АПЛ. 18-тур превьюси. "Boxing Day"га марҳамат!
26 дек 2016 15:08
Янгиликлар
АПЛ. 18-тур превьюси. "Boxing Day"га марҳамат!
"Туманли албион"да эса бугун "Boxing Day"га старт берилади. Футбол ишқибозлари учун хақиқий байрам тесак бўлади. Қуйида "Boxing day"ни бошлаб берувчи 18-тур ўйинларининг превьюсини эътиборингизга ҳавола этамиз.
"Уотфорд" – "Кристал Пэлас"
26.12.2016, 17:30
"Викариж Роуд"
Бош ҳакам: Марк Клаттенбург (Ньюкасл-апон-Тайн)
18-турни бошлаб берувчи ўйинда ўзаро беллашадиган клублар охирги икки турда майдонни бошлари эгик ҳолда тарк этишган. Меҳмонларда бош мураббий ўзгарди. Лавозимидан озод қилинган Алан Пардью ўрнига Сэм Эллардайс жамоани бошқаради. Ўзгариш "Кристал Пэлас"га қандай таъсир қилганини бугунги ўйиндан сўнг билиб оламиз. Валтер Маццари бошчилигидаги "Уотфорд" эса бу мавсум стабил ўйин кўрсата олмаяпти. Лекин, "арилар" уйда анчайин хавфли жамоа саналишади.
Қизиқ:
- Трой Дини ўтган мавсум "Кристал Пэлас" дарвозасига киритилган уччала голга ҳам муаллифлик қилган;
- "Кристал Пэлас" "Boxing Day" доирасида АПЛнинг охирги еттита баҳсида иккита ғалабани қўлга киритган;
- "Арилар" эса 1986 йилдан буён "Boxing Day"да ғалаба қозонишмаган.
"Арсенал" – "Вест Бромвич"
26.12.2016, 20:00
"Эмирейтс стэдиум"
Бош ҳакам: Нил Сварбрик (Ланкашир)
Арсен Венгер бошчилигидаги "Арсенал" охирги икки турда ҳисобни биринчи бўлиб очганига қарамай, мағлуб бўлди. Бундай муваффақиятсизликдан кейин "Эмирейтс"да меҳмон бўладиган "Вест Бромвич"га жуда ҳам қийин бўлади. Шунингдек, анчадан бери нолга ўйнаш нималигини эсдан чиқариб юборган "тўпчилар"нинг ҳимоячиларига ҳам осон бўлмаслиги аниқ. Сабаби, "Бромвич"нинг ҳужум учлиги - Мэтт Филиппс, Крис Брант ва Саломон Рондон айни пайтда жуда яхши формада.
Қизиқ:
- "Вест Бромвич" "Арсенал"ни АПЛ доирасида "Эмирейтс"да бор йўғи бир маротаба мағлуб этишган, саккизта мағлубият ва битта дуранг;
- "Канонирлар" жорий мавсум ҳисобда олдинда бораётиб ўйинни бой бериш борасида етакчилар. Уларда бундай мағлубиятлар сони 3та.
"Бернли" – "Мидлсбро"
26.12.2016, 20:00
"Терф Мур"
Бош ҳакам: Крейг Поусон (Лондон)
"Бернли" бу мавсум жамғарган 17 очкодан 16тасини уйда қўлга киритган. Бир сўз билан айтганда, мезбонлар хақиқий уй жамоаси ҳисобланишади. "Мидлсбро" эса сўнгги турда ишончли ғалабага эришган ва "Терф Мур" стадионига кўтаринки кайфиятда келади.
Қизиқ:
- "Бернли" "Боро" билан охирги олти учрашувда ғалаба нималигини билмай келмоқда. Тўртта мағлубият ва иккита дуранг. Ана шу олти баҳснинг тўрттасида ҳатто гол ҳам ура олмаган;
- "Бернли" ва "Мидлсбро" рақиб дарвозаларига энг кам зарба берган клублар ҳисобланишади: 157 ва 156та зарба;
- "Бернли" жорий мавсумда АПЛ уй ўйинларида 94 % очкони қўлга киритган. Бу нафақат Премьер-лига, балки Англиянинг дастлабки тўртта дивизионидаги энг яхши кўрсатгич ҳисобланади.
"Челси" – "Борнмут"
26.12.2016, 20:00
"Стэмфорд Бриж"
Бош ҳакам: Майкл Жонс (Честер)
Турнир жадвалининг энг юқорисида ва марказида турган клублар баҳси. "Челси" мураккаб ўйинларни мураббийнинг тактик ўзгаришлари эвазига ютиб олмоқда. Тактик жиҳатдан исталган жамоага муаммо туғдирмоқда ва шунинг эвазига айни пайтда жадвални бошқараяпти. "Борнмут" эса стандарт вазиятлардан яхши фойдаланади. Лекин, бугун стандартларда жуда фаол бўладиган Аке ва Кук майдонга туша олмайди.
Қизиқ:
- "Челси" "Борнмут" билан барча турнирлар доирасида ўтган охирги еттита ўйинда 5 марта ғалабани ўзиники қилиб олган, икки бор енгилган;
- "Кўклар" 2013 йилдан бери "Boxing Day"да мағлуб бўлишмаган. 6та ғалаба ва 5 дуранг;
- Бугун 3 очкога эга бўлган тақдирда "Челси" клубнинг АПЛда кетма-кет ғалабалар рекордини янгилайди.
"Лестер Сити" – "Эвертон"
26.12.2016, 20:00
"Кинг Пауэр"
Бош ҳакам: Стюарт Атвелл (Нунатон)
Англиянинг амалдаги чемпиони бу сафар ўз майдонида "Эвертон"ни қабул қилади. "Ирислар"да чемпионни енгишдек имконият бор. "Лестер" ўтган йилги темпни бу йил ЕЧЛга ташлашган. Чемпионатда эса бир текис ўйин намойиш эта олишмаяпти.
Қизиқ:
- "Тулкилар" "Эвертон"ни АПЛ доирасида охирги 13 учрашувда бор йўғи икки бор таслим этишган (ҳар иккиси ҳам ўтган мавсум). 9та мағлубият ва 2та дуранг;
- "Лестер" 1998 йилдан бери "Boxing Day"да ютмаган;
- Клаудио Раньери шогирдлари охирги 10та ўйинда ўз дарвозаларидан албатта тўп олиб чиқишган.
"Манчестер Юнайтед" – "Сандерленд"
26.12.2016, 20:00
"Олд Траффорд"
Бош ҳакам: Мартин Аткинсон (Лидс)
АПЛда уч турдан бери ғалабали сериясини давом эттириб келаётган "қизил иблислар" бу турда "Сандерленд"ни қабул қилишади. МЮ мазмунли ўйин билан бирга натижа қайд этишни ҳам бошлаб юборди. Меҳмонлар эса кучли клубларга қарши "автобус" билан ўйнамоқда. Бу рақибга ҳужумда жуда кам зоналар беради. Шунга қарамай, "Юнайтед" қарама-қаршиликнинг яққол фаворити.
Қизиқ:
- "Қизил иблислар" АПЛ уй учрашувларининг охирги 24тасида "Сандерленд"га бор йўғи бир маротаба ютқазишган, 16 бор эса уч очкони ҳисобларига ёзиб қўйишган;
- "Манчестер Юнайтед" "Boxing Day"да 18 марта ғалаба қозонган. Бу АПЛнинг бошқа исталган клубидан яхшироқ натижа;
- Жермейн Дефо АПЛда айни пайтда ўйнаётган футболчилар орасида "Boxing Day" тўпурари ҳисобланади (6та гол).
"Суонси" – "Вест Хэм"
26.12.2016, 20:00
"Либерти стэдиум"
Бош ҳакам: Андре Марринер (Бирмингем)
Чемпионатни жуда ёмон бошлаган "Вест Хэм" сўнгги беллашувларда ўзига келиб қолди. Шунинг учун ҳам "Суонси"га осон бўлмаслиги аниқ. Лекин, мезбонлар бу йил ўз майдонларида кўп гол уришмоқда.
Қизиқ:
- "Суонси" охирги 7 ўйинда "Вест Хэм"ни бир мартагина енга олган.
"Халл Сити" – "Манчестер Сити"
26.12.2016, 22:15
"Кей Си"
Бош ҳакам: Роберт Мэдли (Йоркшир)
Жадвални пастдан қараганда бошқариб бораётган "Халл Сити" бугун "Манчестер Сити"ни қабул қилади. "Халл" чемпионатни жуда яхши бошлаган эди, кейинчалик клубнинг ишлари орқага кета бошлади. Гвардиола жамоаси эса "Лестер"дан қабул қилиб олинган қақшатқич зарбадан кейин бироз ўзига келиб олди.
Қизиқ:
- "Шаҳарликлар" АПЛ доирасида "Халл"га охирги 8 ўйиннинг биттасини бой беришган, 4та ғалаба;
- "Йўлбарслар" ушбу тақвим йилининг декабрь ойида ғалаба қозонмаган ягона жамоа ҳисобланишади.
"Ливерпуль" – "Сток Сити"
27.12.2016, 22:15
"Энфилд"
Бош ҳакам: Майкл Оливер (Нортумберленд)
Премьер-лиганинг энг "ёввойи" жамоаси майдонида тўп тепиш "Сток Сити" учун жуда оғир бўлиши турган гап. Ўз уйида кўп гол ураётган "қизиллар" "Сток" билан ҳам голларга бой учрашувни ўтказиб беришса ажабланмаймиз.
Қизиқ:
- "Ливерпуль" "Сток" билан охирги олти учрашувда 5 ғалабани қўлга киритган, бир марта эса енгилган;
- "Қизиллар" АПЛда 15 ўйиндан буён уйда ютқазишмаяпти (9 ғалаба ва 6 дуранг);
- Жо Аллен бу мавсумнинг 16 ўйинида 5та гол урди. Бу унинг "Ливерпуль"даги бутун фаолиятидагидан ҳам кўп (91 баҳсда 4 гол).
"Саутгемптон" – "Тоттенхэм"
28.12.2016, 00:45
"Сент-Мэрис"
Бош ҳакам: Майк Дин (Хесволл)
18-турнинг сўнгги қарама-қаршилиги мухлисларга кескин курашларни тухфа этиши аниқ. Сабаби, ҳужумкорликни хуш кўрувчи икки жамоа ўртасидаги учрашув ишқибозларни ҳар доим қизиқтириб келган. Ҳар икки клуб ҳам охирги ўйинларда қийин ғалабаларни қўлга киритишмоқда, яъни улар ҳозир яхши формада эмас.
Қизиқ:
- Бу мавсум фақатгина "Челси" (43) "Саутгемптон" (45)га қараганда рақибларга ўз дарвозаси томон камроқ аниқ зарба беришга имкон берган;
- "Шпорлар" АПЛда бешта сафар ўйинида ғалаба қозона олишмаган (3 дуранг ва 2 мағлубият);
- Кайл Уокер бу мавсум 4та голли пас берди, бу ҳимоячилар орасида энг яхши натижа.
Толибжон Қосимов
Премьер-лига турнир жадвали >>> АПЛ
Фикрлар