U-17 Жаҳон чемпионати. Бугунги рақибимиз – Италия: улар мусобақани қандай ўтказяпти?
18 ноя 10:07
Новости
U-17 Жаҳон чемпионати. Бугунги рақибимиз – Италия: улар мусобақани қандай ўтказяпти?
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатида юришини давом эттирар экан, 1/16 финалда терма жамоамизни жиддий синов кутмоқда — Европа футболидаги анъанавий , жаҳондаги энг тажрибали мактаблардан бири ҳисобланган Италия ўсмирлар терма жамоаси билан баҳс.
Италиянинг номи ҳам, тарихий обрўси ҳам ўз-ўзига катта масъулият юклайди. Аммо бу жамоа Қатардаги мундиални қай даражада ўтказмоқда? Келинг, рақибнинг ҳозирги ҳолати, таркиби ва асосий кучли томонларини таҳлил қиламиз.
Италия U-17: мундиаллардаги тарих ва анъана
Италия U-17 бу вақтгача 8 бор Жаҳон чемпионатида иштирок этган. Уларнинг энг яхши натижаси — 1987 йилги мусобақадаги тўртинчи ўрин. Қизиғи шундаки, ўша чемпионатда Миржалол Қосимов сардорлигидаги Собиқ Иттифоқ терма жамоаси чемпионликни қўлга киритган.
Италия баъзи йилларда барқарор ўйнолмаган бўлса-да, сўнгги ўн йилликда ўсмирлар даражасида жиддий ўсиш кузатилди: 2009 ва 2019 йилларда чорак финал, 2013 йили нимчорак финал босқичигача етиб боришди. Ва энг асосийси — 2024 йилда Италия U-17 Европа чемпиони бўлди.
Бу жамоа ўйин сифати, тактик тайёргарлиги ва интизоми билан ажралиб туради.

Қатардаги мундиал: идеал бошланиш
Италия бу йилги Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичини мукаммал тарзда ўтказди:
9 очко
8 та гол
атиги 1 та ўтказилган тўп
Гуруҳ босқичи натижалари:
Қатар – Италия 0:1
Боливия – Италия 0:4
Италия – ЖАР 3:1
Ҳужумда — босимли, ҳимояда — мустаҳкам, ўйинни назорат қилишда — қарорли. Италия айнан шундай қиёфада кўринмоқда.
Плей-оффда эса Чехия 2:0 ҳисобида орқага сурилди ва Италия янада ишончли тарзда кейинги босқичга чиқди.

Асосий юлдуз: Самуэле Инасио – Италиянинг ёрқин топилмаси
Италия U-17 терма жамоасининг бугунги муваффақиятининг марказида жамоанинг порлаётган юлдузи — Самуэле Инасио бор. У мусобақада ҳозиргача 4 та гол уриб, жамоа тўпурарига айланган.
17 ёшли ҳужумчи айни вақтда Европанинг энг машҳур клубларидан бири — “Боруссия Дортмунд” ёшлар жамоасида тўп тебади Германияга йўл олгунга қадар эса у Италия футболида ёшлар тайёрлаш бўйича етакчи марказлардан бири — “Аталанта” академиясида тарбияланган.
— Инасионинг ўйинида икки мактабнинг таъсири яққол кўринади:
— Италия футболига хос тактик зеҳн, ўйинни ўқиш ва қарор қабул қилиш маданияти;
— Немис футболига хос жисмоний бақувватлик, тезкорлик ва юқори прессинг.
— У тезкор ҳаракатланади, позицияни топишда маҳоратли, ҳужумларни якунлашда хато қилмайди ва кутилмаган финтлари билан рақиб ҳимоячиларига жиддий бош оғриқ келтиради.
“Боруссия Дортмунд” каби ёшлар билан ишлашда улкан тажрибага эга клубда ўйнаётгани Инасионинг катта келажакка эгалигини кўрсатиб турибди. Дортмунд Беллингем, Дембеле, Пулишич, Холанд каби юлдузларни катта даражага олиб чиққан клуб эканини эслатишнинг ўзи кифоя.
Италиянинг гуруҳ босқичида урган 8 голининг катта қисми Инасионинг ҳаракатлари ва майдондаги лидер сифатидаги ўйини билан боғлиқ.

Ҳужум учлиги: Арена – Инасио – Лонтани
Италия ҳужумида юқори самарадорлик бераётган учлик:
— Самуэле Инасио
— Антонио Арена
— Симоне Лонтани
Бу трио гуруҳ босқичидаги 8 голнинг 6 тасига муаллифлик қилди. Улар тезкор, бир-бирини яхши тушунадиган ва тактик жиҳатдан грамотали футболчилар. Бугунги баҳсда Италия айнан шу учликка суянади. Захира эҳтимоли Дестини Элимогале бўлади.

Мураббий Массимилиано Фаво – чемпион чемпионга қарши
Италия U-17 жамоасини 6 йилдан бери бошқараётган Фаво Массимилиано ўсмирлар футболида катта тажрибага эга мутахассис. Унинг услуби:
— тактик интизом,
— позицион ўйин,
— босим остида ҳам тўп билан ишлай олиш,
— ўйин ритмини бошқариш,
— тезкор прессинг.
2024 йилги Европа чемпионларининг айнан унинг қўли остида етишгани бежиз эмас. Исломбек Исмоилов қўл остида Ўзбекистон Осиё чемпиони ҳисобланади. Демак, 2 та чемпион мураббийлар тўқнашувини ҳам кўрамиз.

Хулоса: Ўзбекистонни жиддий ва мураккаб рақиб кутмоқда
Италия — нафақат номига, балки ўйин сифатига кўра ҳам кучли рақиб. Улар ҳужумда хавфли, ҳимояда барқарор, ўйин доимий назоратда. Аммо Ўзбекистон ҳам бугун катта характер, жипслик ва ўзига хос ўйини билан ажралиб турибди. Иккита бир-бирига муносиб жамоалар қарама-қаршилигини кўрамиз.
Бугунги учрашувда қуйидаги омиллар ҳал қилувчи бўлади:
— тактик интизом,
— йигитларимизнинг руҳий қатъияти,
— ҳар бир вазиятда тезкор қарор,
— ҳимоядаги диққат ва эътиборни йўқотмаслик
Бир гол, бир ҳаракат, бир хато — тақдирни ҳал этиши мумкин.
Шундай паллада бизникилардан ишонч, шижоат ва максимал концентрация талаб қилинади. Бугун ёзиладиган саҳифа ёрқин ҳарфлар билан битилишини тилаб қоламиз.
Похожие новости
championat.asia
U-17 Жаҳон чемпионати. Ўзбекистон U-17 терма жамоаси пенальтилар сериясида Хорватияни енгиб, кейинги босқичга йўл олди
ЖЧ саралаши. Португалия Роналдусиз рақиб дарвозасига 9 та тўп киритиб, мундиалга чиқди
Португалия ЖЧ йўлланмасини қўлга киритганидан сўнг Роналду қисқа фикр билдирди
"Шармандалик, бу шармандалик!"
Комментарии