UZ

Сўнгги янгиликлар

00:36Клаудио Раньери "Рома"га келаётганини тасдиқлади. Тез орада клуб мураббийни таништиради  1 23:52Машарипов ва Турғунбоев сафга қайтди. Ўзбекистон МТЖ Қатарга қарши муҳим ўйин олдидан расмий машғулот ўтказди  1 23:29Ўзбекистон терма жамоаси Қатарга қарши муҳим ўйин олдидан расмий машғулот ўтказди  1 22:54Флик "Барселона"га "Байер" ҳимоячисини олиб келмоқчи  1 22:30Умар Эшмуродов ФИФА сайтига интервью берди  3 22:02Тебас: "Мбаппе "Реал"га келганда, энди уларни мағлуб қилиб бўлмайди дейишганди. Футбол математика эмас"  7 21:35Қатар термаси бош мураббийи Маркес Лопес: "Ўзбекистоннинг кучли ва заиф томонларини алоҳида ўргандик"  11 20:57Ансу Фати яна жароҳат олди. Футболчи бу сафар қанча муддатга сафдан чиқди?  6 20:30"Рома" Туркия бош мураббийи билан алоқага чиқди  3 20:02Бентанкур корейслар ҳақидаги хазили туфайли 7 ўйинга четлатилиши мумкин  0 19:41Киммих "Бавария"дан кетадими? Футболчи жавоб берди  0 19:14Тедеско бош мураббий экан Куртуа Бельгия термасига қайтмайди  2 18:38Ўзбекистон терма жамоасининг Қатарга қарши ўйин олди матбуот анжумани (тўлиқ)  54 18:09Мойес Англия Премьер-Лигасига қайтиши мумкин  0 17:45Сульшер қайси жамоа учун мураббийликка қайтишини айтди  1

Бешта Жаҳон чемпионатида иштирок этган Саудия Арабистони ҳақида Янгиликлар

Бешта Жаҳон чемпионатида иштирок этган Саудия Арабистони ҳақида

Бугун, 14 ноябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаши доирасида Саудия Арабистонига қарши йил ўйинини ўтказади десак муболаға бўлмаса керак.

Зеро бу учрашув ғолиби жуда катта эҳтимол билан якунда гуруҳ ғолибига айланади. Биз одатга кўра ўқувчиларимизга бўлажак рақибимиз ҳақида маълумотларни берамиз.

ТАРИХ
Саудия Арабистони футбол Федерацияси 1956 йил ташкил топган ҳамда ўша йилнинг ўзида ФИФА ва ОФК аъзосига айланган. Терма жамоа дастлабки расмий учрашувини 1957 йил Ливанга қарши ўтказган. Саудия фақат 1975 йилга келибгина Осиё Кубоги саралаши, кейинги йилда эса Жаҳон Чемпионати саралаши доирасида ўйин ўтказган.

Саудия Арабистони уч марта Осиё Кубогида ғолиб бўлган. Бу ҳолат 1984, 1988 ва 1996 йилларда содир бўлган. Бу жамоа ўз тарихида беш марта Жаҳон чемпионати финал босқичларида иштирок этган - 1994, 1998, 2002, 2006, 2018 йилларда.

Саудия Арабистони терма жамоасида турли йилларда кўплаб машҳур мураббийлар ишлашган. Жумладан: Ференц Пушкаш, Марио Загалло, Карлос Альберто Паррейра, Лео Бенхаккер, Нелу Вингада, Милан Мачала, Габриэль Кальдерон, Маркос Пакета, Франк Райкаард, Берт ван Марвейк.



БУГУНГИ КУН
Бугунги кунда терма жамоада авлодлар алмашинуви даври давом этмоқда. Эрве Ренар Ўзбекистон билан ўйинга чақирган футболчилар орасида энг ёши каттаси Салмон Ал Фараж ҳисобланади. У 30 ёшда. Таркибда 8 нафар 23 ёшдан кичик футболчилар бор. Энг ёши 2000 йилда туғилган Фирас Ал Бурайкан.

Тошкентга келган футболчилар орасида терма жамоа сафида энг кўп ўйин ўтказганлар Яҳё Ал Шеҳри (72та), Салман Ал Фараж (52), Ёсир Ал Шаҳрони (52). Ҳозир таркибда бўлганлар орасида энг кўп гол урган футболчилар: Салим Ал Давсари (10та), Яҳё Ал Шеҳри (8) ва Наваф Ал Обид (8).

Бугунги кунда терма жамоа ўзаги учта клуб вакилларидан ташкил топган. Булар "Ал Иттиҳод", "Ал Ҳилол" ва "Ал Насср". Эътиборли жиҳати Саудия Арабистони терма жамоасидаги барча футболчилар маҳаллий чемпионатда ўйнашади, яъни таркибда биронта легионер йўқ.


ЖЧ-2022 САРАЛАШИ
Саудия Арабистони терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашининг дастлабки турида дам олди. Иккинчи турда Эрве Ренар шогирдлари Баҳрайнда Яман меҳмони бўлишди. Кўпчилик мазкур баҳсда Саудия Арабистонидан осонгина ғалаба кутганди. Бироқ учрашув давомида икки марта ҳисобда ортда қолган бўлажак рақибларимиз якунда 2:2 ҳисобида дуранг қайд этишди. "Яшил лочинлар" сафида Хаттан Баҳебри ва Салим Ал Давсари гол уришди.

Навбатдаги турда Саудия ўз майдонида Сингапур билан тўқнаш келди ва осонлик билан 3:0 ҳисобида зафар қучди. Абдулфаттаҳ Асири дублга эришган бўлса, яна бир голга Абдуллоҳ Ал Ҳамдам муаллифлик қилди.

Ниҳоят ўтган турда Ренар шогирдлари Фаластин меҳмони бўлишди ва яна кутилмаганда 0:0 ҳисобида дуранг қайд этишди.

Шу тариқа 3та ўйинда майдонга тушган Саудия Арабистони бир ғалаба ва икки дуранг қайд этиб 5 очко билан гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда.


Саудия Арабистони футбол Федерацияси
Лақаби –
“Яшил лочинлар”
Конфедерация - ОФК
Бош мураббий – Эрве Ренар (Франция)
Сардор – Яҳё Ал Шеҳри
Энг кўп ўйин ўтказган – Муҳаммад Ал Деая (178)
Энг кўп гол урган – Мажид Абдуллоҳ (71)
ФИФА коди - KSA
ФИФА рейтингидаги ўрни - 69 (2019 йил 24 октябрь)

Биринчи расмий ўйин
Ливан – Саудия Арабистони 1:1

1957 йил 18 январь, Байрут, Ливан.

Энг йирик ғалабаси
Тимор Лесте – Саудия Арабистони 0:10

2015 йил 17 ноябрь, Дили, Шарқий Тимор.

Энг йирик мағлубияти
Миср – Саудия Арабистони 13:0

1961 йил, 6 сентябрь, Касабланка, Марокаш.

Жаҳон чемпионатидаги иштироки - 5 марта (1994, 1998, 2002, 2006, 2018)
Энг яхши натижаси – 1/8 финал (1994)

Осиё Кубогидаги иштироки – 10 марта (1984, 1988, 1992, 1996Ю 2000, 2004, 2007, 2011, 2015, 2019)
Энг яхши натижаси – чемпион (1984, 1988, 1996)

Конфедерациялар Кубогидаги иштироки – 4 марта (1992, 1995, 1997, 1999)
Энг яхши натижаси – Вице-чемпион (1992)



БОШ МУРАББИЙ

Айни пайтда Саудия Арабистони терма жамоасини франциялик Эрве Ренар бошқариб бормоқда. 1968 йил Францияда туғилган ушбу мураббий 1983-1998 йилларда ўртамиёна клубларда футбол ўйнаган. Кейинчалик мураббий бўлиб турли клуб ва жамоаларда ишлади. У Африка терма жамоаларидаги фаолияти орқали дунёга танилди десак муболаға бўлмайди. Ренар 2011 йил Африканинг ўртамиёнадан ҳам пастроқ бўлган Замбия терма жамоасида иш бошлади ва бир йил ўтиб ушбу жамоа ўз тарихида илк бор Африка кубоги соҳибига айланди! 2014 йилда мураббий Кот-Д'Ивуар устозига айланди. Бир йил ўтиб бу жамоа 23 йил ичида биринчи марта Африкада тенгсз бўлди. Ўтган йил у бошчилик қилаётган Марокаш терма жамоаси 1998 йилдан буён биринчи бор Жаҳон чемпионатига чиқди. Ренар шу йилнинг июль ойида Саудия Арабистони терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган. Терма жамоадаги илк учрашувни 10 сентябрь куни Яманга қарши ўтказди ва бу баҳсда 2:2 ҳисоби қайд этилди.



ЎЗАРО ЎЙИНЛАР ТАРИХИ

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари шу кунга қадар ўзаро 10 марта ўйин ўтказишган. 4 марта вакилларимиз ғалаба қозонишган, бешта учрашувда рақиблар устун келишган ва битта баҳсда дуранг қайд этилган.

Ўзаро дастлабки учрашув 1994 йил Хиросима мезбонлик қилган Осиё ўйинлари доирасида бўлиб ўтган. Рустам Акрамов бошчилигидаги жамоамиз 4:1 ҳисобида ғалабага эришишган. Биздан голларни Сергей Лебедев, Миржалол Қосимов ва Игорь Шквирин (иккита) уришганди.

Иккинчи баҳс 2000 йилга тўғри келади. Ливан мамлакатида ўтган Осиё Кубоги гуруҳ босқичида Саудия Арабистони терма жамоамизни 5:0 ҳисобида таслим қилганди. Ўша мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси Японияга ҳам шармандали тарзда имкониятни бой бериб қўйган эди.

Навбатбаги тўқнашув 2004 йилги Осиё Кубогида бўлиб ўтган. Бу сафар ҳам битта гуруҳдан жой олган бу жамоалар ўртасидаги баҳсда Александр Гейнрихнинг урган голи Ўзбекистонга ғалаба келтирганди - 1:0.

Бу жамоалар ЖЧ-2006 саралаши доирасида ўзаро иккита учрашув ўтказишган. Тошкентда бўлган баҳсда Анваржон Солиевнинг сўнгги сонияларда урган голи барчанинг ёдида бўлса керак - 1:1. Саудия Арабистонида ўтган учрашувда эса мезбонлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

2007 йилги Осиё Кубогида ҳам бу жамоалар тўқнаш келишган. Чорак финал доирасидаги баҳсда Рауф Инилеев бошчилигидаги терма жамоамиз ажойиб ўйин намойиш этганди, бироқ ҳакамларнинг ғалати қарорлари туфайли Саудия Арабистони якунда 2:1 ҳисобида зафар қучганди.



ЖЧ-2010 саралаши доирасида Тошкентда бўлган учрашувда Инилеев шогирдлари бу рақибни ҳар томонлама таслим қилишганди - 3:0. Тўлиб тошган МҲСК стадионига келган мухлислар Тимур Кападзе, Максим Шацких ва Сервер Жепаровнинг голларига гувоҳи бўлишган. Мазкур ғалаба Тошкентда бу жамоа устидан қўлга киритилган ҳозирча сўнгги ғалаба бўлиб турибди.

Ар-Риёддаги баҳсда эса вакилларимиз 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйишган эди.

2011 йил Қатардаги Осиё Кубогига тайёргарлик доирасида 2010 йил октябрь ойида бу жамоалар Жидда шаҳрида ўртоқлик учрашуви ўтказишган. Унда Вадим Абрамов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 0:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган эди.

Ниҳоят Саудия Арабистонига қарши ҳозирга қадар энг сўнгги баҳс 2015 йил бўлиб ўтган. Австралияда ўтган Осиё Кубоги гуруҳ босқичида Миржалол Қосимов бошчилигидаги терма жамоамиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб кейинги босқичга чиққан эди. Ўзбекистон терма жамоаси сафида Сардор Рашидов дубл қайд этган, яна битта голга Воҳид Шодиев муаллифлик қилган эди - 3:1.


Саудия Арабистони терма жамоасининг Ўзбекистон билан ўйин учун чақирилган футболчилар рўйхати:
Дарвозабонлар:
Муҳаммад Ал-Овайс ("Ал-Аҳли"), Фаваз Ал-Қарни ("Ал-Иттиҳод"), Амин Бухари ("Ал-Иттиҳод").

Ҳимоячилар: Абдуллаҳ Маду ("Ал-Наср"), Зиёд Ал-Саҳафи ("Ал-Иттиҳод"), Муҳаммад Ал-Хабрани ("Ал-Аҳли"), Ҳассан Ал-Томбакти ("Ал-Ваҳда"), Ёсир Ал-Шаҳрони ("Ал-Ҳилол"), Сауд Абдулҳамид ("Ал-Иттиҳод"), Муҳаммад Ал-Брейк ("Ал-Ҳилол"), Абдулраҳмон Ал-Обайд ("Ал-Наср")

Ярим ҳимоячилар:
Абдуллаҳ Ал-Ҳайбари ("Ал-Наср"), Абдуллах Отайф ("Ал-Ҳилол"), Абдулраҳмон Ал-Доссари ("Ал-Наср"), Абдуллаҳ Ал-Малки ("Ал-Иттиҳод"), Салмон Ал-Фараж ("Ал-Ҳилол"), Салим Ал-Давсари ("Ал-Ҳилол"), Яхё Ал-Шеҳри ("Ал-Наср"), Абдулазиз Ал-Биши ("Ал-Иттиҳод"), Абдулфаттоҳ Асири ("Ал-Аҳли"), Наваф Ал-Обид ("Ал-Ҳилол"), Хаттан Баҳебри ("Ал-Ҳилол")

Ҳужумчилар: Фирас Ал-Бурайкан ("Ал-Наср"), Абдуллаҳ Ал-Ҳамдан ("Ал-Шабаб"), Ҳарун Камара ("Ал-Иттиҳод").



Нарзулла Сайдуллаев тайёрлади

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика