АГМК ва “Қизилқум”га ҳакам ёнбосдими? Суперлиганинг 10 ва 11-турларидаги баҳсли қарорларни россиялик эксперт таҳлил қилди
31 май 2022 17:00
Янгиликлар
АГМК ва “Қизилқум”га ҳакам ёнбосдими? Суперлиганинг 10 ва 11-турларидаги баҳсли қарорларни россиялик эксперт таҳлил қилди
Бизнинг экспертимиз, россиялик собиқ ҳакам Илья Обломов ўзининг “Алё, реф!” Телеграм каналида Ўзбекистон чемпионатининг 10 ва 11-турлари содир бўлган баҳсли вазиятларни ўрганиб чиқди.
№1 вазият. "Нефтчи" - "Металлург" учрашуви
“Металлург” ўйинчиси ҳаводаги курашдан сўнг тўпни эгаллаб олди ҳамда ўйиндан ташқари ҳолатда бўлган жамоадошига узатма амалга оширди. Шунга қарамасдан, тўпни қабул қилиб олган футболчи дарвоза томон зарба бериб, гол уришга муваффақ бўлди. Ўша вазиятда “Металлург” футболчиси томонидан узатма амалга оширилаётганида “Нефтчи” ҳимоячиси ўз вақтида унга қарши чиқа олмади ва қаршисидан келаётган рақибига бориб урилди.
Пас берган футболчининг шериги ўйиндан ташқари ҳолатда бўлгани учун "Металлург" фойдасига қарор қабул қилинмади. Бироқ пас берган ўйинчига нисбатан қўполлик ишлатилгани учун "Нефтчи" ўйинчисига ҚИЗИЛ карточка кўрсатилиши ҳамда жарима зарбаси берилиши керак, чунки қоидабузарлик амалга оширилмаган тақдирда, бекободликлар ҳужумчиси яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, рақиб дарвозасини ишғол қилиши мумкин эди. ВАР ушбу вазиятга аралашиши керак эди.
№2 вазият. "Қизилқум" - "Сурхон" учрашуви
Ушбу вазият ҳакамлар учун мураккаб эмасди. “Қизилқум” футболчиси узатма амалга оширилаётган вақтда “Сурхон”нинг сўнгги ҳимоячисидан кўра дарвозага яқинроқда жойлашганди. ВАР мавжуд бўлган тақдирда ҳам ҳужумни давом эттириш ва эпизодни якунлаб қўйиш лозим эди, агарда кейинги вазиятда гол урилса, у ҳолда ўйиндан ташқари ҳолат қайд этиларди. ВАР ушбу вазиятга аралашишии ҳамда голни бекор қилиши керак эди.
№3 вазият. "Қизилқум" - "Сурхон" учрашуви
Видеони кузатиш орқали "Сурхон" футболчисининг нима норози эканлигини тамомила тушуниш қийин, чунки ён ҳакам четлатилган футболчининг жамоаси фойдасига аут кўрсатган. Тўхталиш вақтида ҳакамлар бригадаси унга спортга хос бўлмаган ҳаракати учун сариқ карточкани тўғри кўрсатди.
Видеодан кўриниб турибдики, футболчи огоҳлантиришдан кейин тинчланмай, ўз норозилигини билдиришда давом этмоқда. Менимча, ҳақорат сўзлари айтилди, шу боис сариқ карточкадан сўнг дарҳол қизил карточка кўрсатилди. Учрашув протоколида ушбу эпизод ҳақида нима дейилганини кўздан кечириш керак.
№4 вазият. "Локомотив" - "Пахтакор" учрашуви
Дарвозага зарба берилган вақтда “Локомотив” футболчиси зарба йўлини тўсишга ҳаракат қилган. Тўп видеода яхши кўринмаган ўйинчининг олд гавдаси тарафга йўналтирилгани боис тўп тананинг қайси қисмига текканини аниқ айтиб бўлмайди. Тўп ўйинчининг кўкрагига теккан бўлиши мумкин. Аммо ушбу вазиятда йиқилаётган футболчининг чап қўли табиий ҳолатда танага ёпишганди, ўнг қўли эса таянч вазифасида эди, бу эса жазоланмайди. Ўйин давом этиши керак.
№5 вазият. "Локомотив" - "Пахтакор" учрашуви
ВАР учун нозик вазият. Биринчидан, иккита ўйинчи ("Пахтакор" ҳужумчиси ва "Локомотив" ҳимоячиси) тўпдан кўра дарвозага яқинроқ бўлгани учун ўйиндан ташқари ҳолат футболчиларга қараб аниқланади. Қанотдан тўп узатилаётган, унга дастлабки ҳаракат амалга оширилаётган пайтда "Локо" ҳимоячиси, катта эҳтимол билан, ҳужумчини тўлиқ тўсиб қўйди. Шундай экан, офсайд ҳолати мавжуд эмас.
Ўйинда ВАР йўқ бўлса, ҳужум жараёнида бундай дақиқаларни "қўйиб юбориш" одат тусига кирган. Ўйин давом этиши керак. Агар ВАР мавжуд бўлса, ёрдамчилар эпизодни текширадилар ҳамда офсайд ҳолати кузатилса, вазиятга аралашадилар. Ҳар ҳолда ён ҳакам ҳужум якунлангунча байроқчасини кўтармаслиги ва вазият якунига етгандан кейин қарор қабул қилиши керак.
№6 вазият. "Бунёдкор" - "Насаф" учрашуви
“Насаф” футболчиси рақибнинг футболкаси ва танасидан ушлаган ҳолда тўхтатиб қолди. “Бунёдкор” футболчиси рақибнинг орқа томонида эканлигини англаб, тўп учун курашмади ва қўлини силкитиб ташлади. Натижада “Насаф” футболчисининг юзига тирсаги билан зарба беради. Агар бош ҳакам футболчининг ҳаракатларида ғаразли ниятни пайқаса, унга қизил карточка кўрсатиши керак.
№7 вазият. "Сўғдиёна" - "Қўқон" учрашуви
Зарбадан сўнг “Қўқон” футболчиси инерция ҳолатида олдинга ҳаракат қилишда давом этган бўлса, “Сўғдиёна” футболчиси подкат орқали зарба йўлини тўсишга ҳаракат қилди. Кейинчалик бир вақтнинг ўзида улар оёқлари билан бир-бирига тўқнашиб кетди.
Бу табиий ҳолатдир. “Сўғдиёна” футболчисининг ҳаракатлари ўйламасдан ёки эҳтиётсизлик оқибатида амалга оширилмади, унда бундай ният, ортиқча куч ишлатиш ҳамда ҳаддан ташқари жадаллик йўқ эди. Тўғри қарор - ўйинни давом эттириш.
№8 вазият. "Навбаҳор" - "Локомотив" учрашуви
“Навбаҳор” футболчиси тўп билан рақиб дарвозаси томон ҳаракат қила бошлади. “Локомотив” ҳимоячиси тўп учун курашга кечикди ҳамда рақибни чалиб йиқитди ва шу орқали хавфли ҳужумни тўхтатди.
Қоида бузилиши жарима майдончаси олдида содир бўлди, чунки қўполлик пайтида "Локомотив" ҳимоячисининг оёқлари жарима майдонидан ташқарида эди. Қўполлик оёқ орқали содир этилди, ҳакам тўғри қарор қабул қилди.
№9 вазият. АГМК - "Нефтчи" учрашуви
АГМК ўйинчиси дарвозага зарба йўллади, дарвозабон тўпни қайтаргач, вазиятга яқинроқ турган икки ўйинчи курашга киришди. “Нефтчи” ҳимоячиси бироз олдинроқда эди, аммо АГМК форварди ҳам тўпга етиб боришга ҳаракат қилди. Ҳимоячи тўпни қайтараман деб, уни ўз дарвозасига жойлаб қўйди.
“Нефтчи” ҳимоячиси тўпни тепаётган пайтда рақиб ҳужумчиси уни туртмади, оёқ орқали қоидабузарлик ишлатмади. Ҳимоячи тўпни ўз дарвозаси томон тепгандан сўнг, қўл орқали кичик халақит бериш ҳолати кузатилади, бироқ бу табиий ҳол ва тўп учун кураш сабабли содир бўлганди. Ҳакам тўғри қарор қабул қилди.
№10 вазият. "Қўқон" - "Қизилқум"
Ушбу эпизодни уч қисмга бўлиш мумкин.
Биринчидан, бурчак тўпи амалга оширилмоқда, бир вақтнинг ўзида уч ўйинчи: икки қўқонлик ва бир нафар "Қизилқум" футболчиси ҳаводаги тўп учун кураш олиб боради. Учала ўйинчи ҳам юқорига сакради. Сакраш вақтида "Қизилқум" футболчисининг қўллари беихтиёр рақиб ўйинчисининг орқа томонига тегади, аммо атайин рақибга тегиниш ҳолати кузатилмаган. Шунинг учун, бу ерда позиция учун одатий кураш кечмоқда.
Иккинчидан, тўп беихтиёр равишда “Қизилқум” футболчисининг қўлига тегди, шундан сўнг дарвоза тўридан ўрин олди. Ушбу қўл ҳаракати қоидабузарлик саналади, гарчи у табиий ҳолатда бўлса ҳам, чунки бу вазиятда ҳужумчининг қўлиги теккан тўп дарвоза томон йўналиш олди.
Учинчидан, тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтди, бош ҳакам имо-ишора ҳарактидан ташқари, ҳуштагини ҳам чалди.
Бу вазиятга ВАР аралашиши ҳамда голни бекор қилиши керак эди.
№11 вазият. "Қўқон" - "Қизилқум"
“Қўқон” футболчиси тўпни эгаллаб олиб, тўп йўналишини бурчак тарафга йўналтиради. “Қизилқум” футболчиси подкат ташлаб, тўпга етолмади ва оёғини тортиб қолишга ҳаракат қилди. “Қўқон” ҳужумчиси чап оёғини олдинга ташлади (рақиб устидан сакраб ўтмоқчи бўлгандек ҳаракатни амалга оширди) ва ерга йиқилди.
“Қизилқум” ҳимоячиси курашдан воз кечиб, оёғини олиб қочди. Қўқонлик футболчи ҳакамни чалғитиб, пенальти ишлашга уринди. Бу вазиятда симуляция учун ҳужумчини огоҳлантириш ҳамда эркин зарба белгиланиши лозим.
Фикрлар