UZ

Сўнгги янгиликлар

13:55Ўзбекистон терма жамоаси Гонконгга етиб борди  3 13:44"Лацио" сотилмайди!"  0 13:22"Ал Аҳли" Аргентина термаси ярим ҳимоячисини сотиб олмоқчи  0 13:00Ориф Маматказин, "Обод" собиқ устози, "Нефтчи" афсонаси — U-19 чемпионатида ишлайдиган мураббийлари билан танишамиз (1-қисм)  2 12:49Санчо "Боруссия"да қолишни истайди  1 12:19Жароҳат олган бўлсада, Кейн терма жамоа лагерига йўл олди   2 11:42АПЛнинг икки вакили Австралияда майдонга тушади  0 11:04Роналду Швеция билан ўйин учун Португалия терма жамоасининг қайдномасига киритилмади  5 10:31Суперлига-2024: 3-тур баҳсли вазиятлари юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси  7 10:04«Жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувларига ёш, тажрибасиз ва янги футболчиларни жалб этиб, уларни ўйин услубига мослаштириш учун вақт йўқ, чунки бу жуда мураккаб» - Катанец ОФК расмий сайтига интервю берди  20 09:51Пике «Барселона» бош мураббийлиги учун икки номзодни айтди  4 09:23Англия терма жамоаси Евро-2024 учун либосини тақдим этди  3 09:15Рустам Мирсодиқов 70 ёшда!  3 08:52«Арсенал»нинг яна бир футболчиси термада ўйнашдан бош тортди  5 08:25Стерлинг кечирим сўради  4

Жалолиддин Машарипов: «Хоразм футболига пул ва эътибор керак» Янгиликлар

Жалолиддин Машарипов: «Хоразм футболига пул ва эътибор керак»

ФИФА кунлари сабаб Pepsi Суперлигада юзага келган ўн кунлик танаффус давом этмоқда.

Клубларимиз танаффусдан унумли фойдаланган ҳолда, орт­да қолган тур ўйинлари бў­йича тегишли хулосаларни чиқариш имконияга эга бўлишган. Жумладан, чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бўлган «Пахтакор» «Жар» стадионида машғулот ўтказяпти. Термага йўл олган футболчилар 17 октябрдан клуб ихтиёрига қайтишади. Биз «Пахтакор» клубининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машариповдан интервью олдик 

  - Жалолиддин, иккинчи давранинг ортда қолган ўйинлари ҳақида умумий фикрингиз қандай?

- Ҳар бир учрашув шиддатли ўтаётгани билан ёдда қолмоқда. Айниқса, жамоамиз учун барча ўйинлар худди финалдек ўтмоқда. Рақиблар «Пахтакор»га қарши кечадиган ўйинларга мутлақо ўзгача тайёргарлик билан келишяпти. Бу эса, ўз навбатида, бизга қўшимча қийинчиликларни туғдирмоқда. Шунга қарамай, жамоа­мизнинг ўйини айнан иккинчи босқичда мазмунлироқ чиқяпти. Футболчилар бир-бирини тушуниб ҳаракат қилишяпти. Ўйлайманки, шу темпда курашни давом эттирсак, якунда ния­тимизга етамиз.

- Суперлигадаги янги тизим ўзини қанчалик оқлаяпти? Ёки бунинг футболчиларга ёқмайдиган жиҳатлари ҳам борми?

- Шахсий фикрим, иккинчи бос­қич баҳсларининг қуйи олтиталикдаги жамоалар учун қизиғи қолмади. Ўйинлар шунчаки ўтказиляпти, ҳеч қандай ёрқинлик, майдондаги кураш кўзга ташланмаяпти. Қуйидаги жамоа­ларга бир-бири билан ўйнаш ёқмаяпти. Мана шу томондан янгича форматдаги чемпионат нафақат менга, балки бошқа кўпчиликка ҳам маъқул келмаяпти. Чемпионлик пойгаси эса қизғин кечмоқда. Бу томонини маъ­қуллайман. Биринчи олтиталикдаги жамоалар ўйинларига мухлислар кел­япти. Лекин бошида чемионатимиз янгича форматда ўтказилади, деганда кўпчиликка қизиқ туюлганди. Чиндан ҳам кучли олтиликка кириш учун майдонда кураш кечди. Аммо жамоалар икки гуруҳга ажралганидан кейин қуйи­даги жамоалар ўйинига қизиқиш пасайиб кетди.

- Чемпионлик учун кечаётган кураш ҳақида нима дея оласиз? Бу борада «Пахтакор» ва «Локомотив»­нинг имконияти бошқаларга қараганда юқорироқми?

- Турнир жадвали ҳамда қолган ўйин­лар нуқтаи назаридан олиб қарасак, тўртта жамоада ҳам имконият бор. «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» ҳам ҳали бемалол чемпионлик учун кураша олади. Қолаверса, олдинда бизни «Локомотив» ва «Бунёдкор»га қарши ўйинлар кутмоқда. Ҳали жавоб учрашувларини ҳам ўтказиш керак. Шундай экан, чемпионлик ҳақида ўйлашга ҳали эрта. Охиригача курашиш лозим.

- «Навбаҳор»даги сўнгги ўзгаришлардан хабардормисиз?

- Ҳа, бу ҳақда матбуотда ўқидим. Қисқа фурсатда қандай ўзгаришлар бўлади, буни вақт кўрсатади.

- Бу йилги ҳакамлик ҳақида нима дея оласиз? Ўтган йилгилари билан таққослаганда, ижобий кўринишдами?

- Одатда, ҳакамлар ҳақида гапиришни хоҳламайман. Футболчи майдонда ўз ишини қилиши керак. Ҳакамлар фаолиятини назорат қиладиган ташкилот бор. Ҳар ким ўз вазифасини бажаргани маъқул.

- Жамоа кубок ярим финалида «Қўқон-1912»ни йирик ҳисобда мағлуб этди. Лекин ўйин олдидан мухлисларда барибир хавотир бор эди. Шу куни тезкор голдан ташқари «Пахтакор»нинг ишончли ғалабасида қайси омиллар муҳим аҳамият касб этди?

- Мен осон ғалабага эришдик, демаган бўлардим. Балки ташқаридан қараганда осон, енгил ғалабадек туюлиши мумкиндир. Биз шунчаки, юзага келтирилган хавфли вазиятларни голга айлантирдик. Энг катта ютуғимиз шу бўлди. Қолаверса, «Қўқон-1912»ни жиддий тарзда ўрганиб чиққандик. Клуб раҳбарияти «Пахтакор» олдига чемпионликдан ташқари кубокни қўлга киритиш вазифасини ҳам қўйган. Шу мақсадни амалга ошириш учун ҳаракат қиляпмиз.

- Иккинчи ярим финал натижаси сизни ажаблантирдими?

- Шубҳасиз. Ўйиндан олдин «Бунёдкор»нинг имкониятини юқорироқ баҳолагандим. Жамоа ғалаба қозониб, финалда бизга рўбарў келса керак, деб ўйлагандим. Лекин бу футбол, унда мана шундай кутилмаган натижалар ҳам учраб туради. Шуни айтиш керакки, ўша куни олмалиқлик футболчилар ҳам ўзларининг мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этишди ва ҳақли равишда финал йўлланмасини қўлга киритишди.

- Финал - ўз номи билан финал. Аммо устунлик барибир «Пахтакор» томонида бўлса керак. Бош­қа томондан, бу билан хотиржамлик ҳолатини юзага келтирмаслиги лозим, тўғрими?

- Албатта. Бу нарсани биз футболчилар ва мураббийлар штаби билан бирга финалдаги рақибимиз АГМК бўлганини билганимиздаёқ гаплашиб олгандик. Биргина хато йил бошидан бошланган кубок учун курашга аламли тарзда якун ясаши мумкин. Кубокни қўлга киритганимиздан кейингина хотиржам бўла оламиз. Унгача бунга асло ҳаққимиз йўқ. Боз устига, АГМК ўз тарихида илк бор кубок финалида ўйнайди. Жамоа устози Бахтиёр Ашурматов учун ҳам бу мураббийликдаги дастлабки финал бўлади. Буни улар ярим финалдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида ҳам айтиб ўтдилар. Демак, АГМК ҳам бу ўйиндан кўп нарса кутяпти. Жамоа футболчиларида иштиёқ янада ортган. Биласиз, кучли иштиёқ билан ҳар қандай гранд жамоани мағлуб этиш мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда, кубок финалига алоҳида ёндашув билан тайёргарлик кўрамиз.

- Шахсий кузатувингиз асносида айтинг-чи, АГМКнинг устун жиҳатлари нимада бўлади?

- Олмалиқликлар иккинчи қаватда устунликка эга бўлишса керак. Жамоа таркибида бўйдор футболчилар кўпчиликни ташкил этади.

- Финалнинг Фарғонада ўтказилишига муносабатингиз қандай?

- Менимча, яхши танлов. Чунки ўша куни мухлислар «Истиқлол» стадионини тўлдиришса керак. Томошабин тўла аренада эса ўйинлар ҳам ёрқин бўлади. Сир эмас, водийда миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш, мухлислик жуда юқори. Биз финалда уларга маъқул келадиган чиройли футбол намойиш этишга астойдил ҳаракат қиламиз.

- Финалдаги ғалаба иштирокчиларнинг бирига ОЧЛ йўлланмасини тақдим этади. Бу ҳолат жамоаларда қўшимча босимни юзага келтирмайдими?

- Бўлиши мумкин. Лекин биз бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қиламиз. Акс ҳолда, қўшимча босим юклайди.

- Балки бу савол ноўриндир, лекин сўрашга мажбурман. Дўстингиз Жамшид Искандеров учун бу йилги мавсум омадсиз ўтяпти. У асосан захирада қолиб кетмоқда. Жамшид билан бу мавзуда суҳбатлашиб, унга руҳий далда беряпсизми?

- Худди шундай. У билан ҳамиша биргамиз, ҳамфикрмиз. Қандайдир ишга қўл урсак ҳам, албатта, бир-биримиз билан маслаҳатлашамиз. Жамшиднинг имкониятларини жуда яхши биламан. У ҳали яна ўз сўзини айтишига ишонаман. Иродаси кучли йигит. Футболда шундай ҳолатлар учраб туради. Захирада ўтирган футболчи кўпроқ фикрлаш имкониятига эга бўлади. Ўзи учун тегишли хулосаларни чиқариб олган. Шахсан мен Искандеровга ишонаман.

- Шота Арвеладзенинг футбол фалсафаси нимадан иборат?

- Биринчи ютуқ томони - ўзининг футболчи бўлганлиги. Футболчининг дардини, нимани хоҳлаётганини тушунади. Ҳар бир ўйинчи билан эринмасдан индивидуал мулоқотга киришади. Шогирдларини ўйинга руҳий томонлама қандай тайёрлаш кераклигини жуда яхши билади. Бу томондан у яхшигина психолог.

- «Хоразм» жамоаси ўйинларига бефарқ эмассиз. Лекин бу жамоа Про-лигада ҳам пастки поғоналарда боряпти. Ўз вақтида Хоразмдан кўплаб истеъдодли футболчилар етишиб чиққан. Ўзингизча таҳлил қилиб кўрдингизми, нима учун вилоят футболи бугунги ҳолатига тушиб қолди?

- Шахсий фикрим, бу ерда энг асосий муаммо маблағга бориб тақалади. Жамоада пул йўқ. «Хоразм» жамоасига бақувват ҳомий керак. Вилоятда истеъдодли ёшлар етарлича топилади. Лекин уларнинг бориб ўйнаши учун жамоанинг ўзи йўқ. Агар «Хоразм» Суперлигада ўйнаганида, ишончим комилки, истеъдодли ёшлар тезда кўзга ташланарди. Жамоада 2-3 нафар таниш футболчилар бор. Улар билан тез-тез суҳбатлашиб турамиз, клубда пул йўқлигини айтишади. Агар яхши ҳомий бўлмаса, вилоят футболи ҳозиргисидан ҳам ачинарли ҳолатга тушиб қолади.

- Сиз, Жамшид Искандеров каби истеъдодли ёшларни кашф қиладиган, юзага чиқарадиган мураббийлар етарлими?

- Яхши мутахассислар бор. Ўша пайт­да мураббийим Олимбой Давлетовнинг саъй-ҳаракати билан «Пахтакор»­дан таклиф олганман. Жиззахдаги турнирда мен ва Жамшид кўрсатган ўйин пойтахтликлар мураббийларнинг диққатини тортган ва биз фаолиятимизни Тошкентда давом эттирганмиз. Ўшанда вилоятимизда ҳатто биздан ҳам яхши ўйнайдиган футболчилар бўлган. Лекин уларга етарлича эътибор қаратилмаганидан кейин ўзларини бошқа соҳаларга уришган. Жуда кўпчилиги Россияга кетиб қолган. Футбол орқали оиласига моддий ёрдам бера олмаслигини тушуниб етиб, шундай қилишга мажбур бўлишган. Афсуски, мураббийим Олимбой Давлетов ҳам футболни ташлаб, Россияга ишлаш учун кетишга мажбур бўлди. Ваҳоланки, у футболни жуда яхши тушунадиган, таҳлил қила оладиган мураббий ҳисобланади. Олимбой ака ҳар бир ўйинимдан кейин қўнғироқ қилиб турадилар, фикрларини албатта билдирадилар. Минг афсуски, шундай истеъдодли мураббийлар ҳам ҳозир четда пул топиш илинжида юрибди.


Манба. "Интерфутбол" газетаси

Рейтинг: +15   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика