"Биз устунлик қилдик". Росеньор "Арсенал"дан учралган мағлубиятга изоҳ берди

Aslanov Jasurbek
4 фев 2026, 12:59
"Челси" бош мураббийи Лиэм Росеньор Англия лига Кубоги ярим финалида "Арсенал"дан учралган мағлубият (умумий ҳисоб 2:4) ва мусобақани тарк этгани ҳақида гапирди.

Мураббийнинг фикрича, жамоа ўйинида ўсиш бор:

"Иккинчи бўлимда ўзимиз истаган зоналарда устунликка эришдик, аммо сифатли вазиятлар ярата олмадик. Охирги дақиқаларда бор кучимиз билан босим ўтказдик, ҳатто марказий ҳимоячиларни ҳам рақиб жарима майдончасига юбордик. Бундай пайтда қарши ҳужумдан гол ўтказиб юбориш эҳтимоли доим юқори бўлади.

"Арсенал" уларни қийин ўйин кутаётганини биларди. Биринчи баҳсга қараганда ўйинимиз анча яхшилангани кўриниб турибди. Мағлубият — аламли, лекин биз ўсишда давом этишимиз керак.

Баҳона қидирмоқчи эмасман, аммо биринчи ўйин олдидан базамизда вирус тарқалганди ва тўрт нафар футболчидан айрилгандик. Ўшанда жамоани бошқараётганимга атиги уч кун бўлганди. Футболчиларимнинг иштиёқи ва курашига эътирозим йўқ. Бу бор-йўғи бошланиши", — деди Росеньор.

Эслатиб ўтамиз, икки ўйин натижасига кўра "канонирлар" зафар қучиб, финал йўлланмасини қўлга киритишди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: BBC