"Юбилей". Черан Артурнинг рекордига яқинлашди
02 апр 2022 02:38
Новости
"Юбилей". Черан Артурнинг рекордига яқинлашди
Эътиборли жиҳати, бу сербиялик футболчи учун Ўзбекистон Суперлигасидаги роппа-роса 100-гол ҳисобланади. У чемпионатимиз тарихида мазкур довонни забт этган 2-легионерга айланди.
Бунга қадар юзлик довондан ошиш бахти хорижликлардан фақатгина Артур Геворкянга насиб қилган эди. 2007-2018 йилларда "Шўртан", "Пахтакор", "Насаф" ва "Қизилқум" жамоалари шарафини ҳимоя қилган туркманистонлик ярим ҳимоячининг ҳисобида 105 та гол бор.
Маълумот учун, Драганнинг Ўзбекистондаги фаолияти 2016 йилнинг ёзида "Насаф" таркибида бошланган эди. Қаршидаги 2 йиллик фаолияти давомида рақиблари дарвозасини 34 бор ишғол қилган Черан 2018 йилги мавсумнинг 1-даврасидан кейин "Пахтакор"га кўчиб ўтган эди.
Унинг ҳисобида 15 дубль, 5 та хет-трик бор. Шунингдек, Драган бугун "Навбаҳор" дарвозасига ўзининг 10-голини урганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.
Факт: Драган Суперлига доирасида тўқнаш келган 19 рақибининг голкиперларини ранжитган. Сербиялик футболчи фақатгина "Олимпик" дарвозасини ишғол қила олмади. Унинг зарбаларидан энг кўп Бухоро вилоятининг бош жамоаси азият чеккан. Кейинги ўринларда эса...
"Бухоро" | 12 |
"Навбаҳор" | 10 |
"Локомотив" | 9 |
"Металлург" | 9 |
"Қизилқум" | 8 |
"Андижон" | 6 |
"Машъал" | 5 |
"Бунёдкор" | 5 |
"Қўқон-1912" | 5 |
"Сурхон" | 5 |
"Сўғдиёна" | 4 |
"Обод" | 3 |
"Пахтакор" | 3 |
"Нефтчи" | 4 |
АГМК | 3 |
"Насаф" | 3 |
"Шўртан" | 2 |
"Турон" | 2 |
"Динамо" | 2 |
"Олимпик" | 0 |
Дарвоқе, Юсупов дарвозасига урилган гол Черан учун "Пахтакор" либосидаги 66-си ҳисобланади. Шу тариқа у Александр Гейнрих ва Игорь Шквиринга етиб олди. "Пахтакор" тарихида фақатгина Игорь Сергеев, Анвар Солиев ҳамда Зайниддин Тожиев Ўзбекистон чемпионатида Драгандан кўпроқ тўп киритишган.
Хуллас, Драган Черан бугун Суперлигадаги 143-ўйинида юзлик довонга етди. У яна 6 голдан кейин Ўзбекистон чемпионатлари тарихидаги энг сермаҳсул чет эллик футболчига айланиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, "Пахтакор" вакили ўтган йилнинг май ойида "Геннадий Красницкий тўпурарлар клуби"га ҳам киришни уддалаган эди.
Комментарии