UZ

Сўнгги янгиликлар

01:55Роберт Левандовски: "2020 йил "Олтин тўп" топширилмаганини ҳеч тушунмайман"  1 01:24"FourFourTwo" ЕЧЛ финалларида урилган энг чиройли голлар рейтингини тузди  2 01:08Расман: Пеп Гвардиола "Манчестер Сити" билан шартномасини узайтирди  0 00:41Эрлинг Холанд: "Гвардиола энг яхши мураббий, балки тарихдаги энг зўридир"  0 00:14"Челси"нинг "биллур" футболчиси яна сафдан чиқди  0 23:43Нодир Абдураззоқов: "Энди мавсумни чиройли якунлашимиз ва оғзимиздаги ошни олдириб қўймаслигимиз керак"  5 23:19Хави "Интер Майами" бош мураббийи бўладими? Инсайдерлар маълумот беришди  0 22:49АПЛ клублари сўнгги 10 йилликда трансферлар учун қанча ишлатишди?  0 22:22"Ювентус"га "Челси" футболчиси керак  0 21:57Нико Уильямс болалигидаги кумирлари ким бўлганини айтди  11 21:34Максим Шацких: "Черан, Собирхўжаев борасидаги саволлар менга берилмасин. Бу мавзу ёпилган"  20 20:57Миржалол Қосимов: "Натижадан ҳам ўйиндан ҳам қониқдим"  3 20:36Суперлига. ОКМК "Жар"да "Пахтакор"ни мағлуб қилди  6 20:25"Пахтакор" кумуш медаллар учун курашдан чиқди  11 20:06Суперлига. ОКМК ВАР томонидан 13 дақиқа текширилган ҳамда япониялик футболчи томонидан урилган голлар эвазига 11 йилдан сўнг сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди  62

"Дарвозабон майдонга тушгач барча нарсани унутиши керак". Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги биринчи дарвозабон Анвар Жабборов билан катта интервью Янгиликлар

"Дарвозабон майдонга тушгач барча нарсани унутиши керак". Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги биринчи дарвозабон Анвар Жабборов билан катта интервью

Юртимизда эълон қилинган карантин сабабли ўйлаб қўйган интервьюларимиз, режадан ўрин олган суҳбатларимизни барини бекор қилишга мажбур бўлдик.

Тўғри, интервьюларни телеграм ёки инстаграм каби ижтимоий тармоқлар орқали олсак ҳам бўларди. Лекин, кўришиб бир пиёла чой устида ажойиб суҳбат қурганга ҳеч нарса етмайди. Демак, бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги илк дарвозабон - Анвар Жабборов. Кўпчилик ёши кичик мухлислар учун нотаниш бўлган ушбу мутахассиснинг футболчилик ва мураббийлик фаолияти ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Болаликдан миллионлар ўйинига ошно бўлган Анвар Жабборов дарвозабон сифатида илк бор 18 ёшида кўзга ташлана бошланди. Ўша пайтда у мамлакатнинг ўртамиёна жамоаларидан бири, СССР Биринчи лигасида иштирок этувчи "Зарафшон" жамоаси сафига бориб қўшилади. Тажриба ва маҳоратини ошириш мақсадида кейинги йилларни "Косонсой", "Ёшлик" жамоаларида ўтказди. Уни "Пахтакор"га таклиф этилиши бевосита "Нурафшон"даги ўйинларига боғлиқ эди. Айнан Бухородаги барқарор ўйинлари сабаб Анвар Жабборов "Пахтакор"га кўчиб ўтади. 1992 йилда эса илк бор ташкил этилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси либосида Тожикистонга қарши учрашувда дебют қилиб тарих зарварақларидан жой олганди. "Пахтакор"даги уч йиллик фаолияти мобайнида жамоанинг асосий киперига айланди ва қарийб барча учрашувларда асосий дарвозабон сифатида ҳаракат қилди. Фаолияти давомида Ўзбекистоннинг "Навбаҳор", "Наврўз", "Прогресс", "Суғдиёна", "Машъал" жамоалари дарвозасини қўриқлади. 2000 йилги мавсум аввалида у Ҳиндистоннинг "Васко Спортс Клаб" жамоасига йўл олди ва бир мавсум легионер сифатида тўп тепди."Қизилқум" жамоасида ўтказган охирги мавсумидан сўнг қўлқопларини михга илишга қарор қилди. Мураббийликка қадам қўйган қаҳрамонимиз шу вақтга қадар "Машъал" ва "Бунёдкор" академияларида, "Навбаҳор" жамоасида, Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларида дарвозабонларни тайёрлашда жонбозлик кўрсатган.

- Биламиз, сиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси либосида илк расмий учрашувда майдонга тушган биринчи дарвозабон сифатида тарихга киргансиз. Келинг, дастлаб ўша йилларни ёдга олсак. Мустақил Ўзбекистон тарихидаги биринчи ўйиндан ўзига ҳос таассуротлар қолган бўлиши аниқ...

- Мени илк бор терма жамоага Рустам Акрамов таклиф қилганди. Ўша пайтда "Пахтакор" жамоасида тўп тепардим. Адашмасам, Марказий Осиё кубоги турнирида биз ҳам иштирок этганмиз. Илк расмий ўйинни эса ушбу мусобақа доирасида Тожикистон терма жамоасига қарши ўтказаганмиз. 2:2 ҳисобида дуранг натижа қайд этганмиз. Голларни иккаласини ҳам Рустам Абдуллаев урганди. У футболчилик фаолияти давомида маҳоратли ҳужумчилардан бири бўлган. Мустақилликдан кейинги биринчи учрашув бўлгани учун қийинчилик туғдирган. Буни тан оламан. Ўз ўрнида устозим Рустам Акрамовга раҳмат айтиб қоламан. Биринчи дарвозабон сифатида тарихда қолишимга улар сабабчилар. Биринчи йиғилган жамоада ўз даврининг энг кучли футболчилари бор эди. Геннадий Денисов, Валерий Кечинов, Андрей Пятницкий ва бошқалар. Кейинчалик уларни аксарияти хорижга кетишди. Мен билан бирга Тожикистон билан ўйинга Павел Бугало ҳам таклиф этилганди.

- Аввалари дарвозабонлар билан ишлайдиган мураббийлар бўлмаган. Ҳозирда ҳар бир клубда ва терма жамоаларда киперлар билан алоҳида мутахассислар ишлайди...

- Ҳа. Олдин бир жамоада икки, узоғи уч нафар мураббий бўларди, холос. Ўшаларни ўзи барча ишларни қиларди. Дарвозабонлар билан умуман бошқа одам ишлаган, яъни бирон бир юқори савиядаги футболчи ёрдамлашарди. Аниқроғи, ўзимиз мустақил шуғулланардик. Улар эса кўмаклашарди. Кейин шундай қарорга келишдики, жамоаларга мураббийлар штабига дарвозабонлар мураббийларини киритишди. Бу ишни биринчи маротаба "Трактор" бош мураббийи Валерий Николаевич Лёткин бошлаб берди. Жамоада Шейкин дарвозада турарди. Вячеслав Томилин футбол билан хайрлашгач нима қилишини билмади ва дарвозабонлар мураббийи сифатида иш бошлади. Менимча, жамоаларга дарвозабонлар мураббийи жуда зарур эди. Чунки, кипер бўйнида жуда катта масъулият бўлади. У билан алоҳида ишламаса бўлмасди. Бош мураббийга оғирлик тушарди. Қандай отилиш керак, қайси жойда қандай туриш керак буларни барчасини посбонларга ўргатиш лозим эди. Уларни хатоларини кўрсатиб бера оладиган ва таҳлил қила оладиган алоҳида мутахассисларни ишлаши фақат фойда келтирарди. Масалан футбол мактабларида дарвозабонлар 14, 15 ёшгача ўзи мустақил машғулот олиб бориши мумкин. Лекин, ўсмир ёшдан бошлаб посбонларни тарбиялашга дарвозабонлар мураббийи керак бўлади. Кўп дарвозабонларни ўйинлардан кейин руҳияти тушиб кетади. Ўзига кела олмайди. Бу мураббийликдаги тажрибамдан қиёс.



- Бугунги кунда жамоаларда дарвозабонлар мураббийлари аксарият ҳолларда тайёр киперларни шуғуллантиради. Футбол мактабларида ва тўғракларда эса дарвозабонлар мураббийларини деярли учратмаймиз. Сизнингча дарвозабонларни тарбиялаш қандай амалга оширилиши керак?

- 11-12 ёшгача майдонда ўзини эркин ҳис қилган ҳолда кўпроқ тўп билан муомала қилишни ўрганиб пойдеворни қўйиб олиш зарур. 15 ёки 16 ёшдан кейин бўйига, жисмоний ҳолатига ва характерига қараб дарвозабонликка тайёрлаб бориш керак. Айрим дарвозабонлар уриниб кўради, машғулотларда ишлайди. Лекин, натижа ўхшамайди. Кўп гол ўтказиб юборгач руҳий жиҳатдан синиб қолишади. Уларга нисбатан босим кўп бўлади. Ишлаган жойимда, масалан "Бунёдкор" академиясида дарвозабонларга дарс берганимда ҳам раҳбарларга ва бош мураббийларга босим қилмасликни айтганман. Майли 10та гол ўтказиб юборса ҳам дарҳол реакция қилмасликни тушунтираман. Бу дарвозабоннинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Ўйиндан бир ёки икки кун ўтиб хатоларни таҳлил қиламиз ва тушунтирамиз. Клубга келгунга қадар буларни барчаси футбол мактабларида ўқитилиши керак. Дарвозабонлар мураббийларини иши шунақа қийин. Гоҳида тўп қўлига тегиб кириб кетади, баъзан футболчини зарбаси ўта мукаммал чиқади. Буларни бари машғулотларда тушунтирилади.

- Юқорида ҳам таъкидлаб ўтдик. Олдин дарвозабонлар мураббийлари бўлмаган. Лекин, жисмонан бақувват дарвозабонлар етишиб чиққан. Ҳар бир клубда биттадан таниқли дарвозабон бўларди. "Трактор"да Шейкин, "Навбаҳор"да Башкевич, "Динамо"да Евгений Сафонов ва ҳоказо. Энди ҳозирги пайтга боғлайдиган бўлсак дарвозабонларга шуғулланиш учун бугунги кунда осон бўлиб қолди. Чунки, алоҳида мураббий билан ва махсус жиҳозлар билан машқларни олиб боришади...

- Биз кўпроқ ўз устимизда ишлардик. Ҳаттоки, стадиондан бизни ҳайдаб чиқара олишмасди. Башкеевич Белорусь футбол мактаби тарбияланувчиси бўлган. 1991 йил уни Ўзбекистонга олиб келишган. "Навбаҳор" СССР биринчи лигасида қатнашарди. Ўзини сифатиларини кўрсата олди. Ўзбекистон кубогида ва чемпионатида ғолиб чиқди.

- Кўп кузатамиз дарвозабонлар ва футболчилар машғулотларни тезроқ тугатиб кетишни исташади...

- Ҳа, бу тўғри. Машғулотлардан кейин дарров кийимларини йиғиштириб кетиш пайида бўлишади. Интернет ва ижтимойи тармоқларда кечаси билан ўтиришади. Ўз устиларида ишлашмайди. Қайсидир маънода дангаса бўлиб қолишган. Бизда машғулотлар эрталаб олиб борилади. Хўп, кечқурун ҳам уйда мустақил ишласа бўлади-ку. Буни жамоамда шуғуллантираётган дарвозабонларимга ҳам айтаман. Машғулотдан кейин уйга бориб дам олиш ва тўйиб ухлаш кераклигини таъкидлайман. Эрталабки машғулотларга кучга тўлиб, тетик ҳолатда келишларини талаб қиламан.

- 2016 йил "Навбаҳор" жамоасида фаолият бошлаган эдингиз. Ҳисоблаб чиқилса ўша мавсумнинг ўзида жамоада беш нафар мураббий ишлаганини кўришимиз мумкин. Намангандаги фаолиятингизни қандай баҳолайсиз?

- Наманган халқи ўта талабчан, футболни яхши кўрадиган ва футболни тушунадиган халқ ҳисобланади. Улар ҳар бир турда ғалабани исташади. Буни ўзим бошимдан ўтказганман. 1986-1987 йилларда "Косонсой" жамоасида тўп тепганимда стадион одам билан тўларди. 15-20 мингга яқин мухлислар келарди. Ютқазган ўйинларимизда ҳам охиригача туриб бизни қўллаб-қувватларди. Биз "Косонсой" билан ўйинларда ютсак ҳам, ютқазсак ҳам улар тўғри тушунарди. Ҳозир ҳам "Навбаҳор"нинг мухлисларига фақат ва фақат ҳавас билан қарайман.

- Бугунги кунда Про лига вакили “Оқ-тепа” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган дарвозабон Эркин Жабборов ўғлингиз бўлади. Унинг ўйинларини кузатиб тавсияларингизни бериб борасизми?

- Ҳа, Эркин ўз вақтида “Пахтакор” дарвозасини қўриқлаганди. Бешта учрашувда майдонга тушиб битта гол ўтказиб юборгач заҳирага михланган. “Хоразм”, “Қизилқум” жамоаларида ёмон тўп тепмади. Гарчи ўғлим бўлсада ишига аралашмайман. Ҳаттоки, қанча ойлик олишини ҳам билмаганман. Бирон бир клуб билан шартнома тузаётганда ўртасига қўшилмайман. Чунки, у мустақил профессионал футболчи. Ўйинларини деярли кўрмайман.

- Ўзбекистонлик футболчилар техника ва тезлик жиҳатдан Осиёдаги деярли аксарият термалардан устун саналади. Лекин, ҳамон фикрлаш борасида улардан ортда қолмоқдамиз. Корея, Япония, Саудия Арабистони термаларининг футболчилари узатмаларга ва пасларга кўп вақт сарфламайди. Биз тезроқ фикрлашни ўрганишмиз керак эмасми?

- Шундай жамоалардан бири Киевнинг "Динамо"си эди. Валерий Лабановский биринчи галда жисмоний ҳолатга ва футболчиларининг фикрлаш тезлигига эътибор қаратарди. Унинг жамоасидаги футболчилар бир-бирларини қарамасдан тушунарди. Орқага олдинга қарамайди. Машғулотларда доим таъкидлайман, бошни ишлатинглар ва ўйланглар. Ақл билан тўп тепинглар. Юрак ва каллага қулоқ солинглар бўлди дейман. Бошқа ҳеч нарса керак эмас. Одамни бошқарадиган икки нарса калла ва юрак. Дарвозабон ва бошқа футболчилар 18 20 ёшгача ўсади. Мана ҳозир қўл остимдаги киперлардан бири бемалол ёшлар терма жамоасига тортади. Буни Тимур Кападзени ўзига ҳам айтдим.


- Мураббий сифатида қўл остингиздаги дарвозабонлардан нимани талаб қиласиз? Иш услубингиз ва фалсафангиз қандай?

- Ҳақиқий проффессионал дарвозабон ўз ишига доим виждонан ёндашиши лозим. У уйда ҳам, телевизорда ҳам кўриб, мустақил ўз устида ишлаб, юқори савиядаги дарвозабонлардан ўрнак олиши шарт. Шахсан ўзим 1978, 1982 йилги Жаҳон чемпионатларини кўриб дунё юлдузларини ўйинларидан андоза олганман. Мени фикримча дарвозабон майдонга чиққанидан сўнг кўзи ёниб туриши керак. Кўзи чақнаб тетик бўлса ўйинда ўзини йўқотиб қўймайди. У қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар машғулотда астойдил меҳнат қилса самарасини ўйинда кўради. Мен ҳар бир машғулот бошланишидан олдин шогирдларимни кўзига қарайман. У уҳлаяптими ёки ниманидир ўйлаяптими, муаммолари борми қизиқиб сўрайман. Бўлмаса майдонда ҳаёли бошқа жойда бўлади. Уни фикрини жамлаш учун обдон суҳбатлашаман.

- Ўзингиз етиштирган ва тарбиялаган дарвозабонлар сифатида бугунги кунда Суперлигада ўйнаётган кимларни кўрсата оласиз? Масалан, Аслонбек Аҳроров жорий мавсумда "Андижон"нинг асосий дарвозабони бўлиб ҳаракат қилмоқда...

- Аслон билан бир йил ишладим. "Машъал" академиясида ишлаганимда Санжар Қувватов, Элдор Суюновларни 15, 16 ёшидан бошлаб тарбиялаганман. Сўнг асосий жамоада Денис Иванков қўл остида шуғулланишган. Жавоҳир Илёсов ўзимизда "Локомотив"да ўйнамоқда. Тайёр дарвозабон билан ишлаш ҳамиша осон бўлган. Нормативларни ва керакли кўрсатмаларни берасиз тамом. Ёшларни ва ўсмирларни дарвозабонликка тайёрлаш машаққатли.

- Эндиги саволим Игнатий Нестеров ҳақида. Нестеров узоқ йиллар давомида миллий терма жамоамизнинг биринчи рақамли дарвозабони бўлиб келди. Сизнингча кейинги йилларда биринчи рақамли мақомни ким олиши мумкин?

- Терма жамоада айни пайтда ҳар томонлама тайёр турган Суперлигада ўзини кўрсатаётган дарвозабон туриши керак деб ўйлайман. Суперлигада 14 та жамоадан жами 28та дарвозабон чиқади. Айни пайтда терма жамоада мен ҳозирги кундагини айтмоқчиман, "Навбаҳор" кипери Ўткир Юсуповни термага лойиқ деб биламан. У барқарор ўйин кўрсатмоқда, реакцияси ҳам тез. Терма жамоа сентябрда йиғин ўтказса ўша пайтдаги тайёр ва барқарор ўйнаётган дарвозабонни чақириш керак. Албатта, мен бош мураббийнинг ишига ва қарорларига аралашмоқчи эмасман. Маслаҳат беришга ҳам ожизлик қиламан. Эсингизда бўлса терма жамоада Анвар Рашидов ишлаганида Нестеров ва Темур Жўраев таклиф этиларди. Ҳозир Денис Иванков ишлаяпти, Қувватов ва Суюнов мунтазам таклиф этилмоқда. Бу нимани англатади? Барча мураббийлар ўзи таниган ва билганлар билан ишламоқда. Қолганлар муносиб эмасми? Барчага тенг муносабатда бўлиш лозим. Бу энг катта минусларимиздан бири. Мен Суюнов ва Қувватов ёмон футболчи дейиш фикридан йироқман. Аммо, қолган бошқа дарвозабонларга ҳам имконият берса зарар қилмайди.

- Мураббийликда қайси жамоадаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўлган?

- Ўз вақтида Қозоғистонда "Тараз" жамоасида ишлаганман. Шу клубда роҳатланиб ўзим истагандек меҳнат қилганман. Исми эсимда қолмаган, қўл остимда Қозоғистон миллий терма жамоасини дарвозабони шуғулланарди. Ўйинида пасайиш бўлгани сабаб уни бошқа терма жамоага чақиришмаганди. "Тараз"га келди, уч ой бирга шуғулландик. Ўзини даражасига қайтди. Шу йили у ёзда яна терма жамоага қайтди. Бешта ўйинда дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди. Уни онаси ўзбек, отаси қозоқ миллатига мансуб эди. Ҳарактерида қозоқларни ёниб туриши ва ўзбекларнинг оғир, босиқлиги умумлашганди. Шу боис ишлаш осон бўлган. "Машъал", "Насаф"да ёмон ишламадим. Интервьюга таклиф қилганингиз учун ташаккур. Сизларга ҳам омад ва зафарлар тилаб қоламан.


Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди. 

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика