БААнинг бизга таниш авлоди
27 янв 2015 12:08
Янгиликлар
БААнинг бизга таниш авлоди
БАА терма жамоасининг ҳозирги авлодини аксарият мухлисларимиз яхши билишади.
Чунки 2008 йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан бошлаб бугунгача ҳар бир мусобақада футболчиларимиз ва ушбу авлодни солиштириб боряпмиз. Чунки бу жамоа совриндорлар қаторидан жой олмоқда ёки энг муҳим турнирлар финал босқичида иштирок этмоқда.
Осиё Кубогида Японияни мағлубиятга учратган БАА терма жамоасининг 17 нафар футболчиси 1989 йил ёки ундан кейин туғилган. Демак, уларнинг аксарияти охирги йилларда ғалабаларга эришган авлодга чамбарчас боғлиқ. 2008 йил Осиё чемпионати финалида биздан 2:1 ҳисобида устун келган Маҳди Али шогирдлари бир йил ўтиб, Мисрдаги жаҳон чемпионатида биздан фарқли рақишда гуруҳдан чиқишганди. 2010 йил Осиё ўйинларида терма жамоамизни 3:0 ҳисобида доғда қолдиришган ва финалгача етиб боришган. 2012 йилги Олимпиада ўйинлари саралаш босқичида ҳам 0:0 ва 3:2 ҳисоблари БААнинг Лондонга боришига сабаб бўлганди. Осиё Кубоги саралаш босқичида эса яна 2:1 ва 1:1 ҳисоблари амирликлар жамоасининг биздан устун келганини кўрсатди. Тўғри, ўтган йил охирида БААни ўртоқлик учрашувида 4:0 ҳисобида доғда қолдирдик. Лекин ўртоқлик ўйини ўз номи билан ўртоқликдир. Расмий ўйинларга келганда БАА барибир биздан яхшироқ натижа кўрсатди. Осиё Кубогида бу жамоа ярим финалга йўл олди. Эътибор қилинг, кетма-кет 5 мусобақада БААнинг ушбу авлоди бизнинг турли авлод термаларидан яхшироқ кўрсаткичлар қайд этди.
Таққослаш учун келтириб ўтамиз. 2008 йилги Осиё чемпионати финалида ўйнаганлардан биздан Ислом Тўхтахўжаевгина Австралияга борди холос. БААдан эса ўша таркибдан Амир Абдулраҳмон, Ҳамдан Камоли, Аҳмад Ҳалил, Муҳаммад Фавзи, Абдулазиз Ҳуссайн ва Ҳабиб Фардан Осиё Кубогида иштирок этмоқда. 2012 йил Тошкентда Олимпиада ўйинлари саралаш босқичида майдонга тушган таркибдан ҳам фақат Тўхтахўжаев Австралияга олиб кетилди. БААдан нақд 12 нафар ўйинчи шундай натижага эришди - Ҳолид Иса, Муҳаммад Аҳмад, Абдулазиз Ҳуссайн, Ҳамдан Камоли, Умар Абдулраҳмон, Аҳмад Ҳалил, Ҳабиб Фардан, Ҳамис Исмоил, Абдулазиз Санқур, Ҳабуш Солиҳ, Али Мабҳут, Муҳаммад Фавзи.
БАА таркибни сунъий ёшартиргани йўқ. Ўша авлод футболчилари бошқалардан кучлироқ чиқишди ва Маҳди Али уларни таркибга жалб қилди. Шу билан бирга уларга ўз вақтда ишонч билдирилганини таъкидлаш лозим. Чунки 2012 йилнинг ёз фаслида ҳам БАА миллий терма жамоаси Осиёнинг ўртамиёналаридан бири эди ва ўзидан кучсизроқ саналган рақибларни мағлуб эта олмаслиги оддий ҳолга айланганди. Орадан 2 йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, Маҳди Али жамоани Осиёда кучли тўртликка олиб кирди. Эрон ва Японияга қарши учрашувлар шуни кўрсатдики, БАА ростдан ҳам ўсишга эришибди. Эрондан яхшироқ ҳаракат қилган жамоа Япония савиясига чиқишига ҳали бор, лекин қўрқмасдан ўйнаш даражасига чиқиб улгурибди. Японлар барибир терма жамоа потенциали борасида қитъада энг кучлилардан бири эканлигини рад этиб бўлмайди.
БААда футболчиларнинг ёшлар терма жамоасидан миллий терма жамоагача бўлган йўлни босиб ўтгани эътиборга молик. Одатда бундай жамоалар муваффақиятларга эришади. Германия терма жамоасида ҳам ёшлар термасининг бир авлоди Европа чемпиони бўлган, ўша таркибдан 10дан ортиқ футболчи миллий термага таклиф олганди. Охир-оқибат ўша ўйинчилар жаҳон чемпионлигини қўлга киритишди. БАА ҳам охирги йилларда ижобий натижаларга кўпроқ эришиб келмоқда. Ўз номи билан “олтин авлод”.
БАА футболининг “олтин авлоди” деб баҳоланаётган терма жамоа аъзолари фаолияти Маҳди Али номи билан бевосита боғлиқ. У ёшлар миқёсидан бошлаб муваффақиятларга эришиб келяпти. Осиё чемпионлиги, кейинчалик жаҳон чемпионатида чорак финал, Осиё ўйинларида иккинчи ўрин, “Кўрфаз Кубоги”даги чемпионлик буни исботлаб турибди.
Али 2003 йил БАА ўсмирлар терма жамоаси мураббийи этиб тайинланганди. Мураббийлик фаолиятини Маҳди 1998 йил бошлаган. Ўшанда у Дубайнинг “Ал Аҳли” клубида 10 ёшли болалар билан ишлашга киришганди.
Али жамоа раҳбариятининг менежер ёки раҳбарлик лавозимларидан бирида фаолият олиб бориш таклифини рад этиб, маъмурий лавозимда ишлай олмаслигини билдирганди. У ҳамиша тўп билан ишлаш жараёнида бирга бўлишни хоҳлаган. Қуйи тизимдан иш бошлаган Али миллий терма жамоа бош мураббийи даражасига кўтарилди. 2000 йил Лондонда мураббийлик сертификатини қўлга киритган Маҳди кейинчалик Германияда “А” лицензияси учун таҳсил олди. 2008 йил эса унга ёшлар терма жамоасини бошқариш таклифи билан БАА ФА мурожаат қилди. Ёшлар термаси билан Осиё чемпиони бўлди. Мисрдаги мундиалда жамоа билан чорак финалга етиб боргач, унга янги шартнома талаб қилишди. Али ёшларни миллий термага жалб қилиб, жамоавий ўйинни янги савияга олиб чиқди. Олимпия терма жамоасини Лондондаги Олимпиада ўйинларига бошлаб борди. Шу ўринда мураббийдаги интилиш ва профессионалликка қойил қолиш керак. БАА терма жамоаси сўнгги йиллардаги энг чиройли ўйинини намойиш этиб, ФИФА рейтингида юқорилади. Осиё Кубоги эса БААнинг натижалари шунчаки эмаслигини исботлади.
Бу мураббийнинг фаолиятини анчадан бери кузатиб келаман. У тўғрисида аввал ҳам батафсил мақола ёзиб, ҳаёти тўғрисидаги қуйидаги ҳолатга эътибор қаратишингизни сўраган бўлардим.
“Маҳди Али “Ал Аҳли” таркибида икки марта Президент Кубогини қўлга киритган. 1988 йилги финалда “Ал Шабаб” мағлуб этилишида асосий ролни ўйнаган. Унинг жамоаси 10 футболчи билан қолган пайтда у икки тўп киритиб, бир бор голли пас оширган. Натижада “Аҳли” 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Лекин айнан ўша финалда майдонга тушгани сабабли Ал Айн Университетида имтиҳонларини ўтказиб юборган. Уларда паст балл тўплагани учун Дубай ҳокимиятида оддий хизматчи сифатида ишлашга киришган. Лекин ишидан қониқмагани туфайли бир йилдан сўнг яна ўқишни бошлаган. Бу сафар Дубай технология коллежини электр инженер мутахассиси сифатида тамомлаган. Кейинчалик яна ҳокимиятга ишга қайтган Маҳди бир қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган. Клублардан “Банияс”да вақтинча фаолият кўрсатиб, клубни кумуш медаллар сари етаклаган. Ўша пайтда олимпия терма жамоасига номзод 6 футболчи билан “Банияс”да ҳам ишлагани кейинроқ унга терма жамоадаги фаолиятида асқотди. Маҳди Али ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоада ишлашга улгурди. Инқирозга тушиб қолгандек кўринган БАА терма жамоасини Осиёдаги етакчи термалар сафига қайтарган Алининг мақсади Осиё Кубогида яхши натижага эришиб, жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш учун курашишдан иборат”.
Ушбу сатрлар март ойида унинг фаолияти ҳақида ёзилган мақоламдан олинган. Кўрамиз, Маҳди Али ўз олдида қолган сўнгги нуқта – жаҳон чемпионатига боришни ҳам уддалай олармикан? БАА терма жамоаси қатнашган 1990 йилги мундиал бошланишига 2 ҳафта қолганда у жароҳат олиб, футболчи сифатида бунга эриша олмаган. Мураббий сифатида боришга имконият ҳали олдинда.
Беҳзод НАЗАРОВ.

Фикрлар