Мадейра ҳукумати раҳбари: "30 йилдан кейин терма жамоа мураббийи ким бўлганини ҳеч ким билмайди, лекин Роналдуни ҳамма билади"

Sherzod Nurmatov
2 окт 2026, 13:25
Мадейра ҳукумати раҳбари Мигел Албукерке Португалия миллий терма жамоасидаги можародан сўнг Криштиану Роналдуни қўллаб-қувватлаб чиқди.

"Роналду — 25 йилдан ортиқ фаолияти давомида Португалияни дунёга танитган ва довруғини оширган футболчи. У мамлакатимиз номини энг кўп танитган португалияликлардан бири саналади. Шу сабабли мен ҳар доим муваффақиятли шахс бўлган Роналду томонидаман.

Ҳозир муҳими — у ҳар доим ким бўлган бўлса, шундай бўлиб қолиши: биринчи даражали ўйинчи ҳамда ўз юрти шарафини ҳимоя қилиб, уни хорижда ҳеч кимга ўхшамаган тарзда улуғлаган португалиялик бўлиб қолиши.

Орадан 30 йил ўтиб миллий жамоа бош мураббийи ким бўлганини, Португалия термасини ким бошқарганини ёки футболни ким шарҳлаганини ҳеч ким билмайди, аммо 30, 40 ва 50 йилдан кейин ҳам ҳамма Роналдунинг кимлигини билади. Буюклик ва ўртамиёналик ўртасидаги фарқ ҳам айнан шунда", – деди Албукерке.

30 сентябрь куни Португалия терма жамоаси бош мураббийи Жорже Жезуш матбуот анжуманида Роналду 1 октябрь куни Миллатлар Лигаси доирасида Данияга қарши баҳсни ўтказиб юборишини маълум қилганди. Шундан сўнг ҳужумчи Португалия терма жамоаси ихтиёрини тарк этишга қарор қилганини эълон қилди ва кун келиб кетиш сабаблари ҳақидаги ҳақиқатни ошкор этишга ваъда берди. Кейинроқ ОАВда 41 ёшли форвард миллий жамоадаги фаолиятини якунлашга қарор қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Record

Сўнгги янгиликлар

Барча ›