UZ

Сўнгги янгиликлар

22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  1 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  7 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  27 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  4 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  29 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9

Мозийга қайтиб... Янгиликлар

Мозийга қайтиб...

“Пахтакор-79” жамоаси доимо қалбимизда. Шу боисдан ҳам биз бу мавзуга такрор ва такрор қайтаверамиз.

Жорий йилнинг 11 август санаси атрофида эътиборингизга бу мавзуда 3 материални ҳавола этган эдик: Ахбор Имомхўжаевнинг “Самода сочилган юлдузлар”, Аброр Имомхўжаевнинг “Эркалар йиғлаганда...” ҳамда "Пахтакор-79": Сирожиддин ва қиличбоз қиз” мақолалари. Машъум авиҳалокат сабаблари нафақат маҳаллий журналистлар, балки уларнинг хориждаги ҳамкасбларини ҳам бефарқ қолдирилган. Эътиборингизга рус спорт журналистлари Сергей Вишняков ва Олег Кучеренконинг юқоридаги мавзудаги изланишларини ҳавола этамиз.   


КОМАНДА

Ҳалок бўлган «Пахтакор» футбол командаси ҳақидаги ҳужжатли қиссадан парча

(Ёшлик” журналининг 1989 йил сентябрь сонидан олинган).


                  Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советидан


1979 йил 11 августда Тошкент - Минск рейси бўйича учаётган самолёт Днепродзержинск шаҳри яқинида авиация ҳалокатига учради. Йўловчилар ва экипаж, шу жумладан, олий лигадаги «Пахтакор» футбол командасининг бир қатор аъзолари ҳалок бўлдилар.

Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ССР Министрлар Совети ҳалок бўлганларнинг оилаларига ва қариндош-уруғларига чуқур таъзия изҳор қилади.

Республика ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш борасида тадбирлар белгиламоқда.


Ўзбекистон Компартияси                                                                                                                                                                                                                                          Ўзбекистон ССР

Марказий Комитети                                                                                                                                                                                                                                           Министрлар Совети

                                             

Футболчи шон-шавкатининг умри узоққа бормайди. Шу қисматни танлайди, тарбияланади, маҳорат чўққисига кўтарилади, довруғ таратади, сўниш даври бошланади, хайр-маъзур қилади - футбол ҳаётининг бутун драмаси бор-йўғи ўн-ўн беш йил ичига жамланган бўлади. Бу ҳол ҳеч кимни, ҳатто ўйинчиларнинг ўзларини ҳам таажжубга солмайди. Гоҳида арзиганидан кўра камроқ бўлса-да, дабдабали маросим ўтказилиб қолинади. Ғалати эмасми ахир, нутқлар ва гуллар билан ўттиз ёшли кишини кузатиб қоладилар... Стадиондаги диктор эса команда составидаги бутунлай бошқа фамилияни тилга олади. Мухлислар таажжубда: «Бошқа жойга ўтиб кетибдими? Ёки тамомила кетдими?» Бироқ улар узоқ қайғуриб юрмайдилар. Ҳуштак чалинади. Ўйин бошланади.

Давримизнинг адоғи йўқ можароларига биз аллақачон кўникиб кетгандай кўринамиз. Деярли ҳар куни ер силкинишлар ва тўфонлар, фалокат босдилар ва ёнғинлар тўғрисида эшитиб турасан киши. Гап орамизда кимлардир инсон мусибатига лоқайдликнинг хавфли бактерияси билан заҳарланганида эмас, асло! Афтидан, қайғудош бўлиш ҳис-туйғуси заифлашиб қолади, шекилли...

Аммо бугун ҳам, ўн йил ўтибдики, Тошентнинг «Пахтакор» командасидаги ўн етти футболчининг ҳалокати тарих бизларга - миллионлаб мухлисларга ва футбол дунёсига кирадиган минглаб кишиларга - ўйинчиларга, тренерларга, врачларга, ташкилотчиларга, спорт журналистларига тинчлик бермаяпти. Мазкур қиссанинг муаллифлари беҳисоб ҳужжатли материалларни тўпладилар, ўнлаб репортёрлик блокнотларини ва магнитофон кассеталарини суҳбатлар ёзувига тўлдирдилар. Шунга имон келтирдикки, «Пахтакор»нинг қисмати ҳозир ҳам қайғуришга ва баҳслашишга, қойил қолиб таҳсинлар айтишга ва хаёлга чўмишга мажбур этмай қолмайди.

Биз бу қиссада навбатдаги ўйинни поёнига етказолмасдан бевақт оламдан кетганлар ва 1979 йилнинг 11 августида содир бўлган воқеалар тўғрисида ҳикоя қилишга ҳаракат қиламиз.

Футболни ҳамма тушунади. Шу боисдан биз ҳеч нарсани уйдирма қилмаймиз, илгариги ва ҳозирги ихтилоф-низоларнинг изларини хаспўшламаймиз, ҳеч бўлмаганда, иложи борича, нозик томонларини четлаб ўтмаймиз. Акс ҳолда биз ўқувчилар билан бемалол тил топиша олмаймиз.

Дублёрлар асосий составдан фарқли равишда бир сутка олдин ўйинга тушади. Бу олий лига қонунидир. Муштлашиш жангларини ҳам таомилга кўра, аввал болакайлар бошлайдилар, сўнгра ўспиринлар ва фақат шундан сўнг кўпни кўрган эркаклар ишга киришадилар. Футбол ўйини ҳам шунга ўхшайди. «Пахтакор»нинг иккинчи командаси ҳам Тошкентдан Минскка асосий составдан бир кун олдин учиб кетди. Ўша пайтда «Пахтакор» командасининг тренери бўлиб ишлаган, ҳозирда эса команда бошлиғи Яков Аронович 11 август куни ўша самолётда учмоқчи бўлган. Бироқ у оилавий сабабларга кўра, команданинг бош тренери Олег Базилевичдан Минскка бир сутка олдин жўнашга рухсат сўрайди.

Кутилмаган оқибатга олиб келган машъум тасодиф мана шу тарзда содир бўлган. Дублёрлар составининг ўйинчиси Сирожиддин Бозоров самолётнинг учадиган пайтига етиб келмади. Унинг жўнаши арафасида Самарқанддан отаси келган экан. Тренерлар йигитни машқлардан озод қилишганди, албат-та. Эртасига эса, айтишларига қараганда, у ухлаб қолган. Унга 11 августда учишга тўғри келади... Ҳалок бўлганлар орасида у энг ёши бўлиб, эндигина ўн саккизга қадам қўйган эди.

Иккинчи команда эсон-омон учиб етди. Анъанага кўра, майдон эгалари бўлган Минск «Динамо»си меҳмонхонани тайёрлаб қўйганди. Эрталаб эса Аронович Минск командасининг администратори билан бирга асосий составни кутиб олиш учун аэропортга жўнади. Самолёт ҳадеганда келавермади, афтидан, кечикаётганга ўхшарди. Учиш-қўниш бўйича ахборотлар дам «метеорологик шароитларга кўра», дам «кеч келганлиги сабабли» бўлиб хилма-хил эди, кейин эса справкалар берадиган бюрода ўтирган қиз ҳам қаёққадир чиқиб бутунлай ғойиб бўлди...

Унчалик муҳим бўлмаган тафсилотларни келтиришимиздан мақсад - аэропорт ходимларини қоралаш эмас. Ўша лаҳзада уларга ҳам осон тутиб бўлмасди. Лекин агар бизга аниқ бўлган тафсилотлардан ҳатто энг арзимаганларини ҳам айтмасак, бу воқеа қандай содир бўлганини эндиликда тасаввур қилиб бўлмайди.

Фақат соат 18 дан 30 минут ўтгандагина Тошкент рейси бошқа кунга кўчирилганини эълон қилишди.

Улар меҳмонхонага қайтиб келдилар. У ерда Ароновичга Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг секретари ўртоқ Салимов қўнғироқ қилгани, телефон олдида бўлишни сўраганини маълум қилишди. Телефон яна жиринглади. «Яков Аронович, - таниш овоз унга гўё қўшни хонадан эшитилгандай туюлди, - сиз билан бирга учиб борганларнинг ҳаммасини рўйхат бўйича айтинг.» Тренер номма-ном уларни айтиб чиқди. Марказкўм котиби жим туриб қолди. Сўнгра деди: «Сен эркак кишисан, Яша... Ўзингни қўлга ол, бардам бўл, ўғлим. Команда авиация ҳалокатида ҳалок бўлди». Ва йиғлаб юборди.

Тун азобда кечди...

Кеч пайти алламаҳал бўлганда Аронович Москвага - Вячеслав Дмитриевич Соловьёвга қўнғироқ қилди. У мамлакатда энг обрў-эътиборли футбол тренерларидан бири бўлиб, айни пайтда «Пахтакор»га раҳбарлик қилмасди -1975 йилдаёқ касаллиги туфайли кетишга мажбур бўлган эди. Аммо 1979 йилги «Пахтакор»нинг «умуртқасини» мустаҳкамлагани битталаб энг яхши ўйинчиларни таклиф этганди, тўплаганди.

— Бу йигитларни дафн қилишимни, — деди бизга Соловьёв, - ҳатто қўрқинчли тушда ҳам кўрмагандим. Ҳаётимнинг энг қайғули пайтидир бу. Ўша тунда хотиним билан эрталабгача ёнма-ён ўтириб чиқдик, ахир у ҳам уларни яхши биларди ва жуда яхши кўрарди. Уларнинг энди йўқлигига сира ишонмасдик. Ростини айтсам, ҳозир ҳам ишонмайман...

Эрталаб Минскдаги меҳмонхона олдида одамлар денгиз янглиғ чайқалишарди. Ҳаммалари воқеа қандай содир бўлганини, ким ҳалок бўлгану ким тириклигини билишни исташарди. Аронович ва у билан бирга учиб келганлар одамларга нима ҳам дея олишарди? Ҳалокатга учраган самолётда кимлар қолганини уларнинг ўзлари ҳам аниқ билмасдилар.

Дублёрлар учрашуви бекор қилинди.

Пахтакорчиларга яна ўша рейсга, фақат орқага: Минск - Гурьев - Тошкент рейсига билет олишди. Айримлар учишни исташмади. Бироқ Минск «Динамоси»нинг катта тренери Эдуард Малофеев етиб келди-да, ҳаммани учиш зарур эканлигига ишонтирди. «Бу кутилмаган кўргулик бўлди, — деди у, умр бўйи ўзи ҳам зарурат юзасидан учиб юришини айтиб, - бундай ҳоллар автомобиль ҳалокатига нисбатан кам учрайди. Ва умуман битта чуқурга битта снаряд икки марта тушавермайди».


Ўртоқлар билан видолашув

Тошкент. 17 август (ТАСС). Бугун Ўзбекистоннинг минглаб аҳолиси авиация ҳалокатида қурбон бўлган «Пахтакор» командаси футболчиларини сўнгги йўлга кузатдилар.

Команда мураббийи, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган тренер И.Б. Тазетдинов, халқаро тоифадаги СССР спорт мастерлари    М.И. Ан, В. И. Фёдоров, СССР спорт мастерлари Р. Р Агишев, О. А. Аширов, К. А. Баканов, В. Т. Загуменних, А. И. Корчёнов, Н. Б. Куликов, В. В. Макаров, С. К. Покатилов, В. Н. Чуркин, спорт мастерлигига номзодлар С. А. Бозоров, Ш. М.   Эшбўтаев, В. В. Собиров, команда администратори М И. Толибжонов, врач В. В. Чумаковларнинг портретлари гуллар билан ўраб қўйилган.

Мотам маросимида сўзга чиққанлар уларнинг совет спорти ривожланишига, Ўзбекистонда футболни оммавийлаштиришга қўшган катта ҳиссалари ва жамоатчилик фаолияти тўғрисида гапирдилар.

Шу куни дафн маросими бўлди. Қабрларга партия, совет, касаба союз, минглаб мухлислар ва спорт ташкилотлари номидан гулчамбарлар қўйилди.

                                                                 «Советский спорт», 1979 йил, 18 август.

Тошкент қуёши сўнгги томчи ёшдек дилдираган ўша мудҳиш, ўша қора кунни жуда кўпчилик эслайди. Севимли команда билан видолашиш учун бутун шаҳар аҳли кўчаларга чиқди. Бу ҳам гапми, “Пахтакор»ни дафн этишга республиканинг ҳамма бурчакларидан, Москвадан ва бошқа шаҳарлардан одамлар келди. Улар аэропортдан то ҳалок бўлганларнинг суяклари кўмиладиган Боткин қабристонигача олиб борадиган йўл бўйлаб саф-саф бўлиб турдилар. Дафн маросимида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг раҳбарлари, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети бюросининг аъзолари, республика ҳукумати, Олий Совети Президиумининг аъзолари, совет, касаба союз, комсомол органларининг раҳбарлари, Ўзбекистон ССР спортининг намоёндалари қатнашдилар.

Бу қайғу умумхалқ қайғуси эди.

Ўша кунни хотирлаганда суҳбатдошларимиздан ҳеч ким уни на тасвирлай ва на англай оларди. Фақат ўз ҳамдардликларини билдиришдан нарига ўтолмадилар. Бир ҳолат ҳеч истисносиз ҳаммани ҳайратга солди. Билишимизча, бу тоифадаги кишиларнинг бошини ҳеч ким бирлаштирмаган. Мусибатнинг ўзи одамларни уйларидан, муассасалардан, корхоналардан, ўқув юртларидан етаклаб чиқди. Ўша соатларда бу улкан оломон ичида бирорта ҳам англашилмовчилик содир бўлмади, ҳеч қандай тартиббузарлик ҳам рўй бермади.

Ҳалокатдан кейин ҳар куни республика Спорт комитетига таъзия изҳор қилинган телеграммалар минглаб, ўн минглаб келиб турди. Улар орасидан алоҳида мухлислар ва уларнинг бутун группаларидан, корхоналар, олий ўқув юртлари, ташкилотлар, ҳарбий қисмларнинг коллективларидан, барча совет ва кўплаб чет эл командаларидан ҳам телеграммалар бор эди. Спорт комитетининг биноси олдида махсус витрина ўрнатиб, унга телеграммаларни қўядиган бўлишди. Шу витрина атрофидан кечаю кундуз одам аримасди.

Номаълум авторнинг манави шеъри футболчилар қабрига қўйилган гулли саватларнинг биридан топилди.

Ёнар Тошкент, Тошкентда кулфат -
«Пахтакор»ни йўқлашар бу дам.
Кўк тор келса қиларкан алам -
Самовотда қолишса мудом...

Ўзбекистон ССР Министрлар Совети қошидаги жисмоний тарбия ва Спорт Комитетининг раиси, (Ҳозирги вақтда Ўз-бекистон ССР Олий Совети Президиумининг раиси - ред.) Мирзаолим Иброҳимович Иброҳимов ўша вақтларни шундай хотирлайди:

- Авиация ҳалокати тўғрисида хабар келганда, бу даҳшатнинг чегараси бўлмади. Ҳатто мен, кексайиб, сочи оқарган одам ҳам, ларзага келдим. Лекин бундан ҳам даҳшатлиси - ҳалок бўлганларнинг оилаларига фожиали хабарни етказиш эди. Биз шундай қилдик: республика Спорт Комитети коллегияси тўла составда ҳалок бўлганларнинг оилаларига бордик. Қариндош-уруғлар ва ёру биродарлар олдида бош эгиб, уларнинг мусибатларига шерик бўлиш - бу бизнинг инсоний бурчимиз эди.

«Пахтакор» футболчиларининг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети, республика ҳукуматининг қарори чиққач, коллегия яна бир жойга тўпланди ва яна ҳамма оилаларга ташриф буюрди. Бу хабарни ҳам улар биздан эшитишларини истагандик.

Етим қолган болаларга, марҳумларнинг беваларига, ўз ўғилларидан жудо бўлган ота-оналарга қўлимиздан келганча ёрдам кўрсатдик. Боқувчисини йўқотгани муносабати билан ҳар бир оилага пенсия белгиланди. Муҳтож бўлганларга янги квартиралар берилди.

Муҳими шундаки, команданинг ўзи ҳалок бўлганларни ҳурматлаб келяпти. Ҳар бир мавсум бошланишида ва тугаганида «Пахтакор» бутун состави билан қабристонга - футболчиларга қўйилган ёдгорликни зиёрат қилгани боради. Бизга ўйинга келадиган командаларнинг кўпчилиги ҳам у ерда бўлиб туради. Энг асосийси, ҳар йили эрта баҳорда биз «Пахтакор» командаси хотираси соврини учун республикамиздаги иккинчи лига командалари ўртасида турнир ўтказяпмиз. Бу турнир ҳозирги «Пахтакор»ни тўлдириш учун ёш, истеъдодли ўйинчиларни аниқлашга ёрдам беряпти, умумий ишимизга хизмат қиляпти.

Менимча, бу иш - яхши одамларга ўрнатилган яхши ҳайкалдир.»

Гўё йиллар ўтиб чўккан ҳарсангтош, бу тош палахсаси Ўзбекистон Спорт Комитети биносининг олдида турибди. Унинг чўққисида бронзада товланиб турадиган футбол тўпи ва сайқалланиб қатор ёзилган таниш фамилиялар устунчаси - буларнинг ҳаммаси қўлда қилинганидан шоҳидлик беради.

Оқшом тушиши билан оппоқ тишли, ҳайкалнамо жингалак чўққи соқолли қувноқ боғбон қўлига резина ичакни олади-да, тош ва унинг атрофларига сув сепиб туради. Ҳавода мавжираган сув пуркалади, жазирама иссиқни ва ўтган кун давомида тўп юзасига ва абадий ўйиб ёзилган сатрларга қўнган чангни ювиб, гўё бу одамларга фамилияларнинг ёрқинлигини аввалги ҳолига қайтаради.

Ён-атрофдан йўловчилар ўтиб туришади. Гўё ҳеч ким бу ерда атайлаб тўхтамайдиган, шапкасини бошидан олмаётганга ўхшаб кўринади, аслида улар бирров назар ташламасдан ўтишмайди. Футболчилар ёдгорлигига қараганда улар нима ҳақида ўйлашаркин? Ким билади... Дарвоқе, нима учун бу ҳақда сўраб бўлмас экан?!

—    Мен ҳар куни эрталаб ва кечки пайтда шу тош олдидан ўтаман, — дейди милиция катта сержанти Муҳаммаджон Усмонов, - ва ҳар сафар бу йигитларни ёдга оламан. Мен уларни унутганим йўқ. Мен мухлисман, ахир «Пахтакор» ўйинчиларининг ҳаммасини Красницкий ўйнаган даврдан бошлаб номма-ном, майкаларидаги номерларига қараб биламан. Тошкентда командамнинг бирорта ўйинини қолдирмай келаётганимга ҳам йигирма йилдан ошди, бир вақтлар ҳатто қишлоқдан шаҳарга футбол кўргани келиб ҳам турардик.

Ўйинга бораётганимда эса, ён дафтарчам қўлимда бўлади, унга команда составини, голларни ким киритганини, тўпни кимлар узатганини ёзиб қўяман. Уйга қайтгач, бу ёзувларни қалин дафтарга кўчираман - бундай дафтарларимнинг сони олтитага етди. Айтгандай, мен нафақат милиционер, балки ёшларимиз газетаси «Ёш ленинчи»нинг штатсиз мухбири ҳамман.

—    Муҳаммаджон, уйдагилар ишқибозлигингизга қандай қарайди?

—    Ҳурмат қилишади. Катта ўғлим Зафар - у саккиз ёшда - ҳозирданоқ футбол ўйнаяпти ва мен билан бирга футболга бориб туради. Кенжаси Санжар, эндигина уч ёшга тўлди, лекин биринчи айтган сўзи «гол» бўлди.

Эътироз йўқ, бунга ишонмай бўлмайди. Агар Ўзбекистонда «Пахтакор» футбол командасига бефарқ одам йўқ, деган сўз рост бўлса, у ҳолда бу ердаги касбимиз вакилларида командага нисбатан содиқликни сақлаш керак, холос. Биз бундай мутлақо ўз-ўзидан тушунарли ҳис-ҳаяжонларга республика спорт журналистлари билан бўлган ҳар бир суҳбатда дуч келдик. Ва ҳамма вақт, ҳатто илгари бизга мутлақо бегона бўлган одамлар ҳам материал тўплашда бизга ёрдам кўрсатишга бажонидил тайёр эканликларини ҳис қилардик.

Улар кучли эдилар, чунки командага бирлашган эдилар. Улар кучли команда ҳам эдилар - ким билади бу ҳақда суҳбатлашишга тўғри келган бўлса, ҳамма «Пахтакор-79» яқин орада мамлакат чемпионатининг олий лигасида совринли ўринларга даъвогарлик қилиши аниқ эди, деб тасдиқларди. Шу клубда турли йилларда ишлаган бир неча тренерларнинг айрим фикр-мулоҳазаларини келтирамиз.

Вячеслав Соловьев:

—    Тренерлик ҳаётимда бунчалик пишиқ-пухта пайларга, ниҳоятда қобилиятли ва футболга жон дилидан берилганлар тоифасига дуч келиб, роса омадим келди, деб ҳисоблайман. Улар ҳаётида энг муҳими - ўйин эди. Улар ўзларини қарор топтирмоқчи эдилар ва фақат футбол уларни оёққа турғи-зишига ишонардилар. Улар оддий, нимаси биландир иззат-нафси соғлом, аллақандай мулоҳаза-истиҳолалар билан айнимаган, соддадил йигитлар эди. Уларнинг аксарияти қишлоқ жойдан, кўп фарзандли оилалардан чиққан эдилар. Тарбиясига, маълумотига, ҳатто характерига кўра, улар бир-бирларига яқин эдилар. Машқларда виждонан қатнашардилар, ҳар қандай қийинчиликка ёшлигидан кўниккандилар. Ўйин эса уларга қувонч бахш этарди.

Ан, Фёдоров, Аширов, Баканов, Хадзипанагис - улар «Пахтакор»да бош тренер бўлиб ишлаган вақтимда команданинг ўзаги эдилар. Улар астойдил ўйнардилар, ўйин улар учун машаққатли, хит қиладиган ҳолат эмасди. Учрашувлар давомида мен гоҳида тренер эканлигимни унутиб қўярдим. Уларнинг майдондаги сийқаси чиқмаган ва артистлардек ҳаракатига маҳлиё бўлиб қолардим. Томошабиндек қараб ўтирардим...

Айтгандай, улар нафақат ўйин пайтида, балки ҳаётда ҳам ўз кучини тезда тушуниб олдилар, кўп нарсаларни ҳамжиҳат ҳал этишларини англадилар. Бир-бирларидан ажралишмасди. Ва яна, хато қилмасам, ўша маҳалда «Пахтакор»нинг составида тўққизта миллат вакиллари бор эди: ўзбеклар, руслар, татар, корейс, тожик... Бу, таъбир жоиз бўлса, футболча байналминал эди. Ўйинчиларнинг ҳар бири халқлар ўртасидаги қардошлик ва чинакам совет ватанпарварлиги руҳида вояга етган эди.

Олег Базилевич:

— Командани қабул қилиб, ўйинчилар билан яқинроқ танишгач, уларнинг кўпчилиги ҳали ўз қобилиятларини тўласинча намоён этмаганларига ишонч ҳосил қилдим. Ўша даврдаги составнинг ярмидан зиёди мамлакат терма командасидаги ўринларга даъвогарлик қила оларди, айтгандай, иккитаси унда ўйнаётган ҳам эди. Уларнинг бирортаси ҳақида «у ожиз эди», деб айтолмайман. Бу йигитларнинг деярли ҳаммаси ўйинчининг ўртача андозаларидан баландроқ эди, бу ҳол эса битта командада камдан-кам учрайди.

Бир вақтлар футболдаги истиқболли нарса - савияси тенг ижрочиларнинг ҳамжиҳат коллективи ёки ўзларича ўйнайдиган ёхуд актёрлар тили билан айтганда, жунчойшабни ўз устига тортадиган етук актёрларнинг гуруҳи, деган баҳслар узоқ давом этганди. Эндиликда эса катта футболда чиройли ўйиннинг ўзига хослигини уйғунлаштирадиган ансамблгина ғолиб чиқа олиши ҳаммага аён бўлди. Демак, ютуққа коллектив ҳолда интилиш ҳам, ҳар бир ўйинчининг алоҳида маҳорати ҳам керак экан.

Беш бармоқ баробар эмаслиги рост. Улар ўйинчи сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам ўз феъл-атворига эга эди.

Тошкентдан унчалик узоқ бўлмаган колхозда истиқомат қилувчи серфарзанд корейс оиласида вояга етган бу футболчи ҳақида Вячеслав Дмитриевич Соловьёв бирмунча кутилмаган фикрни айтди: «Бу йигит ажойиб оила тарбиясини олган».

Михаил Ан «Пахтакор»нинг бир нечта ўйинчилари ўқишни тугатган Титов номли интернатда таълим олди ва мастерлар командасига таклиф қилинди... Соловьёв хотираларини ўқисангиз, ўша кезларда Миша жуда озғин, жисмонан кучсиз бўлганини билиб оласиз. Биринчи бўлим тугагандан сўнг ечинадиган хонага қайтиб, полга йиқиларди, қўлларини кенг ёйиб шўхлик билан: «Тамом! Бошқа ўйнай олмайман», дер эди. Кунлардан бирида Соловьёв унинг қўлларига назар ташлайди, нозикдан-нозик эканлигини кўриб сўрайди: «Миша, бу қанақаси, сен қўлингга кетмон олмаганмисан? Ахир сен колхозда катта бўлгансан-ку!» Ан эса унга жавобан муғомбирона кулиб дейди: «Оилада кенжаси эдим. Ҳаммаси мени эркалатиб ўстирган...»

Аммо аста-секин Ан бақувватлашиб, чидамлироқ бўлди ва кўп ўтмай, бошқа ўйинчиларга югуришда ва суръатда бой берса-да, лекин кўпчиликка нисбатан сезиларли устунликлари мавжудлигини намоён қилди. У ақлли одам ва ақлли ўйинчи эди. Майдонни ҳаммадан яхши кўра оларди. Миша ўзининг қисиқ кўзлари билан бошқаларга қараганда яхшироқ кўриши сабаб бўлиб, командадошлари унга ҳазил-ҳузул қилишини ёқтиришарди. Кўп ўтмай у «Пахтакор» ҳужумларининг ташкилотчиси сифатида танилиб қолди.

Унинг зарбаси, айниқса, ўнг оёғи билан берадиган зарбаси ажойиб эди. Бироқ Михаил қандай бўлмасин, шеригини зарба берадиган тўла имкониятли позицияга чиқаришни маъқул кўрарди. Гўё асосий воқеалар соясида қолиб, дарвозани ишғол этиш учун шеригига қулай шароитларни яратиш унга хуш ёқарди. Унинг тўп оширишига эса ҳақиқатан ҳам қойил қолмасдан бўлмасди, тўпни ниҳоятда аниқ ва юмшоқ қилиб узатиб берарди. Бундай тўп билан у ўзининг эски қадрдони, команданинг асосий зарба кучи бўлган Владимир Фёдоровни кўпроқ таъминларди.

Футболчини капитан қилиб сайлаш осон иш эмас. Бу ишда фақат овоз бериш камлик қилади. Бундай қарорни трибуналарда ҳам маъқуллашмаса бўлмайди. Тошкентдаги мухлисларни чалғита олмайсан, улар ҳаммасини - севимли командадагиларнинг қайси бири нимага қодир эканлигини тепадан қараб кўриб туришади. Михаил Аннинг капитанликка сайланганини ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилишди. У капитанлик боғичини тақишга меҳнати билан сазовор бўлган эди.

Команданинг ҳозирги дарвозабони, 1979 йилда «Пахтакор»нинг дублёри составида ўйнаган Александр Яновский қуйидагиларни айтди: -    Ан команданинг жони-дили эди. Катта ҳурматга сазовор бўлган эди. Чунки унинг адолатли одам эканлигини ва ҳақиқий ўйинчилигини ҳамма биларди. Яна қувноқлиги, ҳазил-мутоибаларни бошлаши, майна қиладиган ўйинчиларни ўйлаб топишида топқирлиги учун ҳам уни яхши кўришарди.

Тўлаган Исоқов:

—    Миша Ан ва Володя Фёдоров командага келишганда, мен “Пахтакор”нинг ветерани бўлиб қолгандим, ёшим уларникидан каттароқ эди-да. Бироқ ростини айтсам, ҳар иккала ўйинчи ҳам маҳорат ва истеъдод борасида ҳаммамиздан ўзиб кетишди.

Улар бир-бирларини қанчалик тушунишарди-я!

Афсуски, сўнгги йилларда уларнинг ўртасида нимадир рўй берди, аллақандай гап-сўз тарқалганди. Лекин шуниси муҳим-ки, ўйин пайтида бу ҳолат заррача ҳам сезилмасди. Иккови ҳам чинакам ўғлонлар ва маҳоратли катта ўйинчилар эди, иккови ҳам жанжални майдонда давом эттириш яхши эмаслигини тушунардилар. Аввал қандай бўлса, шундай ўйнардилар. Бундай жуфтликка эга бўлишни, ўйлайманки, мамлакатдаги ҳар қандай команда ҳам орзу қилса арзийди.

Фақат тасодифга кўра, мен ўша куни фалокатга учрамай қолдим. Жароҳат олган эдим, оёғимда тузуккина ғурра бор эди, даволанмасам бўлмасди. Шу боисдан мен Минскка учмадим. Миша Ан эса тиззаси жароҳатланган бўлишига қарамай, учиб кетди. У ҳалок бўлди, мен эса тирик қолдим...

Ўшанда ўттиз ёшда эдим, куч-қувват етарли, яна ва яна ўйнайверсам бўлаверарди. Бироқ мен «Етади, тамом!» дедим-да, кетвордим. Шундан сўнг майдонга қайтиб чиқмадим. Ўшандан буён ҳатто Қибрайдаги базада ҳам қорамни кўрсатмай қўйдим. Иккинчи лигада «Шаҳрихончи» командасига тренерлик қиляпман, ёшларни тарбиялаб ўргатяпман. Қобилиятли болалар бор. Аммо Ан билан Фёдоровга ўхшаганларини негадир кўрмаяпман.

Яков Аронович:

—    Миша Ан йилдан-йилга жиддийроқ ва хушёрроқ бўлиб борди, ўйинга ҳам, ҳаётга ҳам масъулиятлироқ қарайдиган бўлди.

У Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини тугатишга улгурмади, тўртинчи курсда таҳсил олаётган эди. Илгариги пайтларга қараганда анча жиддийроқ шуғулланаётганди. Футболдан кейинги ҳаёти тўғрисида ўйлай бошлаганди. 1979 йилда уни партия аъзолигига кандидатликка қабул қилишганди.

У ҳалок бўлган пайтда, рафиқаси фарзанд кутаётганди. Икки ойга етар-етмас Михаил Аннинг иккинчи ўғли дунёга келди.

Халқаро тоифадаги СССР спорт мастери Михаил Ан СССР ўсмирлар терма командасида 8 та ўйин ўтказди (ва 1 та тўп киритди), мамлакатнинг ёшлар терма командасида 23 та ўйинда қатнашди (2 та тўп), иккинчи терма командада ўйнаб, 7 та ўйин ўтказди (2 та тўп) ва Совет Иттифоқининг терма командасида 2 та ўйинда қатнашди. 1976 йилда ёшлар терма командаси составида ўйнаб, Европа чемпиони бўлди. 1974 ва 1978 йилларда мамлакатнинг 33 та энг яхши футболчиси рўйхатидан жой олди.

«Пахтакор» футболчилари ҳалок бўлганидан кейин Ўзбекистон Спорт Комитетига Тожикистоннинг Кабодиён районидаги 2-ўрта мактаб ўқувчиларидан мактуб келди. Улар футболчи Владимир Фёдоров тўғрисида ҳикоя қилиб беришни ва мактабнинг спорт музейи учун унинг фотосуратини юборишни илтимос қилишибди. «Бутун синфимиз билан, — деб ёзган эди улар, - қаттиқ изтироб чекдик».

Халқаро тоифадаги спорт мастери Владимир Фёдоров мамлакатнинг ўсмирлар терма командасида 22 та ўйинда қатнашди (6 та тўп киритди) ёшлар терма командасида 11 та ўйин ўтказди (5 та тўп), олимпия терма командасида қатнашиб, 5 та ўйин ўтказди (1 та тўп) ва СССР терма командасида 17 та ўйинда иштирок этди. Ёшлар терма командаси составида, Анга ўхшаб, 1976 йилда Европа чемпиони ва ўша йили Монреалда ўтказилган Олимпия ўйинларида қатнашиб бронза мукофотига сазовор бўлди. Ўз ўртоғи каби 1974 ва 1976 йилларда мамлакатнинг 33 нафар энг яхши футболчилари рўйхатидан жой олди.

У Тошкент областининг Ўрта Чирчиқ районидаги Свердлов номли колхозда туғилган. Унинг отаси - Иван Васильевич - фронтчи, уруш инвалиди, колхозда кўп йиллар давомида бухгалтер бўлиб ишлаган. Оилада яна икки ўғил ва бир қиз тарбия кўрди. Қишлоқда Фёдоровлар оиласини ҳамма эъзозлайди, коммунистик меҳнат зарбдори Иван Васильевич қишлоқ Советига депутат қилиб сайланган.

Яков Аронович:

— Бир куни шундай воқеа содир бўлди... Команда раҳбарларидан биттаси аллақандай «кўзланган натижа» учун ўйнаш керак дегандай қилиб Фёдоровга сўз қотди. Бу ҳаммага маъқул келармиш... Бироқ Володя унга шундай жавоб қилди: «Мен бундай «ўйин»ларга тушмайман». Ва эшикни ёпиб чиқиб кетди. Ўша тренер ўзига бошқа иш топиб жойлашгунга қадар Фёдоров билан гўё «ит-мушук» бўлиб юрди. Ўзларингиздан қоладиган гап йўқ: командадаги ўйинчи нақадар талантли ва зарур бўлишидан қатъи назар тренер уни ёқтирмай қолганда, аҳволи қанчалик батанг бўлиб қолади. Аммо Володя бўйин эгмади.

Мен уни шундайлигича - ҳамиша ва ҳамма жойда бошини мағрур кўтариб юрган ҳолда эслайман.

Вячеслав Соловьёв:

— Володя жиддий одам эди. Умрининг охиригача ўйнамаслигини, турмушнинг барча икир-чикир масалаларини тезроқ ҳал этиш зарурлигини биларди: институтни битириш, оила қуриш, тузукроқ квартира олиш... Бироқ юлғич эмасди. Мен айтишим мумкинки, оиласида деҳқонча сабр-қаноатлилик мавжуд эди.

Давид Кипиани:

— Володя Фёдоров ҳақиқий рус йигити эди. Қалби кенг, кўнгли очиқ. Ҳаммага очиқ чеҳра билан қарарди. Кучли одам эди, зерикишни билмасди.

Йиғинлар вақтида кўпинча мен у билан бир хонада турганман, ҳамма нарсалар тўғрисида очиқчасига гаплашардик. Яна уни ўз командаси ва ўз республикасининг ҳақиқий ватанпарвари сифатида биламан. Бу гапни умуман ҳалок бўлган йигитларнинг ҳаммаси ҳақида айтаверса бўлади. Коллективга, жонажон ўлкасига бундай муносабатда бўлиши менда доимо кучли таассурот қолдиради. Мана Фёдоров рус эди, Ан - корейс, Аширов ўзбек, Ўзбекистон эса уларнинг ҳаммаси учун чин маънода Ватан эди.

...Архив хужжатлари орасида унинг отаси Иван Васильевич ўз қўли билан битган Владимир Фёдоровнинг таржимаи ҳолини топиб олдик. Эҳтимол, бу ҳужжат қоида бўлиб қолган андозаларга жуда ҳам мослаб ёзилмагандир, бироқ у бизда чуқур таассурот қолдирди. У вужудингни титратиб юборадиган аччиқ сатрлар билан тугайди:

«1979 йил 11 августда «Пахтакор» футбол командаси составида хизмат вазифаларини бажараётган пайтда авиация ҳалокатида фожиали равишда ҳалок бўлди. Шу билан куч-ғайрати барқ уриб турган пайтда ҳаётдан умрбод кўз юмди».

Таржимаи ҳол тугади.

Олимжон Аширов. Олим... Дўстлари уни шундай чақиришарди, у ҳам Тошкент яқинида, серфарзанд оилада туғилган ва Титов номли республика спорт интернатида таълим олган.

Олим тўғрисида гапирганда одамлар унинг роса камтарин, олий даражада ишончли футболчи ва инсон эканлиги ҳақида гапирмасдан қўйишмайди. Майдонга чиққанда чинакам фидойиликни ва тўла-тўкис довюракликни намойиш қиларди. Чунончи, бу фазилатлар унинг оиласидагиларнинг ҳаммасига хос, уларнинг ҳар бири меҳнатнинг қадрига етадиган ва етарли даражада қийинчиликларни бошидан кечирган. Мана, атиги битта далил. Олим ҳалок бўлганидан сўнг боқувчисини йўқотганлиги учун унинг онаси Роҳатой Ашировага нафақа тайинлашганди, бироқ онахон Олимжоннинг етим қолган ўғиллари Олег ва Улуғбеклар фойдасига берилиши кўзда тутилган бу моддий ёрдамни олишга рози бўлмади.

Яков Аронович:

— Олим Аширов Володя Фёдоровга ўхшаб ўз тенгқурларидан ажралиб турарди. Командада у жой излаб юрмади - у туғма ҳимоячи эканлигини ҳамма тушунарди. Ҳаддан ташқари меҳнатсевар эди. Ҳайратга соладиган довюраклик, тиришқоқлик фазилатларига эга эди - зарур бўлганда, хужум-чининг оёғи остига бошини ҳам қўя оларди. Фёдоров ва Ан билан мактаб командасида ўйнаган кезларда Аширов ўзидаги чайирликни тарбияладики, кейинчалик катта футболга чиқиб, рақиб хужумчиларига қатор-қатор қийинчиликларни туғдирди.

Майдонда у ҳеч кимга бўйин эгмасди, бировнинг олдида ҳайиқмасди ҳам. Ҳаётда эса вазмин, итоатли эди, катталарга иззат-ҳурмат билан муомала қиларди.

Вячеслав Соловьёв:

— Шуни айтиш керакки, мен ўша йигитлар учун катта акадай эдим. Ўзбекистонда эса катта акани худди отадек ҳурмат қилишади. Улар ўзларининг барча ташвишлари ва қувончларини айтиб олдимга келишарди. Қаерда тўй бўлса, мени ҳам таклиф этишарди.

Олим Аширов Термизда ўзига қайлиқ топиб олгани ёдимда. Оқшомлари у меҳмонхонага кечикиб қайтаётганини сезиб қолдим, командамизда эса режим қаттиқ эди. «Олим, сен қаёқларда юрибсан», - деб сўраганимда, у қизариб уялди-да, ҳеч нарса демади. Бир неча кундан сўнг олдимга ўзи келди: «Вячеслав Дмитриевич, мен билан бир уйга бориб кела олмайсизми?» Мен дарҳол ҳаммасини тушундим. Ўша пайтда Олимнинг ёнида катта қариндош ўрнини босадиган, унинг номидан гапирадиган, уни қизнинг ота-онасига таништирадиган бошқа ҳеч қандай одам йўқ эди. Биз биргалашиб унинг бўл-ғуси келиннинг оиласига бордик. Қиз ўшанда ўнинчи синфда ўқир экан. Оила менга маъқул тушди, қиз ҳам. Мен рози бўлдим. Улар бахтиёр эдилар.

Бир куни эндиликда Юрий Загуменних номи билан аталадиган Тошкентдаги сокин кўчада футбол ўйнаётган болаларни учратиб қолдик. Дарвоқе, улар жуда соз ўйин кўрсатишарди. Айниқса, улардан биттаси, қорамағиздан келгани чаққон, тезкор ва тиниб-тинчимайдиганлар тоифасидан экан. Орқаси-да «5» рақами ёзилган, ранги ўчиб роса оқарган эски майка кийган эди. Биз тўхтаб, ўйинни томоша қила бошладик. Болакайлар нотаниш одамларнинг тикилиб турганини сезиб қолишди. Дарҳол ўйинни тўхтатишди ва ўз навбатида қизиқсиниб бизга тикилдилар.

Фақат шундагина биз «Пахтакор»нинг чап қанотида ўйнаган ҳимоячи Загуменних нечанчи номерда юрганини эсладик. Гап нима тўғрисида бораётганини эшитган йигитча ҳукмнамо оҳангда деди: «Пять» Таржима қилганда, бу «5» рақамини билдиради. Ишончли бўлиши учун у қўлини юқорига кўтариб, бешта бармоғини кенг ёйди. Сўнгра эса атайлаб қилмагандай орқасини ўгирди-да, майкасидаги номерни кўрсатди. Биз ҳам-масини англадик: у шунчаки футбол ўйнамаётганди, у Юрий Загуменнихга тақлидан ўйнаётганди... 

Айт-чи, қаердансан?

Узоқ Шарқлик спортчилар тўғрисида «оғир дақиқада ерга қаратиб қўймайдилар» деган гапни мен кўп марта эшитганман.

Владивостокнинг «Луч» командасига Юрий Загуменних 1964 йилда ўн етти ёшида қабул қилинди. «Пахтакор»нинг ҳозирги катта тренери Александр Петрович Кочетков уни ўшанда кўз остига олиб қўйди. Чунки, шаҳардаги ҳунар-техника билим юртларидан бирининг командасидаги тез югурадиган, дадил ҳимоячи унга ёқиб қолганди.

1970 йилда «Луч» СССР Кубоги ўйинида «Зенит»га қарши майдонга тушганди. Ленинграддаги ўйиндан сўнг Загуменнихни шу командага таклиф қилишди.

«Зенит»нинг катта тренери Горянскийга чайир, тез югурадиган, чап қанот ҳимоячиси маъқул тушди. Очиқ гапдан қайтмайдиган ва очиқ кўнгил Юрий эса дарҳол ўз ниятини айтди: «Асосий составга қўяверинг, уялтирмайман. Мабодо маъқул келмай қолсам, уйга қайтиб кетаман. Дублда эса ўйнамоқчи эмасман». Тренер бундай дадилликдан ҳайратга тушди ва... Загуменнихни асосий составда Ростовнинг Армия Спорт Клуби билан навбатдаги матчига киритишди. Узоқ шарқлик йигитнинг синови муваффақиятли ўтди, ўша вақтдан буён беш йил давомида у «Зенит»нинг ўнг қанот ҳимоячиси ўрнида мунтазам равишда ўйнаб келди. 

Юрий Загуменних:

—    Қиш пайти эди, баскетбол ўйнаётиб орқам билан ноқулай аҳволда йиқилиб тушдим. Шу маҳал умуртқамда нимадир ғижирлаб кетди, гавдамда қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. Врач буни мушакнинг эти узилгани деб тушунтирди, (кейинроқ аниқ бўлишича, умуртқа суяги оралиғидаги гардишларнинг сиқилиши содир бўлган экан). Даволанишга қарамай, оғриқ тўхтамади.

Аммо Юрий машқ қилишда давом этаверди, йиғинларда ўйинларни ўтказаверди. Учрашувлардан бирида оёғи жароҳатланди, ярасига чанг тушган шекилли... Ленинградда медицина фанлари доктори Анастасия Владимировна Савченко кам учрайдиган ва машаққатли оғир операцияни бажарди: тос суяк-ларини умуртқанинг лат еган жойларига кўчирди. Ўзига келганидан сўнг Загуменних у ерда турганлардан кутилмаганда сўраб қолди: «Энди ҳам футбол ўйнай оламанми?» «Узоқ яшайсиз», — деб жавоб қилишди унга.

Юрий чалқанчасига етти ой шифохонада ётди.

Юрий Загуменних:

—    Мен касалхонадан махсус бандажда чиқдим, уни ярим йилдан кўпроқ тақиб юрдим. Кескин ҳаракатлар, бурилишлар, эгилишлар қилиб бўлмасди. Менга инвалидликнинг иккинчи группасини белгилаб, пенсия берадиган бўлдилар. Врачлар фақат ўтириб ишлашга рухсат беришди. Район социал таъминоти бўлимидан менга хат келди: бу менга ногирон сифатида тикувчилик ишига таклиф қоғози экан...

Мен аввалига ётган жойимда резина тасмалар билан машқларни бажарадиган бўлдим. Ўзимни бирмунча яхши ҳис қилганимдан сўнг секин-аста югура бошладим. Етти ёшли ўғлим менга кўз-қулоқ бўлиб турди. Серёжа велосипедда юрар, мен эса уни ушлаб олиб ёнида аста-секин борар эдим. Сўнгра парк бўйлаб югурадиган бўлдим. Ўғлимни елкамга олиб ўтириб-туришни машқ қилишга киришдим. Бир ярим йилдан сўнг биринчи марта тўп тепдим, «Светлана» стадионига қатнай бошладим, завод футболчилари билан машқ қилишга киришдим. Яна бир неча ой ўтгач, «Зенит»га келиб қайтадан ариза ёздим бироқ мени командага олишмади - врачлар ҳам, тренерпар ҳам журъат этолмадилар.

1976 йилнинг охирида Юрий Загуменних билан унинг биринчи тренери Александр Кочетковнинг йўллари яна туташди, уни Тошкентнинг «Пахтакор» командасига тренерликка таклиф қилишган эди.

Кочетков иш юзасидан Ленинградга келади. У Юрийнинг бошига тушган кулфатни эшитиб қолиб дарҳол унга қўнғироқ қилиб, «Пахтакор»да ўйнашга чақиради. Александр Петрович ўз шогирдининг характерини, унинг футболга муносабатини яхши биларди ва агар Юрий истаса, кўзлаганига эришмай қўймаслигига ишонарди.

Беморни текшириб кўрган врачлар ҳайратланиб, Юрий аслини олганда соппа-соғ эканлигини аниқлашади ва спорт билан шуғулланаверса бўлишини айтишади.

Икки йил давом этган танаффус ва оғир касалликдан сўнг ўттиз ёшида Юрий Загуменних яна футболга қайтди.


В. Перетурин. «Советский спорт», 1978 йил 20 август.

Бир вақтлар тренер-селекционер Вячеслав Кольцов дарвозабон Сергей Покатиловни Ашхободда учратиб қолади ва «Пахтакор»га таклиф қилади. Кўп ўтмай Покатилов команданинг асосий дарвозабони бўлиб қолди. Жуда ишонарли, дадил ва қўрқмасдан ўйнарди. Фалокатдан бир йил аввал жиддий жароҳат олиб - ўмров суягини синдириб қўйиб, унинг даволаниши давомидаги азоб-уқубатларини бошдан ўтказди. Москвадаги Марказий жарроҳлик ва ортопедия институтда узоқ вақт машҳур Зоя Миронова уни даволади. Мураккаб операцияга бардош берди - унинг суягини парма билан тешиб, ўмров суягининг ичига учи қайрилган михни жойлаштиришди. Сергей операцияга бажонидил розилик берди. Бу футболга қайтишнинг яккаю-ягона имконияти эканлигини у билган эди.

Яна командадаги ўрнини эгаллади, жароҳатдан олдингига қараганда сира ҳам ёмон ўйнамади, касалхона, каравотда ўтказилган ойлардан сўнг шундай бўлди. Эҳтирос даражасига кўтарилган бундай тиниб-тинчимас меҳнатсеварлик ҳақида гап кетганда, 1979 йил «Пахтакор»нинг бошқа ўйинчилари тўғрисида ҳам шундай гапларни эшитиш мумкин. Хусусан, бу характеристика бутун командага тааллуқли десак хато бўлмайди.

—    Командадаги ёшлар ҳам ўзини намоён қилаётган эди, - деб хотирлайди Олег Базилевич. - Ўйинчи Владимир Собиров истиқболли футболчи эди. Шуни айтишим мумкинки, унда яхши футбол қобилияти бор эди. Равиль Агишевга катта умид боғлаган эдик. Бундан ташқари Шуҳрат Эшбўтаев «агрессив» тезлиги баланд хужумчи бўлиб тўп билан «тиллашишда» мароқли ва алоҳида услубига эга эди. Самарқанддан яқинда бизга келган, дублёрлар командаси ўйинчиси Сирожиддин Бозоров ҳам қобилиятли бола эди. Эндигина мактабни тугатиб институтга кириш учун имтиҳонларни топшираётгандн.

Аҳрор Иноятов:

—    Мен энди Эдгай Тазетдинов номи берилган кўчада яшаяпман, яъни бу маҳалланинг доимий фуқаросиман. Бобом Убайдулла Убайдуллаев кейинги пайтларда Тошкентда Ишчилар шаҳарчаси деб ном олган райондаги биринчи уйни қурган. Эдик менинг уйимга тез-тез келиб турарди, лекин ўша кезларда бу кўчага унинг номи берилишини у қаёқдан ҳам билиши мумкин эди...

Уни ўйинчи сифатида ҳурмат қилишарди, тренерлигида ҳам иззат-икром билдиришарди. У сира толмас, командага ва футболга содиқлигича қолди. Ҳозир мен иккинчи лигадаги «Ёшлик» командасида команда бошлиғи бўлиб ишлаяпман. Бир вақтлар тренер ҳам бўлганман. Тазетдиновнинг қандай ишла-ганини доимо эслаб тураман. Бош тортмай ишларди. Фидокорона меҳнат қиларди. На дам олиш кунларини, на байрамни биларди. Кўпинча уйда эмас, команданинг Қибрайдаги базасида яшарди.

Вячеслав Кольцов:

—    Биз Эдик билан қалин дўст эдик. Мени инфаркт оёқдан чалганда касалхонага биринчи бўлиб келган ҳам Тазетдинов эди. Бу умуман унга хос хислат бўлиб, дўстнинг чақириб ўтиришини асло кутиб ўтирмасди. Аксинча, ёрдамга биринчи бў-либ ўзи шошиларди.

Олег Базилевич:

— Тазетдинов тўғрисида алоҳида гапирмоқчиман. У мустақил ишлаб командага тамомила раҳбарлик қилишни уддалай олса-да, лекин иккинчи тренер бўлиб ишлади. У ишга жуда жиддий, касб-ҳунар жиҳатдан ёндошадиган, назарий жиҳатдан етарли тайёргарликка эга, ўйин бўйича катта тажрибали, ниҳоятда фидойи тренер эди. Умуман ажойиб инсон эди. Йигит-лар билан муносабатлари жуда соз бўлиб, гап бутунлай ўзини уларга мослаштиришда эмас, аксинча, Эдгай жуда талабчан, айрим вақтларда муросасиз бўлиб қоларди. Барибир унинг бу хислати ўзига ярашар, шунинг учун уни ҳурмат қилмасликнинг иложи йўқ эди.

Ўйлайманки, ўзининг тайёргарликка савиясини, ишга муносабатини, беғубор инсоний фазилатларини ҳисобга олганда, у ҳозир мамлакатнинг етакчи тренерларидан бири даражасига эришиши мумкин эди.

Эҳтимол, бу одамлар тўғрисида улар ҳаёт бўлган пайтда, бундай иззат-икромли оҳангларда ва аъло даражада гапирмагандирлар. Уларнинг ўзларига яраша камчиликлари, хатолари, ёқлайдиган хусусиятлари ҳам бор эди, албатта. Бироқ эндиликда “Пахтакор”нинг ҳалок бўлган футболчиларини ёдга олиб, суҳбатдошларимизнинг деярли ҳаммаси улар ҳацида яхши гап айтишга интиладилар. Гап ҳаётдан бевақт кўз юмганлар тўғрисида борганда инсон хотирасига хос бўлган маълум бузиб кўрсатишларда эмас. Гап шундаки, ягона муштга жипслашган иноқ ва кучли коллективга бирлашиб, улар кучли ко-мандани тузган эдилар.

Улар, яхши, кўп нарсаларни кутса бўладиган, команда эди.


                                                            Сергей ВИШНЯКОВ, Олег КУЧЕРЕНКО.

Рус тилидан Пиримқул ДЎСТМАТОВ ва Раҳматулла ЮНУСОВ таржимаси

Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика