Макналти матонати
26 июл 2016 17:30
Янгиликлар
Кимдир Луи ван Гал иштирокидаги матбуот анжуманида қатнашиб, бир лаҳзада довруғ қозонади, бошқа биров эса бутун Англияни кезганча таомланиш учунгина тўп суриб, бутун умр «Бақалоқ» лақаби билан яшайди. Шаҳардан шаҳарга ўтиш чоғи унинг таомномасида ширинликлар ўрнини балиқ гўшти ёки чипс эгаллайди. Фақат қорни учун майдон бўйлаб, «елиб-югурадиган» бу йигитчанинг исм-шарифи - Стив Макналти.
Қаҳрамонимиз футболчилик фаолияти давомида бир нечта жамоаларда тўп сурди. Аммо унинг учун ҳаммаси машҳур «Ливерпул»да бошланган, ахир мазкур жамоанинг ёшлар тизимида ҳам ўйнаган. Мутахассислар «Эвертон» ишқибози саналган Макналтини 6 ёшидаёқ пайқашди. Ҳаттоки, Стив 2003 йили U-19 тоифасидаги таркибга сардорлик қилган ва унда «қизиллар» билан шартномасини яна бир йил муддатга узайтириш имконияти туғилганди. Лекин футболчи клубдан кетишни маъқул кўрди. Кейинчалик чемпионшипнинг 1-2та иштирокчиси кўригидан ўтолмади ва охир-оқибат, профессионал фаолиятини Англия футболи тизимидаги 8-дивизион (!)да бошлади. Ҳаммасига телевидение сабаб: кутилмаган инқироз бошқа ўнлаб йигитлар сингари Стивнинг умидларини ҳам чиппакка чиқарди. Гап шундаки, қуйи лига ўйинлари трансляцияси ҳуқуқини сотиб олган телекомпания инқирозга юз тутди ва белгиланган 315 миллион фунтни тўлай олмади. Бунинг ортидан ваъда қилинган воситаларнинг катта қисми клубларга етиб бормади, ваҳоланки, ҳаммаси бир йил аввал расмийлаштирилганди - шартномалар, трансферлар, академия иши, инфратузилма. «Бу - шартномасиз ўйинчилар учун энг оғир пайт эди», - дея ўша ҳолатни эслайди Макналти. Хуллас, ортиқча футболчилар қуйи лига вакилларига ижара асосида юборилди, жамоасиз қолганлар эса ўнг келган иш билан шуғулланишдан ўзга чора тополмадилар. Стив ҳам шундай ҳолатга тушди. Обрў учун кураш, чўнтак эса, бўм-бўш...
20 ёшида ташқи кўринишидан фаолиятининг каттагина қисмини ўтказиб улгурган футболчига ўхшаб қолган Макналти қуйи дивизионларда ўйнаш билан чекланишга мажбур эди. Бироқ йигитчанинг кўзи премьер-лига жилосидан бошқа нарсани кўрмасди, зеро, уни фақат энг яхши нарсаларга ўргатишганди. Ташқи қиёфаси бўйича анча улғайгандек, сочларига оқ оралаган Стив «Ливерпул» академиясида ўтказган нақ 13 йил давомида ўзидан каттароқ кўринишга эга ўйинчи бўлмаганини тан олади.
Вазиятнинг бундай тус олиши кишига салбий таъсир ўтказиши тайин: «Бу ҳолат одамда ишлаш баробарида ўйнашга иштиёқни оширади, ҳар бир учрашувда ҳурмат тўплаб боришни бошлайсан». Чиндан ҳам, ҳурмат-эътибор жуда муҳим эди. Бироқ дам олиш кунлари 8-лига доирасидаги ўйинларни трибунада ўтирганча ажойиб ҳаракатларингни кузатадиган скаутлар йўқ, ҳисоби. Шунчаки, сени пайқаб, номингни тилга олишларини кутасан, шунга умид боғлайсан.
«Берско»даги икки мавсум - Макналтини ливерпуллик собиқ мураббийи ўзига чорлади. «Воксхолл Моторс»даги икки мавсум - Макналти лигадаги азалий рақиблардан бири сафини тўлдирди. «Барроу»даги икки мавсум - ниҳоят, нимадир ўхшаётгандек бўлди. Стив жамоа сардорига айланди, Шимолий конференциянинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди, жамоасини 5-дивизионга олиб чиқди. 2008|2009 йиллар мавсумида «Барроу» Англия кубогининг нақ 6та босқичи (!)ни муваффақиятли босиб ўтди. Атиги 70 минг аҳолиси бор шаҳарнинг 8 минг фуқароси ўз суюклиларини премьер-лига клубига қарши баҳсда қўллаб-қувватлаш мақсадида Мидлсброга йўл олишди. «Барроу» бу ўйинни 1:2 ҳисобида бой берди, аммо мухлислар чемпионликка эришгандек қувонишди. Иккинчи томондан, уларнинг айнан шу мавсум якунида клубни лигадан тушиб кетишини кузатишларига бир баҳя қолди. Кубок баҳсларидаги муҳит ажойиб эди, аммо дивизионни тарк этиш хавфи борингни ўйинга бағишлашга ундамаслиги аниқ. Макналтининг олдига футболчилик ва ҳайдовчиликдан бирини танлаш шарти қўйилгач, у «Барроу» сафида ўйнамасликка қарор қилди. Чунки Стив бу ишни футбол билан тенг олиб борарди. «Оилам, фарзандим, кредитим бор. Жуда кўп пул йўқотишим мумкин эди», - қарорини шу тариқа изоҳлади Макналти. «Бу ҳолат мени ҳайрон қолдирди, аммо Стивнинг танловини тўғри қабул қилдим. У пулни фаолиятидан устун қўйди», - деди бунга жавобан «Барроу» президенти хайрлашиш олдидан.
Шу воқеа сабаб, Макналти ўйинга нисбатан меҳрини йўқотди, футболчилик фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлади, аммо майдонда ўтказган 6 йил давомида уни трансфер бозорида кўпчиликка таниб улгурганди. Кўп ўтмай, «Флитвуд Таун» унга муносиб мотивация таклиф этиб, клуб учун рекорд саналган трансферни амалга оширди: бақалоқ йигит 17 минг фунт эвазига харид қилинди. Бундан илҳомланган қаҳрамонимиз сардор сифатида жамоасини 2та дивизиондан олиб ўтди. Мабодо Жейми Варди суҳбат давомида ўзи билан бирга ўйнаган «ажойиб бақалоқ» ҳақида сўзласа, билингки, гап айнан Стив тўғрисида кетяпти.
Роналдунинг бутун Европани лол қолдиришига гувоҳ бўлган 2014 йил аслида Макналтига аталганди. Стив 4-лига вакили «Лутон» клубига ўтгач, Англия уни кашф эта бошлади, матбуотчилар, ишқибозлар ва ўйинчилар ҳурматини қозонди.
Макмаффин - бу фэйк. Унинг «Твиттер»даги шахсий фэйки «Стив Макмаффин», деб номланади. Ушбу саҳифада Макналтининг «Астон Вилла»га қарши кечган мавсумолди учрашувида Бентеке ва бошқаларга ўйин бермагани қайд этилган. Ўшанда машҳур газета ва журналлар муқовасини Макналтининг суратлари безади. Унинг ўзи эса маҳаллий газеталар берган интервьюсида Бентеке формада бўлмаганини айтиб, шунчаки, камтарлик қилди.
Макналти - бу қўрқув. Уни ҳар бир янги клубида бежиз сардорликка тайинлашмайди. Қанот бўйлаб югуриб кетаётганингизда, йўлингиздан девкелбат футболчи чиқиб, худди «Ливерпул»да ўргатишгани каби «подкат» ишлатганча тўпни олиб қўйишини бир тасаввур қилинг-а. Ахир бу даҳшат-ку!
Макналти - бу кураш. Яккама-якка ҳолатда энг хавфли рақиб айнан Стивдир. У гўёки, устингизга бостириб келаётган бульдозердек кўринади.
Макналти - бу сумо. «Ҳаётимда ҳамма нарсани кўрдим, турли «таъриф»ларни эшитдим: «Разил бақалоқ», «Ширинликларни ким еб қўйди?». Буларнинг барчаси қизиқ, шунчаки, кулиб эслайман. Рости, менга барибир. «Сумо! Сумо!» ҳайқириғига келсак, шахсий ишқибозларим шундай қичқиришади!» - дейди Стивнинг ўзи вазиятга ойдинлик киритиб.
Макналти - бу куч. Тўпни Пуйоль сингари олиб қўяди ва Роналду каби олдинга ташланади. Бошқа гапга ҳожат йўқ.
Макналти - бу жасорат. Агар у АПЛда ўйнаганида, газета ва журналлар муқовасини унинг йиртилган қоши акс этган суратлар босиб кетарди. Деярли ҳар бир ўйиндан сўнг шундай ҳолат рўй бериши эҳтимолдан холи эмасди.
Макналти - бу қаҳрамон. «У сендан бақувват! У сендан бақувват!» - ишқибозлар ўз ёқимтойларини қўллаб-қувватлаш учун доимо зарур сўзларни топишади. Стивнинг 110 килограмм вазнга эга Адебайо Акинфенва билан тўқнашуви чоғи мухлислар худди шундай ҳайқириқлари билан ажралиб туришди. Ҳа, гап ўша - Англия кубоги баҳсида «Ливерпуль» дарвозасини ишғол қилган баҳайбат Акинфенва ҳақида кетяпти. Икки сайёранинг тўқнашувига қиёсланган баҳсда Адебайо орбитадан чиқариб юборилганди.
Макналти - бу самба эмас. Ҳеч қандай самбага ўрин йўқ. Рақс унга мутлақо бегона.
Макналти - ҳамма учун илҳом манбаи. Дуч келган киши футбол ўйнаши, шу орқали ютуқларга эришиши мумкин. Стив ҳақидаги фикрлар ғояси шундан иборат. «Агар кўринишим бироз бинойидек бўлганида, ҳозирги салоҳиятим билан янада юқорироқ даражада ўйнашим мумкин эди. Одамлар китобга муқовасига қараб баҳо беришади. Ҳеч қандай имконият қолдиришмайди», - дейди Макналти фаолияти ҳақида гапирар экан. Стив ҳақ, ҳозир китобнинг нафақат муқоваси, балки саҳифалари кўплиги ҳам аҳамият касб этади.
Қаранг, Макналтига ортиқча имконият яратиб беришмади, аммо у нақ 6та лигани босиб ўтиш учун куч топди. Агар шу тезликда давом этса, 2022|2023 йиллар мавсумида, ташқи кўриниши ёши билан уйғунлашган пайт уни премьер-лигада кўриб қолсак, ажабмас. Лекин кузда 32 ёшини қаршилаган футболчининг режалари бошқачароқ кўринади: у оиласи даврасида қолишни афзал билди, «Транмер Роверс»га ўтиб, АПЛдан янада узоқлашди.
Эҳ, аслида «Энфилд»га қайтиши ҳам мумкин эди. Худди Голливуд юлдузи Леонардо ди Каприонинг қаҳрамони сингари ирода кўрсатиш - бир-биридан оғир синовлар, разиллар тазйиқи, ёввойи ҳайвонлар таъқибидан қочиб, мақсадга эришишга лойиқ эди. Бироқ Макналти тарихи ярим йўлда ниҳоясига етди. Демакки, ҳеч қандай «Оскар»сиз хотима топди. Шунга қарамай, бақалоқ футболчининг жамоатчилик меҳри ва олқишига сазовор бўлганини унутмаслик даркор.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Фикрлар