UZ

Сўнгги янгиликлар

22:24Ла Лига. "Мальорка" – "Барселона": Ямал асосий таркибда  0 21:52ФИФА янги форматдаги Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати қуръаси учун жамоалар қайси саватдан ўрин олганини эълон қилди  12 21:21"Футбол олами". ОКМКда тарихий медаль, "Локомотив" Про лигага тушиб кетди — 26-турдаги барча воқеалар ҳақида   1 21:05ОФК Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" 10 киши қолган амалдаги чемпион билан дуранг ўйнади  146 20:46Рўзиқул Бердиев: "Гуруҳдаги вазият аниқ бўлиб улгурган. Эртанги баҳсда очиқ ўйин кутяпмиз"  9 20:26Аморим 27 ёшли футболчини "Манчестер Юнайтед" келажаги деб атади  1 20:03Аббосбек Файзуллаев фаолиятини "Монако"да давом эттириши мумкин  13 19:34Гути Мбаппе ҳақида: "Ундан кўп нарса кутишганди, шунинг учун танқид қилишмоқда"  3 19:10Ота ўғилга қарши майдонга тушади?!  2 18:52"Виржил ван Дейк Пуйоль, Неста, Каннаваро ва қатор юлдузлардан кучлироқ"  16 18:20Суперлиганинг 16-иштирокчиси "Бунёдкор" стадионида аниқланади  1 17:58Эшитдик-да! Эртага "Пахтакор"нинг янги бош мураббийи эълон қилинади. У португалиялик  42 17:56Жозе Моуриньо турк ОАВдан норози  2 17:30Суперлига-2024: Мавсум сарҳисоби!  0 17:05"Ман Сити" "Кристал Пэлас" футболчисни сотиб олмоқчи  1

Ахбор Имомхўжаевнинг таваллуд айёмига бағишланади: "10000 метр баландликда уюштирилган интервью" Янгиликлар

Ахбор Имомхўжаевнинг таваллуд айёмига бағишланади: "10000 метр баландликда уюштирилган интервью"

Бугун, 19 февраль куни деярли барча спорт журналистларининг устози бўлган Ахбор Имомхўжаев 86 ёшни қарши олдилар.


Туғилган кун муносабати билан 2016 йил февраль ойида уюштирилган суҳбатни ўқувчиларимиз ҳукмига яна тақдим этамиз.  


Биз лойиҳамизнинг махсус сони учун таниқли спорт журналисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи,  Республика тоифасидаги ҳакам, "Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳиби, Халқ таълими аълочиси бўлган Ахбор Имомхўжаев хонадонига ташриф буюрдик.



БОЛАЛИКНИНГ ЗАВҚЛИ ДАМЛАРИ
Тошкентнинг Эшонгузар маҳалласидаги Катта Боғ кўчасида 45 мактаб бўларди. Қизиғи, мактабнинг қурилиши билан каминанинг туғилган йили бир йилга тўғри келган. Мен 1944 йилда мактабга чиққанман. Биринчи синфдаги устозимиз Меҳрихон опа Расулова жуда ҳам бағрикенг инсон эдилар. Барчамизни ўз фарзандларидек яхши кўрардилар.

Бир куни Эркин деган шўх ўртоғим билан томда варрак учирганмиз. Болаликнинг энг завқли дамлари... Ўйнаганмиз, қувнаганмиз, лекин бу ёқда дарс қолиб кетаётганини сезмаганмиз ҳам. Ўшанда дадам кўриб қолгандилар. Яхшилаб таъзиримни бериб, мактабга олиб бордилар. Меҳрихон опа эса аҳволимни кўриб менинг ёнимни олишга тушиб кетгандилар. Мен эса бу меҳрдан ўзимни йиғидан тўхтата олмаганман. Устозимиз дарс қолдириш ёмон эканини ётиғи билан тушунтиргандилар. Биз ана шундай бағрикенг ўқитувчининг қўлида тарбия кўрганмиз.

Ўз фанига меҳр уйғота олган устозларимиздан яна бири жисмоний тарбия ўқитувчимиз Давид Жавадов эдилар. Бу киши ҳам бизнинг мактабда, ҳам ёнимиздаги 90-мактабда ишлардилар. У кишининг ташаббуси билан иккала мактаб ўқувчилари ўртасида турли спорт мусобақалари ташкил этиларди. Яна тарих ўқитувчимиз Осиё Шокировани, география ўқитувчимиз Қобил Муҳаммедовларнинг барчамиз бирдек яхши кўрардик.


 
МЕҲНАТДАН КЕЛСА БОЙЛИК...

Инсоннинг иш фаолиятининг бошланиши ҳаётининг қандай давом этишига қисман бўлса-да ўз таъсири ўтказади. Бунга ҳеч кимда шубҳа бўлмаса керак. Ахир одамзоднинг топадиган бор бойликлари меҳнат орқасидан-ку. Мен, албатта, бу ўринда маънавий ва моддий бойликни уйғун тарзда изоҳлаяпман. Шу боис, “Меҳнатдан келса бойлик — турмуш бўлар чиройлик”, деган ҳикмат ҳам бежиз эмас. 1954-1956 йилларда Тошкент вилояти Педагогика билим юртида ўқиганман. Ҳозирги коллежларга ўхшаш. У ерни битириб ўқитувчилик фаолиятини бошлаганман. Меҳнат дафтарчамдаги илк ёзувлар шундай эди: Мирзачўл туманидаги, Василевский номидаги 13 мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси”. Бу ерда бир йил ишлагач, "Пахтакор" жамиятига таклиф қилишган. Мактабни тарк этмасдан соатбай тизимида ишлаганман. Кейинроқ Оҳангарон туманида Жанжал қишлоғида ишладим.

Бу кичкина қишлоқда бор-йўғи 12 та оила яшарди. Бу оилаларнинг фарзандлари таълим олишлари учун алоҳида мактаб қурилганди. Битта каттароқ хонада бирданига 4 та синф ўқирди. 1 ва 3 синфга ёзув дарс бўлса, 2 ва 4-синфга бошқа дарс ўтиларди. Менинг омадим келган. Сабаби жисмоний тарбия дарсини тоғ ён бағрида, лолалар, табиат қўйнида тоза ҳавода дарс ўтардим. Май ойи охиригача шу ерда ишладим.

Тошкентга қайтиб Жисмоний тарбия институтига ҳужжатларимни топширмоқчи бўлдим. Аммо ўқишга кириш учун исталган спортдан учинчи разрядга эга бўлиш керак эди. Менда учинчи разряд бор эди, аммо муддати ўтиб кетган экан. Шу боис бир йил давомида Тошкентда ишлаб, кейинги йил шу разряд билан ўқишга киришим мумкин эди. Пойтахтдаги Самарқанд дарвоза мавзесида 13 мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. Бу мактаб ҳозир ҳам бор. Қизиғи қайси синфда ўқитувчи келмай қолса мен уларга жисмоний тарбия дарси ўтардим. 1959 йилда институтга ўқишга кириб 1963 йилда футбол бўлимини қизил диплом билан битирдим. Геннадий Красницкий, Владимир Штерн, Ҳамид Раҳматуллаев ва Мақсуд Шариповлар билан бирга ўқишни битирганмиз.
Ўқишдан кейин ҳозирги Зангиота туманидаги 83-мактабда дарс бера бошладим. Бироз вақт ўтгач Геннадий Сергеев Жисмоний тарбия институтига таклиф қилган. У ерда ҳам футболдан дарс бердим.


 
ШАРҲЛОВЧИЛИККА ШАРҲ БЕРИБ...
Шарҳловчилик фаолиятим қизиқарли бўлган. 1956 йилда "Пахтакор" стадиони ва клуби ташкил этилгач, шарҳловчилар учун танлов эълон қилинди. 26 нафар ёш йигитлар келиб, ўзини синаб кўришди. Ана шу танловда Роман Турпишев рус тили, мен эса ўзбек тили бўйича ғолиб бўлганмиз. 1956 йилда "Пахтакор" Ереваннинг "Спартак" клубига қарши ўйинида дебют қилганман, яъни илк маротаба шарҳловчилик фаолиятим бошланган. Бу ўйин ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди. Радиода 15 дақиқадан русча, ўзбекча шарҳга чиққанмиз. Ўйин танаффусида ёши катта бир киши кириб, менга “Футболни яхши тушунар экансиз. Овозингиз ҳам яхши экан. Фақат фамилияларни айтишда шошманг”, деб маслаҳат берган.

Альберт Азарян Турпишевга устозлик қилган. Менга эса Ўзбекистонда дикторлик мактаби асосчиларидан бири бўлган Турғуной Собирова соҳа сирларини ўргатган. У кишининг ўғлининг исми Зафар эди. Айнан шу кишига ҳавас қилиб мен ҳам кичик ўғлимга Зафар деб исм қўйганман.
1960 йилда “Пахтакор” Собиқ Иттифоқ олий лигасига чиқди. Ўша йили 20 апрель куни "Пахтакор" – ЦСКА Москва учрашуви телевидение орқали намойиш этилган. Бу "Пахтакор"нинг телевидинеяга чиққан биринчи ўйини эди. Футбол шарҳини "Диққат қилинг, Тошкентдаги "Пахтакор" стадионидан гапирамиз", – деб бошлаганмиз...  Учрашувда "Пахтакор" 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган, учала голни ҳам Геннадий Красницкий урган. Халққа байрамона кайфият бағишланган. Ўша кунни ҳеч қачон унутмайман...

Турпишев билан бирга Москва, Санкт-Петербург, Минск, Киев, Боку, Тбилиси, Ереван ва Олма-ота шаҳарларига бориб "Пахтакор" иштирокидаги ўйинларни шарҳлаш насиб қилган. Энг ёдда қолган учрашувлардан бири "Динамо"га қарши баҳс бўлган. Киев клуби ўша пайтда Собиқ Иттифоқ ва Европа чемпиони эди, "Пахтакор" мана шу жамоани 5:0 (!) ҳисобида таслим қилган. Михаил Ан ва Тўлаган Исоқов иккитадан гол уришган, яна бир голга Василис Хадзипанагис муаллифлик қилган. Стадионда қандай байрам бўлиб кетганини тасвирлаб бера олмайман...


 
“35 ДАҚИҚА ЎЙНАШГА ҲАМ ТАЙЁРМИЗ”
Ҳакамлик қилган ўйинларимнинг энг ёдда қолгани бу Собиқ Иттифоқ фахрийлар терма жамоасининг "Пахтакор"га қарши ўртоқлик учрашуви бўлган. Қанотларда менга Шокир Исмоилов ва Анатолий Беляков ёрдам беришган. Учрашувдан олдин меҳмонлар сардори, Олимпиада чемпиони Алексей Парамонов ёнимга келиб, “Кун иссиқ, таркибимизда фахрийлар жуда кўп, 45 эмас 40 дақиқа ўйнасак бўладими?” деганди. Кейинроқ Эдуард Стрельцов ҳам шу фикрни айтди. "Пахтакор" сардори Тўлаган Исоқов эса бунга жавобан “Агар Стрельцов сўраган бўлса 35 дақиқа ўйнашга ҳам тайёрмиз”, деганди (кулади). 40 дақиқадан кечган баҳс 1:1 ҳисобида дўстона дуранг билан тугаган.

"Пахтакор" футбол клубида, Ўзбекистон футбол Федерациясида, "Ўзбекистон Физкультурачиси" газетасида (кейинчалик "Спорт" номи билан чиққан), Ўзбекистон Жисмоний тарбия спорт қўмитасида ўқувчи ёшлар бўлимига раҳбарлик қилдим, шарҳловчилик бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи,  Республика тоифасидаги ҳакам, журналистика бўйича "Олтин қалам” Миллий мукофоти, Қувноқ стартлар бўйича Халқ таълими аълочиси унвонларига эга бўлдим.

1958 йилда Фаридахон билан бахт тўйимиз бўлган. 50 йилдан ошиқ турмуш қурдик. Турмуш ўртоғим 40 йилдан ортиқ мактабда бошланғич синфларга дарс берганлар. 15 неварамиз ҳам аввал Фаридахоннинг қўл остида таълим олиб, маълум даражада билимга эга бўлгач, кейин мактабга чиқишган. Ўғилларим Аброр ва Зафар Имомхўжаевлар, набирам Диёр футбол журналистикаси бўйича кетишди. Улар билан фахрланаман!


 
“БЕШ”
Хабарингиз бор, Олимпиада рамзи бўлган халқалар сони 5та. Бу дунёдаги беш қитъани билдиради. Бу эмблемани Олимпиада ҳаракатининг асосчиси барон Пьер Де Кубертен яратган. Мактабни битирадиган йилим миямга шундай ҳаёл келди: "Катта бўлиб уйлансам, худойим менга 5 фарзанд берса уларни 10 ёшида расмга тушириб мана шу халқаларга жойлаштириб чиқсам..." “Чин кўнгилдан сўрасанг – беради” деганларидек беш нафар фарзандлик бўлдим. Икки ўғил, уч қиз. Барчасини расмга олиб халқаларга жойлаштиришни бошлаганимда ўртада қора халқа борлигига кўзим тушиб қолди. Бу ранг мотам белгиси ҳисобланади. Бу фикримдан қайтдим! Тўсатдан энг кичик қизим Олияхон 30 ёшида вафот этди. Дўстим мана энди халқаларга расмларни қўймасанг бўлмайди деди. Қора халқага Олияхоннинг расмини, қолганларига бошқа фарзандларимни жойлаштириб чиқдим. Шу боис бу қаерда бу халқаларни кўрсам юрагим бир жиззиллаб кетади...


 
“ТИМОШЕНКО БИЛАН СУҲБАТЛАШИНГ”
Олимпиада мавзусини жуда яхши кўраман. Мактабда доим биринчи дарсда болаларга Олимпиада ҳақида гапириб берардим. Телевидениеда ишлаётган вақтда менга қўнғироқ бўлди. "Сеул Олимпиадасига ҳар бир Республикадан биттадан журналист олиб кетилади, сиз Ўзбекистондан номзодсиз. Аммо бу ҳақда ҳеч кимга айтманг, акс ҳолда сизнинг ўрнингизни спортни тушунмайдиган бошқа одам олиб қўйиши мумкин", - дейишди. Олимпиадага бир ҳафта қолганида бошлиғимиз Ирина Георгиевна Пермекова мени чақириб “Устозидан ҳам бундай ажойиб янгиликни яширадими” деб танбеҳ бердилар. Вазиятни тушунтирганимдан сўнг улар менга омад тиладилар.

Шундай қилиб Москва Олимпиадасини ҳисобга олмаганда, Ўзбекистон спорт журналистлари орасида биринчи бўлиб четга чиқиш менга насиб қилган. Тошкент-Москва-Владивосток-Хабаровск-Сеул йўналиши бўйича парвоз қилганмиз. Ил-62 самолётида Собиқ Иттифоқ бадиий гимнастика терма жамоаси аъзолари Марина Лобач ва Александра Тимошенколар билан бирга ўтириб қолдим. Улардан интервью олмоқчи эканимни маълум қилганимда, Лобач: “Ҳозир сиз Тимошенко билан суҳбатлашинг, Олимпиададан қайтишда эса мен билан интервью қиласиз”, деди. Сеулга кетишда Александра билан суҳбатлашиб кетдим. Ўша пайтларда диктофонлар йўқ, барчасини қоғозга ёзиб борардик. Тимошенко Олимпиадада бронза медалига эга бўлди. Қайтишда интервью беришга ваъда берган Лобач эса Сеул Олимпиадасида чемпион бўлди(!). Омадим келди дедим ўзимга-ўзим ва интервью учун сарлавҳа ҳам тайёрлаб қўйдим: "10000 метр баландликда уюштирилган интервью". Аэропортда Марина ваъдаси ёдида эканини айтди. Бир маҳал Сеул-Москва бўйича учадиган самолёт иккита эканини маълум қилишди. Минг афсуслар бўлсинким, Лобач бошқа, мен бошқа самолётга чиқдик...


 
"АССАЛОМ, ОЛИМПИАДА"

Сеул Олимпиадасидан сўнг уйга қайтгач, китоб ёзиш иштиёқи пайдо бўлди. Китобга "Ассалом, Олимпиада" деб ном қўйишни ўйлаб қўйдим. Бироқ турли баҳоналар билан китобим нашр қилинмай қолиб кетди. Бу менга катта зарба бўлди, илҳом келмай қўйди. "Шарқ" нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаган Аҳрор Аҳмедов мендан нега китоб чиқармаётганимни сўради. Ўтган воқеани айтиб бердим. “Сиз китоб ёзинг, мен чиқариб бераман” деди. Фақат Олимпиада эмас, ҳаёт йўлимни ёзишимни айтишди. "Футбол қувончим, дардим, фахрим" деб номланган илк китобим нашр этилди. Ундан кейин "Мафтунингман футбол" ва "Ўзбегимнинг Миржалоли" каби китобларим чиқди. Булардан ташқари турли ўқув қўлланмалар ҳам нашр этилган.


 
"ТОНГ"ДА ТОПГАН ДЎСТЛАРИМ”

1980 йилда Маҳмуд Абдураимов, Тўлқин Қозоқбоев, Шавкат Тўлаганов ва Баҳодир Иброҳимов ташаббуси билан ҳаваскорлар жамоаси тузилди ва "Тонг" деб номланди. Сабаби жамоа ўз ўйинларини эрта тонгда ўтказади. Бу жамоа сафида машҳур футболчилардан Баҳодир Иброҳимов, Станислав Стадник  кабилар тўп тепишган. Ўтган йил ўша ташкилотчилардан бири бўлган Шавкат Тўлаганов китоб ёзди. Номи – "Тонг"да топган дўстларим". Барчага тарқатдик, Шавкатнинг энг яхши қилинган ишларидан бири бу – ўтиб кетган дўстларимизнинг ҳам уйларига китобни олиб бориб бергани бўлди.

Ҳафтанинг жуфт кунлари тонгда ЎФФ майдонида ўйин ўтказамиз. Ҳозирда бу жамоа сафида Биродар Абдураимов, Омон Тоймуродов, Фарҳод Тоймуродов, Комилжон Синдоров, Темур Крюк, Абдуғаффор Ортиқов, Алишер Мадраҳимов, Козим Қаюмов каби машҳурлар тўп тепишади. Мен асосан ҳакамлик қилаяпман, лекин ёшларга бўш келиш йўқ, имкон бўлди дегунча ўзим ҳам тўп тепаман (кулади). "Тонг" ҳали узоқ муддат фаолият олиб боришига ишончим комил.


 
ТИЛАГИМ
Ўзбекистон мухлислари энг бахтли мухлислар! Охирги 2-3 йил ичида 10 га яқин янги стадионлар қуриб битказилди. Мамлакатимизда кўплаб футбол академиялари, футбол интернатлари ишга тушди. Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар жамоалари Жаҳон чемпионатларида қатнашиб, кучли 8 жамоа орасига кириш катта натижа. Масалан, Россия, Украина ва бошқа давлат жамоалари хатто ўша мундиалга чиқа олишмаяпти.

Мухлисларимизга омад тилайман! Юртимиз иқтидорларга бой. Менинг энг катта орзуим Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига йўлланма олса-ю, ўша мундиалга кетаётган делегация таркибида Ахбор Имомхўжаев ҳам бўлса...


"Penalty" лойиҳаси учун Гулшан Саъдуллаева ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фото: Толибжон Қосимов

2016 йил, февраль ойи


Рейтинг: +7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика