Клублар четга, ҳакамлар Тошкентга!
06 фев 2022 01:33
Янгиликлар
Клублар четга, ҳакамлар Тошкентга!
Бугунги кунда Суперлиганинг оз эмас, кўп эмас нақ 9та клуби Туркияда бўлиб турибди. Булар - "Пахтакор", АГМК, "Навбаҳор", "Бунёдкор", "Қизилқум", "Металлург", "Динамо", "Нефтчи", "Насаф" ва "Олимпик". Шунингдек, 10 февраль куни "Сўғдиёна"нинг ҳам четга кетиши кутиляпти.
Лекин бу мақола жамоаларнинг хорижда қандай тайёргарлик кўриши, кимлар билан ўйнаши ҳақида эмас. Футболда шундай соҳа борки, биз одатда фақат ўйин пайти шу соҳа эгаларига эътибор қаратамиз. Бошқа пайт эса улар ҳақида деярли гапирмаймиз, гапирсак ҳам мавзу тез бошқасига ўтиб кетади. Бу ўринда гап ҳакамлар ҳақида боряпти.
Замонавий футболда ҳакамлар футболнинг ажралмас қисмига айланиб бўлди. Жаҳон футболига VAR технологияси кириб келиши ҳакамларга бўлган эътибор ФИФА наздида асло кам эмаслигини кўрсатди. Шубҳасиз VAR дунё футболида жуда катта "портлаш" бўлди.
Биз одатда клубларнинг мавсумга тайёргарлиги ҳақида кўп тўхталамиз. Бу билан гўёки футболнинг асосий "мазаси" шундан иборат деб ўйлаймиз. Тўғри, ҳар бир клубнинг ўз мухлислари бор ва улар тайёргарлик, янгиликлар, келган ва кетган футболчилар, ўйинлар ҳақида кўпроқ билишга ҳақли. Лекин ҳакамларнинг ўз мухлиси йўқ. Шундай бўлса-да, чемпионат савияси ошишида ҳакамлар ҳам катта роль ўйнайди, уларнинг мавсумга яхши тайёргарлик кўришида пухта ва пишиқ йиғинлар керак бўлади.
2018 йилнинг 7 февралида чиққан хабар
Эсингизда бўлса, бир пайтлар "Клублар четга чиқиб йиғин ўтказиб қайтяпти, ҳакамлар ҳам четга борадими?" деган савол кўтарилганди. Умид Аҳмаджонов ЎФАни бошқарган маҳал шу савол ўртага ташланган ва 2018 йилнинг февраль ойида ЎФА бир нечта ҳакамлар учун Туркия йиғинини ташкил этиб берганди.
Натижада 2018 йилнинг 7 февраль куни "Ўзбекистонлик 30 нафар ҳакам Туркияда йиғин ўтказади" сарлавҳали хабар чиққан. 10-20 февралга белгиланган йиғинда жами 30 нафар ҳакам (13 нафар бош ҳакам, 17 нафар ёрдамчи) Анталияга отланиб, у ерда бир нечта ўйинларни бошқариб қайтганди. Ўшанда ҳакамлар делегациясига Маъмур Саидқосимов раҳбарлик қилган бўлиб, амалий ва назарий машғулотлар Фарҳод Абдуллаев, координатордик вазифаси Бобур Ҳайдаров томонидан олиб борилган. Жисмоний тайёргарлик бўйича йўриқчи вазифасини эса Радик Хуббиев бажарган.
Туркия йиғинида иштирок этган ҳакамлар:
Реферилар - Зокир Қодиров, Виктор Серазитдинов, Владислав Цейтлин, Ҳасан Рўзиев, Темур Тўхтасинов, Олим Толибжонов, Аҳрол Рисқуллаев, Жасур Мухторов, Аскер Нажафалиев, Фирдавс Норсафаров, Олим Тўйчибоев, Акобирхўжа Шукуруллаев, Рустам Лутфуллин, Владислав Цейтлин.
Ассистентлар - Зиёдулло Абдураҳмонов, Тимур Галеев, Александр Сидоров, Ришат Нугманов, Санжар Шоюсупов, Обид Жумаев, Руслан Самандаров, Мўминжон Мажидов, Расулжон Фозилов, Александр Буров, Равиль Шаяхметов, Артём Калинин, Анваржон Маражабов, Равшан Кападзе, Дониёр Сайлавов, Олим Абдувасилов, Ҳусниддин Шодмонов.
Қўшимча маълумот учун: 2018 йилнинг февраль ойида Туркияда ўзбекистонлик ҳакамлардан ташқари Таиланд, Беларусь, Қирғизистон, Россия ҳакамлари ҳам йиғин ўтказган. Хусусан россиялик ҳакамлар делегацияси 60 кишини ташкил этган.
Бу йил эса Тошкент!
Ҳакамларимизнинг четга чиқиб йиғин ўтказиши ва бир нечта халқаро ўйинларни бошқариб қайтиши Умид Аҳмаджонов даврида бир рўй берди-ю, шу билан тўхтади. Масалан, бу йил 17-21 ва 24-28 январь кунлари ҳакамлар фақат Тошкентда йиғин ўтказиш билан чекланди. Майли, январдаги йиғин пойтахтда ўтказилди ҳам дейлик, лекин февралда нима бўлади?
Бизга маълум бўлишича, Тошкент йиғинидан сўнг барча реферилар ва қанот ҳакамларига жавоб бериб юборилган ва улар ўз турар жойларига жўнаб кетган. Эндиликда улар фақат ўз вилоят (шаҳар)ларидаги ўйинларни бошқариб туради.
Агар юқори савиядаги ўйинлар ташкил қилинса хўп-хўп, лекин Суперлига иштирокчилари бугунги кунда хорижга йўл олган бир пайтда улар қайси ўйинларни бошқариб, шу орқали мавсумга тайёргарлик кўради деган савол туғилади.
Ахир майдонга чиқиб қуруқ югурган билан иш битмаслиги маълум. Ҳакамлар ҳам мавсумга яхши ҳозирлик кўриши учун уларга амалиёт, яъни кескин курашларга бой ўйинлар керак бўлади. Чунки кучли тайёргарлик эртага Суперлига бошланган пайтда ҳакамларнинг тўғри қачор чиқариши ва ўйинларни юқори савияда бошқариши учун муҳим аҳамият касб этади.
Бу йил Тошкент йиғинида қатнашган ҳакамлар рўйхати:
Реферилар - Ғайрат Жураев, Илья Илин, Иброҳим Исмоилов, Найим Қосимов, Ҳусан Музаффаров, Аҳрол Рисқуллаев, Абдурашид Худойберганов, Рустам Чориев, Фаррух Янсупов, Равшан Абдувоҳидов, Раҳимбек Каримов, Рустам Лутфуллин, Аскер Нажафалиев, Шавкат Насибуллаев, Акмалжон Раҳимов, Виктор Серазитдинов, Элёр Турсунов, Акобирхўжа Шукуруллаев, Анна Сидорова.
Ёрдамчи ҳакамлар - Авазбек Абдуллаев, Зиёдулло Абдураҳманов, Александр Буров, Тимур Гайнулин, Элнур Дониёров, Анвар Маражабов, Сардор Нишонбоев, Абдуҳамидулло Расулов, Руслан Серазитдинов, Далер Тиллоев, Андрей Цапенко, Санжар Шоюсупов, Ҳусниддин Шодмонов, Зуфар Элибоев, Алишер Усмонов, Александр Сидоров, Олимжон Абдувасилов, Шоҳруҳбек Аъзамов, Акмал Ғиёсов, Феруз Достонов, Обид Жумаев, Дамир Искандеров, Ойбек Каллахўжаев, Шерзод Камаров, Сардор Ҳакимов, Бектурсин Канназаров, Максим Нехочин, Жаҳонгир Саидов, Жалгасбай Сарсенов, Ришат Нугманов, Маҳмуд Турдиев, Фарҳод Усмонов, Расулжон Фозилов, Дониёр Сайлавов.
Шу ўринда бизни ҳайрон қолдираётган жиҳат, ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов ўз пайтида кучли ҳакам бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз ва бугунги кунда ҳакамлар ҳолатини у киши тушунмаса, бошқа ким яхшироқ тушунади? Тўғри, Тошкентда ҳам йиғин ўтказса бўлади, ҳар ҳолда кам харажат кетади, бироқ бу ерда кескин ўйинлар кўп эмас, ҳозир энг зўр ўйинлар Анталияда бўляпти.
Чунки Анталияда январь-февраль ойлари кўплаб давлат клублари йиғин ташкил қилади. Агар бизнинг ҳакамлар ҳам шу пайт четга чиқиб, бир нечта ўйинларни бошқариб, шу орқали малака ошириб қайтишса, эртага Суперлига пайтида бу фақат фойдага ишлайди. Фараз қилинг, клублар, футболчилар, мураббийлар мавсумга тайёр, лекин ҳакамлар тайёр бўлмаса, биз яна уларни майдонда ҳақорат қилиш билан вақт ўтказамизми? Қачон профессионал бўламиз?
Хулоса ўрнида энг муҳим гапни айтишни унутмайлик. Ҳакамлар Суперлига ёки Пролига клублари иштирокидаги ўйинларни мавсум бошланганидан кейин ҳам бошқаради. Лекин четга чиқиб халқаро назорат учрашувларини бошқариш улар учун "янги қон" вазифасини ўтаб беради.
Бугунги кунда ҳакамларимизга "янги қон" ниҳоятда керак. Улар фақат Ўзбекистон ҳудудидаги ўйинларда ҳакамлик қилиш билан чекланиб қолмаслиги лозим. Уларга ҳеч бўлмаса мавсумга тайёргарлик чоғида "ҳаво алмаштириб" келиши учун зарур шарт-шароитни яратиб бериш ЎФА вазифаси ҳисобланади.
Борсин улар ҳам Туркияга, Сербия, Украина, Россия, Хорватия, Черногория клублари ўйинларида ҳакамлик қилиб қайтсин, бошқа ҳакамлар билан ўзаро тажриба алмашсин. Агар ҳар йили шуни одат қилиб олсак, биздан бир-иккита эмас, камида 6-7 нафар ФИФА ҳаками чиқишига ишонса бўлади.
Фикрлар