Мақола. Дунёнинг энг яхши футбол агентлари
08 май 2020 21:10
Янгиликлар
Мақола. Дунёнинг энг яхши футбол агентлари
Натижаларни таҳлил қилиб, футбол тарихидаги энг яхши агентларни саралаш вақти келди.
Жорже Мендеш — қирол
Мижозлари: Роналду, Ди Мария, Фалькао, Моуринью, Жоау Феликс
Мендеш — бу Португалия.
Жорже Португалия бозорига 2002 йилда, Луиш Фигуни унинг агенти Жозе Вейгдан тортиб олганида кириб келган. Ўшандан бери Мендеш ўз ватанида қандайдир номақбул устунликни яратди: деярли барча истеъдодли ўйинчилар, "Бенфика" ва "Порту"нинг португалиялик ёки бошқа чет эллик футболчилари GestiFute (футболчиларга агентлик хизматини кўрсатадиган компания) мижозларидир.
Мендеш - бу "саккизоёқ".
У клубларга кириб бориб, раҳбариятга тўғридан-тўғри мурожаат қилади ва уларнинг клубини мижозлари билан тўлдиради. Мендеш 2013 йилда "Валенсия"ни банкротликдан қутқарди, "Монако"ни чемпионлик пойгасига қўшди ва энди "Вулверхэмптон" атрофида айланиб юрибди — ҳар ҳолда мураббий ва ходимларнинг камида учдан бир қисми GestiFute мижози саналади. Моуриньюнинг "Реал Мадрид"да ўтказган даврида Мендешнинг беш мижози шу ерда эди. Ўшанда Флорентино Перес португалиялик агентни "Реал"нинг ҳақиқий президенти, дея ҳазиллашган.
Мендеш — бу империя.
2020 йилга келиб энди Мендеш классик агент эмас, балки ўз империясининг ва глобал бренднинг бош директори. Жорже фақат элит мижозлар ва глобал келишувлар билан шуғулланади, қолган шартномалар учун кичик ходимлар бор. Улар биргаликда аъло даражада ишлайдилар - 2014 йилда Мендеш футбол агентлари орасида биринчи бўлиб бир миллиард евролик трансфер қилди.
Жонатан Барнетт — ўз касби инқилобчиси
Мижозлари: Бэйл, Лофтус-Чик, Шенсни, Маунт, Сауль
Британиялик ушбу шахс етакчи футбол агентлари рўйхатида туришга лойиқ. 2013 йилда у уэлслик эльф - Гарет Бэйлни "Реал"га 100 миллион еврога сотган ва 16 миллион евро фойда қилган.
Барнеттнинг бошқа хизматлари ҳам мавжуд.
Барнетт 90-йилларнинг охирида инновацион усул билан футболга кириб келди: у 14 ёшли иқтидорли ёшларни Англия ўсмирлар терма жамоасидан сотиб олди. Буни олдин кимдир амалга оширгандек туюлади, аммо Барнеттдан олдин ҳеч ким футболчиларни жуда ёшлигида "овлаш" мумкинлигини тушунмаган.
Ушбу услуб Барнеттга тегишли Stellar компаниясининг асосий хусусиятига айланди ва тез танилишига ёрдам берди: Stellar 2020 йилда икки қитъанинг олти мамлакатида филиалларига эга, Жонатан қўл остида 50 та агент ишлайди ва портфелида умумий қиймати 1,28 миллиард еврони ташкил этувчи 400 дан ортиқ ўйинчи бор. Бу эса футбол агентлари орасидаги рекорд натижа.
Барнеттнинг кўплаб мижозлари — ўша ёшлар жамоаси вакилларидир. Бироқ, уларнинг кўпчилиги аллақачон улғайдилар ва Премьер-лига юлдузларига айланишди: Лофтус-Чик, Маунт, Жеймс, Чилуэлл, Грилиш.
Барнетт фаолиятини бошлаган пайтларда, харидорларни қўрқитмаслик учун ўзининг эски Honda машинасини чеккага қўйиши керак бўларди. 2019 йилга келиб, Forbes уни дунёдаги энг нуфузли футбол агенти деб тан олди.
Мино Райола — "қайта ихтиро қилинган" агентлик роли
Мижозлари: Ибрагимович, Погба, Де Лигт, Де Йонг, Мхитарян
Райола — агентлар дунёсининг асосий юлдузи ва ғайриоддий характер эгаси.
Футболчилар Райолани яхши кўришади. Чунки агент уларнинг ҳаётини ўзгартира олади, бутун дунёга уларни мақтайди ("Погба Далининг сурати каби бебаҳо") ва энг яхши шароитларни яратиб беради. Мино саккиз тилда гаплаша олади ва ҳар бир мижозининг дўсти ҳисобланади.
Клублар ва мураббийлар Райоладан нафратланишади. У бир вақтлар Погбанинг маоши бўйича Фергюсон билан тортишган, Мино ҳатто бошқаларнинг устидан мазах қилиш ва менежмент бўйича баҳслашишга қодир.
Райоланинг ютуғи ишлаб топадиган маблағи ва катта номлар унинг мижози бўлганлигида эмас. Бу йигит футбол агентлиги касбини "қайта ихтиро" қилган. Унинг рўйхатдаги мижозлари сояда қолишни яхши кўрадиганлар тоифасидан эканлиги Райолага қўл келади, у шоуменлик ва "фирибгар"ликни моҳирона ижро қилади. Райола шундай агентки, у оммага футболчилардан кўра қизиқроқ.
Ушбу турдаги промоутерлар кўпинча, Америка боксида учрайди, футбол учун эса буни Райола кашф қилган.
Фолькер Штрут — асосий немис агенти
Мижозлари: Ройс, Кроос, Хеведес, Упамекано, Вайгль
Штрут — немис футболининг шаҳзодаси. Деярли барча энг яхши немис футболчилари унга қараб "сузмоқдалар".
Айнан у Кроосни "Реал"га (Штрут келишувни немис футболидаги энг яхшиси деб билади) ва Гетцени "Бавария"га сотган. Ройс "Боруссия" (Дортмунд)нинг ватанпарвар инсонига айланиб, агентни янги ютуқ билан таъминламаганлиги ачинарли.
Штрут ҳаммага индивидуал тарзда ёндашади: унинг телефонида 2500 та контакт бўлиб, ҳар бир ўйинчига шахсан қўнғироқ қилади ва ҳатто уларнинг оиласи билан танишади.
Штрут 2015 йилда Гвардиола билан можарога борган — Пеп Гетцени захирага "михлаганида", агентнинг ғазаби қўзғаган:
"Гвардиола Мариони йўқ қилади. Нимага "Бавария"дагилар уни ҳимоя қилмаётганига тушунмаяпман".
Марио Гетце Дортмунддан кетишини агентнинг ташаббуси бўлганлигини таъкидлаб, Штрутни қадрламади ва уни ишдан бўшатди.
Кичик можаро Фолькернинг обрўсига жиддий зиён келтирмади: бир неча йил олдин у Бундеслиганинг энг яхши ҳимоячиси ва ўзининг навбатдаги топ-трансфери - "Лейпциг"нинг франциялик футболчиси Дайо Упамекано билан шартнома имзолади.
Штрут 2007 йилда SportsTotal компаниясини очган ва 2018 йилда даромади бўйича дунёдаги тўртинчи рақамли футбол агентига айланди (йилига 40 миллион евро ишлаб топган).
Пини Захави — рекорд трансферлар мутахассиси
Мижозлари: Неймар, Де Брюйне, Ндомбеле, Моура
Пини Захави — агентлар орасидаги қария, у 40 йилдан бери футбол билан бирга.
Захави 70-йилларда спорт журналисти сифатида иш бошлаган, тасодифан бир нечта исроиллик футболчиларга Англияга кўчиб ўтишида ёрдам берган ва журналистликдан кўра агентлик фаолиятида кўпроқ даромад олиши мумкинлигини тушуниб етган.
Исроилликнинг услуби — йирик келишувлар
У 90 йилларда Фергюсоннинг ишончли вакили бўла олди ва "Манчестер Юнайтед" фойдасига муҳим битимлар тузди. Асосий муваффақият — Фердинанднинг 46 миллион евро эвазига "Лидс"дан "Манчестер Юнайтед"га ўтиши (кўп йиллар давомида у энг қиммат ҳимоячи бўлиб келган). Пини 2005 йилда Якубу Айегбенининг "Портсмут"дан "Мидлсбро"га ўтгани туфайли Англия футболи тарихидаги энг кўп даромад (3.64 миллион фунт)ни олди.
Пини ўзини яхши тарафдан кўрсатди ва буни ҳаммага исботлай олди — Абрамовичга "Челси"ни сотиб олишга кўмаклашди, Фергюсоннинг ворисини топишда ёрдам берди.
2010 йилнинг бошида Захави "соя"да қолди — пул ўтказмалари шўба компаниялар орқали амалга оширилди ва исроилликнинг иштирокини кузатиш қийин бўлиб қолди.
Пини 2017 йилда охирги йилларнинг асосий трансферига раҳбарлик қилди - унинг иштирокида ПСЖ Неймар учун 222 миллион еврони ўртага "тикди".
Трансфер рекорди яна янгиланадиган бўлса, (пандемия туфайли, бу яқин орада юз бериши қийин) - бу шубҳасиз, Пини Захавининг мижози бўлади.
Киа Журабчиан — клублар (айниқса, "Шахтёр") уни ёмон кўришади
Мижозлари: Давид Луис, Коутиньо, Маркиньос, Фелипе Андерсон
Агентлик бизнесида қардошлик жуда ривожланган - агар сиз Португалия ёки Англияда туғилган бўлсангиз, демак, сиз ушбу бозорга эътибор қаратасиз. Киа Журабчиан бу тизимни "синдирди": у Эронда туғилган, аммо бразил футболининг қироли бўлган.
Журабчиан сармоявий бизнесдан келгани боис ўзи билан бирга мукаммал усулларни олиб келган. "Учинчи томондан эгалик" у билан бошланган (Киа ўз мижозлари ҳуқуқларини сотиб оладиган жамғарма тузган). Шу сабабли клублар Киа мижозлари трансферидан қўшимча пул олмайдилар: 2007 йилда "Манчестер Юнайтед" 14 миллион еврога Тевесни сотиб олганига қарамасдан "Вест Хэм" атиги 2 миллион олган — қолгани Журабчиан фондига келиб тушган.
Эронликнинг "Шахтёр" билан ҳисоб-китоби. Журабчиан энг зўр бразилияликларни топди, У 2014 йилда мижозларини Украинада қолиш жуда хавфли эканлигига ишонтирган ҳолда "Шахтёр"га учишларини тақиқлади ва Европага трансфер қилди.
"Киа шунчаки мафия", — дейди ғазабланган Луческу.
Журабчиан сўнгги йилларда асосий эътиборини клубларга қаратди. У дастлаб, "Интер" раҳбарияти билан дўстлашди (Жоау Мариу ва Габриэл Барбоза харидини расмийлаштирди) ва эндиликда "Арсенал"да "Бразилия инқилоби"ни бошламоқда.
Константин Думитраску — ким?
Мижозлари: Кавани, Матич, Канте, Варан, Жиру, Кондогбиа
Руминиялик агент кучли агентлар сафига катта трансферлар ёки ўзига хос ёндашув орқали кириб келмаган.
Думитраску — бу футбол агентларининг ўзига хос тимсоли ва стереотип(бир хил қолипдаги шахс)лардан ҳоли инсон.
Константин Думитраску ҳақидаги маълумотлар жуда кам. У 80 йилларда Руминияни тарк этган, озроқ бокс билан шуғулланган ва 1994 йилда ФИФА лицензиясини олган.
Нега Думитраскунинг компанияси - MSM (Mondial Sport Management) офиси Германиянинг Келькхайм шаҳридаги тайландча ресторанда рўйхатдан ўтган?
Нима учун Руминияда руминиялик агент ҳақида ҳеч нарса билишмайди?
Нимага у 25 йиллик фаолияти давомида фақат битта интервью берган?
Forbes 2017 йили Думитраску бўйича профайл яратишга ҳаракат қилди, лекин улар ҳам муваффақиятсизликка учради.
"Мен бундай ҳолатга биринчи марта дуч келдим. Биз жаноб Думитраску ҳақида деярли маълумот топа олмадик. Кейин биз у билан шахсан боғланишга ҳаракат қилдик, аммо номаълум одамлар буни амалга ошириш мумкин эмаслигини айтишди", - дейди Forbes ходими.
Forbes transfermarkt.de сайтига Константин бўйича сўров юборганида, уларнинг хатлари "спам" белгиси билан ортга қайтиб келди. Шундай қилиб, ҳатто Forbes бу йўлда ожиз қолди ва Константинни рўйхатдан олиб ташлашни ўйлаб қолди.
Думитраскунинг ўзи бу ҳолатни ҳеч ҳам ғалати эмаслигини ва у итальян мафиясидан яширинишини таъкидлади.
Шерзод Нурматов таржимаси.
Фикрлар