Эксперт фикри. Камолиддин Мурзоев Эрон билан ўйин ҳақида: "Пахтакор" футболчилари ОЧЛда катта куч йўқотишгани сезилди. Қолганларга эътироз йўқ"
10 окт 2020 11:47
Янгиликлар
Эксперт фикри. Камолиддин Мурзоев Эрон билан ўйин ҳақида: "Пахтакор" футболчилари ОЧЛда катта куч йўқотишгани сезилди. Қолганларга эътироз йўқ"
Ҳамманинг фикри турлича. Афсуски, вакилларимиз форслар олдида яна ожиз қолишди. Абрамов эса Тошкентда яна Эрондан мағлубият қабул қилиб олишга мажбур бўлди. Ўртоқлик учрашуви ўз номи билан ўртоқлик ўйини. Натижа биринчи ўринда турмаслиги аниқ. Лекин, стадионга келган мухлисларга, узоқ вақт терма жамоани ўйинини интиқиб кутган ишқибозларга ғалаба орқали кўтаринкилик бериш мумкин эди. Шуниси аниқки, Эрон билан ўйинда ҳеч бир футболчимиз ўз даражасида ўйнагани йўқ, рақиб бўш ҳудуд қолдирмасликка ҳаракат қилди ва қайсидир маънода буни уддалади. Кераксиз жойлардаги тўп йўқотишлар рақиб ҳужумини ҳавли тус олишига олиб келди. Оддий узатмалардаги хатолар, қарор қабул қилишда иккиланишлар шу куни бизнинг асосий камчиликларимиздан бири бўлди менимча. Бу менинг шахсий фикрим.
Бундай паллада яна эксперт фикрига юзланишга қарор қилиб собиқ футболчи, Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоевга мурожаат қилдик.
"Ўртоқлик мақомидаги учрашувлар аввало мураббийлар штаби учун зарур ҳисобланади. Футболчилар қандай ҳолатда, қандай тактик шаклларда ўйнаш мумкин, нималарга эътибор беришимиз керак деган саволларга жавоб олишади. Расмий ўйинлар олдидан бундай ўйинлар керак. Ўйинни ташкил қилиш жиҳатидан икки терма жамоада ҳам катта фарқ сезилмади. Эрон терма жамоасини яхши биламиз, Осиёда ўз мавқега эга бўлган кучли терма жамоалардан бири. ОЧЛда бу мамлакат клублари қандай иштирок этганидан ҳам буни билишимиз мумкин. Албатта, биз мухлис сифатида терма жамоамиздан ғалабалар ва юқори натижалар кутишимиз тайин. Умуман олганда ўйиннинг сурати ёмон бўлмади. Фақат, терма жамоадаги "Пахтакор" футболчиларининг ОЧЛдан сўнг тикланиб олишмагани кўзга ташланди. Чунки, улар Қатарда катта куч йўқотиб келишди. Шу боис тикланиб олишларига вақт ҳам бўлмади. Қолган футболчиларга эътироз билдира олмаймиз. Футболчилар мураббийнинг тузган ўйини бўйича ҳаракат қилишди.
Ҳужум чизиғида нечта футболчи билан ўйнаш ҳар бир мураббийнинг ўзига боғлиқ. Кимдир иккита марказий ҳужумчи билан ўйнашни маъқул кўрса, яна бошқаси битта ҳужумчи билан. Бизда номинал битта марказий ҳужумчи ўйнагани билан икки қанотда тезкор вингерларимиз тўп тепишди. Бу эса ҳужум уюштириш пайтида 4-3-3 схемасида ҳаракат қилиш имконини беради.
Бу миллий терма жамоанинг ўйини. Анчадан бери деярли бир йилдан бери мухлислар қаршисида футболчилар терма жамоа либосида ўйнашмаган эди. Табиийки, бундай ҳолатда ҳар бир футболчида ҳаяжон ва жавобгарлик ҳисси ошади. Эътибор берган бўлсангиз Эрон катта куч билан олдинга ўтмади. Асосан рақибни ўз майдонида қарши олди. Бизнинг футболчиларнинг хатосини пойлаб қарши ҳужумларга таяниб ўйнашди",- дейди Мурзоев.
Абдулазиз Искандаров
Фикрлар