UZ

Сўнгги янгиликлар

17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39"Андижон" - "Динамо". Таркиблар билан танишинг  2 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  14 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  25 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  7 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  7

Дилшод Нуралиев: "Хафа эмасман, бу – ҳаёт!" Янгиликлар

Дилшод Нуралиев: "Хафа эмасман, бу – ҳаёт!"

2012 йили Дилшод Нуралиев устозлигидаги ўсмирлар терма жамоамиз Эронда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритишди. Бир йилдан кейин жаҳон чемпионатида ҳам қатнашишди.
Умуман айтганда, у ёшлар билан ишлаш орқали ўзига яраша ном қозонган. Кўплаб футболчиларни тарбиялаб, уларга тўғри йўлни кўрсатди. Футболимиз учун катта ҳиссасини қўшган мутахассиснинг бугунги кунда ҳеч бир жамоада ишламаётгани ажабланарли эмасми? Фақат “Пахтакор” академиясида директор бўлиб меҳнат қилиб келяпти. Унинг муваффақиятларини такрорлаш ҳар қандай мураббийга насиб қилавермайди. Нуралиев билан суҳбатлашишни мақсад қилганимиз боис, у билан телефон орқали боғланиб Тошкентда учрашишга келишиб олгандик. Уни доимгидек майдонда ёшлар билан ишлаётган пайтида учратдик.  

- Дилшод ака, аввало суҳбатлашишга рози бўлганингиз учун миннатдормиз. Бугунги кунда “Пахтакор” академиясида директор сифатида ишлаб келяпсиз. Айтингчи, унинг мураккаблиги борми?
- Ўзбекистон футбол федерацияси билан ўртамизда тузилган шартнома якунлангач, “Пахтакор” раҳбарияти менга “Пахтакор-2” ва клуб академиясини ишониб топширишди. Бу ердаги ишлар жуда кўп. Менинг ўринбосарим Валерий Васильевич Бородавкин. У асосан ҳужжат ишлари билан шуғулланади. Бу ердаги вазифам ўқув-машғулот жараёнларини назорат қилиш. Умумий мақсадимиз – асосий таркибга ўйинчилар етказиб бериш. Барча ёшдаги жамоаларимизни битта дастур асосида шуғуллантириб, уларни тўғри йўлга йўналтирганмиз. Ёш футболчиларимизни асосий таркибга ўтишини оғриқсиз таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, қилаётган ишларимиз ўз самарасини бермоқда. Бу йил Жамшид Болтабоев билан Жавоҳир Соҳибов асосий таркибда тўп суришни бошлашди. Қолаверса, ёшлар лигасида қатнашаётган “Пахтакор” ўринбосарларининг 99 фоизини академиямиз тарбияланувчилари ташкил қилади. Бундан кейин ҳам кўплаб иқтидорларни асосий жамоамизга етказиб беришда давом этамиз. Хабарингиз бор, бунгача “Пахтакор-2”ни ҳам бошқараётгандим. Менинг қўли остимда жамоа биринчи лигада саккизталикдан жой олганди. “Шўртан”га қарши учрашув мен учун охиргиси бўлиб қолди. Негаки, “Бунёдкор” академияси бизнинг принципиал рақибимиз ҳисобланади. Уларга қарши беллашувларда эса ёшларимиз мағлубиятга учрашди. Шундан кейин клуб раҳбарияти асосий эътиборимни академияга қаратишимни талаб қилди. Шу боис “Пахтакор-2”даги жойимни Нўъмон Ҳасановга бўшатиб беришга мажбур бўлдим. 1999 йилда туғилган гуруҳга Рустам Қурбонбоев раҳбарлик қиляпти ва унга ҳам кўмаклашиб турибман. Умуман олганда, академиямиздаги барча гуруҳлар менинг қарамоғимда. Бу ҳам ўзига яраша қизиқарли. Мураббийларга керакли йўналишларни кўрсатяпман. Бу менинг соҳамда навбатдаги босқич бўлди. 



- “Пахтакор” академияси директори этиб тайинланганингиздан кейин сизни раҳбар сифатида тасаввур қилгандим. Аммо тушунишимча, асосий ишингиз барибир майдонда ўтяпти, шундайми?
- Ҳа, тўғри тушунибсиз. “Пахтакор” академиясининг директори бўлганим билан менинг асосий вазифам ўқув машғулот жараёнини бошқариб боришдан иборат. Ҳар бир ёш тоифасидаги жамоаларни кузатаман. Лавозим деган сўз менга тўғри келмайди. Бундай бўлишига ҳал ёшман. Балки 60 ёки 65 ёшда бўлсам, қандайдир лавозимда ишларман.

- Демак, Валерий Бородавкин офисда ҳужжат ишлари билан шуғулланади. Сизнинг ҳам у ерда алоҳида хонангиз борми?
- Алоҳида хонамиз бор. Аммо кўпроқ у ерда Бородавкин бўлади.

- Ҳужжат ишлари билан умуман шуғулланмайсизми?
- Қоғозбозлик билан ҳам ишлашга фаросатим етади. Аммо бундай ишларни асосан ёрдамчим бажаради.

- Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, “Пахтакор-2”га устозлик қилиб ўз ишингизни давом эттираётгандингиз. Аммо у ердаги жойни бўшатиб қўйишингизни кутмагандик. Бу ҳолат сизга ҳам ғалати туюлмадими?
- Бу нарса бошида ўзимга ҳам ғалатироқ туюлди. Йил бошида эътиборимни кўпроқ академияга қаратишимни вазифа қилиб белгилашганди. Чунки Тошкент шаҳрида мусобақалар ниҳоятда кўп. “Пахтакор-2” олдига эса ҳеч қандай мақсад қўйилмаган. Фақат футболчиларга ўйин амалиётини етказиб бериш керак холос. Шунингдек, асосий жамоага муносиб йигитларни тайёрлашимиз ҳам вазифалардан бири. Шунинг эвазига эътиборимни кўпроқ биринчи лигага қаратганим боис бу ердаги ишлар бироз сусайиб қолди. “Шўртан” билан ўйиндан кейин менга асосан академия билан шуғулланишимни айтишди. Чунки ортимиздан “Бунёдкор” академияси қадамма-қадам келмоқда.

- “Бунёдкор” академиясининг таъқиб қилаётгани бу жиддий рақобат билан боғлиқми?
- Ҳа, рақобат юзасидан. Биласиз, “Бунёдкор” академиясидаги шароитлар жуда яхши. Майдонларининиг кўплиги бу уларнинг ютуғи. Албатта, бизнинг шароитимиз ҳам “Бунёдкор”никидан ёмон эмас-ку, барибир уларники яхшироқ. Рақобат кучайганлиги учун эътиборимни фақат академияга қаратяпман.



- Сизни ёшлар мураббийи сифатида яхши биламиз. Аммо айни дамда академия директори сифатида ишлаяпсиз. Бундай пайтда ҳар қандайн инсон сизни табиийки амалдор қиёфасида ўйлайди. Айтмоқчиманки, бу борада ўзингизни мансаабдор шахс сифатида тасаввур қила оласизми?
- Ҳозир сиз билан гаплашяпман. Менга эътибор беряпсизми, амалдорга ўхшайманми? (Нуралиев кийимини назарда тутди. Муаллиф) Катта хонада костюм-шим ва галстукда ўтиришимни ҳозирги кунда ақлимга сиғдира олмайман. Шунча йил майдонда ишлаб келдим. Ҳозир ҳам кучим етарли ва мақсадларим бор. Вақти келиб бирор-бир жамоада мустақил ишлаш ниятидаман, орқага қайтиш йўқ. Насиб бўлса, бу борада ўзгариш бўлиши мумкин. Лекин ҳозирги қилаётган ишим ҳам қизиқ. 

- Тўғрисини айтсам, бу ерга келишдан аввал сизни чиндан ҳам юқори лавозим эгаси сифатида, офисдаги хонангиздан суҳбатлашсак керак деб ўйлагандим. Аммо кўриб турибманки сиз ҳали ҳам мураббий сифатида ишчи ҳолатидасиз.
- (Кулади) Айтяман-ку, ҳозирги ҳолатда галстук билан хонада ўтирадиган мураббий эмасман. Бу нарса мен учун эмас. Ишим майдонда ўтади. Сиз ҳам кўриб турибсиз, Рустам Қурбонбоев гуруҳига ёрдам беряпман.Футболдан ташқарида эмасман.

- Яқин кунларда қандайдир жамоага эга бўлишингизга ишонасизми?
- Худо хоҳласа. Буни вақт кўрсатади. Аммо шу нарса амалга ошиши мумкин.

- У ҳолда сиз ҳақингизда янгилик пайдо бўлишига биз ҳам тайёр туришимиз керак экан-да?
- Яхши ният қиляпман. Ҳар доим мустақил ишлаб келганман. Лекин кучли мутахассис бўлса, унга ёрдам беришни ҳам истайман. Агар “Пахтакор” раҳбарияти менга жамоани ишониб топширишса бундан ортга чекинмайман.

- Суҳбатимизнинг самимийлигини сақлаган ҳолда шуни айтмоқчи эдимки, клуб раҳбарларининг сизга қандайдир жиддий ишни таклиф қилишларини кутганмидингиз?
- Жаҳон чемпионатидан қайтиб келганимиздан кейин таклиф билдиришларини кутгандим. Бироқ, ўйлайманки, “Пахтакор-2” таклифи ҳам жиддий эди. Балки бирданига олий лигада ишлашимни кутгандим десам ҳам нотўғри бўлиши мумкин. Биринчи лигада ҳам ишимиз ёмон кечмаётганди. Олдимизга мақсад қўйилмаган тақдирда ҳам ёш болалар билан саккизталикка чиқишга эришдик. Кейинги босқични ҳам ёмон бошламагандик. Лекин кейинчалик академия билан шуғулланишимни айтишди ва бу нарсага ҳам тайёр тургандим. 



- 2012 йили ўсмирлар терма жамоасини Осиё чемпионига айлантирдингиз. Орадан бир йил ўтиб жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этдинглар. Бу орқали мухлисларнинг сизга бўлган ишончи ва ҳурмати янада ошди. Хукуматимиз томонидан муносиб тақдирландингиз. Бундай паллада ҳар қандай мураббий сизнинг ўрнингизда бўлишни истагани бор гап. Ана шундай муваффақиятлардан кейин сизга яна қайсидир терма жамоани топширишади деб кутгандик. Аммо...
- Саволингизга жавоб беришим қийин. Очиғини айтсам, бирга ишлаган терма жамоамиздаги мураббийлар штаби билан яна қайсидир терма жамоани топширишларини кутгандик ва бу ҳақида ўйлагандик. Чунки йил охирида тузилган шартнома ниҳоясига етаётганди. Олимпия ёки ўсмирлар терма жамоасига тайинлашади деган гап-сўзлар бўлганди. Бу саволингизга раҳбарлар аниқ жавоб беришади. Улар нимагадир бизга ишонишмади. Ўша пайтда ёшлар терма жамоасининг бош мураббийи Алексей Евстафеев эди. Кейинчалик у олимпия терма жамоасига ёрдамчи мураббийликка ўтди. Кейин эса бошқа мураббийни таклиф қилишди. Рости, бу ҳолат биз учун ҳам тушунмовчилик бўлди. Бундай бўлишини кутмагандим. Тўғриси, терма жамоамиз билан катта иш қилгандик. Бу гапим билан жаҳон чемпионатига олиб чиққанимизни назарда тутаётганим йўқ. Мураббийлар штаби билан ҳамжиҳатликда терма жамоани тайёрлашда катта ҳамжмдаги ишни бажаргандик. Меҳнатларимиз самараси ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам кўринди. Барибир ушбу саволингизга жавоб беришга қийналяпман. Бизга бошқа жамоани беришмаганидан нима ҳам қила олардик? Бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди-ку! Ҳамма нарсани вақт кўрсатади. Телевидение орқали ҳам шу саволни беришганди ва ўшанда ҳам жавоб бера олмагандим.  

- Хафамисиз?
- Йўқ, хафамасман. Бу – ҳаёт! Ундаги ҳамма нарсага тайёр туриш керак. Бизга топширилган вазифани ёруғ юз билан бажардик. Айнан шунисидан хурсандман. Қўлимиздан келганича меҳнат қилдик. Бунинг учун футболчиларимизга ҳам миннатдорлик билдираман. Уларнинг ота-оналарига ва биринчи мураббийларига ҳам раҳмат. Яна такрорлайман, мен хафамасман! Балки бу яхшиликкадир. 2012 ва 2013 йил биз учун оғир келганди. Шу боис хордиқ чиқариш ҳам ёмон бўлмаса керак. Бир йил дам олдик. Балки энди ўзгариш бўлиб қолар. Терма жамоалар марказидан яна таклиф бўлса ўйлаб кўрарман. Агар уларнинг иши бизга тўғри келса қабул қиламиз.

- Барибир ўзингизни нисбатан четга чиқиб қолгандек ҳис қилмаяпсизми?
- Йўқ, бундай тасаввур қилмадим...

- Узр, гапингизни бўлдим. Ўша муваффақиятлардан кейин ҳамма жойда Дилшод Нуралиев номи янграганди ва сизга бўлган эътибор янада ортганди.  
- Ишонасизми, ҳар куни икки мартадан Республикамизнинг турли шаҳарларидан мухлислар қўнғироқ қилиб, ишларингиз нима бўляпти деб сўрашади. Журналистлар ҳам бу ҳақида савол беришади. Менинг виждоним пок ва қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Тўғри, ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайсиз. Балки кимгадир ишимиз ёқмагандир. Бу гапни телевидение орқали ҳам айтдим. Мана энди сизга ҳам айтяпман. Лекин раҳбарият билан доим мулоқотдамиз. Ҳозир ҳам терма жамоалар марказида 2000 йиллардаги жамоанинг бош мураббийи ҳисобланаман.

- Лекин бу номигагина холос...
- Ҳа, номига. Ҳали ҳам терма жамоалар мураббийларининг аъзосиман. Агар керак бўлмаганимда аллақачон бу рўйхатдан мени ўчириб юборишган бўларди. Лекин мен доим мустақил ишлаганман. Фақат бир марта 2002 йилдан 2004 йилгача ёшлар терма жамоасида Рауф Инилеевга ёрдам берганман. Ўша пайтда қачонлардир бош мураббий сифатида жамоамни Осиё чемпиони қилишни ва жаҳон чемпионатига олиб чиқишни мақсад қилгандим. Шукрки, ниятимга эришдим. Агар яна иш таклиф қилишса ўйлаб кўрамиз.

- Юқорида терма жамоалар марказидан таклиф кутганингизни ва уни қабул қилишга тайёрлигизни айтдингиз. Лекин сиз кутган нарса рўй бермади. Энди эса сизга қандайдир иш таклиф қилишса, буни дарҳол қабул қилмасдан обдон ўйлаб кўрасиз, шундайми?
- Ҳа, энди ҳар томонлама ўйлаб кўраман. 1996 йилги жамоани қабул қилиб олганимда, ўша футболчиларни ёшлигидан ўзим катта қилганман. Менга қанақадир ёш тоифасидаги жамоани таклиф қилишса, буни албатта ўйлаб кўриш керак. Чунки улар билан қандай натижага эришиш мумкин, айнан шу жиҳатларини ўйлаш лозим. Тарозига солиб кўргач, кейин жавоб айтаман.



- Яқинда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги ёшлар терма жамоамиз Осиё чемпионатида иштирок этиб қайтди. Ўша таркибдаги кўплаб ўйинчилар сизнинг шогирдларингиз ҳисобланади. Шуни инобатга олганда, ушбу мусобақани қандай ҳиссиётлар билан кузатдингиз?
- Ўйинлар давомида мухлислар ва журналистлар қўнғироқ қилиб терма жамоамизни кўряпсизми дейишди. Мен жамоамизнинг ҳар бир баҳсини интиқлик билан кутиб кўрдим. Чунки терма жамоадаги футболчиларни 9-10 ёшидан тарбия қилишни бошлагандим. Табиийки, бундай пайтда уларнинг ўйинларини кутаман-да. Ҳар бир мураббийга ўз тарбияланувчисини терма жамоада кўриш шараф бўлса керак. Асосийси, олдига қўйилган вазифани бажариб жаҳон чемпионатига чиқишди. КХДРга йирик ҳисобда ютқазиб қўйишгани бу – иккинчи даражали. Барибир муҳими, мундиал йўлланмасига эга бўлишди. Мен табрия қилган футболчиларнинг аксарияти тўп суришди. Айниқса, Отабек Шукуров аъло даражада ўйин кўрсатди. Равшан ака Ҳайдаров тажрибали мураббий. Ишонаманки, яхши тайёргарлик кўриб, жаҳон чемпионатида ҳам муносиб қатнашишади.

- Ушбу жамоадаги кўплаб ўйинчилар сизнинг шогирдларингиз эканлигини барча яхши биларди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Равшан Ҳайдаров термада иш бошлагач, футболчиларнинг ким қандай имкониятга қодирлиги борасида сиздан маслаҳат сўрадими?
- Равшан ака мендан керакли нарсаларни сўради ва футболчилар ҳақида жавоб бердим. Ҳайдаровнинг ёрдамчилари – Олим Шокиров ҳамда Илҳом Мўминжонов билан доимий мулоқотдамиз.



- “Пахтакор” академияси барибир етакчилардан бири. Негаки, клуб бу йилги чемпионлигини асосан тарбияланувчиларининг ҳисобига қўлга киритди. “Пахтакор”нинг кўплаб футболчилари бошқа клубларда ҳам тўп суришяпти. Академиядаги муваффақиятнинг сири нимада?
- Академияда муваффақиятли иш олиб бориш, терма жамоа бош мураббийлигидан ҳам кўра, жиддийроқ ҳисобланади. Бизнинг тўғри йўналишда иш олиб бораётганимиз ўз самарасини беряпти. Чунки муваффақиятли дастур асосида ишласак, терма жамоаларимизга футболнинг ҳар бир сиригача яхши биладиган йигитларни етказиб бераверамиз. Жамшид Искандеров, Игор Сергеев, Владимир Козак, Даврон Ҳошимов, Жамшид Болтабоев, Акбар Исматуллаев, умуман бундай футболчиларнинг барчаси катта дастур асосида ишлаётганимизнинг мевасидир. Бош мураббийликдан кейин академияда ишлаш бошқалар учун орқага қайтишдир, лекин мен бундай ҳисобламайман. Аксинча, олдинга силжиш деб атаган бўлардим. 

-  Боя муваффақиятли ишингиз ҳақида бежизга савол бермадим. Ўша пайтда бошингизга бахт қуши қўнганди. Ҳозирги фаолиятингизни ҳурмат қилган ҳолда айтмоқчиманки, кейинчалик бахт қушингизни қўлдан чиқариб юбормадингизмикин?
- Бахт қуши? Ҳеч ким уни қўли билан тутқазиб бермайди. Ҳаммасига меҳнат орқали эришилади. Ўша пайтда қайсидир жамоани таклиф қилишганида қабул қилардим. Аммо кейин академияни ишониб топширишди.

- Назаримда, сиз учун кутилмаган савол бўлди-а?
- Ҳа, бундай саволни кутмагандим. Бахт қушини ёмон ишлар ёки салбий натижалар орқали учириб юбориш мумкин. Бироқ бизнинг ишимизда салбий ҳолатлар бўлгани йўқ. Бировга ёмонлик ҳам қилмадик. Шартнома бўйича яхши меҳнат қилдик. Лекин иш таклиф қилишмагани бу раҳбарларга бериладиган савол.



- Мураббийлик фаолиятингиз давомида кўплаб футболчиларни тарбияладингиз. Улар сизни эслаб турадими ёки норизо бўлган пайтларингиз ҳам бўлганми?
- Ҳар йилнинг 30 декабрь куни Виталий Денисов, Санжар Турсунов, Акмал Шораҳмедов, Садриддин Абдуллаев, умуман катта ёшдаги футболчилар билан йиғилиб чойхона ёки кафеда ўтирамиз. Ҳалигача мендан маслаҳатлар сўраб туришади. Ҳеч бири кам бўлгани йўқ. Шунингдек, улардан миннатдорман. Чунки қийналиб қолган пайтларимда ҳам маънавий, ҳам моддий томондан ёрдам беришган. Денисов Россиянинг етакчи клубларидан бирида ўйняпти. Турсунов ҳам кам бўлгани йўқ. Ота-онаси, қариндош-урғулари миннатдор. Бир сўз билан айтганда, бир-биримиздан миннатдормиз.

- Академияда кескин ёки жиддий қарор чиқариш керак бўлиб қолса, Бородавкин мустақил иш юритадими ёки сиз билан маслаҳатлашадими?
- Қарорни асосан маслаҳатлашган ҳолда чиқарамиз. Бу ерда ҳамма ўз вазифасини бажаради.


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди
"Футбол Экспресс" газетаси
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика