намойиш қилгани ҳақида билмасдик.

Қолаверса, у аксарият мухлисларга ёқмаслигини билардик-ку, лекин у қандай номланиши кўпчиликка маълум эмас эди. 

Барчаси 2004 йил кузда Моуринью Англияга келгач ўзгарди. АПЛнинг 6-турида унинг жамоаси "Тоттенхэм"га қарши майдонга тушди, аммо унга қарши охирги йиллардаги ёрқин, ҳужумкор ўйин намойиш этадиган жамоа эмасди. "Шпорлар" ҳимояда беркиниб олди ва "0:0" учун ўйнади.


Ўйиндан сўнг Моуринью "ёниб кетгудек" эди:

"Португалияда бундай ҳолларда "Тоттенхэм" дарвозаси олдига "автобус" қўйиб олди дейишади. Мен учрашув чиптаси учун 50 фунт тўлаб, учрашувга кирган мухлис бўлсам, бундай ўйиндан ҳафсалам пир бўлиб уйга қайтардим. "Шпорлар" ҳимояланиш учун келишибди. Биз гол уришни истагандик, улар эса йўқ. Биз футбол ўйнамоқчи эдик, улар — йўқ. Улар тўпни шунчаки тўғри келган томонга тепиб юборишди ва худди ўлаётгандек йиқилишди. Бир неча бор шифокор майдонга тушишини сўрашди. Тимоте Атуба камида 5 дақиқа ётди, яна 5 дақиқа майдондан чиқиб кетишига кетди. Мен жуда хафаман. "Тоттенхэм" лойиқ бўлмаган бир очкосини қўлга киритди.

Ўйин сўнгида биз ҳамма ҳужумчиларни майдонга туширдик: Кежман, Дафф, Дрогба, Гудьонсен. Рақибингиз ғалаба қозонишни хоҳлаётганини билсангиз, ҳеч қачон бу қадар кўп форвард билан ўйнамайсиз. Кейинги сафар биз Галлас ва Смертиннинг ўрнига Муту ва Роббенни қайдномага киритамиз. Бизга ҳимоячилар керак эмас экан".

Жавоб ҳам ўзини куттирмади. "Тоттенхэм" мураббийи Жак Сантини футболчилар маҳорати ва имкониятлар тенг эмасди. Шу сабаб топ-клубларга қарши ҳимоядан ўйнаймиз, бошқа рақибларга қарши бундай ҳаракат қилмаймиз-ку. Аммо жамоатчилик унинг сўзларига унчалик эътибор бермади. 


"Автобус" — бу тактика эмас, шунчаки жон сақлаш. Моуриньюнинг иккинчи "Челси"си ва Бердиев "Рубин"и шундай ўйнаган  

Кейинчалик Жозенинг гаплари салбий маънода ишлатила бошланди ва ҳимоявий ўйин намойиш қилган, кўпроқ вақтини ҳимояда ўтказган ҳар қандай жамоага "автобус" деб таъриф бера бошлашди. Жамоа ўзи истамай ҳимояланса ҳам, уни аяб ўтиришмади (Гвардиола давридаги "Барса"нинг аксарият рақиблари буни яхши билишади). Бироқ бу нотўғри.

Автобус — бу шунчаки ҳимоявий футбол эмас, бу жон сақлаш усули. Тўп чизиғидан орқадаги 10 футболчи, 3та кучли ҳимоя блоклари, тўпга ташланиш йўқ ва вақтни имкон қадар чўзиш — ўтказиб юборилган голлар графасидаги "0" учунгина ўйналадиган футбол. "Автобус"да ҳаммаси оддий, унда ортиқча нарса ўйлаб топишингизнинг кераги йўқ. Қолган ҳимоявий тактикалардан фарқи ҳам шунда. Улар қанчалик ҳимояга асосланган бўлмасин, олиб қўйилган тўпдан тезроқ қутулиш, дуч келган томонга тепиб, дарвозадан узоқлаштиришнигина ўйламайди. 

Ҳақиқий "автобус"лар футбол тарихида у қадар кўп бўлмаган. Тўғри, вазиятдан келиб чиқиб ҳатто, топ-клублар ҳам баъзи ўйинларда ҳамда ҳал қилувчи паллаларда шундай ҳаракат қилишган. Аммо бу тўлақонли "автобус" ҳисобланмайди. Фақатгина "автобус" ўйнайдиган жамоа деярли йўқ. Сабаби, бу иш бериб, гол қўйиб юбормаган тақдирда ҳам, жамоа жуда кўп дуранглари билан барибир чемпионатни тарк этади (мисол учун, Греция-2004 "автобус"дан эмас, катеначчонинг ўзига хос туридан фойдаланган ва фақат зарур паллаларда "автобус"га мурожаат қилган). Шу сабабли, "автобус" деб марказий ўйинларда мунтазам ҳимояга "ётиб оладиган" жамоаларни айтсак тўғри бўлади.

2000 йиллардаги "Рубин" шундай эди — ким билади, балки ўша жамоа ҳамон Мессининг қўрқинчли тушларига кириб чиқар... Олти нафар ҳимоячи, деярли ҳар бир ҳудудда сон жиҳатдан устунлик, тўп ошириш учун деярли вариант қолдирмаслик россияликларга ҳатто "Камп Ноу"дан очко олиб кетиш имконини берган. "Рубин" Гвардиола қўл остидаги "Барселона"ни ўйин давомида 3 бор зарба бериб, ютиб кетган. РПЛнинг 2010 йилги мавсумида 30 ўйинда 16та гол қўйиб юборган.

Моуриньюнинг "Челси"га қайтиши биринчиси каби ёрқин бўлмади. Лондонликлар энди Европанинг энг ёрқин, вертикал ўйин намойиш этадиган жамоалари қаторида бўлишни истамади — бунинг ўрнига Жозе қачонлардир "Тоттенхэм"ни бундай айблаган "автобуслар"га мурожаат қилди. Чемпионлар Лигаси ярим финалида Мадридга келган Моуринью "Атлетико"ни бир ярим соатга "Барса"га айлантириб қўйди: Эль Чолонинг курашувчан йигитлари тўпга тўлиқ эгалик қилишди, "Челси" эса жарима майдончаси олдига 5 нафар ҳимоячи қўйиб, бутун ўйинда 2та зарба бериб, Испания пойтахтидан 0:0 ҳисобидаги дурангни олиб кетди.


"Автобус"лар "катеначчо" тактикасидан келиб чиққан. У ҳам ҳимоявий бўлган, аммо кучли қарши ҳужумга таянган

Ҳимоявий жамоалар ўйини "автобус" дейилгунга қадар, бу каби "мақтовлар" "катеначчо"га айтиларди. Уни ҳам кўпчилик хушламасди, лекин "автобус"дан фарқи, ундан қўрқишар эди. "Катеначчо" ўз дарвозасини ҳимоя қилишдан ташқари, кези келганда рақибникига таҳдид соларди.  

Бугунги "автобуслар" "катеначчо" туфайли юзага келган. Барчаси 1930 йилларда, австриялик мураббий Карл Раппан тушида жамоасининг мағлуб бўлганини кўради. Унинг ҳимоясини тезкор футболчи "ёриб ўтади" ва бирорта рақиб уни тўхтата олмайди. Шундан сўнг, Раппан янги ҳимоявий тактикани ишлаб чиқади — верроу. Карл битта ярим ҳимоячини олиб, унинг ўрнига учала ҳимоячидан ҳам орқароқда ўйновчи марказий ҳимоячини қўяди; жамоа жойлашуви 1-3-3-3 каби кўриниш олади. Футболда "тозаловчилар" пайдо бўлди.

1940 йиллар охирларида италиялик Нерео Рокко 1-3-3-3 тактик схемасини олади ва унинг асосида "катеначчо"ни ўйлаб топади. 

Кўл бўйидаги ҳолатдан сўнг унда шундай ғоя туғилади: тажрибали овчилар иккита асосий тўр ортидан, учинчисини бойлашди — дастлабки икки тўсиқдан ўтган балиқ хавф ортда қолди деб бўшашади ва қўшимча тўрга илинади. Ўйлаб қараса тўғри-да, рақиб гол уролмаса, ғалаба қозонмайди. Рокко шафқатсиз ҳимоявий усул яратади. "Катеначчо" бир нечта принциплар асосида пайдо бўлган:

• бир нечта блокдан иборат чуқур ҳимоя, деярли барча ҳимояланишда иштирок этади;

• ўз ярим майдони кузатувини қўлда ушлаб туриш ва ҳар бир рақиб билан максимал даражада яқин, "қаттиқ" ўйнаш;

• ҳимоячилар ортидаги "тозаловчи";

• тўпни олиб қўйилиши билан узун пас ёрдамида тезкор ҳужум.

Параллел равишда бу усулни "Интер" бош мураббийи Эленио Эррера ҳам ривожлантириб борарди. Унинг талқинида кутилмаганда ҳужумда пайдо бўладиган ҳимоячи бор эди. 60-йилларда "катеначчо" бутун дунёга машҳур бўлиб, тарқалиб кетди. Эррера ва Рокко икки бор Чемпионлар Кубогини қўлга киритди. 1990 йиллар бошида Фабио Капелло "катеначчо"ни янада такомиллаштирди ва тарихдаги энг совуққон "машина"ни яратди: "Милан" 1993/94-йилги мавсумда 34 ўйинда 36та гол уриб чемпион бўлди. Лекин энг муҳими жамоа ўша мавсум бор йўғи 15та гол қўйиб юборган.

"Катеначчо" кучсизлар учун умид "фариштасига" айланди: бунинг учун катта харажатлар талаб қилинмас, минимал бюджет билан ҳам катта натижаларга эришиш имконини берарди. Лекин вақт ўтиши билан жамоалар ушбу усулнинг муҳим жиҳати — қарши ҳужумлар эканлигини унута бошлашди. Бироқ ҳимояга мустаҳкам "ётиб олишни" яхши ўрганишди.

"Мени услубимни кўчирган аксарият мураббийлар буни нотўғри бажаришди, — норозилигини билдиради Эррера. — Улар "катеначчо"нинг муҳим бўлаги, қарши ҳужумлар ҳақида унутишди. Ҳа, мен "тозаловчи" билан ўйнаганман. Лекин менда Факкетти, ҳужумчилардан кўп гол урган ҳимоячи, ҳам бор эди".

Қайсидир маънода "автобус"лар — "катеначчо"нинг омадсиз нусхаси. У тактик ҳимоядаги ҳаракатларни — бир нечта блокли чуқур ҳимоя, деярли барча футболчиларнинг ҳимояланишда иштирокини яхши ўзлаштирди. Аммо ҳал қилувчи нарсани эътибордан четда қолдирди. "Катеначчо"да ҳужум ҳимоя орқали қуриларди. Тўпни олиб қўйгач, жамоа бир нечта вертикал тўп ошириши билан олдинга "учарди". Агар бунинг имкони бўлмаса, ҳимояга яқин ҳудудда тўпга эгалик қилиш орқали, Бонуччи усулида рақиб жарима майдончасига узун тўп оширишни ҳозирлайди.

Энг муҳими, "катеначчо" ғалабага интилади. "Автобус"лар эса дурангга рози...


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +9   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика