Ямайка U-17 мураббийи Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан жамоасининг муаммолари ҳақида гапирди

Оқил Абдубарноев
23 ноя 2026, 16:50
Қатарда ўтказилаётган U-17 жаҳон чемпионатининг 2-турида Ўзбекистонга қарши майдонга тушадиган Ямайка ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Венделл Даунсвелл бўлажак учрашув ҳақида фикр билдирди.

"Jamaica Observer" нашрининг хабар беришича, мутахассис Италиядан қабул қилиб олинган йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг футболчиларининг Ўзбекистонга қарши баҳсда яхшироқ ўйин кўрсатишига ишонмоқда.

Ямайка терма жамоаси дастлабки турда амалдаги Европа чемпиони Италияга 0:6 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу учрашувда италияликлар рақиб дарвозаси томон 33 марта зарба йўллаган, Ямайка дарвозабони Омарио Уайт эса 11 та сейв амалга оширган.

"Энг муҳими – ўйиннинг майда тафсилотларига ҳам эътибор қаратиш ва диққатни жамлаш. Ҳимоядаги хатоларимиз сабаб ўйин бошида иккита гол ўтказиб юбордик ва кейин вазиятни ўнглай олмадик. Ўзимиз эса иккита яққол голли вазият ва яна бир нечта имконият яратдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Менимча, бу натижага жиддий таъсир кўрсатди", – деди Даунсвелл.

Мураббийнинг таъкидлашича, жамоа Италияга қарши баҳсда йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиб, Ўзбекистон билан учрашувга яхшироқ тайёрланмоқда.

"Биз Европа чемпионига қарши ўйнадик. Улар жуда тартибли ва мусобақага яхши тайёргарлик кўрган. Аммо бу ўйиндан керакли сабоқларни олдик. Учрашув видеосини кўриб чиқиб, хатоларимизни таҳлил қиламиз ва кейинги баҳсда ижобийроқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз", – деди мутахассис.

Даунсвелл "Jamaica Gleaner" нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон терма жамоасига ҳам баҳо берди.

"Ўзбекистон сифатли жамоа. Уларнинг Кот-д'Ивуарга қарши ўйинини кузатдик. Мураббийлар штабимиз тактик ёндашувимизга зарур ўзгартиришлар киритмоқда. Уч очкони қўлга кирита олишимизга ишонамиз", – деди ямайкалик мураббий.

Эътиборлиси, Ямайка U-17 терма жамоаси ўз тарихида ҳали жаҳон чемпионатларида ғалаба қозонмаган. Жамоа 1999 ва 2011 йиллардаги мусобақаларда ҳам иштирок этган, бироқ бирор марта уч очкони қўлга кирита олмаган.

Ўзбекистон эса аввалги саккизта жаҳон чемпионатининг бештасида иштирок этиб, ҳар сафар гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси дастлабки турда Кот-д'Ивуарга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган. Шу боис Ямайкага қарши баҳс ҳар икки жамоанинг кейинги босқичга чиқиш имконияти учун муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон – Ямайка учрашуви бугун, 23 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Jamaica Observer