UZ

Сўнгги янгиликлар

03:36ЕКЛ. Ярим финал иштирокичилари маълум  1 02:01Европа лигаси. "Милан" ва "Ливерпуль" мусобақани тарк этди, "Байер" ва "Рома" эса ярим финал иштирокчисига айланди  10 01:17Мартинес ўйин давомида икки марта сариқ карточка олди, аммо майдондан четлатилмади. Бу қоидаларга зид эмасми? Йўқ!   9 00:53Аршавин: "Ливерпул"га қарши тўртта гол урган ўйиним фаолиятимдаги энг яхшиси эмас"  3 00:36Машариповнинг жамоадоши мухлисини бағрига босгани учун жазоланди  5 23:54"Барселона" мухлислари ПСЖга учралган мағлубиятдан илгари ўз жамоаси автобусига ҳужум қилишди  3 23:37Эрон Про лигаси. Ўрунов 77 дақиқа ҳаракат қилган ўйинда "Персеполис" йирик ғалабага эришди  0 23:20Футзал бўйича Осиё кубоги. Тожикистон - Жанубий Корея 2:0   0 23:10Футзал бўйича Осиё кубоги. Япония - Қирғиз Республикаси 2:3   2 23:08АПЛда дебют қилган 19 ёшли футболчи майдонга тушганидан 3 дақиқа ўтгач, ҳушидан кетди   0 22:41U-23 Осиё кубоги. Қатар ҳакам томонидан қўшиб берилган 13-дақиқада Иордания дарвозасига ғалаба тўпини киритди  15 22:22Мессини немис грандлари ўз сафига қўшиб олмоқчи  9 21:54"Барселона"да Хавининг ўрнини ким эгаллаши деярли маълум  7 21:38Жасур Жалолиддинов: "Олимпиада йўлланмаси бериладиган мусобақада қандай ҳолатда бўлишимизга қарамай, натижа кўрсатишимиз керак"   4 21:17Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган навбатдаги клублар маълум, улардан бири — "Зальцбург"  1

Мутолаа учун. Александр Мостовой, "Шоҳ" лақабли" (давоми) Янгиликлар

Мутолаа учун. Александр Мостовой, "Шоҳ" лақабли" (давоми)

Россиялик машҳур собиқ футболчи Александр Мостовойнинг "Шоҳ" лақабли" автобиографик китобидан парчалар беришда давом этамиз.

Русчадан Хайрулла Холиқов таржимаси

Валерий Жиляев худди иккинчи отамдек бўлиб қолди. У доим ёнимда эди, менга тўғри йўл кўрсатар, кўп ёрдам берарди. Мен бу одамнинг ғайратига доим қойил қолганман. Жиляев асосан ташкилий ишларга бош-қош бўлиб, ҳаммасини вақтида бажарар ва ҳамма жойга улгурарди. Бизга озиқ-овқат олиб келиш, хонага телевизор ёки музлатгич ўрнатиш, хуллас маиший ишларнинг ҳаммаси унинг қўлида эди. 

Ўйлаб қарасам, Романцев ва Жиляев менга доим илиқ муносабатда бўлган эканлар. Балки бу менинг москвалик бўлмаганим учундир. Жамоадошим Димка Гардиленко доим машғулотдан сўнг уйига кетар, мен эса йўл узоқлигидан базада қолардим. Уйга борганим билан керак бўлиб қолсам, мени топиш осон бўлмасди, чунки уйимизда ҳатто телефон йўқ эди. 

Бир куни нимадир сабаб бўлиб машғулотга бора олмадим. Шунда Валерий Владимирович мен ўқиётган техникумга келди. Мени коридорда кўриб қолиб сўради: 

- Нега машғулотга келмаяпсан?
- Дарсларим кўпайиб кетди. Бора олмайман.

Кейин Жиляев деканатга учраб техникум раҳбарига нимадир совға берди ва мени ўқишдан озод қилишларини сўради. Ниҳоят, рухсат тегди. Биз таксига ўтирдиг-у, ўқишдан тўғри машғулотга йўл олдик. 

Отаси Владимир Яковлевич: - Саша “Пресня”га жойлашгач, кўп ўтмай уни ёшлар терма жамоасига чақиришди ва Гранаткин турнирига олиб кетишди. Жамоа бош мураббийи Анатолий Бишовец эди. Ўғлим “Пресня”да ўйнаб юрган маҳал унинг жамоаси ёшлар термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ўйиндан кейин Бишовец келиб Романцевдан сўрайди: 

- Мана бу бола нечанчи йил?
- 68-йил.
- Демак, бизга мос келар экан.

Шундай қилиб Сашани ёшлар жамоасига олишади. Ишхонада ўтирганимда ўғлимнинг менга қўнғироқ қилиб қанчалар хурсанд бўлгани ҳалигача эсимдан чиқмайди. “Дада, мени ёшлар терма жамоасига олишди. Энди мен ҳам турнирда қатнашиш учун Ленинградга кетаман". Унинг овозида қанчалик қувонч бор эди-я. Ахир ўша жамоада Коливанов, Кирьяков, Добровольский ўйнарди. Бишовец ўғлимни биринчисига америкаликлар билан ўйинда захирадан туширди. Ўғлим майдонга тушгач, жамоасининг бешинчи голини урган, биз роса қувонгандик. 

***

1986 йилнинг бошида барибир техникумдан кетишимга тўғри келди. Чунки ўқиш ва футболни бир пайтда олиб кета олмасдим, бирини танлашим шарт эди. Айниқса, “Пресня”га ўтганимдан сўнг футбол ҳаётим мазмунига айланганди. Ундан воз кеча олмасдим. Олдинда мени нималар кутяпти, гарчи бу ҳақда ҳеч нарса билмасам-да, ҳозирги ҳолатимдан мамнун эдим. Шубҳасиз, энг катта қувонч мени жамоага олишгани бўлганди. 

Биринчи мавсумга тайёргарлик жараёнида биз бир нечта хорижий йиғинга бордик. Биринчиси Венгрияда бўлганди. Ҳозиргидек эсимда, у ерда биринчи марта “Coca Cola”ни ичиб кўрганман, менга жуда ёққанди. Кейинги йиғинни Чехославакияда ўтказдик. У ерда юз берган бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Праганинг “Славия” клуби билан кечган ўртоқлик ўйинида биз 3:1 ҳисобида ғалаба қозондик, мен иккита гол урдим. Ўйиндан кейин рақиб жамоа вакиллари, уларга ўйиним ёқди шекилли олдимга келиб, “Яқинроқ кел, сенга гап бор” дейишди. Биз битта кабинетга кирдик. Улар мен билан таржимон орқали гаплашишди.

- Жамоамизга ўтишни хоҳлайсанми? Сен бизга ёқиб қолдинг.

Мен нима дейишни билмасдим. Улар бўлса тинмай мақтанарди: мамлакатимизни қара қандай чиройли, бу ерда шароит зўр. Кейин мен шу заҳоти бўпти, розиман деб юбордим. Ваҳоланки, чет элда ўйнаш қанақа бўлишини умуман тасаввур қила олмасдим. Шу пайт ташқарида ғала-ғовур бошланиб қолса денг. Ҳамма мени қидираётган экан. Ўйиндан кейин кийиниш хонасига кириб қарашсаки, Мостовой йўқ. Бир пайт биз ўтирган хонага Жиляев ҳаллослаб кириб келди:

- Бу ерда нималар бўляпти?

Чехлар тушунтира кетишди: бу бола бизга ёқиб қолди, уни ўзимиз билан олиб қолмоқчимиз. Валерий Владимирович дарҳол уларнинг гапини кесди:

- Олиб қолмоқчимиз деганингиз нимаси? Саша, тур кетдик. 

Ўша пайтларда бу трансфер деярли имконсиз эди. Собиқ Иттифоқдан шунчаки бир болани олиб кетиш амалга ошириб бўлмайдиган ишлардан бири эди. Албатта, орадан йиллар ўтиб замон ўзгарди ва футболчилар бирин-кетин четга кета бошлашди. Лекин 1986 йилда бунинг имкони йўқ эди. Шундай қилиб чехлар мени ўзларига ола олишмади.

Ўша кундан бошлаб Жиляев мендан бир қадам ҳам узоқлашмади. Кечки пайт хонамгача кузатиб қўяр, эрталаб мен билан нонушта қилар, автобусда ёнимда ўтирарди. Худди шахсий қўриқчи каби. Эҳтимол, у фикрим ўзгариб қолишидан қўрққан бўлса керак. 

Умуман олганда, менга Чехияда қолишнинг унча қизиғи йўқ эди. Шу боис уларнинг жамоасига ўтиш амалга ошмаганидан хафа бўлмадим. "Пресня"даги ишим ёмон кетмаётганди. Мен барча ўйинларда майдонга тушар, ўзимни жамоада жуда қулай ҳис қилардим. У ерда яна бир қизиқ воқеа бўлди. Бизни қандайдир тижорий ўйинга таклиф қилишди. Спорт томонлама бундай ўйинларнинг аҳамияти юқори эмас. Шу боис баъзи футболчилар ўзларини анча эркин қўйиб юборишди. Чехия пивони хуш кўрувчилар мамлакати эмасми, ўйиндан олдин тижорий ўйинни назарга илмай баъзи футболчиларимиз пиво ичишибди. Эртаси кун жамоа йиғилганда кўрдикки, болалар дабдираб турибди. 

Нима қилса бўлади? Футбол ўйнай оламизми? Вазиятдан чиқиб кетиш учун Романцевнинг ўзи майдонга тушишга тайёр эди, ўшанда унинг футболни тугатганига энди икки йил бўлганди. Барибир камчилик эдик. Захирага ўйинчи етмасди. Жиляев бола топишим керак деб бутун стадионни айлана кетди. 

- Валерий Владимирович, балки ўзингиз ўйнарсиз?

Романцевнинг бу гапидан ҳаммамиз кулишиб олдик. Ўшанда Жиляев элликлар атрофида эди. Илож қанча, у кийимини алмаштира бошлади. Тўғри, барибир охири ўзимиз ўйнаб қўя қолдик, администраторимиз футбол ўйнай олмасди. Хуллас, ўша ўйин дуранг билан тугади. 

Мавсум яқинлашай деб қолганди. “Пресня”га биринчи борганимда жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бири бўламан деб ҳеч ўйламаганман. Чемпионат бошлангач, Москвада ўтказилган бир-иккита ўйинда мени туширишди. Иккинчи лига регламентида ёш футболчиларни уй учрашувларида ўйнатиш мажбурияти ёзиб қўйилганди. Сафар ўйинларига эса асосан ёши катталар олиб кетиларди. Шу боис ёшлар сафарга бормасди. Аммо регламентга кўра, ўн саккизга тўлмаган икки футболчини қайдномага киритишга рухсат берилганди. Бир куни мениям олиб кетадиган бўлишди. Борганимиздан кейин Жиляев мени олдига чақириб Саша, тайёр тур, асосий таркибда тушасан деганида аввалига бунга ишонмадим. 

- Валерий Владимирович, рост айтяпсизми?
- Бўлмасам-чи! Олег Иванович айтдики, бундан кейин сен доим асосий таркибда ўйнайсан. 

Шундай бўлди ҳам. Аввалига бунга ҳайрон бўлганим рост, ахир ёш эдим-да. Балки Романцев мана шу ёш болакайда ниманидир кўргандир. Чап қанот ярим ҳимоячиси бўлиб ўйнай бошлаганимдан бери ҳаммаси зўр бўлиб кетди. Мен кўплаб ҳужумларда қатнашар, керак пайтда гол ҳам урардим. “Пресня” турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилиб олди. Одамлар стадионга кела бошлади. Стадионимиз кичик эди, аммо ўйин пайтидаги муҳит менга ёқарди. Айниқса уй ўйинларда ўзимни худди уйдагидек эркин ҳис қилардим. 

“Пресня”да жуда аҳил жамоа йиғилганди. Биз худди бир оила эдик. Муҳит эса ажойиб. Умуман Иттифоқ пайтида ҳамма тенг бўлиб, ҳеч ким ажралиб турмаган. Ҳамма бир киши, бир киши ҳамма учун - биз шундай яшаганмиз. Албатта, ёшларга муносабат алоҳида эди, лекин мени ўйиним туфайли тезда ёқтириб қолишди. Қолаверса, ўзим ҳам астойдил ҳаракат қилардим. 

“Пресня”га келиб тартиб-интизом нималигини ўргандим. Романцевнинг ҳар бир гапи биз учун қонун эди. Биринчи кунданоқ сезганман, унинг ўз ишига қанчалик қатъиятли эканини. Олдинлари мен бақироқ эдим, ўйин пайтида кимгадир ташланиб қолар, футболчиларга тинмай бақирардим, аммо бу жамоага келиб бутунлай бошқа болага айландим. Ишлаяпсанми, демак ҳаммаси жиддий бўлиши керак. Романцевнинг жиддийлигидан ҳаммамиз ҳадиксираб турардик. Лекин у масъулиятни тўлиқ ҳис қиларди. Футболда интизом биринчи ўринда туришини ўн олти ёшимдаёқ тушуниб етганман. Албатта, бу сенинг робот бўлишингни англатмайди, лекин ўзингга эрк бериб юборишинг ҳам мумкин
эмас. 

Мана шундан кейин мен футболга профессионал спорт тури сифатида қарай бошладим. Машғулот эрталаб соат тўққизда дейилдими, тўққизда майдонда бўлишинг шарт. Кечикиш яхши эмаслигини билардим. Менга ҳеч нарсани икки марта қайтаришнинг зарурати йўқ эди. Кейинчалик бу ҳақда Романцевнинг ўзи ҳам айтганди: "Мостовойга бир марта гапирсангиз бўлди, у ҳаммасини сиз хоҳлагандек бажаради". 

Менга Олег Ивановичнинг машғулотлари ёқарди. Ўзи яқинда футболни тугатган эмасми, Романцев ҳамма машғулотларда ўзи ҳам қатанашарди. Қолаверса, ҳеч кимга ютқазмасди. Худди футболчилардек биз билан тенгма-тенг машқ қиларди. Шунинг учун бўлса керак, унинг кўп машғулотлари ёдимда қолиб кетган. Биз кўпинча теннисбол ёки бешга беш ўйнардик. Битта жамоада ёшлар, иккинчисида Романцев ёши катталар билан. Агар биз ҳисобда олдинга чиқиб олсак борми, катталарга то ўзиб кетмагунча бизни ғажиб ташлашга тайёр туришарди. 

Романцев ҳатто доминода ютқазгиси келмасди. Ютиш унинг учун принципдек гап эди. Айтганча, Романцев доминони жуда ёқтирарди, улар Жиляев иккаласи анча пайтгача ўйнаб ўтиришарди. 

“Пресня”да ҳаммаси яхши кетаётган бир пайтда Жиляев мени чақириб қолди: "Саша, сени “Спартак” мураббийи сўраяпти, у сени ўринбосарлар таркибида синаб кўрмоқчи". “Пресня”га ўшанда “Спартак”нинг иккинчи лигадаги фарм клубидек қаралар, бизнинг ҳар бир ўйинимизга “спартакчилар” бош мураббийи Константин Бесков, жамоа бошлиғи Николай Старостин ҳамда селекционер Валентин Покровскийлар ташриф буюришарди. Улар мени ўшанда кузатишган экан. Мен эса ҳеч қанақасига “Спартак”ка боришни хоҳламасдим. Ўзимни “Пресня”да жуда яхши ҳис қилар, қолаверса бу клуб сафида ўйнаш роса ёқарди. 

Лекин барибир мени мажбурлаб “Спартак” машғулотларига юбора бошлашди. Бошида шахсан Жиляевнинг ўзи мени машғулотга олиб бориб келди. Кейинроқ у мени троллейбусга чиқариб юборадиган бўлди. Мен эса нима қилардим, троллейбусда озроқ сайр қилгач, шартта тушиб шаҳар айланардим. Бир куни машғулотга бормаганимдан хабар топган Жиляев жеркиб берди: 

- Қаерларда юрибсан? Нега машғулотга бормадинг?
- Валерий Владимирович, ҳеч боргим келмаяпти. Чунки менга кўпроқ бу ер ёқади. 

Эртаси куни яна Жиляевнинг ўзи мени троллейбусда машғулотга олиб борди. Кейинроқ Романцев ҳам олиб борганини эслайман. “Спартак” ўринбосарлари билан биринчи марта сафар ўйинига борганимиз ҳамон ёдимда. Жамоанинг ўйини Харьковда “Металлист” билан баҳсга тўғри келганди. Ўша пайт ўринбосарлар алоҳида юрмасди. Ҳамма асосий таркиб билан кетарди. Вокзалга борсам одам кўп, “Спартак”ни кузатиш учун мухлислар келган экан. Мен шунча одамни кўриб анграйиб қолдим: қўлимда эски сумка, оёқда кеда, эгнимда футболка. 

- Ҳой бола, анграйма, сеники бешинчи вагон.

Шу-шу “Спартак”ка кўника бошладим. Ваҳоланки, ҳамон “Пресня”да ўйнашда давом этардим. Биз жадвалнинг биринчи ўринида борар, рақибларни бирин-кетин ютишдан тўхтамасдик. Токи Кировобаднинг “Кяпаз” жамоасига қарши биринчи лигага ўтиш ўйинида дуч келгунимизга қадар ҳаммаси жойида эди. 

Мана шу жамоа билан кечган ўйин ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Уйда биз ютдик, олдинда эса жавоб баҳси кутиб турарди. Стадион ўйиндан анча олдин тўлиб бўлган, учрашувга бўлган қизиқиш юқори эди. Лекин бу бизни хавотирга солмасди. Ахир кучли эканимизни билардик. Майдонда қуш бўлиб учдим, мени кийимимдан ушлаб қолишар, оёғимга тепишар, аммо ҳеч нимага эътибор бермасдим. Ўйинни бошқариб борган беларуслик ҳакам Вадим Жук бизга нисбатан қоида бузилса умуман аҳамият бермас, қанча гапирсак ҳам гўёки ҳаммасига панжа орасидан қарарди. 

Нималар бўляпти ўзи? Рақибнинг иккита ҳимоячисини алдаб жарима майдончасига ёриб кираман, учинчиси келиб тепади, ҳакам эса жим. Мажбур ўрнимдан туриб яна ўйнашда давом этаман. Иккинчи таймда ҳакамлар бизни очиқчасига “ўлдира” бошлашди. Рақиб ўйинчиси бир метр офсайддан қочиб кетяпти, қанот ҳакамининг парвойи фалак. Мен асабийлаша бошладим. Жамоадошларимга қараб нималар бўляпти ўзи деб юбордим.

Шунда ёши катта бир ўйинчимиз олдимга келиб асабийлашма, эҳтиёт бўлиб ўйнашимиз керак, айниқса ўз жарима майдончамиз ичида деди. 

- Қанақасига? Рақиб тўпсиз бўлса-чи?
- Фарқи йўқ, тўп биланми, тўпсизми йиқитмасак бўлгани, ҳакамга қара йиқитишимиз билан пенальти қўяди. 

“Биз барибир ютамиз, - дейман ичимда. - Уларга умуман ўйин бермаяпмиз-ку”. Бир пайт рақиб таркибида ўйнаётган футболчилардан бири олдимга келди: 

- Кўп қизишма, барибир ютқазасизлар.
- Нега энди? Ахир ўйин биз томонда-ку!
- Ҳозир кўрасан. 

Мен унинг нима демоқчи бўлганини тушунмадим. Лекин кўп ўтмай ҳаммаси рост чиқди. Ўйиндаги вазиятлардан бирида тўп майдон четидаги чизиқ ташқарисидан ҳаволатиб жарима майдончамиз ичига узатилди. Тўп тўғри менга келди. Тўни энди тепиб узоқлаштираман деганимда рақибнинг қайсидир ўйинчиси келиб  менга урилди. Ўйинда бўладиган оддий ҳолатлардан бири, тўп ҳамон менда, ана шу пайт ҳакам ҳуштак чалиб пенальти белгиласа денг. Анави бола ўзидан ўзи менга урилиб йиқилиб тушди. Бу эса ҳакам учун айни муддао эди: пенальти! 

Мана шу пайт мен ўзимни босиб тура олмадим. Асабларимни жиловлаш қийин эди. Аввал ётган ўйинчининг, кейин ҳакамнинг олдига бориб бақира бошладим. Ҳакам нима қилди дерсиз, у шартта чўнтагидан қизил карточкани олди-ю, мана сенга дегандек боши узра кўтарди. Пенлаьти гол бўлди, улар кейин яна уришди. Биз ютқаздик, биринчи лигага чиқа олмадик. Меҳмонхонага қайтиб борганимизда хонани ичкаридан қулфлаб анча пайт ўзимга келолмай ётдим. Бир пайт мени қидира бошлашди, чунки самолётга кеч қолаётгандик. Кейин бир амаллаб ташқаридан эшикни очиб киришди. Қарасам, Жиляев турибди, унинг орқасида эса битта милиция ходими. Улар мени йўқолиб қолди деб ўйлаб милицияга хабар беришган экан. 

- Бўл тез, нарсаларингни йиғиштир, самолётга кеч қоляпмиз. 

Кўзимда ёш билан сумкамни елкага илиб хонадан чиқдим. Автобусга чиққанимда ҳамма ўша ерда эди. Жимгина ҳеч кимга гапирмай ўз жойимга ўтирдим. Австобус қўзғалди, биз аэропорт томон кетдик. Шундай қилиб мен биринчи марта ҳакамлар томонидан “ўлдириш” қанақа бўлишини кўрдим. Фаолиятимнинг кейинги қисмларида бундай
ҳолатга бир неча бор дуч келганимни яширмайман. Ва буни асло хотиржам қабул қилмаганман. Лекин Кировобадда рўй берган бу ҳолат бутун умр ёдда қолди. 

Мавсум охирида Романцев ва Жиляев мени ўз хоналарига чақиришди. Ҳаммамиз ўтирдик. Олег Иванович секин гап бошлади: "Саша, энди сен ёш бола эмассан, “Спартак”ка кетадиган пайтинг келди, бутунлай". Мен яна қарши чиқдим: "Нима учун? У ёққа боришни хоҳламайман". 

- Бу ерда қолсанг биз ҳам мамнун бўламиз. Лекин энди сен катта футболга ўтишинг керак. 

Мураббий билан тортишишнинг фойдаси йўқ эди. Кўзимга ёш келди, ахир оиламни тарк этаётгандим. “Спартак”ка ҳали кўникаманми-йўқми, буни билмасдим, балки улар менга осмондан қараса-чи. Хавотир олишимга асос бор эди. Чунки бир гал “Спартак” футболчилари билан Сокольникига борганимизда автобусда ғалати ҳодисага дуч келгандим. Автобусга чиқиб қарсам, ҳеч ким йўқ. Мен учинчи ё тўртинчи қатордаги бўш жойга ўтирдим. Сал ўтиб бирин-кетин футболчилар чиқа бошлади. Биттаси олдимга келиб, "Тур ўрнингдан, бу менинг жойим" деса бўладими. Ўшанда мен автобусда ҳамманинг ўз жойи бўлишини билмагандим. Жимгина сумкамни олдим-у энг орқа томонга
ўтиб кетдим. Кейин билсам “Спартак” ўринбосарлари доим автобуснинг орқа ўриндиғида ўтирар экан. Мана шунинг учунам “Спартак”ка боришга ҳадиксираб қолгандим. 

“Пресня” менга ҳаётнинг илк сабоқларини берди. Катта футболга йўл кўрсатди. Агар бу жамоада ўйнамаганимда аминманки, Мостовой деган футболчи борлигини кейинчалик ҳеч ким билмасди. Аммо менга футбол бахти кулиб боқди. Бунинг учун “Пресня”да ўтган кунларимдан мингдан минг розиман. Катта футбол сари илк қадамни дадил ташладим. Олдинда эса фаолиятимнинг навбатдаги босқичи кутиб турарди. 

Валерий Жиляев Мостовой ҳақида: 

- Мостовой ЦСКА футбол мактабида ўйнаб юрган кезлари бошқалардан яққол ажралиб турмасди. Лекин Романцев ундаги иқтидорни дарҳол пайқай олди. Нима учун айнан унга эътибор берганимиздан Сашанинг ўзи ҳам ҳайрон бўлганди. У жамоага тезда киришиб кетди. Саша жуда камгап эди. Ортиқча гапирмасди. Кам гапирарди, лекин ўз фикрини аниқ баён этарди. 

Уни биринчи бор “Спартак” ўринбосарлари таркибига чақиришгани ҳамон ёдимда. Cашага борасанми деганимда, у ўйлаб ўтирмай йўқ деганди. 

- Нега боргинг келмаяпти?
- Ҳали тайёр эмасман. Борсам ҳамма менга қарайди. Ўзимни қандай кўрсатаман? 

Наилож уни қўлидан ушлаб олиб боришга тўғри келди. У ҳатто техникумга ўқишга кирганда ҳам дарсларга боришга уяларди. Техникумгаям ўзим олиб борганман. Ҳатто бир гал ўқитувчисига ундан кўп нарса сўраманг, бироз уятчанроқ деб илтимос қилгандим. Кейинчалик Сашага Жисмоний тарбия институтига киришда кўмаклашдим. У спортчи эмасми, имтиҳонлардан ўтишда қийналмаган. 

Майдонда у ғаройиб эди. Менимча, ажойиб ҳаракатларни амалга ошираётганини ўзи билмасди. Унинг кейинги сонияда қандай қарор қабул қилишини кўриш қизиқ эди. Албатта, Олег Ивановичнинг машғулотлари унга кўп ёрдам берди. Баъзан Мостовой машғулот пайтида чарчаб қолса ҳамда Романцевнинг ўта талабчанлиги унга ёқмай қолса, мен ётиғи билан секин тушунтиришга ҳаракат қилардим: 

- Саша, ахир у бош мураббий-ку. Сен унга қулоқ солишинг шарт. Романцев сен учун ҳаммаси яхши бўлсин дейди. Агар у индамаса, ўз хатойингни қандай тушуниб етасан? 

Бир йилдан сўнг Мостовой барибир “Спартак”ка кетди. Аввалига бизнинг жамоадан Кульковни чақиришди, бироқ у тўғри келмади шекилли, уни қайтариб ўрнига Мостовойни олиб кетишди. Шахсан мен учун Сашадек ажойиб футболчи билан хайрлашиш осон бўлмаган. Биз қанча вақт бирга ишлаган бўлсак, у менга худди ўғлимдек бўлиб қолганди. 

Жамоамиздаги муҳитга ҳамманинг ҳаваси келарди. Шу боис Саша асло кетишни хоҳламаган. Барча бир-бирига худди қариндошдек эди. Базамиз ажойиб, овқатланиш жойида, ташқарида тоза ҳаво, хуллас барчаси зўр бўлган. Мен жамоа бошлиғи сифатида футболчилар билан тил топишга уринар, кўпларининг муаммосиини ҳал қилишда ёрдам берардим. Кечки машғулотдан сўнг биз бирга йиғилиб чой устида ҳазил-ҳузул қилардик. 

Тўғрисини айтаман, кейинчалик қаерда ишламай ўша “Пресня”даги муҳитни бошқа ҳеч бир жамоада кўрган эмасман. Мана шунинг учун ҳам Мостовой кетишни асло истамаган. У “Спартак”да ўйнаб кета олишидан жуда хавотирда эди. Қолаверса, у ерда мен бўлмасдим. Саша янги жамоасида ёлғиз бўлиб қолишдан қўрққан. Шу боис у билан бу мавзуда жиддий гаплашиб олишга тўғри келди. 

Нима сабабдан мен Сашани доим назорат остида ушлаб турганман? Бу аввало унинг характери билан боғлиқ. У ўзини жуда босиқ тутарди. Ҳамма билан тезда киришиб кетавермасди. Иккинчидан, унинг нақадар иқтидорли эканини билганман. Иқтидори бор болалар ҳақида қайғуришга мажбурсиз, йўқса ажойиб футболчини йўқотиб қўйишингиз мумкин. 

Агар Саша ноҳақ бўлса, мен ҳеч қачон унга ҳукмимни ўтказган эмасман. Қайтанга у адашаётганини хотиржамлик билан тушунтиришга уринганман. Бирор жойга бирга борсак мен унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб Саша, мана шу ерда адашдинг, кел яхшиси ундай эмас, бундай қила қоламиз дердим. Менга унинг фикрини ўзгартириш ёқарди. У бошида жим бўлиб қолар, мени диққат билан эшитар, кейин тўғри айтасиз, Владимирович, сиз ҳақсиз деб қўярди. 

Лекин уни кечирим сўрашга мажбур этиш оғир эди. Сашада ҳеч қачон оддий характер бўлмаган. Ўйлайманки, ҳаётда айнан у каби ўз қарашига эга инсонлар кўплаб ютуқларга эришадилар, бир четда ҳамма гапга хўп деб бир текис турганлардан кўра. Сашада интизом ҳам юқори эди. У доим спорт режимига қатъиян амал қиларди. Бу борада ҳеч қанақа муаммо бўлмаган. У “Спартак”ка кетганидан сўнг ҳам ўзаро муносабатларни сақлаб турдим. Саша токи четга кетгунга қадар унга кўп ёрдамим теккан. 

Эсимда, 1989 йилги чемпионлик учун унга машина ҳадя қилишди. Биз тижорат бош бошқармаси орқали талонга навбат ёздириб олгандик. Ана ундан кейин автомобилни бориб олиш мумкин эди. Менинг у ерда танишларим бўлиб, бошқармага вақтли бордим ва ходимлар учун эшикдан кириб, барча ҳужжатларни расмийлаштириб чиқдим. Фақат машина эгасининг келиб қоғозга қўл қўйиши қолганди. Шу куни ташқарида чунонам одам кўп йиғилдики, иш вақти бошлангач, ҳамма ёпирилиб ичкарига кирди. Одамлар катта зина бўйлаб иккинчи қаватга чиқишди ва талонга навбат ола бошлашди. Қарасам, Сашанинг отаси Володя ҳам улар орасида. Шу пайт навбатга туриш учун тўс-тўполон бошланди, ҳамма ёқни одамларнинг бақир-чақири босиб кетди. Мен секин Сашанинг отаси томон юрдим: 

- Володя, нега шошяпсан?
- Нима деганинг нега?
- Хавотир олма, мен ҳамма ҳужжатларни расмийлаштириб қўйдим, фақат қўл қўйсанг бас.

Орадан йиллар ўтиб Саша “Бенфика”га кетган пайтда ҳам у билан алоқа қилиб туришда давом этдим. 1993 йил у “Спартак”ка қайтиши мумкин эди, бироқ Франциянинг “Кан” клубига йўл олди. 1999 йил Мостовой Россия терма жамоасининг ўша пайтдаги бош мураббийи Олег Романцев билан юзага келган келишмовчиликни ҳам мен ҳал қилиб берганман. Ўшанда вазиятни ижобий томонга ўзгартира олганимдан жуда хурсанд бўлгандим. Ҳар ҳолда кўп йиллар жамоа бошлиғи бўлиб ишлаганман, бундай ҳолатлар менга чўт эмасди.

Ўйлайманки, Мостовойнинг хориждаги фаолияти ёмон кечмади. Мен доим унинг ўйинларини кузатиб бордим. Афсуски, у терма жамоа бош мураббийи билан тушунарсиз тортишув сабаб футболни бирмунча эрта тугатди. 

Учинчи бўлим тугади.


1. Якшанба - мутолаа куни. Кутиб олинг, янги китоб: Александр Мостовой, “Шоҳ” лақабли"

2. Якшанба - мутолаа куни. Александр Мостовой, "Шоҳ" лақабли" (давоми)

3. Якшанба - мутолаа куни. Александр Мостовой, "Шоҳ" лақабли" (давоми)

4. Мутолаа учун. Александр Мостовой, "Шоҳ" лақабли" (давоми)


Давоми бор...

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика