Италиялик посбон, “2+1” натижа кўрсатган ҳужумчи, тажрибали вингер — Суперлигада 5-тур лауреатлари

Sherzod Nurmatov
5 апр 2026, 18:40
Championat.asia сайти Ўзбекистон Суперлигаси 5-турининг энг яхшиларини аниқлади.

Championat.asia сайти талқинига кўра, 5-турнинг энг яхши дарвозабони — Федерико Ботти (“Бунёдкор”)

“Бунёдкор” ушбу турда “Локомотив” билан баҳс юритиб, ишончли ҳисобда ғалабага эришди (2:0). “Қалдирғочлар” посбони учрашув мобайнида бир қатор зарбаларни бартараф этиб, 4 та сэйв амалга оширди ва дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Шундай қилиб, Championat.asia ижодкорлари ғалабада муносиб ҳисса қўшган италиялик дарвозабонни тур дарвозабони деб топди.

darvozabon (3).png

Championat.asia сайти талқинида 5-турнинг энг яхши мураббийи — Анвар Ғофуров (“Сурхон”)

“Сурхон” якунига етган турда Термизда “Бухоро”ни 3:1 ҳисобида доғда қолдирди. Жамоа биринчи таймнинг ўзида 3 та тўп киритган ҳолда баҳс тақдирини ҳал этди. Термизликларни вақтинча бошқараётган Анвар Ғофуров баҳс учун тўғри таркибни танлади ва унинг ишланмалари иш берди. Шу тариқа, 43 ёшли мутахассис сайтимиз талқинида турнинг энг яхши мураббийига айланди.

murabbiy (2).png

Championat.asia сайти талқинига кўра, 5-турнинг энг яхши футболчиси — Зоран Марушич (“Нефтчи”)

“Нефтчи” бу турда “Қизилқум” билан рўбарў келиб, 4:0 ҳисобида зафар қучди. Мазкур баҳсда сербиялик ҳужумчи дубль муаллифига айланди ва битта голга ассистентлик ҳам қилди. Тажрибали форвард ортиқча муҳокамаларсиз турнинг энг яхши футболчиси номига лойиқ кўрилди.

futbolchi (2).png

Championat.asia сайти талқинида 5-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Шоҳруҳ Гадоев (“Қўқон-1912”)

“Қўқон-1912” бу турда “Сўғдиёна” билан ўйнади ва жанговар дуранг қайд этди (2:2). Қўқонликлар мазкур баҳсда иккинчи бўлимдаги голлар эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Жамоанинг тажрибали вингери Гадоев 49-дақиқада жарима зарбасидан гол уриб, мезбонлар посбонини доғда қолдирди. Мазкур голни урган футболчи эса турнинг энг чиройли голи муаллифи бўлди.

gol (2).png


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia