Акмал Мозговой: "Норчаев ва Саитовнинг кетиши "Насаф"га таъсир қилди деб ҳисобламайман. Ушбу мавсум чемпионлик учун курашишга кучимиз етади"

Alisher
20 апр 2023, 12:46
"Насаф" ярим ҳимоячиси Акмал Мозговой Championat.Asia мухбири Эмиль Бермуҳамедовга интервью берди ва унда мавсум старти, жамоанинг самарадорлиги ва Ўзбекистон терма жамоасига чақирилмагани ҳақида гапириб берди.

- "Насаф" мавсумни бироз омадсиз бошлади. Бу ҳақида нима деб ўйлайсан?

- Мавсумни ёмон бошладик деб ҳисобламайман. Ҳозирда биринчи ўриндан атиги уч очко фарқимиз бор. Хатолар устида ишлаймиз, қаттиқ меҳнат қиламиз ва шундай давом этамиз.

- Сенингча, жамоа мавсум сўнггида қаерда бўлади?

- Ушбу мавсум чемпионлик учун курашишга кучимиз етади деб ҳисоблайман.



- Мавсумнинг дастлабки турларида "Насаф"да голларни асосан мудофаа чизиғи ўйинчилари урмоқда. Нима деб ўйлайсан, бу нима билан боғлиқ?

- Ким уришининг фарқи йўқ - асосийси жамоанинг ғалаба қозониши. Барчамиз ғалаба қозониш учун майдонга чиқамиз.

- Норчаев ва Саитовнинг кетиши жамоа ўйинига таъсир ўтказдими?

- Унчалик кучли таъсир қилди деб ҳисобламайман. Уларнинг ўрнига сифатли ўйинчилар келди. Улар кетган футболчилардан ёмон кўринишмайди деб ўйлайман.

- "Алания"га ўтганидан сўнг Норчаев билан гаплашасизми?

- Ҳа, биз алоқани сақлаб турибмиз.

- У Россиядаги футбол ҳақида нима дейди?

- Унга у ер ёқади. У ерда асосан жисмоний ҳолатга эътибор қаратилишини, футбол эса кўпроқ тўқнашувларга бой бўлишини айтди.



- Сен "Насаф" академияси тарбияланувчиси ҳисобланасан ва клубнинг асосий таркибида ўйнайсан. Қачондир бошқа жамоага кетиш варианти амалга ошади деб ўйлайсанми?

- Ҳа, буни инкор этмайман. Бу футболнинг бир қисми. Барча чет элда ўйнашни, футбол бўйича ривожланишни хоҳлайди.

- Агар сир бўлмаса, қайси лигада ўйнашни хоҳлардинг? Ёки Суперлиганинг қайсидир клубидами?

- Ўзбекистонда ўзимни "Насаф"дан бошқа ҳеч қаерда кўрмайман. Хориждаги фаолиятнинг бошланиши учун эса Россия чемпионатини кўриб чиқиш мумкин. Бу сал кейинроқ юқорироқ савиядаги Европа мамлакатларига йўл олиш учун ўтиш вазифасини бажаради.

- Ўтган мавсум 22-рақам остида ўйнадинг, ушбу мавсумда эса "еттилик"да кўрдик. Рақам алмаштиришинг сабаби нима?

- Шунчаки рақам бўшади ва уни ўзимга олишга қарор қилдим. Шунингдек, унда менинг кумирим Криштиану Роналду ўйнайди. Болаликдан унинг ўйини ёқади, шу сабаб "еттилик"да ўзгача рамзийликни кўраман.



- Ўзбекистон терма жамоасининг март ойидаги ўйинларига сени чақиришмади. Нима деб ўйлайсан, бу нима билан боғлиқ?

- Тўғирлашим керак бўлган камчиликларим бор шекилли.

- Катанец бу борада сен билан гаплашмадими?

- Йўқ, у билан гаплашмадим. Фақатгина йиғинлар пайтида қандай ўйнаш ва ким майдонда қандай ҳаракатланишини тушунтиришади.

- Терма жамоа таркибига қайтишни режалаштиряпсанми?

- Албатта, ўз олдимга шундай мақсад қўяман. Терма жамоага яна чақирув олиш учун ишлашда ва ўз ўйинимни кучайтиришда давом этаман.


Эмиль Бермуҳамедов суҳбатлашди

Алишер Остонов таржимаси

Ўхшаш янгиликлар


AlisherМуаллиф
Манба: championat.asia