Андрей Фёдоров Швейцарияда
11 окт 2015 10:55
Янгиликлар
Андрей Фёдоров Швейцарияда
“ФИФА кунлари” деб ном олган бу 10 кунлик танаффусдан барча жамоалар ўз режаларига кўра тайёргарликни давом эттиришяпди. Маълумки, Ўзбекистон кубоги финалининг вақти ўзгариши муносабати билан (29 ноябрдан, 17 октябрга ўтказилди), ПФЛнинг қарорига кўра 25-турдан ўрин олган “Насаф”- “Нефтчи” ва “Динамо” – “Бунёдкор” учрашувлари 17 октябрдан 12 октябрга ўтказилди. Албатта, ПФЛнинг қарорини барча жамоалар бирдек қабул қилиши ва муҳокама этилмаслиги регламентда белгилаб қўйилган. Лекин, тахмин қилиш мумкинки, бундай қарор қайсидир маънода кубок финалчиларга қулайлик яратиш учун амалга оширилган.
“Нефтчи” бу қисқа танаффусдан унумли фойдаланиб, Қиргулидаги ўз қароргоҳида машғулотларини давом эттирди. Лекин, бу сафар жамоанинг катта мураббийи Андрей Фёдоровсиз машғулотлар бўлиб ўтмоқда. Россия футбол иттифоқи (РФИ) – ФИФА кунларидан фойдаланиб, Москвадаги Мураббийлар Олий Мактаби (МОМ)нинг ПРО йўналиши бўйича ўқув курсларининг якуний босқичини Швейцариянинг Ньюн шаҳрида ташкил этди. Ушбу амалий курсларда “Нефтчи”нинг катта мураббийи Андрей Фёдоров ҳам қатнашмоқда.
РФИ ташкил эгтан ушбу курсларда россиялик мураббийлардан ташқари Европанинг бир қанча мамлакатларидан ташриф буюрган мутаҳассислар иштирок этишмоқда. Жумладан Литва, Латвия, Эстония ва польшалик мураббийларга ФИФА инструкторларидан ташқари таниқли футбол мутахассислари, юқори савияли мураббийлар ҳам маърузалар ўқиб, футбол сирларидан сабоқ беришмоқда.
Руминиялик Лупеску ва Дэвид Мойес билан бирга.
Бўлажак ПРО лицензияси соҳиблари Шейцарияда жойлашган УЕФА штаб-квартирасида меҳмон бўлишди ва у ердаги иш жараёни билан яқиндан танишдилар. Шуни ҳам такидлаш лозимки, УЕФА раҳбарлигидаги ушбу ўқув-курслар якунловчи этап бўлиб, иштирокчилар ПРО-халқаро лицензиясини қўлга киритадилар. Биз, бутун клуб номидан, мураббиймиз Андрей Фёдоровга бу ўқув-курсларда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз ва у ерда олинган билим ва маҳоратини жамоамизни янги чўққиларга кўтарилишида ўз хиссасини қўшади, деб умид қиламиз.
УЕФА штаб-квартираси.
Андрей Фёдоров “Нефтчи” – “Насаф” учрашувининг арафасида 11 октябрь куни Москва - Самарқанд рейси билан учиб келиб, Қаршига бориши кутилмоқда. Унинг ўзи, ўша кунни ўзидаёқ режага кўра, “Нефтчи” билан кечки машғулотларни ўтказиши белгиланган. Яна бир марта келажаги порлоқ бўлган мураббиймизга ва жамоамизга омад ва муваффақият тилаб қоламиз.
Фикрлар