UZ

Сўнгги янгиликлар

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  3 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Лобановскийнинг кашфиёти, Шевченконинг давомчиси, “Сантьяго Бернабеу”да уч марта ўйнаган ва “Реал” дарвозасини ишғол қилган “Қирувчи-16” бугун 42 ёшга тўлди Янгиликлар

Лобановскийнинг кашфиёти, Шевченконинг давомчиси, “Сантьяго Бернабеу”да уч марта ўйнаган ва “Реал” дарвозасини ишғол қилган “Қирувчи-16” бугун 42 ёшга тўлди

Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ ҳужумчиси, футболимиз тарихида ёрқин из қолдирган ва голеадорлик қобилияти сабаб “Қирувчи-16” номини олган Максим Шацкихнинг туғилган куни.

Максим Шацких - 1978 йилнинг 30 август куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Макснинг футболдаги илк қадамлари “Пахтакор” футбол мактабида ташланган. Унинг футболдаги энг гуллаган даври шубҳасиз Киевнинг “Динамо” клубида ўтказган йилларига тўғри келади. Уни 1999 йили шахсан Валерий Лобановский “Динамо”га таклиф қилганди. Шацкихнинг гарданида катта масъулият бўлиб, у жамоани тарк этган Украина футболи афсонаси Андрей Шевченконинг ўрнини эгаллаши лозим эди. Ҳамюртимиз бу вазифани шараф билан уддалади. Максим 10 йил мобайнида икки бор Украина чемпионати тўпурари, 6 маротаба Украина чемпиони, 5 марта мамлакат кубоги соҳибига айланди. 

1999 йилнинг 28 июлида Шацких Европа Чемпионлар лигасидаги дастлабки голини “Жальгирис”га қарши ўйинда киритди. Бу билан ҳужумчимиз ЕЧЛда гол урган илк Осиёлик футболчи бўлди. Ундан олдин УЕФА байроғи остидаги мусобақаларда Миржалол Қосимов тўп киритганди. Ҳужумчимиз Чемпионлар лигасида ўтказган 9 мавсуми давомида ҳужумчи 11 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган. Кореялик Сон Хён Мин Максимдан ЕЧЛда битта кўп тўп киритган. 

“Европа Чемпионлар Лигасидаги илк ўйиним кечагидек ёдимда. Литванинг “Жальгирис” клубига қарши майдонга тушганмиз. Оёғим қалтирамаган, чунки собиқ иттифоқ жамоаси мен учун бегона эмасди. Иккинчи саралаш босқичида Даниянинг “Ольборг” жамоасини икки ўйин натижасига кўра таслим этгандик. Гуруҳда адашмасам, Ливеркузеннинг “Байер”, Словениянинг “Марибор” ҳамда Мадриднинг “Реал” клублари билан ўйнагандик. Каминага “Сантьяго Бернабеу”да бир эмас, уч маротаба ўйнаш насиб қилган. Европанинг катта стадионларидан фақат “Камп Ноу”да ўйнамаганман, холос. Футбол монстрлари Зидан ва Бекхэмга қарши ўйнаш насиб қилганидан хурсандман”, - деб эслайди Максим.

Максим Шацких умумий олганда, “Динамо” сафида Украина чемпионатида 215 та ўйинда 97 та гол урди. 2009 йилнинг 26 май куни Киев клуби “Шахтёр”га қарши майдонга тушган. Ўша ўйин Макс учун клуб сафидаги охирги ўйин бўлиб қолиши маълум эди. Мухлислар “Динамо” стадионига ҳужумчига атаб ажойиб баннер олиб келишганди. 

Афсуски, “Динамо”нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Юрий Сёмин турнир жадвали нуқтаи назаридан ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган учрашувда Максимни майдонга туширмаган эди. 

“Сёминдан хафа эмасман. У мураббий ва ким ўйнашини ҳал қилади. Шунчаки мухлислар билан хайрлаша олмаганимдан хафа бўлганман. Ишқибозлар атайин баннер тайёрлаб қўйишганди. “Динамо”дан кетишимни ҳамма биларди, Сёмин ҳам. Аммо, ўйинни трибунадан томоша қилганман. У нега бундай қилганини ҳозиргача тушунмайман. Бу саволга жавобни ўқиш мен учун қизиқ бўларди. “Динамо” учун Юрий Павловичдан кўпроқ иш қилганман деб ўйлайман. Трибунада ўтириб бу жамоа учун 10 йил умрим бекор кетмаганини ҳис қилдим”, - деганди Шацких.


Ҳамюртимиз фаолияти давомида Қозоғистоннинг “Локомотив” (ҳозирги “Астана”), Киевнинг “Арсенал”, Одессанинг “Черноморец”, Ужгороднинг “Говерла” клубларида фаолият олиб борди. 

2010 йилнинг 4 апрелида “Арсенал” (Киев) - “Металлург” (Запорожье) (2:0) учрашувида бугунги кун қаҳрамони Украина чемпионатларидаги ўзининг юбилей 100-голини киритди. Бунинг учун Максимга 222 та ўйин керак бўлди. Украина чемипонатида 125 та гол урган Шацких бу борада мутлақ рекордчи ҳисобланади. Ҳамюртимиз 97 та голни “Динамо”, 22 та голни “Арсенал”, 6 та голни эса “Говерла” сафида киритган.

20 ёшу 11 ой 19 кунлигида миллий терма жамоадаги дебютини нишонлаган Макс ҳақида ҳар қанча ёзсак, гапирсак, шунча оз. Айнан Шацких терма жамоа сафидаги илк учрашувида “хет-трик”ка эришган ягона футболчи ҳисобланади. Уни бош жамоага марҳум Маҳмуд Раҳимов таклиф қилганди. Терма жамоа либосида битта ўйинда 5 та гол урган ягона футболчи ҳам айнан Шацкихдир. Максим миллий термамиз таркибида 34 та гол урган. Бу Ўзбекистон термаси учун рекорд натижадир. Шунингдек, терма жамоада 60 дан ортиқ ўйин ўтказган 10 нафар футболчидан бири ҳам бугунги қаҳрамонимиз бўлади. Максим Шацких Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Осиё Кубоги-2000, 2007 ва 2011 саралаш ва финал босқичиларида иштирок этган. ЖЧ-2002, 2006 ва 2010 саралашларида майдонга тушган. 

2014 йилнинг 29 май куни Ўзбекистон терма жамоаси Уммон билан ўртоқлик учрашувини ўтказди. Мана шу баҳс Шацкихнинг терма жамоадаги энг сўнгги ўйини бўлиб тарихга кирди.

“Бизни шунча вақт давомида қўллаб турганларга раҳмат айтаман. Бугунги тадбирни ташкил этганларга раҳмат. Терма жамоа билан бирга Жаҳон чемпионатига йўлланма ололмаганим армоним бўлиб қолади. Биз терма сафидаги барча ўйинларда мухлислар учун ўйнадик, барчага раҳмат. Термадаги ўйинларим орасида БААга қарши ўйин ёдимга тушаверади (ОК-2000 саралаши. 1999 йил 27 ноябрь). Бундан ташқари Самарқандда кечган Озарбойжонга қарши дебют ўйиним ҳам ёдимда”, - деганди Шацких Уммонга қарши хайрлашув учрашувидан сўнг.  

Шацких ўз оиласи билан бир неча йилдан бери Киев шаҳрида истиқомат қиляпти. Унинг икки қизи бўлиб, шу йил тўнғич фарзанди турмушга чиқди. Максим 2016 йилда Киевнинг “Динамо” клуби академиясида мураббийлик фаолиятини бошлади. Айни пайтда Максим Шацких "Ротор" бош мураббийи Александр Хацкевичга ёрдамчи бўлиб ишламоқда.

Максим Шацкихнинг ютуқлари:

6 марта Украина чемпиони

5 марта Украина Кубоги соҳиби

3 марта Украина вице-чемпиони

2 марта Украина кубоги финалчиси

1 марта Қозоғистон вице-чемпиони

Шахсий ютуқлар:

2 марта Украина чемпионати тўпурари

4 марта Ўзбекистонда йил футболчиси

Ушбу видеода Максим Шацких фаолиятининг ёрқин лаҳзаларини томоша қилишинг. 


Фурсатдан фойдаланиб, сайтимиз ижодкорлари ва ўқувчилари номидан Максим Шацкихни бугунги таваллуд куни билан муборакбод этамиз. Унга мураббийлик фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз. Балки, яқин келажакда уни терма жамоамиз мураббийи сифатида кўрармиз. 

Рейтинг: +13   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика