UZ

Сўнгги янгиликлар

16:58Кварацхелия янги мавсум "Барселона" футболчисига айланиши мумкин  0 16:32"Оч бўрилар" овга чиқмоқда  3 16:30Ўзбекистон кубоги. "Нефтчи" – "Металлург" 0:1 (матнли трансляция)  0 16:26Ўзбекистон кубоги. "Пахтакор" - "Сўғдиёна" 1:3 (онлайн ҳисоб)  6 16:25Ўзбекистон Кубоги. "Қўқон-1912", "Арал" ва бошқа жамоалар ўйинлари давом этмоқда  2 16:15Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистондан мағлуб бўлган Вьетнам Қирғиз Республикасига ҳам ютқазди  5 15:59U-23 Осиё Кубоги. Индонезия Корея Республикасини мусобақадан чиқариб юборган драматик ўйиндан ГАЛЕРЕЯ  0 15:40Ўзбекистон футзал МТЖ Эронга қарши қандай либосда ҳаракат қилади?  1 15:13ПСЖ Франция чемпионати рекордини ўрнатди  1 14:49"Порту" Сержиу Консейсау билан шартномани узайтирди. Унга "Милан" қизиқаётганди  0 14:21АПЛ жамоалари "Шахтёр" ярим ҳимоячисига даъвогар  0 13:55Ўзбекистон U-23 термасининг Саудия Арабистонига қарши тахминий таркиби билан танишинг  53 13:50Футзал бўйича Осиё Кубоги. Афғонистон Ироқни уйига кузатиб қўйди  6 13:22Шенсни "Ювентус" билан шартномасини узайтиришдан бош тортди  5 12:58"Челси" вингерини маълум шартлар асосида қўйиб юборишга тайёр  4

U-20 ЖЧ. Ўзбекистон Неъматжоновнинг дубли эвазига Гватемалани мағлуб этиб, 2-ўрин билан нимчорак финалга йўл олди! Янгиликлар

U-20 ЖЧ. Ўзбекистон Неъматжоновнинг дубли эвазига Гватемалани мағлуб этиб, 2-ўрин билан нимчорак финалга йўл олди!

Аргентинада ўтказилаётган U20 жаҳон чемпионатидан ўрин олган Ўзбекистон ҳамда Гватемала ўртасидаги баҳс якунланди.

Ўзбекистон U20 - Гватемала U20 2:0

Гол: 1:0 — 9, Шаҳзод Неъматжонов, 2:0 — 21, Шаҳзод Неъматжонов.

Ўзбекистон U20: 12.Асрорбек Кенжаев, 3.Абдуқодир Ҳусанов, 4.Абубакир Ашуров, 6.Жаҳонгир Ўрозов, 8.Беҳрузбек Асқаров (15.Диёрбек Ортиқбоев, 65), 9.Шаҳзод Неъматжонов (17.Нодирбек Абдураззоқов, 71), 10.Умарали Раҳмоналиев, 11.Шерзод Эсанов, 13.Зафармурод Абдираҳматов (2.Иззатилло Пўлатов, 82), 14.Аббос Файзуллаев (7.Пўлатхўжа Холдорхонов, 46), 20.Маҳмуджон Маҳамаджонов (18.Саидафзалхон Аҳроров, 65)

Захира: 1.Эдем Неманов, 21.Отабек Боймуродов, 16.Шаҳзод Раҳматуллаев, 19.Шаҳзод Акрамов, 5.Рустам Турдимуродов.

Гватемала U-20: 12.Хорхе Морено, 2.Рэндалл Корадо, 5.Ариан Рецинос, 7.Даниэль Кардоза, 8.Нестор Кабрера, 9.Жеффри Баттес, 10.Архимидес Ордонес (19.Андерсон Виллагран, 46), 14.Жонатан Франко, 16.Иешуа Уризар, 18.Эдди Паленсия (11.Руди Мунос, 65), 20.Фигу Мотано

Захира: 1.Фаусто Делгадо, 21.Дэйвид Алдана, 3.Эмерсон Раймундо, 4.Матиус Гаитан, 13.Аллан Хуарес, 15.Энди Домингес, 17.Хосе Эспиноса, 6.Карлос Сантос

Огоҳлантириш: Беҳрузбек Асқаров (5), Умарали Раҳмоналиев (39), Шерзод Эсанов (58), Иешуа Уризар (75), Пўлатхўжа Холдорхонов (90+2)

МАТНЛИ ТРАНСЛЯЦИЯ

ЯНГИЛАШ


Учрашув якунланди! Ўзбекистон нимчорак финалда!

90+3. Ён ҳакам ҳам телевизорда кўриниш берадиган бўлди. Биз эса бурчак зарбасини амалга ошираётган футболчимизга қараймиз.

90+2. Холдорхонов ўзи учун ортиқча бўлган огоҳлантиришни қабул қилиб олди.

90. Иккинчи бўлимга 9 дақиқа қўшиб берилди.

87. Меҳмонларда дарвозабон алмаштирилди.

Афсуски, гол инобатга олинмади. Ортиқбоев офсайдда қолган экан. 

81. ГОООООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Нодирбек Абдураззоқов ҳисобни йирик кўринишга келтирди! Баракалла!


78. Терма жамоамиздан ажойиб комбинация, аммо Раҳмоналиевнинг зарбаси ҳимоячиларга тегиб қайтди.

15357 нафар томошабин бугунги учрашувга ташриф буюрибди.

75. Уризар йиллар ўтгач, набираларига Ўзбекистонга қарши ўйинда сариқ карточка олганман дея мақтаниб юрадиган бўлди. Муҳими, футболчимизга шикаст етмаган бўлса бўлгани.

74. Тўртбурчак майдоннинг учбурчак қисмидан стандарт амалга оширилади.

73. Абдураззоқов ўйинга тушгач, активликни бошлаб юборди. Унинг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди.

71. Нодирбек Абдураззоқов майдонга тушмоқда. Бугунги ўйин қаҳрамонига эса дам берилмоқда.

65. Терма жамоамиз таркибида икки ўзгариш: Беҳрузбек Асқаров ва Маҳмуджон Маҳамаджонов ўрнига Диёрбек Ортиқбоев ҳамда Саидафзалхон Аҳроров майдонга туширилди.

Қийинчиликлар югуриб кетаётган отни жиловлашга ўхшайди. Отга миниб ололсангиз, қолгани ихтиёрингизда.Плей-офф йўлланмаси ҳам ўзимизнинг қўлимизда ва бунга яқинмиз.

58. Эсанов огоҳлантирилди. Кўп карточка олиш келгусида зараримизга ишлаши мумкин.

57. Аутдан тўп ўйинга киритилмоқда. Копток ҳавода учаётган пайт ўйинга оид статистикани қидиришга ҳаракат қилиб кўраман.

54. Кенжаев ҳам майдонда экан. Анчадан бери уни кўрмагандик.

50. Меҳмонлар депрессинг деб номланган янги прессинг усулида ўйнамоқда.

46. Иккинчи бўлимга старт берилди.

Иккала жамоа таркибида ҳам ўзгариш: Равшан Ҳайдаров Аббос Файзуллаевни кейинги ўйинга асрашга қарор қилди. Унинг ўрнига Пўлатхўжа Холдорхоновни майдонга туширди. Пўлатхўжа ҳам бугун голлари билан мухлислари билан хурсанд қилишига ишонамиз. Шунингдек, рақиб жамоада Андерсон Виллагран Архимидес Ордонесни алмаштирди.

Биринчи бўлимни ажойиб кайфиятда якунладик. Иккинчи бўлимда ҳам голларимиз сонини санай олмай қолайлик.


45+1. Маҳамаджонов!!! Энди учинчи голни нишонлашга тайёргарлик кўраётгандим. Нима бўлгандаям, ажойиб.

45. Биринчи бўлимга 4 дақиқа қўшиб берилди.

42. Аббосбек Файзуллаев чап қанотда ўйинни бошлаганди. Шйин давомида уни марказдаям, ўнг қанотдаям кўряпмиз. Универсал.

41. Кенжаев қўйнидаги тўп билан ёнидаги рақибига қараб "Югурганники эмас, буюрганники" деб қўйди. Посбонимиз ҳам бугун ишончли ҳаракат қилмоқда.

39. Раҳмоналиев огоҳлантирилди. У кейинги ўйинни ўтказиб юборади.

Равшан Ҳайдаровнинг бугунги "сеҳрли таёқчаси"

35. Ҳимоячиларимиз рақиб ҳужумини бартараф этишди. Уларнинг ота-онаси, қариндошлари, кимки таниши бўлса, ҳаммасига раҳмат. Туғилган кунимдаям бунчалик қувонмагандим.

Аввалги икки турдаги мақтовларимни ушбу ўйинга асраб қўйгандим. Олға, шоввозлар, азаматлар, баҳодирлар, яна қандай сифатлар бор эди, барчаси ярашаверади бугун.

30. Раҳмоналиев учрашувга нуқта қўйиб қўйиши мумкин эди, аммо сўнгги паллада рақиб ҳимоячилари тўпга улгурди.

21. Гол инобатга олинди! Шаҳзод Неъматжонов — Гватемала 2:0!


21. Неъматжоновнинг дублга эришишига 11 нафар рақиб футболчиси қаршилик қилолмаганди, биргина ҳакамнинг қаршилиги билан гол бекор бўлди.

18. Тўпни тепиб юборар экансан, Абдираҳматовнинг белида нима айб?

Аргентина ҳам бахтимизга гол урди. Демак, айни дамда 2-ўриндамиз.

15. Фигу исмига мос зарба йўллай олмади. 

12. Раҳмоналиев майдонга йиқилган рақибига қараб, "Довдирама, мен бу ердаман" дея ишора қилди.

9. ГОООООООООООООООООООООООООООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Неъматжонов!!! Тўсатдан юзага келган хурсандчилигим қимматга тушиши мумкин эди. Ахир янги ноутбук арзон турмайди.

8. Абдуқодир Ҳусанов! Айтганча, "Реал Мадрид" ҳимоячи қидириб юрганмиди?

5. Ҳакам Асқаровга юзланиб, қўлидаги карточкаси билан Озодлик ҳайкалига тақлидини намойиш этди.

4. Ҳакам ҳуштагини шундай чалдики, ҳуштак бузилиб қолди.

2. Меҳмонлар сал чўчитмоқчи бўлди. Ҳаммаси жойида. Бизда Магуайр йўқ.

1. Ҳаш-паш дегунча, учрашув бошланиб, дастлабки дақиқа ҳам ўтиб бўлди. Аммо ҳисоб ҳалиям 0:0.


Ҳар икки мамлакат мадҳиялари ижро этилди. Жамоалар ўйинга тайёр. Сиз ҳам тайёрмисиз? Ёстиқни ўзингиздан нари қўйинг, акс ҳолда, у сизни алдайди.


Жамоалар майдонга тушиб келишди. Бугун юртдошларимиз оқ, гватемалаликлар эса тўқ кўк рангли либосларда ҳаракат қилишади.


Бугунги ўзига хос шахмат ўйинида Равшан Ҳайдаров фарзиндан кўра руҳ ва отлар билан юришга отланишни афзал кўрди. Кўрамиз, бу қанчалик ўзини оқларкан. 


Жамоалар кийиниш хонасига йўл олишди. Стадионни чўмилтиришмоқда.


Майдондаги дарвозабон жойлашган нуқта биринчи ўйиндан (Эквадор — Фижи) кейиноқ сартарошга иши тушмайдиган кимсанинг ҳолатига ўхшаб бормоқда.


Ушбу жаҳон чемпионатида иккита ажойиб жамоа иштирок этмоқда — Ўзбекистон ва Ўзбекистонга мухлислик қилаётган халқимиз.


Мазкур учрашув билан бир вақтда гуруҳнинг иккинчи жуфтлиги — Аргентина ва Янги Зеландия ўзаро беллашади. Ушбу учрашув ҳам биз учун қай даражада муҳим эканлиги барчангизга маълум. Бироқ мени бошқа нарса қизиқтирмоқда: Аргентина мовий-оқ либосда ўйнайдими ёки оқ-мовий?


Ёшларимиз чигалёзди машғулотларни бошлаб юборди. Рақиб жамоа эса стадионга чиқиш йўлагини қидирмоқда.


Ўзбекистонликларни рақиблари ёқтирмайди. Чунки футболчиларимиз яхши ўйин намойиш этишади. Бугун ғалаба қозониш учун рақибдан битта кўп гол уриш лозим. Биз 90 ва ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда ўзимиз хоҳлаган натижага эришадиган ўйин намойиш этсак бўлгани. Қолган дақиқалар рақибга совға.


Бугунги матнли трансляцияда юморни ҳазм қилолмайдиганларни кулдириб қўйишдан қўрқаман. Бундай пайтда оғзига келган комментни босишдан кўра телевизор пултининг қизил тугмасини босиш яхшироқ вариант.


Ассалому алайкум, эртага ишга кеч қолиши мумкинлигини била туриб, шоколоддан ширинроқ уйқусидан воз кечган қадрли футбол ишқибозлари! Бугун барчамиз учун муҳим ўйин гувоҳига айланамиз. Шу боис, учрашувни яхши кайфиятда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Шифокор асабийлашиш мумкин эмас, деб айтган. Сантьяго дель Эстеро шаҳридаги стадионда томошабин етарлича. Мамлакатда байрам муносабати билан дам олиш куни бўлишига қарамай, кўпчилик дам олгани келган. Мажбурлашаяпти, мажбурлашаяпти, дейсизлар. Аргентинада ҳам мактаб ўқувчилари беллашувларни томоша қилишмоқда.

Рейтинг: +69   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика